ШЕЪР ЎҚИШНИ БИЛАСИЗМИ?

     Бизда ялангбошлик илгари номаъқул иш саналган, уламолар олдида дўппи кийиб ўтириш ҳамиша одоб белгиси бўлган. Аммо христианларда ёши улуғ одам қошида, поп ва бошқа черков хизматчилари, амалдорлар олдида бош кийими ечиб, ҳурмат изҳор қилинган. Шу сабабли барча мактаб ва бошқа таълим даргоҳларида эркаклар ҳам, аёллар ҳам бошяланг ўтириши мажбурий эди. Ҳозир аста-секинлик билан аслимизга қайтяпмиз. Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида, жумладан Ўзбекистон ва Қирғизистонда ҳам миллий ўйғониш, асл қадриятларни тиклашга интилиш сезила бошлади. Бу нарса фақат декларациялар эълон қилинганидагина эмас, балки турмушнинг ҳар бир “ички”, “майда-чуйда” соҳаларида ҳам акс эта бошлади.

Аслимизга қайтишнинг бир тарзи шуки, шоирлар ичида ғазалнавислар кўпая бошлади. Жумладан Қирғизистон ўзбек ижодкорлари орасида ҳам Шодмон (Қосимжон Раҳмиев), Абдул Ҳаққ каби мумтоз сўз ошиқлари бисёр. Аммо кўп шоирларимиз арузда шеър ўқишни билишмайди. Шеърни худди шиор каби бақириб айтиш, айрим сўзларга урғу бериш – Маяковскийдан мерос. Шеър ўқишни унутдик. Ҳар қанақа шеърни, ҳатто мумтоз ғазалларни ҳам, декламация қилиб ўқиймиз. Нафақат биз, радио ва телевидениедаги, театрлардаги энг таниқли “сўз усталари” ҳам бу қолипдан чиқиб кета олган эмас.

Бир пайт Ўзбекистон фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтига Туркиядан Элхон Бошкўз деган бир олим келган эди. Мен уни кўрмаганман: ўша пайт одатдаги гап, йигирма нафарча “умидли ёш олим” Жиззах далаларида ғўзачопиқ қилиб юрган эдик. Орадан беш-олти ой ўтиб, бир илмий йиғилишда минбардаги Иззат Султон унинг отини эслаёлмай, сўраб қолди, “Оти нима эди, ҳов Туркиялик олимнинг – Кўккўзмиди, Олакўзмиди?”. “Бошкўз эди, домла, – деди Жамол Камол, – Бошкўз!”. “Ҳа-а, Бошкўз эди. Аммо шеърни зап ўқир экан-а? Фузулий, Навоий, Насимий асарларини шу одам ўқисин экан”.

Бизлар ким келганини эшитмаган, унинг қанақа “шеър ўқигани”ни ҳам билмасдик, мажлисдан кейин бу гапнинг тагини суриштирдик.

Элхон Бошкўз асли адабиётшунос, аммо олимликдан ҳам кўра, мумтоз адабиёт намуналарини тенгсиз бир фасоҳат ила ўқиши билан танилган экан. Шеърга, шеър ўқишга шунчалар қизиқар эканки, болалигидан бирга ўсган қалин бир дўсти кейинчалик Туркияда раҳбар бир ишга тайин бўлганида, уни муборакбод қилиб борган Элхондан “Бендан не истаюрсан?” деб марҳамат этса, у бирон мансаб-амал тиламабди, сўрагани – “Эжозат версанг, бен ҳар гуну жумҳурият радиосунда шеър охусам”, деган илтимос бўлибди. Ўшандан бери Туркия радиосида ҳар оқшом “Элхон Бошкўз шеър ўхийур” деган дастур эфирга чиқаркан, бу соҳир овоз эгаси жуда кўп туркигўй шоирларнинг жонсўз ғазалларни дард билан ўқир экан…

Ҳозир бизда ана шундай шеър ўқий оладиган одам борлиги менинг ёдимга келмяпти. Аксинча, ўзи ёзган тузуккина шеърини ҳам бузиб, тингловчининг ғашини келтириб ўқийдиганлар борми, деб сўранг – бир талайини айтиб бера оламан. Хайриятки, эшитган одамнинг юрагига етказиб, онгига сингдириб шеър ўқийдиган бир шоир Озарбойжонда бор экан, Элшон Хазар деган. Султонмурод Олим унинг “бор-йўқ” тазоди асосига қурилган ғазалини баҳолар экан, асарнинг латифлигидан ташқари, “шоир уни ҳадди аълосида берилиб, илҳом, тасаввуфона айтганда, жазба билан ўқиган”ини, ўқиш асносида шеър янада катта таъсир кучига эга бўлганини алоҳида таъкидлайди.

Инсон нутқини мажозан анвойи матоҳга қиёс этсак, унинг энг ҳарири – шеърдир, бинобарин у ҳарорат билан ўқилиши керак.

Айтадиларки, Ҳамид Олимжоннинг ўзи “Ўрик гуллаганда” деган шеърини ўқиётиб, “Ўрик оппоқ бўлиб гуллади” мисрасини шундай талаффуз қилар эканки, оппоқ бўлиб гуллаган бир туп ўрик тинглаб ўтирган кишиларнинг кўз ўнгида намоён бўларкан.

Олтмишинчи йилларгача ўзбек хонадонидаги тўйларда шеър ўқилган, шеърхонлик тўйнинг муҳим бир атрибути саналган. Навоий, Гули монологлари, кейинроқ “Она юраги” деган манзума ижро қилинган, ҳатто, қайғулироқ бўлса ҳам, Абдулла Ориповнинг “Онажон” шеъри ўқилганида томошабинлар кўз ёшлари билан олқишлашар эди.

Тўғри, тўйда хизмат қиладиган баъзи сухандонлар ҳозир ҳам шеър ўқиганини кўрамиз, аммо у кўнгли бўш кампиршоларни йиғлатишга мўлжаллаб ёзилган, ярим соат ўқиса ҳам тугамайдиган “эжод” намуналари бўлиб қоляпти. Телевизорда ҳам ҳар замонда биров-ярим шоир шеър ўқиб қолади, аммо буям якранг: ижодкор албатта бир дарахтзорда, қайсидир оғочга қўлини қўйганича самовотга кўз тикиб, сунъий, бир оҳангда қироат қилади – эшитасизу уқмайсиз. Янаги сафар бошқа шоир…

Олтмиш йиллик юбилейи муносабати билан институтимизда учрашув қилган Асқад Мухтор шеър ўқиш маданияти тўғрисида, шоирлар орасида шеър ўқиш савияси пасайиб кетаётганлиги ҳақида гапириб, филолог олимларни шу масалани илмий жиҳатдан асослашга даъват этганди. Дарҳақиқат, ўша йилларда ўз шеърини бировнинг “оҳони”га солиб ўқийдиган, ё бўлмаса ҳайбату ваҳшат билан қироат қилиб, эшитгувчиларни пиқир-пиқир кулишга мажбур этадиган ижодкорлар ўшанда ҳам бисёр эди.

Аксар шоирлар ўзи ёзган шеърни бир текис, равон ва одам тушунадиган алфозда ўқий олмайди. Кераксиз бир жойга урғу бериш, ҳар банднинг биринчи мисрасини икки марта ўқиш, мисралар орасида тўхталмай, “суваб” ўқиш, чираниб бақириш авжида. Китобхонларнинг кўпи эса… ғазалу рубоий эмас, оддийгина бармоқда битилган шеърни ҳам равон ўқий олмайди. Мактаб дарс жадвалларидан “ифодали ўқиш” сабоғи чиқариб юборилган.

Бадиий асар матни нутқнинг олий тури бўлса, шеър ана ўша бадиий матннинг ҳам энг юксак кўриниши ҳисобланади. Шеър – ҳар бир миллат тилининг олий ифода шакли, унинг инжа товланишлари, имкониятлари тажассум этадиган ойина. Ўзбек тилида шеър шунчаки декламация қилинмайди, шунчаки “ўқилмайди”. Ўз оҳанги, урғу ўрни, товушни кучайтириш ёки пасайтириш, чўзиш ё тезлатиш лозим бўладиган ўринлари бор ва бу ҳар бир асарнинг руҳи, мазмуни, ритмига қариб ўзгариб туради. “Гўзал” билан ”Вақт”нинг ўқилиши тамом ўзгача, “Юрак”нинг уришини “Наъматак” ифорига қиёслаб бўлмайди.

Ғазал ва рубоийлар эса ўзига хос бир олам, уларнинг ижроси янада ўзгача. Арузий ҳар бир асар ўз куйи билан дунёга келади, бинобарин, улар ўқилмайди, балки куйланади, бунда биронта ҳижо ўз ўрнига тушмаса ҳам, носоз парданинг ишини қилади… Ғазал ўқийман деган аксар сухандон ёки актёрлар эса шеър оҳангини тополмай, “арузий қироат” эффектини бериш учун эса аллақайси Ғарб классик мусиқаси фонида маснавий ўқийдими-ей…

Раҳматлик Шариф Юсупов домланинг бир куни ишхонамизга келиб қолганини эслайман. Суҳбат давомида гап айланиб, ғазал ўқишга тақалди. Фурқатий ижоди бўйича фан доктори, саҳна санъатининг билимдони бўлган устоз тўлиб турган экан, анча ёрилди. Каттаю кичик, номи танишу нотаниш ўқирманларнинг ҳаммаси аруздаги шеърларни ўз оҳангида эмас, декламация тарзида қироат қилиб, керакли-кераксиз ўринларда ҳижони мажбуран чўзиб, унинг “арузда” эканини таъкидлади.

– Домла, – дедим пайтдан фойдаланиб, – сиз арузда битилган шеър қандай ўқилишини яхши биласиз, радиодами-телевидениедами, бирон гуруҳ тузиб, ёш дикторларга, сухандонларга шуларни ўргатсангиз бўлмайдими?

  • Шунақа бир таклиф айтишди, – деди Шариф ака кулимсираб. – Радиосухандонларга ўргатинг, дейишди. Ҳафтада икки-уч марта машғулот ўтказадиган бўлувдик. Ойлик ҳам беришаркан. Қанчалигини айтайми? Бир минимал ойлик иш ҳаққининг эллик фоизи экан. Қайданам айтибман, кампиримнинг олдида ҳам рейтингим тушиб кетди…

Бу олимнинг қадрига етиш, эъзозлаш ўрнига, унинг устидан куладиган, билимини ерга урадиган нодон раҳбарчаларнинг иши, албатта.

Аммо бизда аруз ва умуман шеър ўқиш анъанаси паторат топиб кетмаган экан. Ўн йилча бўлиб қолди, Миллий театримизда бетимсол бир спектакль қўйилди – таниқли режиссёр Хўжақули Авлиёқули Алишер Навоийнинг “Лисонут тайр” достонини Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут тайр” достони фонида саҳналаштириб тақдим этди. Саҳна ичи тамомила қуш патлари билан музайян қилинган – қушлар ҳақида-ку бу достонлар! Ва у бир ҳарир парда ила олд ва орқа қисмларга бўлинган. Олд қисмида Навоийнинг “Лисонут тайр” достони, орқа қисмида эса Атторнинг “Мантиқут тайр достонлари – бири туркий, яна бири форсий тилда қиёмига етказиб, хўп ифодали қилиб ўқиляпти. Вилоят театрларидан танлаб-танлаб олиб келинган ёш актёр йигитлар ҳам бу икки улуғ шоирнинг сеҳрига тушди – ёниб-ёниб, бирон ҳижосини ҳам бузмаган ҳолда шеър ўқидилар!

Спектакль тугагач, ҳали томошабинларнинг олқишу қарсаклари босилмай туриб, қуш тилли ва қуш лисонли бу йигитлар азбаройи ҳаяжон зўридан бир-бирини қучоқлаб йиғлаб юбордилар: санъатнинг юксаклиги уларнинг ўзига ҳам шу даражада таъсир қилган эди-да! Навоийинг ўзи бир достони сўнгида айтади-ку, “йиғлай-йиғлай тугаттим охир”, деб! Ҳа, агар шеър ифодали ўқиш устасининг қўлига тушиб, шоирнинг дилидаги туйғулар тиниқ бир тарзда ифшо этилар экан, ҳар қандай куй ва ҳар қандай қўшиқдан ҳам юксакроқ, улардан ҳам таъсирчанроқ бир мақомга кўтарилади.

Ўтмишда эса шоирлар шеър ўқиб кишиларни экстаз ҳолатига туширган, дейишади. Чунончи, “…бу мухаммасни ҳазрат эшон шоҳ Машраб ўқиғондин кейин жамъи халойиқ тавфиққа келиб, шоҳ Машрабнинг сўзи таъсир қилиб, ҳаммага жунун рўй берди. Маст бўлдилар…

Алқисса ҳазрат эшон шоҳ Машраб бул мухаммасни ўқуғондин кейин жаъми халойиқларни кўрдиларки, замирлари ойнадек соф бўлубдур…” “Замири ойнадек соф бўлиш” – фанда катарсис ҳодисаси демакдир, уни бошдан ўтказган кишининг қалби мусаффо ойнадек бўлиб қолади. Афсус, ана шундай бебаҳо шеър ўқиш анъанаси секин-аста унут бўлиб бораётибди.

Бизда тўрт-беш йил аввал “юқори”нинг даъвати билан шеър ўқишга, шеър эшитишга бир рағбат пайдо бўлди. Шоирлар радиога, телевидениега чиқиб ўз асарларини ўқий бошлашди. Аммо зўраки тарзда уюштирилгани учунми, кейинча у анъанага айлана олмади. Шоирлар… одам эшитадиган, эшитган одам уқадиган қилиб шеър ўқий олишмагани ҳам бор гап-да.

Мавриди келди, шеър ёдлаш ҳақида ҳам фикр юритайлик. Мен яқинда “Назм ва наво” тарзидаги бир кўрсатувда қатнашдим. Шунда хонандалар нима учун олдинга чиқмай, соз чалаётган машшоқлар ортида туриб ашула айтишлари сирини билиб олдим. Уларнинг аксари ўзи айтадиган қўшиқ шеърини ёд билишмас, созандаларнинг елкасига ёпиштириб қўйилган қоғозга қараб ашулани… ўқиб беришар экан! Ўзи айтаётган ашулани ёд билмайдиган ижрочи унинг маъносини тушунади, деб ўйлайсизми? Маъносини тушуниб-тушунмай ашула айтган одамларнинг хониши бизни сел қила оладими?

Навоий ўзининг барча асарлардан ташқари, ўзгалар қаламига мансуб яна эллик минг байт ашъорни ҳам ёд билганини ёзиб кетган. Абдулла Орипов ҳамма шеърини ёдаки ўқигани ҳануз кўз ўнгимизда. Эркин Воҳидов эса, ўзиникиларни қўя туринг, бир даврада Фузулий шеърларидан шунчалик кўп ёд айтганки, манаман деган озарбойжон шоирлари ҳам “Фузулий – ўзбекларнинг шоири экан-ку”, деб тан беришган, қойил қолишган.

Энди бу нима номаъқулчиликки, ўзи ёзган тўрттагина шеърини сўрасангиз, жужуқ ижодкорлар телефони экранини очиб ўқиб беришади? Ким нима деса-десин, ўзи битган шеърни ёд билмайдиган, уни ифодали ўқиб бера олмайдиган кишини мен шоир санамайман…

Шеър, агар қойилмақом қилиб ўқиладиган бўлса – катта кучга молик, сафарбар эта олиш хислатига эга бир ижтимоий ҳодисага айланади. Бунинг мисолини ҳам яна озарбойжон дўстларимиздан келтиришимиз мумкин. Озар ТВсининг бир каналида “Майхона” деган бир кўрсатув бор экан. Бундаги “майхона” деган сўз баъзи серҳадик биродарларимизни чўчитмай қўя қолсин, чунки бир маҳаллар Навоийнинг ўзи унинг жавобини бериб қўйган:

 

Сен гумон эткандин ўзга жому май мавжуд эрур,

Билмайин нафй этма бу майхона аҳлин, зоҳидо.

 

Бу – ёрга ишқнинг зўридан ошиқнинг ичиб маст бўлган кишидек ихтиёрини йўқотишига ташбиҳ берилган бир “май”дир, бу ишқ – илоҳийдир. Биз эса, эҳтиётлана-эҳтиётлана, ҳатто тасаввуф қўрғонига киришда ҳам кўп қардошларимиздан ортда қоляпмиз. Нима учундир, тасаввуфдан ҳадиксираш, уни “ҳозирча” оммалаштирмай туриш ҳоллари бизда кўп. Ҳолбуки, туркий тилдаги тасаввуф бобида биз энг пешқадам эл эдик.

Бу гапларнинг шеър ўқиш ва уқишга бевосита дахли бор. Ахир, ғазал – тасаввуфдан ташқарида… деярли йўқ нарса-ку. Шундай экан, биз ҳам ўз ТВмизда, адабий йўналишдаги ижтимоий тармоқларимизда бир “Майхона” очсак, бу гўшага кирган ҳар бир шоир сухандонлар ва олимлар наздидан ўтказган ҳолда, шеърларини эҳтирос, дард билан ўқиса…

Шеър ўқилган уй эса обод бўлмасдан қолмайди. Чунки ҳақиқий шеър – дуо-илтижо, тилак ва армондир.

Зуҳриддин Исомиддинов

Яндекс.Метрика