ЎШДАН ГАПИРАМИЗ!

Сизу бизга таниш бу сўз 1967 йилда илк бор янграган. “Ҳаво мавжларида – область янгиликлари… » деб эшиттиришни бошловчи сўзлар бугун Ўш радиосининг олтин хазинасидан жой олган.

Шу сабабли Абдужалил Сулаймонов тайёрлаган ва иш янги бошанган пайтларда ўзи ўқиб эшиттирган ахборот кўпчиликнинг эътиборини тортган.

Ўшда радио борки, Абдужалил Сулаймонов бор. Унинг ҳаётий тажрибаси кўп ёшларга катта мактаб.

Абдужалил Сулаймонов – Қирғизистонда ўзбек тилида фаолият юритадиган телерадиожурналист сифатида биринчи қадамни қўйган ижодкор. Ўш ўзбек радиосининг биринчи бош муҳаррири ва диктори, Қирғизистон Журналистлар союзининг аъзоси.

Абдужалил Сулаймонов 1935 йили 8 февралида Ўш шаҳрининг Бешкўприк даҳаси марказида (ҳозирги «Космонавтлар ҳиёбони» ўрнида) машҳур колхоз раиси, эл ичида “Турсунали қори” номи билан танилган атоқли инсон, Социалистик меҳнат қаҳрамони Турсунали Сулаймоновнинг тўнғич фарзанди бўлиб туғилган.

Етти ёшида Наримонов номли ўрта мактабга ўқишга кирди ва 1955 йили уни тамомлаб, Низомий номидаги Тошкент Давлат институтининг тарих-филология факультетига ўқишга киради. 1961 йили ўқишни тамомлаб, «Ленин йўли» вилоят газетасида иш бошлади. Журналист сифатида долзарб мақолалари, оммабоп очерклари билан танилди.

Радио мамлакатимиз ва жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни тезкорлик билан оммага етказишда энг қулай алоқа тармоғидир. Унинг инсонлар ҳаётидаги қирралар, жамиятдаги кенг кўламли ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишларни холисона ёритиб беришдаги ўрни жуда муҳим.

1967 йил биринчи маротаба Ўшда ўзбек тилида «Ўшдан гапирамиз» радиоэшиттириш иш бошлаши белгиланди (қирғизча эшиттиришлар эса ундан уч ой кейин). Вилоят раҳбарияти олдида бу эшиттиришни ташкил этишни кимга ишониб топшириш муаммоси турарди. Бир неча киши тавсия этилди. Номзодларнинг овози, нутқи, ҳартомонлама синовдан ўтказилди. Абдужалил Сулаймонов синовдан муваффақиятли ўтди ва биринчи ўзбек тилида «Ўшдан гапирамиз» радиоэшиттиришини тайёрлаб, олиб борди.

Салкам ўттиз йил бир соҳада ишлаш, унинг машаққат ва қийинчиликларини бошидан ўтказиш, шунингдек касбнинг хурмати ва обрўсини қозониш, фахр билан эъзозланиш Абдужалил акага насиб этди. Ҳафтада бир соатлик эшиттириш белгиланганига қарамай, радиотингловчилар «Бир пиёла чой устида суҳбат», «Хонадон», «Долзарб мавзу» ва бошқа рукнлардаги эшиттиришларни интиқлик билан кутишар эди.

Ўтган давр мобайнида Абдужалил Сулаймонов вилоятнинг деярли барча жойларида бўлди: Пахтакор, чорвадорлар, қурувчилар, олис тоғли жойларда об-ҳаво ўлчаш мутахассислари, қўйингки, барча соҳанинг кишилари билан суҳбат, улар ҳақидаги радиоочерклар… уларнинг сон-саноғига етиш мушкул.

Қизиқки, Қирғизистон Давлат телевидениесида биринчи марта ўзбек тилида кўрсатувни ташкил этган ва олиб борган ҳам Абдужалил Сулаймонов эди. Шу боис ҳам Ўшда фаолият кўрсатаётган радиожурналистлар ҳақли равишда Абдужалил ака Сулаймоновни ўзларининг устозлари деб эътироф этадилар.

Абдужалил Сулаймоновнинг меҳнатлари муносиб тақдирланди. Қирғизистон Журналистлар союзининг аъзоси, вилоят, республика раҳбариятининг Фахрий ёрлиқлари, «Меҳнат фахрийси» медали ана шулар жумласидандир.

Радиоэшиттиришни эфирга узатиш, тайёрланган лавҳаларни ифодали ўқиш ҳам ўзига яраша нотиқлик санъати ҳисобланади. Ана шундай сухандонлик вазифасини Абдужалил аканинг турмуш ўртоғи Раҳимахон опа Сулаймонова ҳам жуда яхши уддасидан чиққан. Шунинг учун Раҳимахон опа Қирғизистондаги ўзбек радиосининг дастлабки аёл сухандонларидан бири ҳисобланади.

Раҳимахон Сулаймонова ҳам, турмуш ўртоғи сингари, асл касби ўқитувчи. 1968 йили Қирғизистон Давлат университетининг тарих факультетини тамомлаб, дастлаб Ўш шаҳридаги Наримонов номли ўрта мактабда иш фаолиятини бошлаган. Кейинчалик Қорасув туманидаги “Партия XXII съезди” (ҳозирги Абдулҳамид Чўлпон номли) мактабда давом эттирди. Опа қирқ йилдан ортиқ опа севимли касбини ардоқлаб келган.

Ўш вилояти телерадиокомитетида ёзувчи ва журналист Мирзоҳид Мирзараҳимов кўп йиллар муҳаррирлик қилган. Жўлўн Мамитов, Улуғбек Мамитов, Раънохон Ҳакимова, Лутфулло Раҳмонов, Собиржон Аҳроров каби ўндан ортиқ ижод аҳли бу даргоҳда фаолият олиб боришган.

Дилкаш, аскияга ишқибоз, самимий суҳбатдош, давраларга ўзгача файз бахш этиш қобилияти соҳиби бўлган Абдужалил ака ҳақида кўп гапириш, унинг айтган ҳазил гаплари, латифаларини эслаш мароқли. Унинг ҳамкасблари, дўстлари, улфатлари, қариндош-уруғлари бу олижаноб, зиёли, чуқур билимдон инсон ҳақида сўз юритишар экан, Абдужалил аканинг сиймоси кўз олдимизда яққол гавдаланади.

Абдужалил ака Сулаймонов 1995 йили пенсияга чиқди. Бироқ, худди кутиб тургандек оғир касаллик унга илашди. 2001 йилда вафот этди ва Ўш шаҳридаги «Ортишлик» қабристонига дафн этилди.

Ана шундай билимли, камтар ва самимий инсонларни ёдлаб, уларнинг ишидан, одамийлигидан, ташаббускорлигидан ибрат олиш бугунги ёшларимизга ибрат бўлиши шубҳасиз.

 

Алишер Навоий институти учун

Одилжон ДАДАЖОНОВ

 

Яндекс.Метрика