ЎШДАГИ ВА ЎШ ТЕВАРАГИДАГИ ИЛК ЗИЁРАТГОҲЛАР 22-СУҲБАТ

IV-V асрларда Ўш Буюк Ипак йўлидаги энг гавжум шаҳарлардан бири бўлган. Ўш атрофидаги Ўттизадир, Чаёнтепа, Мирзолим тепа каби меъморий ёдгорликлар шу даврга мансуб. Умуман, Ўш ва унинг яқинида ўттизга яқин меъморий ёдгорликлар сақланиб қолган. Бу, албатта, уч минг йилдан ортиқ тарихга эга бўлган қадимий шаҳар учун таажжубланарли даражада оздир.

Ажабки, қанча кўп одамлар муайян бир жойда узоқ муддат давомида яшаса, айнан шу жойда табиат ёдгорликларигина эмас, одамларнинг ўзлари барпо қилган иншоотлар ҳам кўп фаторат топар экан, чунки янги авлод кишилари ота-боболари қурган уй-жойни бузиб, ўрнига янгисини тиклайди, шу тариқа, шаҳар ёки қишлоқнинг илк қиёфасидан асар ҳам қолмайди.

Бунинг устига, башарти, асрлар ошгани сари бир дин ўрнига янги диний дунёқараш кириб келадиган бўлса, ёинки шу манзил-маконда яшаб келган элу элатлар заволга юз тутиб, бу ерларга бошқа халқлар кўчиб келган бўлса, бу ҳолда янги динга ўтган ёки яқинда кўчиб келган кишилар гуруҳи аввалги ҳаётдан нишона берадиган жамики нарсаларни батамом бузиб, вайрон қилишга (диний эътиқод ёки миллатлараро ёвлашиш туфайли), умуман, Ер юзида аввалги эскиликнинг изини ҳам қолдирмасликка киришади; Марказий Осиёда, хусусан, ҳозирги Жанубий Қирғизистон ерларида бу хил воқеликка ҳар қадамда ва деярли ҳар бир асрда дуч келишимиз мумкин. Ва бу хил “қонундаги” вандализм ҳар бир янги дин ёки янги келиб ўрнашган миллат раҳнамолари томонидан “кони савоб” иш сифатида маъқулланади ҳам. Совет тузуми ўрнатилгач, атеизм ва машъум “байналмилаллик” шиори остида аввалги даврларга хос жамики хусусиятларни йўққа чиқариш (масалан, масжид ва мадрасаларни бузиш, уларнинг биносини “Худосизлар уйи” каби ташкилотларга бериш)гина эмас, балки шонли ўтмиш хотираларини одамларнинг ёдидан ҳам чиқариб ташлаш, бунинг учун бошқа мафкурани байроқ қилиб кўтаришга ружу қўйилди.

Фарғона водийси ерларида дастлаб қандай диний эътиқод амалда бўлгани маълум эмас. Фақат шуниси аниқки, барча ерларда одамлар онгида дастлаб диний эътиқод сифатида анимизм (ҳар хил ҳайвонларга топиниш) шаклланган. Одамлар дарахт ва ўт-ўланларнинг мевасини ейишдан аста-секин турли ҳайвонларнинг гўштини ҳам истеъмол қилишга ўта боришган. Табиийки, бирон ҳайвоннинг гўшти ейилар экан, унинг озуқалик даражаси баландроқ бўлгани туфайли одамлар ўз танасидаги жисмоний қувват ошганини сезишган. Ва бу ҳол ибтидоий одамлар онгида гўшти ейилган ҳайвоннинг кучи одамга ўтади, деган тушунча шаклланишига олиб келган ва энг кучли, чопқир жониворларни ов қилиш удумга айлана борган. Бунга эришишни астойдил хоҳлашган, кучли ҳайвонларни қўлга туширишни исташган, ўшандай ҳайвонларнинг суяги, териси ва бора-бора, суратига қараб туриб, уларнинг ов бўлишини сўрашган ва ана шу тариқа, одамларда ўзлари овлайдиган ҳайвонларга топиниш ҳисси юзага келган.

Бутун Қирғизистон, жумладан, ҳозирги Жанубий Қирғизистоннинг жуда кўп жойларида тоғ қояларига ўйиб ишланган турли ҳайвонлар (отлар, архарлар, қўтослар)нинг расмларини томоша қилар эканмиз, аксар ҳолларда улар жуда кучли, чопқир ва келишган махлуқ сифатида тасвирланганига шоҳид бўламиз. Аравон тоғларида ва бошқа ерларда қояларга чизилган отлар ва бошқа ҳайвонларнинг тасвири ўрнига эътибор берсак, уларнинг кўпчилиги анча баланд, чиқиш қийин бўлган жойларда эканини кўрамиз. Бундай жойда одам тош чўкичлаб ўтириши мушкул. Ва бу ҳолда шундай расмлар аждодларимизнинг эрмак учун расм чизмаганлиги, балки бу жойлар ибтидоий одамларнинг ҳайвонларга топинадиган масканлари эканини, бу тасвирлар чизилган қоялар эса, уларнинг, ҳозирги тил билан айтадиган бўлсак, очиқ осмон остидаги саждагоҳлари бўлганини далиллашга хизмат қилса ажаб эмас, зеро, бутун инсоният тарихида, ҳамма жойда, топиниш жойлари юксакда бўлади, текис жойларда эса ердан баланд қилиб қурилади.

Анимизмдан кейинроқ бутун туркий халқларнинг анъанавий диний тушунчасига айланган шомонийлик, сўнг унинг ўрнига келган оташпарастлик дини ва уларга хос турли шаклдаги обидаларнинг тақдири тўғрисида ҳам ана шундай фикрларни билдириш мумкин. Қадим-қадимда – ҳали Буюк ипак йўли юзага келмаган замонларда ҳам – Марказий Осиё замини бутун Евроосиё материгининг маркази сифатида, турли халқлар бу улкан қитъанинг у ёғидан бу ёғига кўчиб ўтиш асносида оралайдиган ва шунинг оқибатида уларга хос маданиятлар ассимилияцияланадиган жой бўлган. Шу боис, Марказий Осиё, жумладан, ҳозирги Жанубий Қирғизистон ерларида буддизмга, илк христианликка оид ашёларнинг аҳён-аҳёнда учраб қолиши ҳам тасодифий ҳол эмас – юртимиз тарихида бу динлар ҳам пайдо бўлиб, шаклланган, авжига чиққан ва таназзул палласи етиб келгач, тарих тақозоси билан, ўз ўрнини бошқа динларга бўшатиб берган (Нузкентдан чиққан Будда ҳайкали, Иссиқкўл бўйидан топилган арман григориан черкови кабилар Марказий Осиёда бу динлар ҳам муайян даврларда ҳукм сурганига далолат қилади.

Нузкентдан топилган Будданинг лой ҳайкали

2011 йилнинг ёзида Россия ва Қирғизистон археологлари Чуй вилоятининг Иссиқота туманидан – Қизилсув қишлоғи ўрнидан қазишмалар чоғида Будданинг лойдан ишланган ҳайкалини топишди. Ушбу ҳайкалнинг лойдан тайёрланганлиги унинг жуда қадимийлигини – ҳали бошқа материалдан фойдаланиш таомил бўлмаган олис даврлардан ёдгорлик эканини кўрсатади. Эҳтимолки, тилимиздадаги топинилувчи санам маъносини берувчи бут сўзи будда сўзидан келиб чиқандир? Яна шуниси ҳам борки, қадимги оташпарастлик ва буддавийлик динлари орасида вафот этган киши жасадини куйдириш каби бир қанча муштаракликлар ҳам мавжуд.

Аммо бундан, бу ўлкада яшовчи элларнинг кўҳна, ўзига хос маҳаллий маданияти, этник ва этнопсихологик жиҳатлари батамом йўқолиб кетган экан, деган хулосага келиш нотўғри бўлар эди. Тарих илмида парадокслар учраб туради. Билъакс, айнан Ўшда ўзбек маданиятига ва ўзбек менталитетига хос энг олижаноб хислатлар тарихнинг турли даврларида бошқа минтақаларга қараганда кўпроқ сақланиб қолганини ҳам кўрамиз. Бунинг икки сабаби бор. Биринчидан, Ўш қадимдан шаҳар бўлган ва унда шаҳар маданияти кучли ривожланган, ўнлаб асрлар давомида шаклланган бу хислатга унча-мунча ижтимоий-иқтисодий бўҳронлар путур етказа олмайди. Иккинчидан эса, Ўш – ўзбеклар яшайдиган минтақанинг нисбатан четроғида жойлашган. Маълумки, бошқа халқлар ва уларнинг маданияти қаршисида турган эл ўз миллий-маданий анъаналарини асрашга савқи табиий равишда интилади ва аксар ҳолларда ўзлигини кўпроқ сақлаб қолишга муваффақ бўлади. Эҳтимол шунинг учундир, Ўшдан миллатнинг юзи бўлган олимлар, адиб ва санъаткорлар кўп етишиб чиққан.

Ҳар бир жойда қадимдан истиқомат қилиб келадиган аҳоли ўз ватанини бошқа масканлардан афзал кўради, улуғлайди. Жумладан, Ўш ҳам то ХХ асрнинг сўнгги чорагига қадар бутун Фарғона водийсидаги табаррук бир маскан ҳисобланган. Ҳатто айрим Ўшликларнинг муболағаларича, барча шаҳарларга осмондан нур ёғилса, Ўшдан осмонга нур чиқиб турар эмиш…

Жуда қадим тарихга эга бўлган Ўш каби шаҳарнинг тавсифи ҳам шунга яраша бўлади, албатта. Юқорида эслатилган ноилмий, афсоналарга чулғанган тарихлар бор, ёинки холис ният билан эмас, балки ўткинчи давр сиёсати руҳи тақозосига кўра битилган тарих китоблари ҳам бор. Шу билан бирга, айрим одамларнинг, муаррихлик даъво қилмагани ҳолда, ўзи учун, бола-чақалар келажакда ўқиса зора, деган ният билан битилган Ўш тарихи хақидаги асарлари ҳам бор. Бироқ афсуски, уларнинг аксари китоб бўлиб босилиб чиқмаган, чоп этилганлари эса аллақачон йўқолиб, унутилиб ҳам кетган. Шу сабабли, шаҳримиз тарихи ҳақида Ўринбой Раҳмонов ва ўғли Дилдорбек Раҳмоновнинг “Ўш ва Ўратепа шаҳарларида ҳокимлик қилган мингбошилар уруғига мансуб Раҳмоновлар оиласининг тарихи” (История Рахмоновых из рода тысячников, правивших городами Ош и Уратепа) деган бир материалига Интернетда кўзимиз тушгач, Ўш ва умуман, Жанубий Қирғизистоннинг ўтмиши ҳали очилмаган бир қўриқ эканига амин бўлдик.

Албатта, бу хотираномада ҳам баъзи чалкашликлар сезилади. Бироқ биз ундан рационал жиҳатларини олишга уриниб кўрамиз.

Унда ёзилишича, Октябрь инқилобидан аввал Ўшни тўрт мингбоши идора қилган. Оқбура дарёсининг ўнг (шарқий) тарафини Ўшликлар улус (эҳтимол, “ул юз”дир. – З.И.) деб аташган. Бу ҳудуд Султон мингбоши ва унинг укаси Қудрат мингбошилар тасарруфида бўлган, ғарбий тараф эса Насриддин мингбоши ва Мамажон мингбошилар томонидан бошқарилган. Кейинроқ ғарбий томон бирлашган ҳолда Ғози мингбоши қўлига ўтган.

Мақола муаллифларининг бувиси Биби Солиҳа Ўратепалик бўлиб, унинг укаси Мулла мингбоши Ўратепа ҳокими бўлган. Биби Солиҳа эри Муҳаммадазим аълам вафот этгач, бояги Ўшлик Ғози мингбошига турмушга чиқади. Шу эри даврида аввалги рўзғоридан бўлган ўғли Мирзо Раҳмонбердини Ўратепалик жияни Бибихонга уйлантиради.

Муаллифнинг отаси Мирзо Раҳмонберди Муҳаммадазим ўғли 1875 йилда Ўзганда туғилади. Ёшлигидан ўқиб билим олиш иштиёқида бўлади, ҳажга бориб келади. Билимларини одамларга етказиш тилагида 1914-15 йиллар миёнасида Тошкентда, генерал-губернаторлик босмахонаси кўмагида «Ўшнинг тавсифи», «Исмлар имлоси» китоблар ҳам чоп эттирган. Афсуски, бу китобларни топиш имкони бўлмади.

Яна Ўш ҳақидаги айрим ривоятнамо асарларга тўхталадиган бўлсак, бунинг бир қадар объектив сабаблари ҳам борлигини айтиш керак. Гап шундаки, то ХХ аср ўрталаригача Ўшнинг ҳавоси ўта тоза ва шифобахш бўлган, бошқа жойлардан келган меҳмонлар бу ерда ўзларининг бардамлашиб, тетиклашиб қолганини сезишган. Чунки географ олимларнинг аниқлашича, Ўшнинг йиллик ҳаво ҳарорати яқин-атрофдаги Андижон, Наманган каби шаҳарларга қараганда энг камида 2 даража пастроқ бўлиб, бунинг натижасида юзага келган салқинлик туфайли Ўшда ёғин-сочин бошқа шаҳарларга қараганда кўпроқ ва бу ҳам шаҳар ҳамда унинг теварагида набототнинг қулф уриб ўсишига, ҳавосининг руҳафзо ва шифобахш бўлишига олиб келган.

Ўш аҳолисининг ўзи ҳам ҳар чоршанба куни Сулаймон тоғига чиқиб сайил қилар, тоғ тепасидаги “Оқ уй” деб аталадиган (кейинчалик хато равишда “Бобур қурдирган уй” деб аталган) ҳужрада нафл намози ўқиши расм эди. Нима учун айнан чоршанба куни зиёрат қилиш расм бўлган эди, деган саволга келсак, қадимдан чоршанбани муродбахш кун деб билишган, одамлар шу кунда тоққа чиқиб, дил розлари ва тилакларини тангри таолога дилида арз қилишган, шу азиз, мўътабар жойда эҳсон ва худойилар аташган.

Бу одат, яъни чоршанба куни тоққа чиқиб тилак билдириш, бизнингча, тарихнинг анча ичкари бир давридан бошланган. Зеро чоршанба куни муродини сўрашнинг ўзини исломий бир таомил деб билсак, исломнинг юртимизда ўрнашганига минг йиллардан ошди. Аммо тоғ тепасига чиқишни Худога яқинлашиш деб тушуниш эса исломдан ҳам аввалги тушунчадир, бинобарин, бу одат янада илгарироқдан келади. Чунки тоғни, алоҳида баланд ўсган бир дарахтни, айрим дара ёки дарёни, ўзига хос кўринишли бирон табиий объектларни илоҳийлаштириш қадимги туркларнинг ибтидоий диний тушунчалари тизимидан иборат бўлган шомонийликка бориб туташади.

Шу маросим ва удум хусусида яна бир мулоҳаза.

Кексароқ одамлар эслашса керак: илгари туя оддий одамлар тилида “Бузрук бува” деб эъзозланган. Қаттиқ шамол ва бўрон ёпирилган дамда содда эл “Бузрук бувам, мадад қилинг”, деб тилак билдиришар эди. Бу бежиз эмас. Тадқиқотчи Дармон Ўраеванинг ёзишича, ўзбек топонимик афсоналарида оқ бура кўп учрайди. Чунончи, “Бува Қамбарнинг туяси” нақлида оқ бура тошга айланиб қолади ва душманларга ўтиш учун йўл бермайди; “Оқ буранинг йўли” нақлида эса туя одамларга ичиш учун сув йўлини очиб беради…

Ана энди шу тарихий далилларни мулоҳаза қилсак, Ўш ва унинг ён аторфидаги Қамбарота тоғи (Бува Қамбар), Оқ бура туя (Сулаймон тоғи) ва тоғлар орасидаги қисиқдан тушиб келадиган Оқбура дарёси ҳақида қадимда бутун бошли афсоналар туркуми ижод этилгани ва одамлар унга қаттиқ эътимод қилганликларини пайқамаслик мумкин эмас. Бу қадимий диний тушунчаларнинг бир кўриниши бўлган анимизмдан иборат эди. Ва кўп эҳтимолки, Улуғ туя устига – Буракўҳ тоғига чиқиб тилак билдириш одати исломдан аввалги диний тушунчалар таъсирида юзага келган.

Албатта, кейинчалик буни илоҳиётга боғлашган, шу ерда яшаб ўтган валий зотларнинг кароматига йўйишган ва шу тариқа, Ўш зиёратгоҳ шаҳарга айланиб қолган.

Азиз дўстлар!

 Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.

 

Яндекс.Метрика