Қирғизистон жанубида ўшлик шоира ва журналист, олима Барно Исоқованинг ижодий кечаси бўлиб ўтди.
Ўш шаҳрида Қирғизистондаги ўзбек адабиёти ва шеъриятида ўз ўрнига эга бўлган шоира Барно Исоқованинг “Кўнглим кўнгил” деб номланган ижодий кечаси ўтказилди.
Ўш вилояти Қорасув туманидаги Шарқ қишлоқ ҳукуматидаги Ҳамза номли ўрта мактабда ташкил қилинган тадбирни мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари ҳамда ўқувчилари жуда катта тантана билан ўтказишди.
Маросимга ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директор ўринбосари, филология фанлари доктори, профессор Мақсуд Асадов, мана шу институтнинг педагог олимларидан катта илмий ходим, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Зулайҳо Раҳмонова, докторант Элнура Қурбонова, кичик илмий ходим Шаҳноза Раҳмонова, ўшлик олим, педагогика фанлари номзоди, доцент Равшанбек Турсунов, Ўшдаги ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари жамоасининг раҳбари Илтифотхон Отахонова ҳамда адабиёт муҳиблари ташриф буюришди.
Дастлаб келган меҳмонларни мактаб жамоаси ҳовлида катта тантана билан, урф-одатга кўра нон ва туз тутиб кутиб олишди.
Шундан сўнг мажлислар залида ўқувчилар томонидан тайёрланган адабий чиқишлар намойиш этилди. Тадбирни Равшанбек Турсунов очиб, Барно Исоқованинг босиб ўтган ижодий ҳаёти билан қисқача таништириб ўтди.
Кейин Увайсий ғазали, унинг ортидан ижодкорнинг “Барноман” деб номланган муҳаммаси ўқувчилар томонидан роллар орқали ижро этилди.
Тунни қора, тонгни оқ кўрган ўша Барноман,
Бир умр дор устида аранг юрган Барноман.
Ҳақни дема, ортга қайт, деб ёришса бошимни,
Ҳақиқат, Ҳаққа қараб, адл турган Барноман.
Қиличдан ҳам ўткирроқ сўзимнинг борлиги рост,
Гоҳида баланд келсам, гоҳичи бўлганман паст.
Ёмонлар фитна қилиб кўтарганда менга даст
Оллоҳимнинг олдида ҳокисор хас, Барноман.
Кимсаларга ортмадим ҳеч ўзимнинг лошимни,
Оғритмадим бачкана, майда ишга бошимни.
Ўз кўчамда яшадим, териб ўзим тошимни.
Фақат саждада ашким пинҳон тўккан Барноман.
Беш кунлик умрин безар ҳавасмандлар дунёга,
Ишонмайман бу дунё кўрсатган шум рўёга,
Амалларим йўймангиз сиз беҳуда риёга.
Чин дунёнинг жилваси кўзим олган Барноман.
Шундан сўнг тадбир кеча сабабчиси бўлган Барно Исоқова қаламига мансуб бўлган шеърлар ўқилиб, саҳна кўринишлари, кўшиқ ва рақслар билан давом этди.
Профессор Мақсуд Асадов Исоқованинг эришган ютуқларига тўхталиб, мумтоз ўзбек адабиётидаги мураккаб жанрлардан бўлган Увайсий ижоди бўйича диссертация ишини аъло даражада ҳимоя қилганини таъкидлади. Шоиранинг ижодига улкан зафарлар тилади.
“Жуда гўзал, самимий ва эсда қоларли тадбир бўлди! Айниқса, ёшларнинг кўзидаги ҳавас, адабиётга иштиёқ юракни тўлқинлантирганини айтиш керак.
Барно опа, илмий-ижодий парвозингиз, ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, сира «авждин қуйи инмасин», – деди Асалов.
Учрашувда сўзга чиққан бошқа меҳмонлар ҳам шоиранинг ижоди ҳақида илиқ фикрлар билдириб, унинг бундан кейинги ишларига парвозлар тилади.
Барно Исоқова ким?
Исоқова Барно Тўхтасиновна 1974-йилнинг 19-августида Ўш шаҳрида туғилган. Болалигидан шеъриятга, умуман адабиётга қизиққан. Қаҳрамонимиз турли болалар журналларига аъзо бўлиб, уларни ўқиб, ўзи турли шеър ва ҳикояларини нашриётларга юбориб турган. Бу унинг келажакда наср ва назмда қалам тебратишига мактаб бўлган.
Ўшдаги А.Федченко номли 1-ўрта мактабни битирган. ЎшДУнинг филология факультетини тамомлагач, 1991-2010 йилларда Ўш шаҳридаги 1-ўрта мактабда араб алифбосидан, 1998-йилдан бошлаб, 47-ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берган.
Барно опа кўп қиррали инсон. У ўзидаги иқтидорни шогирдларига ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Мана, 5 йилдирки шаҳардаги Горький номидаги 8-гимназия мактабида ўқувчиларга журналистика сир-асрорларини махсус тўгаракда ўргатиб келмоқда.
Қаҳрамонимиз журналистикада ҳам жуда фаол. Газеталарда турли мақолалари, шеърлари чоп этилган бўлса, телевидениеда ҳам фаолият юритган. “Мезон ТВ” халқ телевидениесида, “ДДД” (Дружба, Достук, Дўстлик) республика ижтимоий-сиёсий газетасида бош муҳаррир сифатида ишлаган. “Ахборот” ижтимоий-сиёсий газетаси ва “Адабий ахборот” альманахининг таъсисчиси.
Исоқова “ДДД” газетасида бош муҳаррир вазифасини ўтаб юрган вақтида Андижонда туғилиб, Ўш шаҳрида яшаб, ижод қилган ва Маҳжурий тахаллуси билан шеърлар ёзиб, катта мерос қолдирган Муҳаммадхон мулла Исҳоқ ўғлининг ҳаёти ва ижоди борасида илк монографиясини чоп этган. 2003-йилдан тортиб Ўзбекистон ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида эркин тадқиқотчи сифатида фаолият юритиб, 2023-йили филология фанлари бўйича фалсафа доктори дипломига эга бўлди.
Барно Исоқова бир ишга киришса, жидду-жаҳд билан ҳаракат қилади. Унинг илмий, ижтимоий-сиёсий соҳаларга бағишланган 17 та мақоласи республика ва чет эл журналларида чоп этилган. Илмий ишлари ортидан тиниб-тинчимаган қаҳрамонимиз Алишер Навоийнинг “Арбаин” асарини қирғиз тилига таржима қилган. Шу кунгача учта шеърий китоби ва еттита илмий рисола ва монографиялари нашрдан чиққан.
Барно Исоқованинг “Она тилим” деб номланган шеъри миллатнинг айнан бугунги кундаги дарди бўлиб битилган. Унда шоира ўз тилида таҳсил олмай, бошқа тилларда билим олишга мажбур бўлаётган ёшларни кўриб, “Зулмлардан, тазйиқлардан безган тилим” дея нола қилади.
Қулоғимда биринчи бор янграганим,
Мен сенимас, Ўзинг мени танлаганим,
Онагинам алласида тинглаганим,
Она тилим, ўзинг мени жону-дилим,
Сенинг билан бийрон эди менинг тилим.
Қошғарийдан мерос бўлиб сўзлаганим,
Лутфий каби сўз лутфини кўзлаганим,
Сенсиз гунг, лол, етимдайин бўзлаганим,
Шу тил билан дунёларни кезган элим,
Зулмлардан, тазйиқлардан безган тилим.
Кечир тилим, қадрингга мен етолмадим,
Сен ҳақингда гўзал ашъор битолмадим,
Софлигингни асраб, сақлаб тутолмадим,
Боламга ҳам беролмадим, лойиқ илм,
Бугун мана армондаман, кечир, тилим.
Жиянларим сўзлашади ажнабийда,
Эътирози тайёр, ахир бу – табиийда!
Шунча бойлик қолиб кетса Навоийда,
Кимга керак фойдаси йўқ, бекор билим,
Хазинаси сир тутилмиш эсиз тилим.
Набирамнинг ёши бирга қараб кетди,
Хатоимни тузатишга фурсат етди,
Ибн Сино, Бухорийлар ёзиб ўтди,
Ўргатаман; набирамга қилмай зулм,
Ҳали яна яшнаб кетар Она тилим!
Барно Исоқова Қирғизистон ва Ўзбекистон ёзувчилари уюшмалари аъзоси. Барно Исоқова “Сокина” деб тахаллус танлагани бежиз эмас. Сокин оқаётган сувнинг остида гирдоблари, шовқини кўп дейишади. Биз фақат публицист, муҳаррир, шоира, ўқитувчи, адабиётшунос олима ва ношир ҳаётидан баъзи бир лавҳаларни ёздик, холос. Олдинда олима истеъдодининг янги-янги қирралари очилса, ажабланмаймиз.
Умида Мирзабоева Алишер Навоий институти сайти учун
Расмлар муаллифники