ЎШДАГИ БАЪЗИ ҚАБРИСТОНЛАР 23-СУҲБАТ

 Шаҳар тарихидан хабар берадиган муҳим объектлардан бири ундаги қабристонлардир. Чунки мозористон нисбатан осойишта жой, замонга боғлиқ ўзгариш ва янгиланишлар унда секинроқ акс этиб, мозийга тааллуқли жиҳатлар кўпроқ сақланиб қолади. Жумладан, Ўшдаги эски қабристонлар бу шаҳар ва унда яшаб ўтган одамлар ҳақида муайян тушунча ҳамда тасаввурлар бериши мумкин.

Ўш Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳар бўлар экан, ўша узоқ замонларда яшаган Ўшликлар қандай динга эътиқод қилган, уларнинг мозорлари қанақа бўлган, деган савол юзага чиқиши табиий.

Муаррихларнинг хабар беришича, юртимиз одамларининг исломга қадар бўлган ўтмиш ҳаётида бир эмас, бир неча динга у ёки бу даражада эътиқод қилишган. Жумладан, туркий халқларнинг энг қадимги дини бўлган шомонийлик, шунингдек, буддавийлик, оташпарастлик эътиқодларининг излари унча-мунча тарихий асотирлар ҳамда одамларнинг кундалик ҳаётида ўзи сезиб-сезмаган ҳолда, сақланиб қолган. Булардан оташпарастлик дини жуда катта тарихий даврда амал қилган. Шу сабабли, оташпарастликка оид обидалар анчагина. Эътибор қилган бўлсангиз, бутун Марказий Осиёда, жумладан, ҳозирги Жанубий Қирғизистон ерларида ҳам, кенг ва текис, ёйиқ жойларда конуссимон шаклдаги, баландлиги 10-15 метрлар келадиган тепаликлар кўп учрайди. Буларнинг айримлари буддавийлар маъбади бўлса, кўпчилиги қадимги оташпарастлар ибодатхонаси – оташкадалар бўлиб, ушбу “конус”нинг учи оташгоҳдаги олов ёқиладиган меҳробдир; оловнинг тутуни шу жойдан чиқиб кетган. Замонлар ўтиши билан қор-ёмғир, шамол ва зилзила, турли ғоратгарликлар туфайли нураб, бугунги кунда тепа қисми чўққисимон, ёнлари эса юмалоқ бир тупроқтепа шаклини олган. Чунки бу иншоотлар бино этилган замонларда пишиқ ғишт ва бошқа чидамли қурилиш ашёлари бўлмаган, лой ва хом ғиштдан тикланган.

Маълумки, оташпарастлик динига кўра, киши ўлгач, унинг суяги куйдирилиб, махсус сопол идишларга солиб кўмилган. Аксар оташкадаларнинг ғарб томонида, текис ердан хиёл баландроқда оташпарастларнинг мозори жойлашган, ер сатҳидан тахминан бир газ пастроқда сопол идишларда марҳумларнинг хоки кўмиб қўйилган.

Чунончи, мен (ушбу сатрлар муаллифи) 1968 йилда Ўш шаҳри билан Моди қишлоғи ўртасида – автотранспортчилар “тўққизинчи километр” деб атайдиган жойда атрофи бульдозер билан сурилиб, ўртада 1,5 метрча баландликда бир тасодиф билан бузилмай қолиб кетган супа катталигидаги тупроқ четини кетмон билан ўйиб, унинг сатҳидан ярим метрча пастга кўмилган бир хумча топиб олганимни эслайман. Хумча ичида кул ва қум каби нарсалар бор экан. Маълум бўлишича, марҳумлар жасади куйдирилиб, кули ана шундай идишларга солиб, дафн этилар экан. Шу ер ёқасидан ўтган чуқур ариқ ичи эса минг-минглаб сирланган ва сирланмаган сопол синиқлари билан тўла эди. Демак, бу ерда бир маҳаллар оташпарастларнинг каттагина қабристони бўлган…

ХХ аср ўрталаридан бошлаб бу жойларни экинзорга айлантириш учун ариқ ковлаб, сув олиб келинган, ерлар ҳайдаб, сув оқизилгач, неча минг йиллардан бери турган қадимий қабристон емирилиб-чўкиб, унинг бағрида бўлган марҳумлар хоки солинган сопол кўзалар ва сопол остадонтлар намлик ва тракторлар оғирлиги сабабли парчаланиб кетган. Чуқур ариқ ичидаги сопол синиқларини эса тарихимизнинг ўрганилмай турибоқ абадиян йўқотиб юборилган, вайрон бўлган синиқлари эди, деб тавсифласа бўлади.

Албатта, у йиллар “коммунизм” қуриш учун кураш жадал кетаётган эди, аллақайси халқларнинг ўтмишига оид “майда-чуйда” асотирларга эътибор берилавермасди.

Юртимизда энг қадимий, кўҳна мозорлар деярли сақланиб қолмаган ва уларнинг ўтмишда қабристон бўлгани кўпчиликка маълум ҳам эмас. Бироқ Жанубий Қирғизистонда ва умуман, Марказий Осиёнинг деярли ҳамма жойида текис даланинг у ер-бу ерида мана шундай конуссимон учли тупроқтепа ва унинг жануби-ғарбий томонида ердан бирмунча баландроқ кўтарилган саҳн майдонлар учрар экан, билишимиз керакки, уларнинг аксарида бир замонлар оташпарастлик динига эътиқод қилган аждодлар мозори бор. Улар орадан ўтган камида икки-уч минг йил мобайнидаги қор-ёмғир, зилзила ва шамол таъсирида уваланиб, тупроқтепа шаклига келиб қолган, узоқроқ дош бера оладиган пишиқ ғиштдан тикланган бино ва иншоотларнинг тарихи эса жуда олис эмас, уларнинг кўпи кейинги минг йилнинг нари-берисида пайдо бўлган, холос.

Бугунги кунда бутун Қирғизистон, жумладан, Ўшда ҳам, аҳолининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил этар экан, табиийки, мусулмон қабристонлари кўп. Шу билан бирга, христианлар қабристони, Бухоро яҳудийлари қабристони каби мозорлар ҳам мавжуд.

Гарчи тарихий манбалар XIX аср охирларида Ўшда еттита катта қабристон мавжуд бўлгани ҳақида хабар берса-да, аслида, мозорлар миқдори анча кўпроқ. Чунки уларнинг аксари бузилиб, ўрнига бошқа иморатлар тикланиб кетган.

Чунончи, ҳозирги Тўқтағул номидаги вилоят кутубхонасининг ўрни бундан бир аср муқадам мозоргоҳ эди. Ё бўлмаса, Оқбура дарёсининг ўнғ лабида, “Ўрта осма” кўпригининг шимолий ёғида “Оқгўр” қабристони бўлган, дейдилар. Замонлар ўтиб, бу мозористонларга майит қўйилмай қолгач, бу жойлар бошқа мақсадларга хизмат қила бошлаган.

Ўш қабристонларининг ҳеч бирини жуда қадимий деб айтиш қийин. Чунки ислом дини аҳкомларига биноан, бирон қабристонга майит қўйилиши тўхтаганидан сўнг орадан ўттиз йиллар ўтгач, у ерни бузиб, бошқа мақсадда фойдаланишга изн берилади, эски қабрлар ҳам эскилигича қолмайди – уни қайта очиб, янги жасад қўйиш мумкин ва ҳоказо. Шу боис, энг кўҳна қабристонларнинг кўпи ҳозирда йўқолиб кетган, уларнинг ўрни ҳам маълум эмас. Мавжуд айрим қабристонларни, жойлашган ўрни ва катта-кичиклигига қараб, нисбатан кўҳна мозорлар деб айтиш мумкин.

Чунончи, Ўш илгари Сулаймон тоғининг шимолий томонида жойлашгани боис, унинг ғарбида – тоғ этагидаги Гўдакмозор қабристонини ҳозир сақланиб қолган эски мозорлардан бири деб ҳисобласак, хато бўлмас. Чунки бу қабристон тоғ ва шаҳар ўртасида, яъни Бобур замонидаги Ўш шаҳристони ва қўрғонига яқин бўлган жойдан ўрин олган.

Албатта, бу қабристоннинг номи кишини ўйлантиради. Унга дафн этилган дастлабки майит – гўдак бола бўлган, шу сабабли Гўдакмозор деб аталиб кетган, деб изоҳлашдан осони йўқ. Аммо назаримизда, бу маскан қадимда Кўҳакмозор, яъни тоғда жойлашган мозор бўлиб, кейинчалик – аҳолининг асосий қисми туркий тилда сўзлашишга ўтган чоғда лафзан унга монанд равишда Гўдакмозор бўлиб кетган кўринади.

Шу билан бирга, шаҳар эски ўрнининг шимоли-ғарбий тарафидаги Эшонгузар қабристони ҳам Ўшдаги энг қадимги мозоргоҳлардан биридир. Чунки у ҳам ўрта асрлардаги Ўш шаҳрининг биқинида барпо этилган. Эшонгузар деб аталишига сабаб, Ўшлик кексаларнинг айтишларига кўра, бу жойга жуда кўп машҳур одамлар, уламолар дафн этилган экан.

Кўҳна мозорлардан яна бири Ўшнинг шимоли-шарқидаги Бувалашкар қабристони бўлиб, одамларнинг айтишича, бу мозорга одам қўйила бошлаганига минг йилдан ошган. Бу мулоҳаза асосли. Далили шуки, мазкур қабристондаги айрим гўрларга майитлар биз ҳозир ўргангандай, боши шимол томонга ва оёғи жануб тарафга қилиб ётқизилган эмас, балки қиблага оёқ узатган ҳолда қўйилган. Бувалашкар қабристонига бизни олиб борган ва мазкур мозорларни кўрсатган Сармозор қабристонининг гўркови Маҳмуджон ака савол бердики, “Шу ётганлар ҳам мусулмон бўлишганми, унда нега қиблага оёқ узатган ҳолда қўйилган?”

Бу савол шаҳримиз тарихи ва унда истиқомат қилган одамларнинг қачондан бери ислом динига амал қилиб келаётганликларини аниқлашга туртки бўлади. Гап шундаки, марҳумнинг оёғини қиблага қаратиб дафн этиш ислом дини юртимизга даставвал кириб келган даврларга хос бир одат бўлган ва шу тарзда дафн этиш анъана тусини олган. Чунончи, Носируддин Бурҳониддин Рабғўзий “Қисаси Рабғўзий” китобида Оллоҳ таоло Одамотани лойдан яратган чоғида бошини Тоиф шаҳри тарафга, оёғини эса Макка томонга қаратиб ётқизганлиги ҳақида ёзган. Бундан мурод – ўрнидан туриб ўтирса, юзи қибла тарафга қараган бўлади. Марҳум ҳам Мункар-Накирлар қабрга кириб келганида ўрнидан туриб ўтиради, ана шунда қибла унинг тўғрисида бўлади деб, ана шу тарзда кўмиш урфи бўлган. Шу ақидага асосланган ҳолда, бундан минг йиллар муқаддам баъзи қабрларни ана шу йўсинда ковлашган. Жумладан, Тошкентдаги Ҳастимом мақбара мажмуидаги еттита қабрга ҳам майитлар худди Бувалашкар қабристонидаги каби – қиблага оёқ узатган ҳолда қўйилган. Ҳазрати имом (Қаффол Шоший)нинг, яна бошқа баъзи азизларнинг қабри ҳам шу йўсинда. Орадан бир-икки аср вақт ўтиб-ўтмай, деярли барча мусулмонлар мозоргоҳида майитни ҳозиргидагидай, бошини шимол, оёғини жануб тарафга қаратиб ётқизиб, юзини қибла тарафга мойил қилиш урф бўлган. Чунончи, шоир Рўдакий (860-941)нинг қабри очилганда унинг ҳозирги анъаналарга мувофиқ дафн этилгани маълум бўлганки, бу ҳам Бувалашкар қабристонининг ниҳоятда қадимийлигидан, жумладан, Рўдакийлар замонидан ҳам аввалроқ бино бўлгани далолатидир.

Бувалашкар мозоргоҳида илк мусулмон анъаналари руҳига мувофиқ қабрлар борлигининг ўзи ҳам бу ерларда ислом дини пайғамбар алайҳиссалом яшаб ўтган саодат асридан кейин орадан унча кўп вақт ўтмасданоқ устувор бўлганини кўрсатишга хизмат қилади.

Бувалашкар “Бобои лашкар” сўзининг қисқарган шакли эканига қараганда, мазкур қабристонга ислом лашкари – шу ўлкага ислом дини кириб келган чоғида кофирлар билан урушга сафарбар этилган мусулмон қўшинининг бирон саркардаси дафн этилган бўлиб чиқади.

Аммо афсус билан қайд қилиш керакки, ҳозирда ушбу мозорот аллақайси ўзбилармон бир мулланинг “Қабристонни обод қилиш ҳам, унда ўсган ўт-ўланларни ўриш ҳам ножоиз”, деган фатвоси туфайли қаровсиз, ташландиқ харобазор ҳолига келиб қолган, одам бўйидан баланд бўлиб ўсган қалин ўт-алаф ва тиконлар остида қабрлар умуман, кўринмайди, оралаб ўтишнинг имкони йўқ, чангал бўлиб ўсган тиконлар бунга йўл қўймайди. Бу мозоротнинг ўрта бир жойида тикланган ва ўз даврининг атоқли одамларидан бириники, деб тахмин этиладиган қадимий бир мақбара ҳам тамоман тўкилиб тушиб, бир ён деворигина қисман сақланиб қолган. Бундан эллик-олтмиш йиллар муқаддам кимдир унинг ичини оҳак билан оқлагани маълум, холос. Бизнингча, шаҳримиздаги ва умуман, Марказий Осиёдаги бошқа қабристонлар, зиёрат қилувчиларнинг фотиҳа ўқишларига имкон бергудай даражада саришта бўлгани ҳолда, бу гўристоннинг бу қадар ташландиқ ҳолда ётиши дуруст кўринмайди.

 

 

(Бувалашкар қабристонидаги минг йилча аввалги мақбара харобаси)

 

Мадинаи мунавварадаги жаноб пайғамбаримизнинг мақбараси, Маккадаги Бақия қабристони қай даражада файзли эканлигининг ўзиёқ ислом дини қабристонларни озода ва саришта ҳолда тутишни маъқуллашидан далолат беради. Инчунин, бу – нафақат марҳумлар хотирасини эъзозлаш, шу билан бирга, тирикларнинг қабристонни зиёрат қилиб туриш ва ундан ибрат олишга даъват этадиган савобли ишдир. Қабристонни ўз ҳолига ташлаб қўйиш эса мусулмонларга хос эмас, мажусий мўғулларга тааллуқли удум. Мўғулларда майитни гўрга қўйгач, унинг устида от чоптириб, қабрни ер билан текислаб қўйиш тўғри деб ҳисоблашган. Ҳатто Чингизхоннинг ҳам қабр ўрни маълум эмас. Қадимда (исломга қадар) туркий халқларда ҳам шундай таомил бўлган, улар буни “гўр пойга” (қирғизчаси – кор байге) деб аташган.

Сармозор қабристони Бувалашкарга қараганда шаҳар марказига яқинроқ жойлашган. У ҳам эски қабристонлардан бири. Бу жойнинг тарихи ҳам минг йилдан ошади, дея нақл этадилар. Ҳар бир қабрга кўп маротаба майит қўйилиши мумкинлигини эсга олсак, бу гап асосли бўлиб туйилади. Сармозор қабристонига Ўшнинг фахри бўлган алломаи замонлар, таниқли кишилар кўп қўйилган. Чунончи, Хўжамназар Ҳувайдо эшоннинг невараси, шоир ва пири муршид Салоҳиддин Соқиб, унинг синглиси, машҳур шоира Самар Бону ҳамда уларга қариндош бўлган уламо зотларнинг турбатлари шу ердадир.

(Шоир Ҳувайдо эшоннинг ўғли Холмуҳаммад эшон, унинг ўғли Сирожиддин эшон, у кишининг фарзандлари шоир Салоҳиддин Соқиб ва шоира Самар бону, яна бир авлоди Омонхон махсумларнинг Сармозор қабристонидаги хилхонаси)

 

Салоҳиддин Соқибнинг замондоши ва унинг мухлиси, “Олой маликаси” деб ном чиқарган Қурбонжон додхоҳнинг қабри ҳам шу ерда.

(Қурбонжон додхоҳ ва ўғли Қамчибек дахмалари. ХХ аср боши. фото)

 

Баъзи кишилар Қурбонжон додхоҳнинг ўзбек маҳалласи ичидаги қадимий бу қабристонга кўмилиши сабабини устози ва пири муршиди Салоҳиддин Соқибнинг қабри шу мозористонда бўлгани, бу ҳукмдор аёл ўзини шу кишининг оёқ томонига дафн этишларини тайинлаган, деб тушунтирадилар. Эҳтимол, шунақа васият ҳам бўлгандир. Бироқ унинг эри – Олимбек додхоҳнинг, чор маъмурлари томонидан осиб ўлдирилган ўғли, миллий-озодлик ҳаракатининг таниқли намояндаси Қамчибекнинг қабри ҳам шу ердаки, додхоҳ она ўз жигарлари ёнида, улар билан бир жойда ором топишни кўнглига туккан бўлиши ҳақиқатга яқинроқ.

Ўшда Ачамозор, Оқер, Ортишлик қабристони каби бирмунча кўҳна қабристонлар ҳам борки, улардан бирининг асл номи – Арчали мозор (ичида арча дарахтлари кўп ўсган), иккинчисининг тупроғи бошқа ерларга қараганда бирмунча оқиш тусда бўлгани учун шундай аталган бўлса, Ортишлиқ мозорига дафн этилган дастлабки майит Ортиш шаҳри (Шарқий Туркистон)дан келган мусофир бўлиши мумкинлигини нақл қиладилар.

Ўтган асрнинг ўрталаригача деярли ҳар бир маҳалла, кўчанинг ўз мачити ва ўз қабристони бўлар эди. Хом ғишт ё гуваладан тикланган кичкинагина масжид, бир неча сотихгина ерни эгаллаган маҳалла гўристони. Булар аҳоли турар жойига қандайдир ҳазинлик бахш этар, шу жойдаги аҳоли ва йўловчиларга бу ўтар дунёнинг бевафолигини эслатиб турар эди.

Ҳозир аксар бундай кичик қабристонлар бузилиб кетди, улар ўрнига уй-жой ва бошқа иморатлар қурилди, орадан яна бир қанча вақт ўтгач, бу замин остида кимларнингдир суяги ва лоши тупроққа айланиб кетгани бировнинг эсига келиши ҳам гумон…

Номи қабристон маъносига яқин бўлган Ўшнинг қадимги жойларидан бири Шаҳидтепадир. Бу жой нима сабабдан Шаҳидтепа деб аталади, ким эди у шаҳидлар, бу тўғрида бирон маълумот борми, деб берган саволимизга ҳеч ким – ҳатто шу масжид уламолари ҳам – тайинли жавоб бера олмадилар. Аммо, дин йўлида курашиб, кофирлар қўлида ўлган киши шаҳид деб аталишини ёдда тутсак ва кофирлар билан бўлган жанглар юртимизга ислом дини кириб келган биринчи минг йилликнинг охирларига тўғри келишини эсга олсак, бу тепаликнинг ана шундай ном билан атала бошлаганига ўн икки-ўн уч асрлар бўлганини англаймиз. Демак, Ўшга исломият кириб кела бошлаган кезлари мазкур тепаликда кофирлар билан дин йўлида жанг қилган лашкар анча-мунча қурбонлар берган ва улар шаҳидлар деб аталган. Тепалик кейинчалик Шаҳидтепа номини олган. Шу ерга қурилган Шаҳидтепа масжиди ҳам шаҳримиздаги нисбатан эски ибодатгоҳлардан биридир.

Қадимги ибодатгоҳлар, мавзелар, қабристонлар тарихини тиклаш орқали азиз она юртимиз, жумладан, унинг қутлуғ бир маъвоси бўлган Ўш шаҳрининг неча минг йиллик тарихини тасаввур қилиш мумкин.

Яна бир қабристон “Осаф ибн Бархаё қабри” деб ном берилган мақбара жойлашган, Сулаймон тоғининг жанубидаги тоғ ёнасида барпо этилган мозористондир. Айрим Ўшликларнинг айтишларича, ушбу қабристоннинг барпо этилганига унча кўп вақт бўлган эмас. Мазкур мақбара, уларнинг хабар беришича, ХХ аср бошида қурилган бўлиб, унга Исо додхоҳ ва унинг акаси дафн этилган. Ўттизинчи йилларда мақбара шаккокларча равишда омборхонага айлантирилаётганида қабрлар ковлаб очилади ва ҳақиқатан ҳам икки кишининг жасади борлиги маълум бўлади. Улардан бири деярли чиримаган экан. Маъмурлар буни элга жориялаб, мазкур жасад эгаларини қидиришади. Аммо Исо додхоҳнинг Сайфулло исмли ўғли мақбаранинг қадимги исломий услубда қурилганлиги (диний қатағон замони) ва унга бадавлат кишиларнинг кўмилганлиги (бойлар қувғинга учраб турган даврда) туфайли, унга эгалик қилишга юраги бетламаган. Шундан сўнг, чамаси, айни жасадлар шу яқиндаги бирон қабрга қайта кўмилган ва мақбаранинг ичи консерва заводининг омборхонасига айлантирилиб, кўп йиллар фойдаланилган. Ушбу мақбарага бир неча минг йил аввал Яқин Шарқда яшаган Осаф ибн Бархаё нима сабабдан ва кимнинг ташаббуси билан “прописка” қилинганини аниқлашнинг эса имкони бўлмади. Эҳтимол, кимдир “Исо” исмини “Осаф” деб ўқигандир ва бу янглишув оммалашиб, машҳурлашиб кетгандир. Чунки араб ёзувида “Исо” деган сўз  “Иси”  ﯽ–ﺳ ﺍ

ﭫ эса «фасО»  ﺳ ﺍ  шаклида ёзилади. Қабр тошида сўнгги ҳарф хирароқ акс этган бўлса, ҳар хил ўқилиши тайин. Бу фикрни қувватловчи бир далил шуки, бу мақбара Бобур давридан кейин қурилгани аниқ, чунки аксинча бўлганида Бобур уни ўз китобида қайд қилган бўлар эди. Биз учун энг аҳамиятлиси – айни қабристонинг қадимий эмаслигидир. Маълумки, қабристон аҳоли яшаш жойидан узоқда бўлмайди. Тоғнинг жанубий томони эса тарихан унча эски эмас, шаҳарнинг бу томонига одамлар XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср давомида уй-жой қуриб, обод қилишган. Бинобарин, Сулаймон тоғининг жанубий ёғида минг йилларга даъво қиладиган қадимий қабристонлар йўқ, агар қачонлардир бўлган бўлса ҳам, ҳозирда йўқолиб кетган. Ҳатто Ўшлик ўрта яшар кишилар яхши билишади, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларига қадар ҳам ушбу жойнинг кўп қисми, айниқса, юқори томонлари бўш ётар, ёшлар ҳар баҳорда тоғ сайрига чиққан кезлари бу жойларда ўйин-кулги қилишар эди. Табиийки, ўйин-кулги ҳеч қачон мозористонда қилинмайди, қолаверса, бундай қия, сертош жой мозоргоҳ учун ҳам қулай эмас. Айнан ХХ аср бошларидангина бу ерларга майит қўйилди. Иккинчидан, бу ердаги тошли заминнинг хусусияти шундайки, уни қайта ковлаб, эски гўрга янги майит қўйишга имкон бермайди. Бу ҳам айни мозорнинг қадимий эмаслигини далиллайди.

Мана шуларнинг ҳаммаси бу тоғ жанубидаги қабристон ҳам, унинг шарқий бурчидаги “Осаф ибн Бархаё” деб ном берилган мақбара ҳам тарихан кўҳна эмаслигини кўрсатади. Ушбу мақбарага оид вақф ҳужжатлари ҳам (эътибор беринг!) XIX аср охири-XX аср бошларигагина оиддир.

Таъкидлаб ўтганимиздек, Ўшнинг туб ўрни Шаҳидтепа ва Жўпас ариғи томонларда бўлгач, қадимги қабристонлар ҳам ҳозирги Ўшнинг ғарбий томонида бўлиши лозим. Бироқ ислом оламида қабристонлар аксар ҳолларда ортиқча кенгайтирилмагани, аждодлар хоки устига авлодлар турбати бино қилингани боис, кўп мозоротлар янгилана берган.

Китобхонларда, Ўш шаҳри Оқбура дарёсининг чап ёнида, Сулаймон тоғининг шимолий этагида жойлашгани ҳақида ёзган Бобур, дарёнинг ўнг ёғидаги жойлар ҳақида нега хабар бермаган, деган савол туғилиши табиий.

Бобур дарёнинг ул юзида ҳам боғларнинг кўплиги, обод қилинган жойлар борлиги ҳақида ҳикоя қилган. Ўшга келган ва тоғ тумшуғида ҳужра қурдирган вақтида у 12-13 ёшларда эди. Иккинчидан, у Ўшда муқим турмаган, отаси Умаршайхдан қолган давлатни оёққа турғизиш, уни ғанимлардан асраш ёш ҳукмдорнинг асосий вазифаси бўлган. Шунинг учун ҳам Бобур шаҳарнинг асосий қисми ҳақида тўғри ва асосли маълумотлар бериш билан кифояланади. Ва ниҳоят, Бобур йигирма бир ёшида Мовароуннаҳрни тарк этиб, Афғонистон томонга чиқиб кетганини ҳам унутмайлик. Бобур ҳам, ундан аввалги муаррихлар ҳам Ўш шаҳри ҳақида сўз юритганда шаҳарнинг марказий ўрни, у билан бошқа шаҳарлар орасидаги масофа, шаҳар кишиларининг асосий тирикчилик тарзи каби энг муҳим, бирламчи даражали маълумотларнигина дарж этиш билан кифояланишган. Аммо бундан, дарёнинг ўнг қирғоғида шаҳарнинг иккинчи қисми бўлган эмас, деган хулоса келиб чиқмайди, албатта.

Ҳатто аксар ҳамшаҳарларимиз ҳам буни яхши билишмайди – санитария талаблари ҳозиргидай қатъий белгиланмаган ўтмиш замонларда айрим хонадонларнинг ҳовлисида ҳам ўз қабристонлари бўлган. Ҳолбуки, ана шундай кичик хилхонага эга бўлган ҳовлилар фақат Ўшда эмас, Ўрта Осиёнинг яна бошқа айрим шаҳарларида ҳам сақланиб қолган. Ўқувчилар дилида, табиийки савол туғилиши мумкин – нега энди ўша майитлар маҳалла қабристонига дафн этилмаган?

Бу борада бизнинг фикри ожизимиз шуки, айрим катта уламолар, эшон ва тўраларнинг мавқеини вафот этганидан кейин ҳам оддий мардумлардан юқорироққа қўйишга интилиш, шунингдек, айрим одамларнинг исломият тарихининг илк даврини ўзи учун муқаддас қоида билиб, мудом амал қилиб яшашга интилиши, улуғ мавқели, уламо киши ўз ҳовлисига кўмилмоғи – суннат, деб ўйлаш (пайғамбар алайҳиссалом Ойша онамиз билан яшаган ҳовлисига дафн этилган) бунга асос бўлган. Аслида, диний нуқтаи назардан бу тўғри ҳолат эмас. Зеро, Расулуллоҳ буни васият қилмаган, у кишининг вафотидан кейин шундай қарорга келишган ва бунда пайғамбарлар ўз уйига кўмилади, деган қадимий қоидага амал қилинган. Бинобарин, агар қандайдир тўполонлар замонида мозорга кўмиш хавфли бўлган бўлмаса, кишининг ўз ҳовлисига кўмилиши ножоиз, хонадон аҳлининг кундалик ҳаёти учун ноқулай ва санитария нуқтаи назаридан номақбул.

Иккинчидан, айрим ҳолларда майитнинг шахсиятига бўлган муносабат туфайли унинг жамоат қабристонига қўйилиши мумкин бўлмаган ҳоллар ҳам бўлган, бундай вазиятларда, орадан неча ўнлаб йиллар ўтиб, одамларнинг дилидан эски гаплар чиқиб кетганидан сўнг майитнинг хоки қабристонларга қайта кўмилган.

Азиз дўстлар!

 Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.

 

Яндекс.Метрика