ЎШДА «МАВЛОНОВЛАР» СУЛОЛАСИ

Ўзбек таомларини тайёрлаш жараёни ва овқатланиш маданияти жуда узоқ тарихга эга ва халқнинг кўп йиллик тажрибасига асосланади.Ўзбек миллий пазандалиги ноёблиги, пазандалик анъаналарининг турли-туманлиги билан ажралиб туради. Шунингдек диёримизга ташриф буюрган меҳмонларда ўзбек таомлари шарқ меҳмондорчилиги рамзи сифатида ғоят машҳурдир.

Орамиздан шундай инсонлар ўтганки, улар чин маънодаги инсоний қиёфалари билан қалбларга муҳирланган. Номлари авлоддан-авлодга кўчиб юради. Жумладан мен ҳам Мавлон ҳожи ҳамда  ўғиллари Абдуллажон ошпазни яқиндан кўрмаганман. Бироқ ота ва оналаримиздан, айни пайтда умргузаронлик қилаётган кекса авлод вакилларидан бу сулола тўғрисида, уларнинг ниҳоятда саховатли бўлганлиги ҳақида мароқли сўзларни кўп эшитганмиз. Орадан маълум йиллар ўтиб, Ўшда «Мавлоновлар» сулоласи ҳақида билган ва эшитганларимизни кейинги авлодларга сўзсиз ҳикоя қилишимиз бурчимиздир.

МАВЛОН ҲОЖИ ОШПАЗ

«Мавлоновлар» сулоласининг асосчиси Мавлон ҳожи ошпаз 1870 йилда Ўшнинг Шаҳидтепа маҳалласи марказида туғилган.

Шаҳидтепадаги масжид билан ёнма-ён бўлган кўчада яшаган. Мавлон ҳожи қўли очиқ ўз даврининг тилга тушган ошпазларидан бўлган. Бировнинг ҳақидан ор қилган. Набираси Адҳамжон аканинг айтишича, 1914-1915 йиллари Москвадан ўрис меҳмонлар Ўшга келишган. Мавлон ҳожи меҳмонларни ўзбек таомлари билан меҳмон қилиб, ҳатто уларни музқаймоқ билан ҳам сийлаган. Бу қадар лаззатли музқаймоқдан биринчи марта тотиши эканини айтишиб, Мавлон ҳожига миннатдорчилигини изхор қилишган.

Ўшда ўзбек пазандалигининг ўзига хослиги шундаки, тўйларида асосан шўрва ва ош тайёрланади. Бу ажойиб таомларни тайёрлашга таниқли ошпаз – Мавлон ҳожининг келиши мезбон ва меҳмонлар учун ҳам шарафли иш бўлган. Чунки у ушбу таомларни тайёрлаш бўйича пешқадам бўлиб, ўз ота-боболаридан қолган барча сир-асрорлардан хабардор эди.

Октябрь Инқилобидан кейин мамлакатда очарчилик ва қаҳатчилик бошланганда Мавлон ҳожи Шаҳидтепа гузарида ўнтадан дош қозонларни осиб, очларга тарқатиб, одамларнинг эсон-омон чиқиб олишлари учун ҳаракат қилган. Мавлон ҳожи 1936 йилда ҳаж сафарига бориб, Маккада вафот этган ва Макка шаҳрига дафн этилган.

Фарзанди Абдуллажон Мавлонов ҳам ошпаз отаси сингари меҳр-оқибатли ҳамшаҳарларимиздан бири эди.

АБДУЛЛАЖОН ОШПАЗ

Абдуллажон Мавлонов 1920 йилда Ўшнинг Шаҳидтепа маҳалласида, ошпазлар оиласида туғилган.

Ўн икки ёшида Андижон темир йўл чойхонасида ошпазга ёрдамчи бўлиб ишлай бошлаган, таом қилиш сирларини пухта ўрганган. Улуғ Ватан уруши бошланганда ёш Абдуллажон фронтга чақирилган. 10- Гвардия ҳаво десанти дивизиясига хизматга жўнатилган. II Болтиқ ва Украина фронтларида разведка отрядида [измат қилган, кейин дивизия командири қўриқчиларидан бўлган. А. Мавлонов Венгриянинг Дебриса шаҳрини озод қилаётган жангларда яраланади, госпитада даволаниб, Венгрия, Руминия, Югославия, Австрияни озод қилишда қатнашиб, 1946 йилда Ўшга қайтган.

Ўша йилнинг ўзида Ўшда темирйўл станциясидаги ошхонада иш бошлайди. 1949 йил Ўш бозори ичидаги «Ўш» ошхонасига раҳбар этиб тайинланади. Ўшга чор-атрофдан Сулаймон тоғига кўп зиёратчилар келар эди. Улар, албатта, бозорга тушар эдилар, бироқ бемалол овқатланиб дам оладиган замонавий чойхона ё ресторан йўқ эди. Абдуллажон Мавлонов бу масалани бир неча бор шаҳар бошқарув органлари олдига қўйди, кези келганда шахсан Қирғизистон раҳбари Турдақун Усубалиевга арз қилди. Унинг аралашуви билан «Ўш» ресторани чойхонаси билан қурилиб , Оқбура дарёси бўйида дам олиш ва роҳатланиш масканига айланди. Абдуллажон Мавлонов бозор ичида кичик овқатланиш нуқталари ҳам очди, уларда 100 га яқин ошпазлар элга хизмат қилишар эди.

А.Мавлоновнинг ўғли Адҳамжон ака отаси ҳақида шундай эслайди:

– Отам ўнг қўлинг билан берганингни чап қўлинг билмасин, деган хадисга жуда қаттиқ амал қилганлар, – дейди Адҳамжон ака. – Каттаю кичик отамнинг бу сифатини яхши билишади, эслаб юришади. Масжидларнинг кекса қавмлари ҳар жума намозидан сўнг отамнинг ошхонасида тўпланишарди. Отам уларни меҳмон қилиш баҳонасида улардан кўп нарсаларни билиб олишга ҳаракат қиларди. Масалан, қайси маҳаллада қўли калта, камхарж кишилар бор, қайси камбағал қиз узатмоқчи ёки келин олмоқчи. Пинҳона элликбошини чақириб, кўзланган манзилини аниқларди. Депутат сифатида маҳаллаларни ўрганиш баҳонаси билан ҳам ана шундай хонадонларни билиб олиб, тўй ёки маъракага етиб ортгудек ёрдам берарди. Бева-бечора, ёлғиз кишиларни ҳам шу тарзда қўллаб-қувватлаган. Ўлим чиққан хонадонларни йўқчиликдан ноқулай аҳволда қолдирмаган.

Абдуллажон Мавлоновнинг фронтдаги жанговор ҳизматлари ҳисобга олиниб, «Шуҳрат» ордени ва кўплаб медаллар билан тақдирланган. Сидқидилдан қилган меҳнатлари ардоқланиб, «Ҳурмат Белгиси», «Меҳнат Қизил байроғи» орденлари ва бошқа кўкрак нишонларига лойиқ кўрилган. «Савдо аълочиси» унвони ва фаҳрий ёрлиқлари билан мукофотланган. 1953 йили «Уста ошпаз» унвонига эга бўлиб шахсан А.И. Микоян унга медални топширган. Абдуллажон Мавлонов бир неча марта Ўш шаҳар кенгашига депутат бўлиб сайланган.

Унинг ватанпарварлик, ҳалол меҳнат қилиш тўғрисидаги нутқларини мажлисларда, турли йиғинларда эшитган Ўшликлар ҳали ҳам эслашади.

Уста ошпаз Абдуллажон ака, Мавлоновлар сулоласини шараф билан давом эттирди, йиллар давомида кўплаб шогирдлар чиқарди, улар савдо, озиқ-овқат тармоқларида ҳамон ишлашмоқда.

Абдуллажон Мавлонов 1988 йилнинг 13 декабрда Ўшда вафот этди.

Алишер Навоий институти учун

Одилжон ДАДАЖОНОВ

 

Яндекс.Метрика