ЎШ ШАҲРИ ВА ЎШ ВИЛОЯТИ ҲАҚИДА 11-СУҲБАТ

     Ўш – Қирғизистоннинг Бишкекдан кейинги иккинчи йирик шаҳри, мамлакат жанубидаги энг катта аҳоли масканидир. 2015 йилнинг 1 январига келиб шаҳар аҳолиси 243 300 кишини ташкил этди. Ўш шаҳрининг ўзидан ташқари, шаҳар маъмуриятига Ўш теварагидаги жами аҳолиси 27 минг кишилик Олмалиқ, Арек, Гулбаҳор-Тўлайкан, Жапалақ, Кенгаш, Керматоғ, Ўзғур, Орқа, Пятилетка, Тўлайкан, Теке каби 11 қишлоқ ҳам киритилган. Ўш шаҳрининг ҳудуди 182 квадрат километрдан иборат.

Ўшда ўзбеклар (51 фоиз) ва қирғизлар (43 фоиз)дан ташқари рус, турк, татар, уйғур, тожик, озарбойжон ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшашади.

Шаҳар аҳолисининг сони

Йил

1939

1959

1970

1974

1979

1989

1991

1999

2009

2010

2011

2012

2015

Аҳоли

(минг киши)

33

65

120

143

169

213

212

212

220

235

231

230

243

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўш шаҳри аҳолисининг этник таркиби
(қишлоқлардан ташқари)

Миллат

2009 йилги ҳисобга кўра

Нисбати ( фоиз)

Жами

232 816

100,00 фоиз

Ўзбеклар

112 469

51,31 фоиз

Қирғизлар

100 218

43,05 фоиз

Руслар

6 292

2,70 фоиз

Турклар

5 506

2,36 фоиз

Татарлар

2 703

1,16 фоиз

 

Аҳолининг этник нисбати, бутун дунёда йиллар оша кучайиб бораётган миграция жараёни туфайли, тобора хилма-хиллашиб бораётир. Бас, маълум бўладики, аҳоли бундан юз-икки юз йиллар аввал Ўшда ҳам, бошқа жойлардаги сингари, асосан, моноэтник бўлган. Ҳар бир халқ бошқа элатлар билан камроқ аралашиб, ўз асл миллий хоссаларига кўпроқ эгалик қилган. Табиийки, ҳеч қачон ўз ички “қобиғи” ичида қолиб кетмаган ҳам. Шу сабабли, ҳар бир элнинг энг инсоний, эзгу урф-одатлари, удум ва расм-русумлари шаклланган, чунончи, бошқа юртдан келган одамлар меҳмон саналган ва шунга яраша ҳурматланган. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги ўзбеклар яшайдиган энг йирик шаҳарлардан бири Ўшдир.

Аммо, таассуфки, турли миллат одамлари ўзаро аралашиб яшай бошласа, биз соғиниш билан тилган олган қадимги эзгу муносабатлар барҳам топиб, аввало ҳар бир элу элатнинг салбий хусусиятлари бошқа элларга намоён бўлар ва аксар ҳолда, иккинчи миллатнинг ҳам қўпол, ахлоққа зид, худбинона хислатлари бунга жавоб сифатида юзага чиқар экан. Бани башар илгари кўчманчи ҳаёт кечиргани ҳаммага маълум. Шаҳарларда уюшиб яшаш эса инсоният тараққиётининг хийла кейинги бир кўринишидир. 3000 йил илгари ш а ҳ а р бўлган жойда ундан аввалроқ ҳам кишилар истиқоматгоҳининг шаҳаргача бўлган шакли – қўнимгоҳ ёки қишлоқ аллақанча замондан бери мавжуд бўлганини тасаввур қилиш мумкин. Демак, Ўрта Осиё, хусусан, Ўш ҳудуди ўз географик ва табиий иқлим шароитига кўра одамзотнинг яшаши учун энг қулай бир шароитни таъмин этиши эътибори билан одамзот кишилик жамияти сифатида шаклланган дастлабки маконлардан биридир.

Ҳозирги атамалар билан тавсифлайдиган бўлсак, Ўш шаҳри Марказий Осиёда, Фарғона водийсининг шарқи-жанубида, 72,47 даража шарқий узунлик ва 40,32 даража шимолий кенгликда, денгиз сатҳидан қарийб 1000 м. баландликда жойлашган. Шаҳар аҳолисининг ўртача тиғизлиги 1 кв. км. га 12543 киши. Шаҳар атрофи билан қўшиб ҳисоблаганда эса аҳоли нуфуси қарийб 500 минг кишини ташкил этади. Ўш шаҳри аҳолиси кўпмиллатли.

Конфессионал жиҳатдан аҳолининг асосий қисми (225 мингга яқин) ислом динидаги суннийлар бўлиб, қолган 2,6 фоизи Европа миллатига мансуб руслар, украинлар ва б. – жами 7 мингга яқин православ христианлардир.

Ўш ушбу минтақадаги энг қадим ойкумениядир. Бишкек (Пишпек, Фрунзе) шаҳрига фақат 1825 йилга келибгина асос солинганини ёдга олсак, минг йиллар давомида Ўш ҳозирги Қирғизистон ҳудудидаги энг катта шаҳар бўлиб келиб, фақат ХХ асрнинг ўттизинчи йилларига келибгина аҳоли сони бўйича етакчилик ўрнини Бишкекка бўшатиб берганига амин бўламиз.

Ўш узоқ йиллар давомида (айрим йиллардаги баъзи ўзгаришларни ҳисобга олмаганда) бутун Жанубий Қирғизистоннинг маркази бўлиб келди. Ҳатто ҳозир ҳам Боткен ҳамда Жалолобод вилоят марказлари сифатида мақом олганига қарамасдан, бутун Жанубий Қирғизистоннинг иқтисодий-ижтимоий, маънавий-интеллектуал ва сиёсий маркази сифатида Ўш шаҳри эътироф этилади.

Айрим истисноларни эътиборга олмаганда, Ўш аҳолиси муттасил кўпайиб борган. Чунончи, Ўшда 1939 йилда 33 минг киши яшаган бўлса, 1959 йилга келиб бу сон 65 мингга, 1970 йилда эса 120 мингга етган. Бу динамика 1979 йилда – 169 мингни, 1989 йилда – 213 минг нафари кўрсатган бўлса, 1991-1999 йилларда – 212 мингга тушган, 2010 йилда – 235 мингга етиб, 2011-2012 йилларда эса 230 мингга тушиб қолган. Сўнгги кўрсаткичлардаги аҳолининг камайиши сабаби икки омил: бир томондан, диаспора – Европа миллатига мансуб кишиларнинг, шунингдек, яҳудийларнинг тарихий ватанларига кўчиши, иккинчи ёқдан эса миллатлараро можаро туфайли бир қисм аҳолининг Ўшни тарк этиб, ўзга жойлардан бошпана қилиши билан изоҳланади.

Ўш Жанубий Қирғизистондаги энг катта шаҳар ўлароқ, шарқий томондан қадимда ўз қўрғонига эга бўлган Моди шаҳри (бугунги кунга келиб – қишлоқ) билан, Ўзган, Жалолобод, Қорасув, шимолда Андижон, ғарбда Аравон ва Новқат, жанубда эса Помир тоғларининг этагидаги бир қанча аҳоли масканлари билан қуршалган. Википедия маълумотларида айтилишича, Ўш тоғолди воҳасида жойлашган бўлиб, қирғизларнинг Енисей дарёси бўйларидан бу ёққа кўчиб келишлари (тахминан 500 йиллар)дан аввал ҳам йирик аҳоли манзилгоҳи бўлган. Сулаймон тоғининг жанубий этакларида бронза даври деҳқончилигига тааллуқли турар-жой ашёлари топилгани бунга далилдир.

Темурийлар ва Шайбонийлар замонидан кейин Ўш шаҳри XIX асрнинг сўнгги чорагига қадар Қўқон хонлиги таркибида бўлган, сўнг Россия империясига қўшиб олинган. 1876 йилдан бошлаб Фарғона вилоятига қарашли Ўш уездининг маъмурий марказига айлантирилган, 1939 йилдан Ўш вилоятининг маркази ҳисобланади. Турли иқтисодий-ижтимоий омиллар, чунончи, Жалолобод вилоятининг тузилиши, унинг Ўш вилояти таркибига берилиши, қайта ажралиб чиқиши, Боткен вилоятининг ташкил топиши, Ўшга “иккинчи пойтахт” мақомининг берилиши туфайли Ўшнинг маъмурий потенциали доимо ўзгариб турган.

Шу туфайли ҳозирги кунга келиб Ўш вилоятида еттита район – Аравон, Новқат, Олой, Чўнғолой, Ўзган, Қорасув ва Қорағулжа туманлари мавжуд. Булардан Чўнғолой ва Қорағулжа районлари нисбатан кейинроқ ташкил топган. Ҳозир Ўш вилоятида 1 млн.  260 минг киши яшайди (Ўш шаҳри аҳолисидан ташқари).

Энди Ўшнинг тарихи хусусида. Қадимги география тили билан айтганда, Ўш шаҳри бешинчи иқлимда, аниқроғи, тўртинчи ва бешинчи иқлимлар чегарасига яқин жойлашган. Ўш шаҳри тўғрисидаги бизга маълум дастлабки ёзма манбалар IX асрга оид. Абулқосим Хўрдодбеҳ (820-912)нинг “Китоби масоликул мамолик” (Мамлакатлар йўллари ҳақида) асари (846)да Ўш ва Ўзган шаҳарлари илк бора тилга олинган ва таърифланган. Яна бир географ олим Абубакр Исҳоқ Ҳамадонийнинг “Китоби булдон” (“Шаҳарлар китоби”, 902) асарида юқоридаги маълумотлар анча тўлдириб баён этилган. Х асрда яшаган яна бир географ Ибн Ҳавқалнинг асарида эса Ўш, Ўзган шаҳарлари ва Ўшга яқин бўлган Моди қасабаси ҳақида анча батафсил маълумот берилган.

Археологларнинг радиоуглерод таҳлиллари асосида келган хулосаларига кўра, Ўш заминида бундан қарийб уч минг йиллар муқаддам ҳам одамлар доимий равишда истиқомат қилган. Шунга асосланган ҳолда, 2000 йилда Ўшнинг уч минг йиллиги байрам сифатида нишонланди. Ўшандан бошлаб ҳар йили 5 октябрь санаси Ўш шаҳрининг ташкил топган куни, деб белгиланган.

 

Работи Абдуллахон масжиди

 

“Ўшдаги Сулаймон тоғининг ғарби-жанубий томонида ғор бор. Унинг ичига ҳозир музей жойлаштирилган. Шаҳарда Работи Абдуллахон масжиди (XVI-XVII аср), Осаф ибн Бархаё мақбараси (XVII-XVIII аср), Олимбек додхоҳ масжиди (XIX аср) ва яна ўттизга яқин тарихий ёдгорлик мавжуд, – деб ёзилади Интернетдаги “Исторические памятники Кыргызстана” мақоласида. – Қадимги Ўш (эрамиздан аввалги IV-эрамизнинг V асрига қадар) Буюк ипак йўлидаги муҳим аҳоли маскани бўлиб, Ўш теварагида қадимги қўрғон харобалари – Мирзолимтепа, Чаёнтепа, Ўттизадир, Моди қўрғони ва бошқалар жойлашган. Ўшга яқин бўлган Сураттош тоғида юздан ортиқ тошга ўйиб чизилган расмлар (эрамиздан олдинги I минг йиллик) бор”.

 

Қамбарота тоғидаги петроглифлардан бир лавҳа

 

Айрим тарихчиларнинг Ўшнинг Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳар эканлигига шубҳа билдиришлари муносабати билан шу ўринда баъзи мулоҳазаларни айтиб ўтсак. Андижонлик уч олим – хизмат кўрсатган маданият ходими Зокиржон Машрабов, профессор Сайфиддин Жалилов ва фан доктори Боқижон Матбобоевлар бундай деб ёзишади: “Андижон археологиясининг IX-XV асрлар қатламлари яхши сақланмаган бўлса-да, бизгача етиб келган. Улар Андижон шаҳрининг IX-XV асрлар моддий маданияти ва тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Андижоннинг Эски шаҳар қисмида олиб борилган илмий-археологик изланишлар натижасида айнан шу қатламлар билан тўлдирилган ҳолда шаҳар тарихий ривожланишининг стратиграфияси тўлалигича яратилди. Фар­ғона водийсидаги қадимий Ўзган, Марғилон, Ўш, Хўжанд, Қува каби шаҳарлар ичида энг қадимийси Андижон бўлиб, бош­қа шаҳарларда бундай даврлаштириш тизими ишлаб чиқилгани йўқ. Бунинг учун кенг қамровли комплекс илмий тад­қиқот ишлари олиб борилиши лозим бўлади… ”

Бу гап, аввало, Андижоннинг бошқа барча шаҳарлардан қадимий эканлигини далилламайди, қолаверса, IX-XV асрлар дегани уч минг йиллик тарихнинг, ҳатто ўртасидан ҳам кейинроғига, сўнгги минг йилликкагина дахлдордир. Ва бу даъво ушбу олимларнинг Ўш шаҳри Фарғона водийсидаги энг қадимий шаҳар эканлиги ашёвий далиллар ҳамда радиоуглерод методи асосида узил-кесил исбот топганидан ё бехабар эканликлари, ё бўлмаса, маҳаллийчиликка берилиш туфайли, объектив фактлардан кўз юмишларини кўрсатиб турибди. Айрим олимларнинг “фидокор”лиги шу даражага етадики, ўз миллатини дунёдаги энг қадимий, энг бағрикенг, энг олижаноб ва мутараққий эл деб талқин этади ва ўз шаҳрини дунёда энг аввал бино бўлган аҳоли маскани деб талқин этиб, шу гапларни “исбот” этишга жон-жаҳдлари билан киришиб кетадилар ҳам. Ҳолбуки, Андижоннинг Ўшдан аввалроқ бино бўлиши, ҳатто мантиқан ҳам мумкин эмас: бу шаҳар ўрни қадимда чуқурлик, ботқоқ жой бўлган. Ўш дарёси Ўш шаҳри ўртасидаги тупроқни асрлар давомида ювган ва унинг оқизиқлари Андижон шаҳри ўрнидаги чуқурликка тўлиб, кўтарила борган ва шу жойда кейинчалик Андижон шаҳри барпо бўлган. Шу ўринда Бобурнинг Андижонда “кузлар эл безгак кўп бўлур”, “Тўққуз тарнов сув кирар. Бу ажабтурким, бир ердин ҳам чиқмас” деб берган маълумотига диққат қилиш лозим; маълумки, безгак касали зах ва ботқоқ жойларда кўп учрайди. Шунинг ўзиёқ Андижоннинг ҳатто XVI аср аввалларида ҳам хийлагина ботқоқ бир жой бўлганини далиллашга хизмат қилади… Дарвоқе, бу шаҳар тарихининг тадқиқотчиси, ёш олим Зоҳиджон Машрабов Андижоннинг ёши мелодий эранинг бошига тўғри келади, деб кўрсатадики (“Тафаккур” журнали, 2007, № 4, 92-б.), шу фактнинг ўзи ҳам Андижоннинг Ўшдан камида минг йил кейин бино бўлганини тасдиқлашга хизмат қилади.

Рус тилидаги аксар илмий манбаларда эса Ўш ҳақида бошқа бир хато фикр: Ўш қадимда Ўрта Осиёдаги энг катта диний марказ бўлган, Сулаймон тоғи эса Ўрта Осиё мусулмонларининг асосий зиёратгоҳларидан бўлган эди, деган янглиш нуқтаи назар кўп таъкидланади. Бу қарашни дастлаб 1931 йилда атоқли чех публицисти Юлиус Фучик “Ўрта Осиёга саёҳат” китобида баён қилган эди. Унинг ёзишича: “Бу ерга Фарғона водийсидан пойи пиёда, Хиваю Қарсақбойдан туя устида тебрана-тебрана, Қирғизистондан эса от йўрғалатиб келадилар; Помирнинг тоғ сўқмоқлари оралаб карвон бўлиб интиладилар, Шинжонг ва Ҳиндистон, Афғонистон чегараларидан ошиб йўл босадилар. Уларнинг муддаоси – Тахти Сулаймонга етиб келиш. Барчалари хаста ва бемор, мақсадлари эса шифо топиш. Шу тилак билан айни масканга талпинадилар, тоғларнинг “руҳоний пири” эса уларга соғлик-саломатликни ваъда қилади…”

Унчалик эмас. Аслида, Марказий Осиёда ислом дини айрича равишда равнақ топган маскан Бухоро ҳисобланган, “Қуббатул ислом” – ислом динининг чўққиси, деб улуғланган ва шарафланиб, Бухорои шариф деб аталган. Иккинчидан, қадим Шарқ табобатида сайру саёҳат ҳам даво усулларидан бири деб қаралган, ким бемор бўлса, ҳаво алмаштириш тавсия этилган. Шундай экан, баҳаво Ўш шаҳрига келиш фақат диний амал сифатида эмас, бир дилтортар саёҳат мақомида ҳам бўлган.

 

АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ”

САЙТИНИНГ МУҲТАРАМ МУХЛИСЛАРИГА

 

Азиз дўстлар!

 

Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.