Ана энди Ўшнинг номи хусусида. Одатда, қисқа, бир бўғинли сўзлар ва жой номлари (Ўш, Чуст, Поп, Кот …)нинг этимологиясини изоҳлаш жуда қийин, ҳатто амри маҳол. Шу сабабли ҳам илмда ҳозиргача бу шаҳарнинг нима учун Ўш деб аталиши борасида аниқ-тиниқ ва ишонарли бирон талқин илгари сурилган эмас (Сирасини айтганда, энг кўҳна шаҳар деб эътироф этиладиган Римнинг номи қандай келиб чиққани ҳам аниқ эмас, кўпинча, бўри сутини эмиб улғайган Ром ва Ромул исмли ака-ука бу шаҳарнинг асосчиси бўлган, деган мифологик гаплар келтирилади).
Авом халқ эса Ўш номи ҳақида турли нақллар тўқиган. Улардан бирида Одам алайҳиссалом (ёки бошқа ривоятга кўра, деҳқонлар пири Хизр алайҳиссалом) омочда ер ҳайдаб келиб, шу жойга етганида бир тўхтаб, нафас ростлаш учун ҳўкизларга “Ҳў-ў-ўш!” дея ҳайқирган ва буни эшитган одамлар шу жойни Ўш деб аташган эмиш.
Бошқа бир ривоятда лашкари билан келаётган Сулаймон алайҳиссалом қўшин олдида ер ҳайдаб бораётган икки ҳўкизни тўхташга амр қилиб, “Ҳў-ў-ўш!” деб ҳайқирган бўлиб чиқади.
Учинчи нақлда эса чарчаб ерга ётиб қолган ҳўкизни ўрнидан турғазиш учун эгаси ҳадеб “Ҳўш! Ҳў-ўш!” бақиргани учун шундай аталган, дейилади.
Яна бир талқин эса бир қадар кулгили ҳам. Хитой томонлардан Европага, Европадан эса Ҳиндистон томонларга йўл тортган карвонлар узоқ йўлда толиқиб келишаётганида аҳоли ош (палов) пишириб сотадиган ерга етиб келиб, азбаройи очиққанларидан “О-ош! О-ош!” дея қувониб бақиришгани туфайли бу жой номи аввал Ош, сўнгроқ эса Ўш шаҳри бўлиб кетган эмиш (Ҳолбуки, ош сотиш бу ерларда ўтган асрнинг ўрталарига келибгина расм бўлди). Бундай нақллар кўп тўқилган.
Гарчи бу ривоятлар шаҳар номининг қандай келиб чиққанини изоҳлай олмаса-да, ҳатто улардан ҳам айрим хулосалар чиқариш мумкин. Аввало, Ўшнинг кўҳналиги (Одам ота, Хизр, Сулаймон пайғамбарлар), иккинчидан, бу жойда қадим-қадимдан деҳқончилик қилиб келинаётгани (ҳўкиз, омоч, ер ҳайдаш), учинчидан эса, одамларнинг киндик қони тўкилган она юртини ардоқлаб, уни муқаддаслаштириб, пайғамбар(лар) томонидан асос солинган жой дея таърифлашлари ва, ниҳоят, бу жойдан қадимда карвон йўллари ўтгани.
Ғ.Қ.Қосимов “Город Ош” деган китобида эса бу жойларда бир пайтлар саклар яшаганини, улардан кейин эса усун қабиласи бу ерларни эгаллагани ҳақида сўз юритиб, проф. А.Н.Бернштам Ўш шаҳри номига усун қабиласи номи асос бўлган (“Усун” à“Ўш”), деб тахмин қилганини ёзади.
Илм-фанда, шунингдек, Ўшнинг Ошо деган қабила-уруғ номидан келиб чиққан, деган талқин ҳам учрайди, бироқ бу талқин, бир томондан, ҳозир мазкур Ошо қабиласининг сақланиб қолмагани, иккинчи ёқдан эса Ўш шаҳри ўрнида қачондир айнан шу қабила яшаганини далиллайдиган манбанинг мавжуд эмаслиги боис, тасдиқланиши даргумон бир фараздир.
Ўш шаҳри ҳақида “Город Ош” деган қисқача ўлкашунослик очерки (1968)ни ёзиб чоп эттирган Т.Айдашевнинг мулоҳазасига кўра, Ўш номи чорвадор сакларнинг “Уш” деган қабиласи номидан келиб чиққан. Бироқ “Уш”нинг “Ўш”га қандай қилиб ўзгарганлиги изоҳталаб ва ишончсиз
Ўш шаҳрининг номи хусусида биз мурожаат қилган бошқа бир илмий манбада нисбатан асосли мулоҳазага дуч келамиз. Бу – Ўш шаҳрининг номи “Оахшо” деган сўздан келиб чиққани ҳақидаги тахминдир. Эътибор қилган бўлсангиз, аҳоли яшайдиган жой номларининг келиб чиқиши аксар ҳолларда унинг ёнидан оқиб ўтадиган дарё ва сойларга алоқадор бўлади: Чирчиқ, Москва, Қорасув, Норин каби ўнлаб ва юзлаб шаҳарлар муайян катта оқар сув ёқасида барпо бўлгани боис, ана шу дарёнинг номи (гидроним) шаҳарга ҳам кўчиб ўтган. Сув номидан олинган жой сифатида Нана маъбудаси шарафига аталган Нанай қишлоғи номини ҳам келтириб ўтиш мумкин.
Қадимги оташпарастлар дини бўлган Зардўштийлик эътиқодига кўра, тез оқадиган дарё ва сойларнинг маъбуди Ўахшо (Оахшо) деб аталган. Бу сўзнинг туб маъноси “тошқин” бўлиб, Ўахшо ана шу тошқин сув маъбуди ҳисобланади. Абурайҳон Берунийнинг шаҳодат беришича, оташпарастлар бу маъбудни сув ичида яшайди, деб билишар экан. Бизнингча, “Ўш” деган сўз бу ерда шундай шаҳар юзага келишининг асосий манбаи бўлган тошқин тоғ дарёси бўлган Ўахшо (ҳозирги Оқбура) дарёси номидан келиб чиққан ва минг йиллар давомида тилда сийқаланиб-силлиқлашиб (Ўахшо à Ўхшо à Ўхш à Ў(х)ш à Ўўш à), бугунги “Ўш” шаклга келган. Ўахшо дарёси ўз номини шаҳарга берганидан кейин, бир неча юз йилликлар ўтиб, ўзига ҳозирги Оқбура деган номни олган.
Тожикистондаги Вахш дарёсининг номи ҳам Оахшо деган сўздан олинган, дейдилар. Лисоний жиҳатдан, турли жойларда яшовчи, аммо бир динга эътиқод қилиб, унга хос мифология таъсирида ижтимоий онги шаклланган кишилар тошқин ва асов тоғ дарёсини, бири-биридан бехабар ҳолда, Оахшо (сув маъбуди) деб атаган бўлишлари мантиққа зид эмас. Кейинчалик бу сўз турли фонетик ўзгаришларга учраб, бир жойда у Вахш, бошқа бир жойда эса Ўхш номини олган бўлиши мумкин. Шу маънода, бизнинг назаримизда, Амударёнинг қадимги номи – Окс ҳам, баъзилар талқин этганидай, Ўкуз (ҳўкиз) дарё бўлмай, бояги Оахшонинг фонетик бир варианти (Оахш – Оакс-Окус) деб қаралиши керак, чунки Амударё яқин ўтмишда (тўғонлар қурилмасидан аввал) энг тошқин дарёлардан бири эди.
Оқбурани энг қадимда (“Андижон рўди” деган номидан ҳам аввал) Ўшдарё (Оахшодарё) деб аташган. Бунга асослансак, Ўш шаҳрининг номи мазкур гидроним (дарё номи)дан келиб чиққан бўлади. Фонетик жиҳатдан эса, кишилар талаффузида Ўш сўзи шунчаки икки ҳарф – икки товушдангина иборат бўлмай, “Ўўш” деб айтиладики, бу ҳам шаҳримиз номи қадимги Оахшо деган сўздан олинганини тасдиқлашга хизмат қилади.
Ўш шаҳри ўтмишда ниҳоятда баҳаво бўлган. Бу унинг Фарғона водийсидаги бошқа шаҳарларга нисбатан баландроқда жойлашганига, шаҳар ўртасидан катта сойнинг оқиб ўтишига боғлиқ бўлса керак. Кексаларнинг ҳикоя қилишларича, Ўшнинг ҳавоси шу қадар тоза, мусаффо бўлганки, бошқа жойлардан Ўшга келган кишилар иқлим алмашишига кўниккунларига қадар бир-икки кун хасталаниб ҳам қолишган. Бу гап, албатта, ҳозирда муболаға бўлиб туйилиши мумкин. Аммо саноат ва ишлаб чиқариш ривожланмаган, аҳоли сийрак яшаган ўтмишда Ўшнинг ҳавоси алоҳида ажралиб тургани бор гап. Бежиз эмаски, Бобур ҳам “Сафо ва ҳавода Ўш чоғлиқ қасаба йўқтур” деб алоҳида қайд қилади ва “Бобурнома”нинг яна бир ўрнида ҳам буни эслаб, “Сафо ва ҳавода Ўш била Косон элининг таассуби бор”, деб битади.
Ўш ҳақида турли “Саёҳатнома” (Путевой очерк) битган рус сайёҳлари ва зобитлари ҳам Ўш XIX асрнинг охирлари ва ХХ аср бошларида ҳам ниҳоятда соя-салқин, хушҳаво жой эканини, дов-дарахт жуда сероблиги, айниқса, терак кўп ўсишини, айрим жойларида соя қуюқлашиб, ҳатто қоронғулик касб этадиган даражада бўлганини ёзиб қолдиришган.
Шундан келиб чиқиб бўлса керак, Шўро даврида “Дом отдиха” деб номланган оромгоҳга ўрис тўралар асосан, терак эктиришган. Теракнинг Марказий Осиёда илгари кўп ўстирилган, то 20-25 метрлар баландгача шох-шабба чиқармай, тик ўсадиган, ёғоч бериш хусусияти кўп “Ар-ар терак” деган тури олиб келиб экилган. Афсуски, мустақиллик даврига келиб, бу шифобахш, хушҳаво маскан кимларгадир арзон-гаровга “хусусийлаштириб” берилгач, янги пайдо бўлган хўжайинлар ана шу ар-ар теракларнинг барчасини тагидан қирқтириб, пуллаб юборишди ва энди бу нав теракни топиш амри маҳол.
Ҳали ҳам бўлса, Ўш ўзининг азалий тароватини касб этиши учун тарихий атибутикаси – теракли кўча ва хиёбонларни кўпайтириш айни муддао бўлур эди. Ўша Шамшод кўчаси, Ўш этагидаги Каттатерак деган жой номлари ҳам шунга далолат қилади.
Гарчи Ўш олис мозийдан бери шаҳар бўлса ҳам, у асос-эътибори билан деҳқонлар шаҳридир; аҳолининг асосий қисми – деҳқонлар бўлган. Тоғ дарёсининг зилол сувларини эмиб етилган бу унумдор тупроқ анвойи ноз-неъматлар етишадиган заминга айланган. Қадимда Ўш миришкорлари фақат пахта эккан эмас, тамаки экиш эса уларнинг тушларига ҳам кирмаган, асосан, “қора экин” – қовун-тарвуз, сабзавот, дон экинлари… хуллас, ҳар турли зироат етиштириб, Ўш ва Ўш атрофини жаннатий бир маъвога айлантирганлар.
Эътибор қилсак, об-ҳавоси мусаффо, шифобахш жойлар халқимизда “…ота” деб шарафланади (“Парпиота”, “Олмаота”, “Чўпонота”, “Чўлпонота” каби). Ўш эса теварак-атрофда Ўш пирим, Ўш бувам деб эъзозланади. Ҳатто “Манас” эпосида Манаснинг пири Ўшпир шу шаҳарга асос солган деб айтилади ва гўё Манас шаҳарга Ўш деб ном қўйгандай қилиб тасвирланади:
Ошпур курган бул калаа, (Ўшпир қурган бу қалъа
Өз атына Ош болсун. Ўз оти билан Ўш бўлсин
Чыккынчыга кас болсун, Номардларга қасд бўлсин,
Калыстарга дос болсун. Холисларга дўст бўлсин)
Шунингдек, достон қаҳрамони Ўттизадир томондан қирқ навкари билан келаётиб, Оққула оти тошқин дарёни кечиб ўтишда оқиб кетаёзгани, шундан кейин бу дарёга ҳам Манас ном қўйган, деб айтилади:
Көрүнгөн менен аз гана. (Кўринса-да оз бўлиб,
Кирет экен буурадай. Нақ қутурган буврадай.
Кечээ Ошпур баатырдан. Буни Ўшпир ботирдан
Кечиптирбиз сурабай. Кечиб ўтдик сўрамай.
Аты жок ушул дайраны, Оти йўқ ушбу дарёга
Ак-Буура койсок туурадай… Оқбура деб қўйсак бўлағай…)
“Манас” эпосидаги шу мисралар хусусида: аввало, Ўшда Ўшпир деган жой ёки шу ном билан аталувчи бирон-бир предмет йўқ. Шундай исмли киши яшаб ўтмаган ҳам. Фақат теварак-атрофдан келадиган зиёратчилар бу жойни улуғлаб, Ўш пирим деб аташган, холос. Пир сўзи бу ўринда диний-сўфиёна йўналишдаги раҳнамо одам деган маънода эмас, балки зиёрат қилинадиган жой маъносида келади. Тилда бундай ҳодисалар кўп. Масалан, Бухорода “фалон авлиёга бориб, зиёрат қилиб келдик”, деганда ўша авлиёнинг мозорига бориш тушунилади. Демак, Ўш шаҳрининг номи бирон исломий тариқат пирининг исмига боғлиқ эмас. Шаҳар эса қирғизлар Марказий Осиё ҳудудига кўчиб келган XV-XVI асрлардан кейин эмас, ундан камида икки минг йил илгари ҳам Ўш деб аталган. Бинобарин, башарти Ўш исмли киши қачондир яшаган бўлса ҳам, унинг исми Ўшга берилмаган, балки Ўш шаҳри номи антропонимлашиб (Ўзганбой, Қўқонбой, Бухорбой, Тошкентбой каби), ўша одамга шаҳар номи қўйилиб кетган бўлса, эҳтимол. Умуман, халқ эпосида жой номларининг изоҳланиши ҳам “халқона этимология” тарзида, яъни оддий одамлар тусмоллагани каби бўлади. Қолаверса, “Манас” эпосининг бошқа вариантларида Ўшпур деган персонаж пир эмас, балки Манаснинг отаси Жақипбойнинг бир чўпон-қароли бўлади:
Ушуну ойлонуп Ошпуру Барды Жакып байына: – Өзүңөрдө кой багып, Жүргөн мен бир жакырман… |
Ўшпир дер: – Қўйинг боқиб Юрган битта фақирман. Ўғлингни тиёлмасам, Нима қилай, ахир мен? |
Ўқувчиларда, албатта, унда “Ўшпир”, “Ўш пирим” деган сўз ва унга алоқадор тушунча, Ўш пиримга сиғиниш, эътиқод қўйиш қаердан пайдо бўлган экан, деган савол туғилиши мумкин. Бизнингча, бу атама Ўш шаҳри пайдо бўлишидан ҳам аввалроқ юзага келган кўринади. Гап шундаки, Ўш шаҳри номига асос бўлган дарё худоси Оахшо Марказий Осиё халқлари тасаввурида маъбуда эмас, маъбуд деб тасаввур қилинган. Яъни у эр киши сифатида талқин этилган. Ҳатто русча илмий манбаларда ҳам Оахшо ҳақида гап кетганида “речной бог Оахшо” деб кўрсатилган, “богиня” эмас.
Динлар тарихидан маълумки, кўпхудоликдан яккахудоликка ўта бориш жараёнида айрим уруғ ва қабилаларнинг худолари бошқа йирик қабилаларнинг худолари олдида аввалги салобатини йўқотади ва авлиё, пир даражасига тушади. Бироқ асосий худога эътиқод қилиш асносида янги динни қабул қилган оми одамлар аввалги “маъбуд”дан батамом воз кечишмайди, ундан ҳам мадад тилаб туришади.
Яқин-яқинларгача одамларнинг бирон ишга чоғланганида “Ё пирим!..” деб тавало қилиши ёинки бирон уйга кириб фотиҳа ўқиганда “Ер эгалари, сув эгалари” ҳаққига ҳам дуо қилишлари ёдимизда. Ҳолбуки, мадад бошқа бировдан эмас, Оллоҳдан тиланиши лозимлиги, ернинг ҳам, сувнинг ҳам бирдан-бир эгаси бирубор Парвардигор экани ўша ҳожатталаб одамларнинг ўзларига ҳам аён. Аммо энг қадимда одамлар ҳар бир нарсанинг ўз худоси бўлади, деб тасаввур қилишган. Ер эгаси (ёки эгалари) ва сув эгалари ҳам ана шундай тахайюл оламининг мевалари бўлиб, бу маъбудлар шакллантирилган пайтда ҳатто шомонийлик ҳам, ундан кейинроқ даврлар маҳсули бўлган оташпарастлик ҳам дунёга келмаган эди.
Ўахшо à Ўахш (Вахш) тангрисига Ўш водийсида ҳам қадимда қаттиқ эътиқод қилинган, тошқинлар вақтида унга қурбонликлар чалинган. Қурбон энг бурунги замонда бирон ҳайвон эмас, одамнинг ўзи ёки унинг бирон кишиси (фарзанди, хотини, қули ё чўриси) бўлган. Кейинчалик бу қурбонлик бошқа бир жон эгаси (жонивор) билан алмаштирилган.
Қирғизистонга ислом дини кириб келиб ўрнашганидан сўнг Ўахшо (Ўхш à Ўш) деган тангри кишиларга у ёки бу ишларида мадад берувчи маҳаллий маъбуд, янада кейинроқ эса пир мақомида кўриладиган бўлган. Ҳозир эса исломият таъсири ва чинакам диний қадриятлар кўпдан бери мустақим бўлган Ўш шаҳри аҳолиси орасида эмас, балки ўша қадимги инончлар ҳамон сақланиб келаётган четроқ туманларда ҳали-ҳамон Ўш пиримга эътимод қўйган соддадил одамлар мавжуд. Маълумки, содда, авом одамлар аксар ҳолда йўқсил кун кўради, эҳтиёжлари, ушалмаган армонлари кўп бўлади, ниятлари, орзулари амалга оша бермагач, чўкаётган одам чўпга бўлса ҳам илашгандай, турли инс-жинслар, у ёки бу касб-ҳунар соҳибларини “қўллайдиган”, “ҳомийлик қилиб турадиган” пирлар ўйлаб топилади ва улардан ҳам имдод кутилади, унинг илиқ муносабатига эришиш учун ҳадя-туҳфалар аталади. Тошқин дарёлар маъбуди деб ҳисобланган Оахшонинг “Ўш пирим”га айланиш тарзи, бизнингча, ана шундай.
Аммо ўтмишдаги ҳар бир нарсанинг изи, рудименти қолганидай, “Ўш пирим”га қадимда – “Оахшо худо” замонларида конкрет одамлар қурбонлиқ қилинган бўлса, кейинчалик бошқа жонлиқлар: ёввойи ва уй ҳайвонлари аталгани ва чалинганини айтиб ўтган эдик. Яна ҳам кейинроқ эса араблар орқали бизга қурбонлиқнинг антиқа бир шакли – тананинг бирон қисмини қурбон қилиш кириб келди. Ёш болалар танасининг бир қисми деб ҳисобланган сочини бахшида этиш – “кокил кесиш” маросими аслида Оахшога қурбонликнинг бир кўриниши бўлиб, ўтган асрнинг етмишинчи йилларига қадар “Ўш пирим”да – Сулаймон тоғи этагида истиқомат қиладиган “шайх”ларнинг аксари ана шу маросимни адо этадиган шомон вазифасини ҳам уддалар эди.
Албатта, Ўш шаҳри, унинг тарихи масалаларига тўхталганда “Манас” эпосида тилга олинган Ўшпир масаласини четлаб ўтиб бўлмайди. Достон мотивлари асосида Қирғизистон халқ ёзувчиси Кенгеш Жусупов болалар учун тайёрлаган вариантда Ўшпир деган оқсоқол ёш Манасга пирлик қилади, жумладан, унга Шарқ яккакураши усулларни эгаллашда устозлик қилади. Юқоридаги мисраларда эса Ўшпирнинг ботир бўлгани ҳам айтилган.
Ҳолбуки, “Шарқ яккакураши” деган тушунчанинг ўзи Марказий Осиё халқлари орасида ХХ асрнинг сўнгги чорагида – япон, корейс ва хитой кинолари таъсирида пайдо бўлди. Юртимиздаги пирлар эса қадимда ўз муридларига кимнидир маҳв этиш, қарши жанг қилиш ва енгишни эмас, ҳар бир киши ўз нафсига қарши жиҳод қилиб, уни жиловлаши лозимлиги ҳақида таълим берганлар.
Аммо достон матнидан биз аввалги саҳифада келтирган иккинчи парчада бошқа бир ҳақиқатга эътибор қаратиш керак: ўтмишда Оқбура отлиқни ҳам оқизиб кетгудай серсув ва тошқин дарё бўлган! Бу дарё шаршарадан бошланади, бинобарин, Ўш аҳолиси шаршара сувини ичади, дейиш мумкин. Чунки Ўш юқорисидаги Танги қисиғи орасидаги қисиқдан сув пастга – Ўш водийсига отилиб тушиб келади.
Ўш шаҳрининг ўртасидаги тоғ эса Сулаймон тоғи деб аталади. Гарчи ўртача бир шаҳар ичида бўлса-да, у ўз чўққиларига, қояларига эга ҳақиқий тоғ бўлиб, Помир тоғларининг бир қисми эмас. Гарчи айрим мутахассислар уни Помир тизмасига мансуб деб ҳисоблашса-да, атоқли геолог, академик Ҳабиб Абдуллаев уни алоҳида, Помир тизмаларидан анча аввал пайдо бўлган “кекса” тоғлардан бири, деб таърифлаган. Бошқа мутахассислар эса Тахти Сулаймонни Чилмайрам, Мамоқ, Ҳожибек, Чилустун, Тошота каби унча баланд бўлмаган ва бир-бирларига қараб чўзилган тоғлар билан бир вақтда пайдо бўлган, уларнинг узвий бир қисми, деб ҳисоблашади ва бунда ҳақиқат бордай. Тоғ шаҳар кўчалари сатҳидан 100-150 метрни баландда. Узунлиги шарқдан ғарбга томон 1, 5 км, эни эса (жануб-шимол) 120 метр келади. Сулаймон тоғининг энг юксак нуқтаси денгиз сатҳидан 1106 метр баландда.
Бу тоғ ҳақида Интернет маълумотларининг айримларида илмий жиҳатдан хато фикрлар ҳам бор. Жумладан, уларнинг бирида “16-асрга қадар бу тоғ Барокўҳ (гўзал тоғ) деб аталган, Бобур уни шу ном билан таърифлаган, унинг чўққисига бир ҳужра қурдирган ва бу жойда вақт ўтказишни жуда яхши кўрар эди”, дейилади. Тўғри, кўҳ – тоғдир, аммо “баро” – “гўзал” дегани эмас. Бунақа сўз йўқ. Иккинчидан, Бобур Ўш қўрғонининг шарқи-жанубий томонида бир чиройли тоғ бор, номи Барокўҳ, деган холос, “гўзал тоғ” деган сўзни тилга олмаган, чиройли тоғ деган сўзни эса тоғ номи сифатида келтирмаган. Қолаверса, унинг Ўш тоғидан “атрофни томоша қилиб мароқланишга” вақти асло бўлган эмас.
Айни материалда “Мусулмон пайғамбари Сулаймон-шайх шу тоғ этагига кўмилган, шу сабабли бу шаҳар машҳур зиёратгоҳга айланган”, тарзидаги алмойи-алжойи “кашфиёт”лар бисёр.
ХХ асрнинг ўрталарига қадар Ўш шаҳри асосан, ушбу тоғнинг шимолий тарафида жойлашган, кейинчалик аҳолининг кўпайиши натижасида тоғнинг жануби-шарқий ҳамда жанубий, пировардида ғарбий тарафлари ҳам турар жойлар, янги кўча ва бинолар билан қуршалиб, ҳозир ушбу тоғ тамомила шаҳар ичкарисида қолиб кетди.
X асрда Ўш шаҳар сифатида қалъа деворлари билан ўралган, Дарвозаи кўҳ, Дарвозаи об ва Дарвозаи муғкада (Ёқут Ҳамавийнинг айтишига кўра эса – тўртта) дарвозаси бўлган, аммо бу дарвозалар шаҳарнинг ҳозирги қайси нуқтасида бўлгани номаълум. Барча тарихчилар шаҳарнинг сувга мўл, ери ниҳоятда унумли эканини ёзиб қолдиришган. Дарвозалар сонининг турлича кўрсатилишига сабаб, бу маълумотларнинг турли асрларга тааллуқли экани билан боғлиқ – шаҳар кенгайиб, аҳоли сонининг ортиши ва шунга алоқадор равишда бошқа шаҳру кентлар билан алоқа суръати ошгани сари шаҳарга кириш-чиқиш кўпая бориб, бу эҳтиёжни қондириш учун дарвозалар ҳам кўпайган ва пировардида шаҳар девори ва дарвозалар бундай алоқалар йўлида тўсиққа айлана бориб, уларга эҳтиёж қолмагач, аста-секин бузилиб-йўқолиб кетган.
Ўш ўз вақтида хийлагина обод ва гавжум эди. Тарихчи олимлар бунга далил сифатида айрим жойларда топилган, сополдан тайёрланиб, ер остига кўмилган сув қувурларини мисолга келтиришади ва улар муайян даврларда ҳозирги водопровод вазифасини ўтаганини айтишади. Эҳтимол, бу гапларда жон бордир. Қадимда Ўш шаҳри ҳам бошқа Мовароуннаҳр шаҳарлари каби, ички қалъа, шаҳристон ва работлардан иборат бўлган.
Туркистон Чор Россияси томонидан истило этилгач, XIX асрнинг охирларидан ҳавоси ниҳоятда шифобахш, ери унумдор, сувлари мўл бу шаҳарга руслар ва бошқа Европалик аҳоли кўплаб кўчириб келтирилиб, шаҳарнинг шарқи-жанубига ўрнаштирилган. Шу сабабли, XX ўрталарига қадар Ўш иккига – “эскишаҳар” ва “янгишаҳар” (“город”) қисмларга бўлиниб қолган эди. “Эски” ва “янги” шаҳар чегараси ҳозирги Ўш Давлат университети жойлашган ҳудуддан ўтган. ХХ асрнинг етмишинчи йилларидан бошлабгина бу тафовут йўққа чиқди.
Оқбура дарёсининг ўнг (шарқий) қирғоғида жойлашган ва ҳозирда Ўшнинг каттароқ ҳудудини эгаллаган қисми – дарёнинг “ул юзи”да ҳам қадимдан одамлар яшашади.
“АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ”
САЙТИНИНГ МУҲТАРАМ МУХЛИСЛАРИГА
Азиз дўстлар!
Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг 2019 йилда чоп этилган “Она юртим – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.
Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”, деган эди.
Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.