САРИҚ СОМОНДАН САНЪАТ ЯРАТГАН (видео)

Биз кўрамиз, санъаткор эса кўрганини кўрсата олади ҳам. Санъат бадиий акс эттириш экан, ижод жараёнида “кўриш”нинг ўрни беқиёс.


Ҳамма билган сомондан ноёб асарлар яратиб келаётган Одилжон Восилов ўз асарларида миллий тарихимиз, шаҳримизнинг бетакрор обидалари ҳамда гўзал табиатимиз манзараларини гавдалантиради.
– Жўнгина сомондан ноёб асарлар ижод қилишингиз таҳсинга сазовор. Сомон санъати, унинг тарихи ҳақида айтиб берсангиз?
 – Тасвирий санъатга қизиқишим бироз ўтмишга боғлиқ. Самарқандда ўқиб юрган кезларимда, кўчалардаги совға сотадиган дўконларда тасвирий асарларга кўзим тушарди. Айниқса, Регистоннинг қора фондаги тасвирлари эътиборимни тортарди. Одамларнинг диққатини тортган жиҳат ҳам айнан қора фон орқали тасвирнинг ёрқин кўриниши бўлса керак. Масалан, қора фонда тасвирланган қуёш, тўғридан-тўғри қарашни имконсиз қилади, лекин ўша қуёшни акс эттирувчи мажмуалар ва эски обидалар бир-бирига уйғунлашиб, ҳайратли манзара яратади. Тасвирий санъат билан аввал шуғулланмаганман, лекин йиллар ўтгач, менга қизиқарли кўрина бошлади. Тасвир одамлар юрагига етиб борадиган мазмунга эга бўлиши керак экан. Масалан, ёруғликдан сояни олиб ташласангиз, нимани кўрасиз? Ҳеч нарса, чунки ёруғликнинг ўзи кўзга кўринмайди, уни соя орқали англаймиз. Шу йўл билан мен тасвирий санъатга қизиқиб қолдим. Буни бировга кўрсатаман ёки сотаман, деб эмас, балки қизиқиш туфайли қилдим. Бу иш билан фақат ўзимга маъқул бўлгани учун шуғулланаман. Ҳозир ҳам тасвирий санъат бўйича катта устаман деб айта олмайман, лекин уйимга келган меҳмонлар асарларимни кўриб, илиқ фикрлар билдиришади.
Бу жараён жуда қийин, аммо завқли. Масалан, эрта баҳорда буғдой экилса, ҳосил олишдан олдин анча кўп қийин жараёнларни босиб ўтиш керак бўлади. Ўриб олиш, қайнатиш, дазмоллаш каби жараёнлардан сўнг, сомон тасвирий санъат хомашёсига айланади.
Асарни ясашда қора фонга катта аҳамият бераман, чунки унинг остида ёруғликнинг аксини ёритувчи элементлар ҳамиша бор. Соя, нурлар ўйнаши асарга қандайдир руҳ беради, бу эса кўзга кўринадиган ҳолат. Сомоннинг вақт ўтиши билан сарғайиши инсонга вақтнинг ўтиши (қариш)ни англаш туйғусини беради. Сомон билан ишлашимда айнан шу туйғу ва жараёнлар мени жалб қилди.
Ўтган вақт давомида дўстларим, танишларим ва синфдошларимга юбилейларда тасвирий асарлар совға қилдим. Айрим асарларимни сотишга ҳам имконият пайдо бўлди, аммо барибир бу ишга тижорий мақсадда эмас, балки кўпроқ қизиқишим туфайли киришганман. Савдо ҳам шунчаки бўлиб туради, буюртмалар келиши мумкин, аммо бу мен учун асосий иш эмас.
Сомон санъати учун асосан Фарғона водийсида етиштирилган ғалла сомони қўлланилади. У ишлаш жараёнида эгилувчан. Иссиқ ҳудудлардаги сомон эса қуруқ ва қаттиқ, тасвир яратишга қулай эмас.
Дастлаб, ёз бошларида буғдой арпа сомони бир ҳафтагача қуруқ ва соя жойда сақланади. Тобига келган хомашё 15 дақиқадан 30 дақиқагача сувда ивитилади, сўнг қайчи билан учи кесилади. Шаклларни ниҳоятда эътибор билан, аниқ ўлчамларда кесиб олиш муҳим. Кесилган сомон ички томонидан дазмолланади. Бу жараёнда сомонннинг табиий рангини сақлаб қолишга эътибор бериш керак. Сомон санъатида қаламчалардан мусаввир тасаввуридаги асари яратиш муҳим жараён ҳисобланади. Санъат асари ҳажмига қараб, бу босқич бир кундан бир ойгача вақт талаб этади.
Санъат намунаси учун қоғозга икки нусхада эскиз чизилади ва алоҳида деталларга ажратиб, андоза қирқиб олинади. Дазмолланган сомон қаламчалари композицияга мослаб кесилади ва чизилган андозага тартиб билан ёпиштириб чиқилади.
Сомоннинг табиий рангини сақлаган ҳолда ёки унга бўёқ бериб тасвир яратиш мумкин. Уни пиёз, анор пўстлоқларидан (сувда қайнатиш орқали) олинган бўёқда 20 дақиқагача қайнатиб, ранг берилади. Сомон қаламчаси устидан бўяш мутлақо нотўғри. Бу унинг сифатига таъсир этади ва ранглар сомоннинг устки қисмидан тезда кўчиб тушади. Тасвир янада таъсирли чиқиши учун унинг юза қисми олов ёки махсус мослама ёрдамида куйдирилади. Ушбу жараёнда, табиий сомоннинг ранги ўзгариб, композицияда нур ва соялар ҳосил бўлади. Натижада бетакрор санъат асари, уч ўлчамли тасвир яратилади.
– Ҳамманинг ўз ҳақиқати бўлади. Ҳаёт йўлингизда сиз англаган энг олий ҳақиқат нима?
– Олий ҳақиқат деган саволга ҳар бир одам турлича жавоб беради. Ҳар кимнинг ўзига хос тақдири, қийинчиликлари ва босиб ўтган йўли бор. Ҳар бир инсоннинг ўз муаммолари бор. Ҳаётда юксак чўққиларга чиқиш бор, пастга қулаб тушиш ҳам бор. Инсон ўз ўрнини топгунча қийналади, турли йўлларга киради ва тирикчилик билан боғлиқ курашни олиб боради. Оила бор, бола-чақа, ота-она деган тушунчалар бор.
Мен билган ҳақиқат шуки, инсон қалбан севган ишини албатта амалга ошириши керак. Агар мен ҳам ўз вақтида шу йўлни танлаганимда, балки муваффақиятли ва етук инсон бўлардим. Масалан, кимдир айтадики, мен у билан турмуш қурганида бахтли бўлардим, деб. Биз қаерда туғилишни танлай олмаймиз. Миллатимизни ёки ота-онамизни танлашга имкониятимиз йўқ. Бу – Яратганнинг бизга берган насибаси ва марҳаматидир.
Шунинг учун инсоннинг босиб ўтган йўлида қандайдир пушаймонлик бўлиши мумкин, чунки «армон» деган нарса бор. Бирор ишни қилиб, армон қолдириш керак, қилмасдан туриб эмас. Масалан, «мен ана унга уйлангнимда зўр оила қурган бўлардим», деб ўйлаб армон қилишнинг фойдаси йўқ. Сен бировга севги изҳор қилганмисан, амалий иш қилганмисан, бирор ишни қўлинг ва ақлинг билан қилиб кўрганмисан? Агар қилиб кўрган бўлсанг ва у амалга ошмаган бўлса, ўшанда армон қилиш мумкин. Ёши ўтгач, кўп одам пушаймонлик ва армон билан пешанасига уради. Лекин қуруқ пушаймонлик ўзига зиён қилади, ҳеч қандай натижа бермайди. Агар ишни қилиб амалга ошмаган бўлсанг, бу бошқа гап. Бу жиноят эмас, лекин шижоат билан ҳаракат қилганингизни кўрсатади.
Мен иқтисод соҳасида олий маълумот олганман, лекин кейин бутунлай бошқа соҳада ишлаб кетдим. Энди кеч, аммо афсус қилмадим, балки шижоат топдим. Мана, менинг фикрим шу.
– Ўзингиз улғайган оила ҳақида гапириб беринг.
– Мен «фалончилар оиласиданман», «фалончининг боласиман», деб кўпчилик қаршисига чиқишни ёқтирмайман. Масалан, «отам шу мактабда ишлаган», «отам шу ерда етакчи бўлган», деб айта олмайман. Агар одамлар ўзлари таниб, «э, сиз шу ерда туғилганмисиз, сиз фалончининг ўғлимисиз?», деса, албатта, бошқа гап. Менинг отам моҳир педагог Комилжон домла Восилов бўлади. Онам эса оддий уй бекаси, тикувчи бўлган. Отам “Ленин йўли” газетасида ишлаган, ундан аввал Горкий номли мактабда директор бўлган. У педагогика ва журналистика соҳасида фаолият юритган, ҳозир ҳам кўпчилик уни яхши сўзлар билан эслайди. Отам Тешиктошда туғилган, кейин Черёмушкага кўчиб ўтишган. Отам билан ижод ва ҳаёт ҳақида кўп гаплашганмиз. Отам фикрларимни тушунарди, суҳбатдошим эди…
– Бугунги кунда ижодингизда қандай янгиликлар бор?
– Менда ижодий лойиҳалар ва буюк санъат асарларим йўқ, лекин қилган ишларим орасида Сулаймон тоғига оид эски экспозицияларни тиклаш муҳим ўрин тутади. У экспозициялар ҳозир йўқ, бузиб ташланган. Масалан, тоғ орқасида олдин Тельмон кўчаси (ҳозир Алишер Навоий)да Марғилон дарвозаси бор эди. Шу жойларни реконструкция қилганман. Айтишларича, у ерда Чор Россияси дварида пост бўлган, солдатлар турарди, лекин инқилобдан аввал уни бузиб ташлашган экан. Мен ўз асарим орқали Марғилон дарвозасини тикладим. “Оқ уй”нинг уйини ҳам қайта тиклашга ҳаракат қилдим. Бундан ташқари шаҳримиз тарихига оид миллий ўзлигимизни англатувчи кўплаган асарлар устида ишламоқдаман.
Менинг фақат тасвирий санъатда эмас, балки туризм соҳасида ҳам ишлайман. Туризм ва саёҳатга қизиқаман, туристлар келганида улар билан бирга юриб, кузатувчи ёки инглиз тилидан таржимон сифатида қатнашаман. Тоғларнинг фалсафаси мен учун жуда таъсирли. Тоғлар, баланд чўққилар инсонга катта ибрат беради. Албатта, инсон ўз орзулари ва мақсадларини тоғлардан ҳам юқори қўйиши мумкин, лекин табиат бундай тўсиқларни тан олмайди. Чегаралар сунъий яратилган, лекин тоғлар сизга бемалол ўтиш имкониятини беради. Бир неча йиллардан буён шу соҳадаман, тоғлардан илҳом оламан ва улар менда чуқур таассурот қолдиради. Туризмнинг мавсумий бўлиши ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Кейинги мавсумда яна кўп нарса ўрганиш ниятим бор, худо хоҳласа.
– Мухлисларингиз ва “Алишер Навоий институти” сайти ўқувчиларига тилакларингиз.
– Юқорида айтилган саволларга жавоб берар эканман, тилакларим ҳақида ҳам мулоҳаза қилдим. Мен энг яхши тилакларнинг тарафдориман. Масалан, энг яхши тилаклар инсоннинг юракдан келган туйғуларидир. Лекин вақт тез ўтади, айниқса болаларимизнинг ёшлигидан ўқишига эътибор бериш керак. Болаларни шундай йўналтиришимиз керакки, улар ўзлари севган, ўзларини англаган ва ўз йўлларини топган жабҳаларда ҳаракат қилишсин.
Менинг тилагим шундан иборат: ҳар бир оила болаларини истеъдоди ва қизиқишлари йўналишида тарбияласин. Ёш авлод яхши таълим олсин. Ҳар бир боладаги имкониятни англаб, ривожлантириш лозим. Ҳар бир инсон ўз касби ва истеъдодига йўл топгач, бойлик ва давлатга эришиши мумкин, лекин ҳаётнинг маъноси фақат бойлик йиғишда эмас, аввало ҳаётда ўз ўрнини топишдадир.
Ижод, адабиёт ёки тил билиш каби соҳалар инсоннинг ҳаётига маъно беради. Менинг энг катта тилагим – ҳар бир киши ўз ўқиш жойини, касбини тўғри танлаб, ҳаётда ўз ўрнини топиб, ўзини онгли ва бахтли инсон сифатида намоён қила олсин.
Одилжон Дадажонов