САНЪАТ – САОДАТИМДИР!

Алишер Навоий институти” сайтининг азиз мухлислари!

 Биласиз, юртимиз ўзбек маданиятининг бешикларидан саналади. Бу ер жуда кўп улуғ санъаткорларнинг ватани бўлган, улар шу қутлуғ заминдан катта санъат йўлига тушишган. Шу боис ҳам, деярли ҳар ҳафта адабиёт ва санъат намояндалари ҳақида сизларга ҳикоя қиляпмиз.

Бугундан бошлаб буюк шоир номи билан аталган “Алишер Навоий институти” сайтида “Санъат – саодатимдир” деган рукн очдик. Эндиликда бот-бот сизларни гўзаллик олами намояндалари ижоди билан таништириб борамиз. Аёл киши очган эшикдан қут-барака киради, деган нақлга амал қилиб, янги рукннинг биринчи саҳифасини дилдор бир аёл санъаткор ҳақида яна бир дилбар шоирамиз ёзган дил сўзлари билан очишга қарор қилдик.

Марҳамат, азиз дўстлар, мароқли мутолаа доимо ҳамроҳингиз бўлсин!

ТОЗА ДИЛДАН ЧИҚҚАН ТОЗА НАВОЛАР

Дунёни гўзаллик қутқаради деб айтишади. Бу иборага салгина қўшимча қилсам, дейман. Дунёни гўзал қалбли инсонлар қутқаради, аслида.

Мен Дилфуза опани таниганимга ўн йилдан ошди. Шу йиллар мобайнида кимнидир айбини, камчилигини айтганини бирон марта ҳам эшитмадим. Кўнгли меҳрга тўлган бу аёлнинг юзидан нур таралади.

Аёл бир қўлида оила, яна бир қўлида санъатни ушлабдими, демак у том маънода кучлидир. Репертуари йилдан йилга кенгайиб бораётганига қўшиқларини эшитгач ўзингиз ҳам амин бўласиз. Дилфуза опа турли тилларда қўшиқ куйлаб, кўплаб дилларга йўл топа олган хонанда. Ота-онасига мехрибон фарзанд, оилада турмуш ўртоқ, жонкуяр она, “генерал қайнона” ва набираларини севувчи бувижониси бўла олиш осон эмас, албатта.

Шу кунларда опа билан учрашиб, хийла суҳбатлашдик. Суҳбатимиз мобайнида Дилфуза Каримовага қатъийлик отасидан, нозиктаъблилик ва сабр-қаноат эса онасидан ўтганини билдим.

Опа нафақат зиёлилар оиласида туғилиб ўсди, балки, балки зиёлилар сулоласининг навбатдаги бир вакили деб атасак ҳам янглишмасак керак, уни. Аслида, бундай хонадонда таваллуд топган аёл худди шундай бўлиши керак ҳам.

Юраги яхшиликга, эзгуликга тўла хонанданинг болалиги Ўзган ва Ўшда ўтган. Онаси Ўш кизи. Дадаси – Ўзганлик.

Ўрта мактабни битиргач, Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтига ўқишга борди. Тошкентда қолиб, фаолиятини шу ерда давом эттиришни таклиф қилган институт маъмуриятига миннатдорчилик билдириб, она юртига қайтиб келди, Ўзганнинг сокин ва фараҳли гўшалари унинг дилини бир умр забт этган эди.

Чунки унинг она шаҳри Ўзган – ўзи санъат бешиги. Бунга бир далил шуки, шу ерда наволанган “Ўзганча” деб аталадиган куй бутун Ўрта Осиё халқларига маълум.

Ўзганга келгач, илк иш фаолиятини мактабдан бошлади. Кейинчалик Ўзган шаҳар маданият уйида директорлик лавозимида давом эттирди.

Бу орада оилали бўлди, фарзандлар туғилди. Уларнинг тарбияси ҳам ёш хонанданинг талай йиллик вақтини бахшида этишни талаб қилди. Бу “танаффус” асносида гўдаклар тарбиясидан орттириб, опа диний илмини ҳам анчагина мустаҳкамлаб олди.

Болалар улғайишгач, опа яна ишга қайтди. Орзулари ва шижоати шунчалик жўшкин эдики, маданият уйи Дилфуза опага торлик қилиб қолди. У яккахон хонанда бўлиб, фаолиятини давом эттирди. Албатта қаршиликлар, тушунмовчиликлар ҳам бўлди. Лекин Дилфуза опа сабр ила ҳаммасини енгиб ўтди. Устози Ўзганбой аканинг ўгитларига амал килди. Ўзганбой акадан мумтоз қўшикларнинг нозик сирларини ўрганди. Ахир Ўзганбой ака Ўзган ҳалқининг севимли ҳофизи, мохир созандаси. У тор чалганида диллар яйрайди. Хатто мусиқани тушунмаган одам ҳам оҳангларга маст бўлиб, селдай оқади. Бу менинг эмас, Дилфуза опамнинг гаплари, устозига берган баҳоси эди.

Мана ҳозир ўзи ҳам эл севган санъаткор Дилфуза Каримовага айланди. Ўзи устоз даражасига етиб, эндиликда ўнлаб шогирдларга таълим бериб келмоқда. Диёрбек, Султонбек, Ҳусанбойлар қобилиятли, нафаслари тоза, овозлари ҳам ширин шогирдлардан. Бир шогирд қизи эса худди ўзидай беш нафар фарзандли бўлиб, оиласи билан экан. Лекин Опа унинг вақти келиб, албатта санъатга қайтишига ишонади.

– Қўшиқ айтишни ҳавас қилиб жуда кўп ёшлар келишади, аммо санъатдаги қийинчиликларга дош беролмай, бошка соҳаларга ўтиб кетганлари ҳам бор, – дейди ачиниб опа.

Дилфуза опанинг яна бир мактанса арзугилик иши – «ОМОНЁР » фольклор ансамблини ташкил қилгани. Ансамбль иштироқчиларини бирма-бир тилга олди, айниқса Новқатлик 73 ёшли Мағфиратхон опа ҳакида фахрланиб гапирди.

Мени устозим нафакат институт мураббийлари-ю, Ўзганбой ака. Йўлимда учраган ҳар бир инсонни ўзимга устоз деб билганман. Яхшилардан яхшилик қилишни ўрганган бўлсам, ёмонлардан – ёмонлик қилмасликни ўргандим, – дейди Дилфуза опа.

Суҳбатимиз жараёнида саволларимга кутганимдан-да теран жавоблар олдим.

– Дилфуза опа, элимизда бир гап бор: гадонинг душмани гадо бўлади-деган. Сизнинг ҳам, албатта, дўстларингиз билан бир қаторда «қадрдон»ларингиз бордир? Ўшалар сизга “хайрихоҳлик” қилишганида сиз қандай йул тутгансиз?

– Биласизми, мана, эллик тўрт ёшдаман. Шунча йил яшаб, бир нарсани яхши англадим. Оллохга ҳавола килишдан яхшиси йўқ экан. Яхшиликка яхшилик қилиш ҳамманинг қўлидан келади. Лекин сизга кимдир ёмонлик килаётганини била туриб, унга яхшилик килсангиз, унинг ажри жуда улуғ. Қуръонга ва ҳадисларга таяниб умр кечирсангиз, яшаш осон.

Демокчиманки, ўша «дўст» ларимга инсоф сўраб, дуо киламан.

– Опа, ҳаётимиз синовларга бой. Биз барибир, минг истамайлик, ўзимиз хоҳлагандай яшай олмаймиз. Пешонамизга битилган кунларини кўрамиз. Шунга мажбурмиз. Амо сизнинг хаёлингизга ҳеч келганми, яшаб ўтган кайсидир кунингизни умуман унутиш. Хотирангиздан буткул ўчиб кетишини?

– Йўқ… Ўзингиз айтдингиз мана, пешонамизга ёзилганини кўрамиз, деб. Модомики шундай экан, ҳеч қайси кунимни унутишни ва хотирамдан ўчиб кетишини хоҳламайман. Хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон. Чунки, бу кунларни Оллоҳ берди менга… Мени тоблади. Кучли қилди. Ҳар кунимга шукур айтаман.

– Унда, бошқа бир савол. Опажон, мана, қўлимда сизнинг 18 ёшдаги расмингиз. Бугун эса Сиз орзулари ушалган, максадларига эришган, ҳаётда ўз ўрнини топган Дилфуза Каримовасиз. Шу кизга нималарни айтмоқчисиз?

-Жавоб беролмайман….йиғлаб юбораман…

Мен эса кўзларига қараб, жавобини топганда, азиз дўстлар?

Ундай бўлса, Дилфуза опамнинг қўшиқларини тингланг. Сиз ҳам унинг нолалари, дил қатига сингиб борувчи оҳангларидан жавоб топишингизга ишонаман.

Мен яна, тиниб-тинчимаган Дилфуза опамнинг орзулари, мақсадлари яна бир дунёлигини билдим. Шунча қуч-қувватни, ғайрат-шижоатни қаердан олади-я, – деб хаёлимдан ўтказдим. Худди ҳайратимни ҳис қилгандай, дилимдаги фикрларимни ўқигандай, менга қараб кулиб,

– Ойдин синглим, менинг фарзандларим – қанотларим, улар менга куч беради. Аввал ёлғиз орзу қилган бўлсам, ҳозир тўрт ўғлим ва бир қизим билан орзу қиламиз, – деди. – Биз ҳаммамиз шу кунларда бир мақсадимизни рўёбга чиқаришни ният қилиб турибмиз, – деди.

-Хўш, қандай ният, опа?

– Бир пайтлар дадам мактаб қурган эди. Мен ҳам дадамнинг қизиман-ку, ахир. Ўғилларим билан маслаҳатлашиб, Ўзган шаҳримизнинг ўғил-қизлари учун бир чиройли илм маскани курмоқчимиз.

Дилфуза опа оқ кўнгил аёл. Ниятлари тоза. Ҳаммага яхшилик улашиб юради.

Сиз ҳам яхшилик қилинг. Лоақал, яхшилик қилишни ният қилинг. Яхшилик яхши-да!

 

 Ойдин Соипова

 

Яндекс.Метрика