“САНЪАТ – САОДАТИМДИР”/ҲАР ҚАНДАЙ КУЙ ДОИРАДАН БОШЛАНАР…

   Бугунги суҳбатдошимиз – Заҳириддин Муҳаммад Бобир номидаги Ўш академик драма театрининг ветерани, Қирғизистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, истеъдодли актёр, моҳир доирачи Шавкат ака Дадажонов бўлди. Отахон бугун 83 ёшда бўлгани билан бардам ва тетик.

– Шавкат ака, узоқ умр кўриш ҳам Оллоҳнинг бир неъмати-да, тўғрими? Бермоқчи бўлган саволим: энг кўп соғинадиган онларингиз қайсилар?

– Энг кўп соғинадиган онларим – отам ва онам билан юрган онларим, театр саҳнасида учиб-қўниб, югуриб-ўйнаб юрган чоғларим, илк роль ижро этган куним. Хуллас, ўша ёшлигимни соғинаман.

Менинг болалигим театрда ўтган, қизим. Дадам Дадажон Қаюмов 1927 йилда театрда иш бошлаган экан. Ҳам актёр, ҳам дўкондор бўлган. Онам Мақсудахон опа эса актриса, кейинчалик костюмёр бўлган.

– Бояги айтган илк ижро этган ролингиз ҳақида ҳам гапириб беринг.

– Ҳаа… илк ролимни 9 ёшимда ижро этганман. Кечагидай эсимда-я, ўша пайтларим. “Адолат” спектакли эди. Одил образида ўйнаганман. Бу спектакль саҳнада бир ярим минг марта намойиш этилган.

Наманган, Фарғона, Андижон шаҳарларида ҳам «Адолат» спектакли билан гастролларга борганмиз. У пайтларда чегаралар йўқ, борди-келдилар осон эди. Бизнинг театримизга ҳам Ўзбекистондан кўп санъаткорлар келарди.

– Кичкина актёр, не сабабга кўра бирдан доира чалишга ўтиб кетди, Шавкат ака?

– Айтдим-ку, у пайтлар Ўзбекистондан кўп санъаткорлар келарди, – деди майин табассум билан устоз санъаткор. Бир куни Тамарахоним, Мукарама опалар билан Маматқул ака (Уста Олим Комиловнинг биринчи шогирди) ҳам бирга гастрол сафарига келганди.

Шунақанги доира чаляпти, ҳавасим келди. – Мен ҳам ўрганаман, – деб аҳд қилдим. Шунда ўн икки ёшда эдим.

Доира чалишга бўлган қизиқишимни кўриб, дадам уч буханка ноннинг пулига доира олиб берди. Сознинг боши – доира, агар билсангиз. Доирани шунақанги чиройли чалардим.

Шунгами, билмадим, Ҳалима Носирова, Тамарахоним, Немаътжон Нематов, Дадахон Ҳасанов ва кўплаб таниқли санъаткорлар бирга олиб юришарди.

1961 йил мусиқа билим юртига ўқишга кирдим, хор дирижёрлиги бўлимига. Сўнгра Армияга кетдим. Нижний Тагилда хизмат қилдим. Хизмат мобайнида ота-онамни соғиниш билан бирга доирамни ҳам жуда соғиндим. Бир куни дадамга, доирамни почта орқали юборишларини сўраб хат ёздим.

Доирам етиб келди. Мен бўлинмамиздагиларга доира чалиб берардим кунда-кун ора. Шу билан соғинч хуморларим босиларди.

Айниқса учта доирани тенг чалганимда ҳамма ҳам ҳавас, ҳам ҳайрат билан томоша қиларди.

Санъаткорга бу илҳом бағишлайди. 1965 йил Москвада бўлган Ғалабанинг 20 йиллигига бағишланган фестивалда қатнашдим. Полковнигимиз жўнатди.

Шунақанги олқишлар олдимки, қўяверасиз. 26000 нафар қатнашчи ичида мен Диплом ва Фахрий ёрлиқ билан тақдирландим.

Ҳарбий бўлимга қайтгач, ракета қисмида ўн тўрт кишилик ансабль ташкил қилинди. Ансабль билан турли ҳарбий бўлинмаларда концерт уюштирдик. Уч йилу бир ой хизмат қилдим. Энди уйга кетаман, деб тайёргарлик кўраётсам, қисм бошлиғи, полковник ҳузурига чақириб, Москвага Октябрь революциясининг 50 йиллигига аталган катта концертда иштирок этишимни ва шундан сўнг Ватанимга кетишимни айтди. Рози бўлдим. Ўнта концертда қатнашдим. Сўнг юртимга, театримга, оиламга қайтдим. Яна ишга шўнғиб кетдим.

– Олган унвонларингиз тарихи ҳақида оз бўлса ҳам айтиб беринг, майлими.

– Унвонларим тарихими? – деб ўйланииб гап бошлади санъаткор. Аввало отамнинг дуоси қизим, – деди. Бу бежиз гап эмас. Мана, эътибор қилинг-а: бир куни уни дадамга:

  • Дада, мени Тожикистонга ишга чақиришяпти. Қирқта қиздан ташкил топган рубобчи қизлар ансабли Ҳиндистонга гастролга борар экан. Кейин унвон ҳам беришаркан, – дедим.
  • Йўқ, болам, сиз шу театрда кераксиз. Унвонни эса шу ерда, юртимизда меҳнат қилсангиз ҳам олаверасиз – деди шунда дадам. Ёш эканман-да. “Бир оддий доирачи бўлсам, менинг унвон олишимга йўл бўлсин”, – дебман.

Йиллар ўтди. Мен меҳнатдан қочмадим. Ҳам доира чалиб, ҳам роль ўйнаб театрда фаолиятимни давом эттиравердим.

1967 йили дадам ўз хоҳиши билан, мана қирқ йил ишлабман, энди пенсияга чиқай, – деб, ишдан бўшаш учун ариза берди. Театр жамоаси ва дадамнинг яқин дўстларини чақириб, дадамга юбилей ўтказдим. Ўша кунларда Ўшга Москвадан “Правда” газетасининг мухбири хизмат сафари билан келган экан.

У одамни ҳам таклиф қилдим. Ва дадамнинг юбилейи “Правда” газетасида чоп этилди. Дадамнинг қувончдан суюнгани ҳамон эсимда… – дея отанинг кўнгли тўлиқиб, кўзлари намланди. – Отам кўзларида ёш билан дуолар қилди мени. Ота-она дуосини олган фарзанд кам бўлмайди, деганлари рост экан, қизим. Мана мен бунга ёрқин далилман.

Дадамнинг дуолари билан, ҳалол меҳнатим орқасидан 1974 йил Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган артист унвонини олдим. 2000 йили эса Қирғизстон Халқ артисти унвонини беришди. Театрда эса 64 йил ишлабман.

– Шавкат ака, тўққиз ёшимдан саҳнага чиқиб роль ўйнаганман, дедингиз-а? Ўша пайтда томошабинлар жуда кўп бўларди, дейишарди менинг бобом билан бувиим. Нега ҳозир театрларимизда томошабин камроқ? Шунга нима дея оласиз?

У пайтларда одамлар фидойи бўлган. Саньаткорларлар ҳам томошабинни яхши кўрган, ҳурмат қилган. Томошабинлар эса санъаткорни эъзозлаган. Театрга спектакль ё концерт кўргани келган ҳар бир мухлис табассум билан кутиб олинарди. Ҳурмати жойига қўярди….гапимни тушунган бўлсангиз керак қизим. Ҳозир фидоийлик, очиқ чеҳра етишмаяпти, менинг назаримда. Оддий мисол, уйингизга меҳмон келса ҳам очиқ чирой билан кутиб олмасангиз, кейинги сафар ўша одам уйингизга келгиси келмайди-ку?

– Ҳозир ҳам доира чалиб турасизми?

– Ҳаж зиёратидан келганимдан буён доира чалмадим, болам. Доирамни қўлимга олсам, Тамарахонимлар, Мукарам опалар, Неъматжонлар кўзимга кўринади. Театр музейига топширдим шундай қилиб доирамни.

Ўз касбига, оиласига вафодор Шавкат ака турмуш ўртоғи Зарифа опадан миннатдор. Ҳожи ая олий маълумотли инженер, садоқатли умр йўлдоши, меҳрибон она ва набираларининг бувижониси.

Санъаткорга рафиқа бўлиш эса осон эмас. Катта сабр керак. Чунки санъаткорнинг кўп вақти кўчада, эл ичида бўлади. Фарзанд тарбияси билан кўпроқ Зарифа опа шуғулланди. Элимизнинг корига ярайдиган тўрт фарзанд тарбиялашди.

Бугун Шавкат ака ва Зарифа опалар фарзандлари ардоғида қарилик гаштини суришмоқда.

 

Ойдин СОИПОВА

Яндекс.Метрика