“САНЪАТ – САОДАТИМДИР”

 ТЎРАХОН МИРЗАЕВ

Мақом – ўзбек мумтоз мусиқаси дурдонаси.

Мақом ва унинг ижрочилиги энг қадимий санъат турларидан. Унга IХ-Х асрларда Марказий Осиё ва Шарқ мамлакатларида ижтимоий-маданий ҳаётга таъсир кўрсата олган жонбахш омил сифатида қаралган.

Ўзбек мақом санъати минг йиллик тарихга эга. Юртимиздаги “Шашмақом“, “Хоразм“, “Фарғона-Тошкент“ мақомлари куйнинг ўзига хос мавқеи ва ижрочилик йўлига кўра ажралиб туради. Унинг ривожланиши ва асрлар оша сайқал топишида давр, замон, ижтимоий воқелик муҳим унсур сифатида ўз таъсирини кўрсатган.

Мусиқашунос олим, таржимон, маърифатпарвар Тўрахон Мирзаев Юнус Ражабийга «Шашмақом»ни тузишда бевосита ёрдам кўрсатган.

ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИ

Тўрахон Мирзаев 1910 йилда Ўш шаҳрининг Шаҳидтепа маҳалласида туғилган. Болалигидан ғоят иқтидорли, ўткир зеҳнли бўлгани маълум. Беш-олти ёшларида мактабга ўқиш учун интилади. Дастлаб маърифатпарвар Мирзо Фозилбекнинг жадид мактабида, сўнг Ўрдадаги “Ватан” номли ўрта мактабда таълим олган. Отаси Мирзажон ота оддий деҳқон бўлган.Ўғлидаги илмга чанқоқликни кўрган отаси унинг илм олишига тўсқинлик қилмаган.

Тўрахоннинг биринчи устози маърифатпарвар инсон, жадидчилик харакатининг Ўшдаги ёрқин намоёндаларидан, 1914-17 йилларда Ўшда илғор фикрли ёшларга етакчилик қилган Мирза Фозил Қосимбеков эди. У Андижон кўчасидаги уйида рус-тузем мактаби очиб, унда муаллим бўлиб ишлаган. Тўрахон шу мактабда таълим олган.

1924-йилда „развёрстка“ деган сўз пайдо бўлди. Бу „развёрстка“га кўра, ҳар бир вилоят фалонча миқдор болани йирик шаҳарларга ўқишга юборган. Ана шу „развёрстка“ сабаб, Тўрахон Тошкентга ўқишга юборилди. 1927-йилга қадар Бешёғочдаги „Наримонов“ (Намуна) ўзбек билим юртида ўқиди. Мазкур ўқув юртини тугатгач, Хамза номидаги мусиқа билим юртида таҳсил олади. Бу орада яна бир қанча жойларда ҳам ишлаб, ҳам таълим олди.

Тўрахон Мирзаев узоқ йиллар давомида Муҳиддин Қориёқубов номидаги Ўзбекистон давлат консерваториясида фаолият кўрсатди, ўзбек мумтоз мусиқа санъати равнақ топишига салмоқли ҳисса қўшиб келди.

Ўзбек мақом санъатининг тараққий этишида академик Юнус Ражабийнинг ҳиссаси жуда катта. Хусусан, у кишининг интилишлари туфайли 1959 йили илк бор ўзбек тилида “Ўзбек халқ мусиқаси” номли олти жилдлик Шашмақом антологияси тузилди. Уни тузишда Тўрахон Мирзаев Юнус Ражабийга беминнат ёрдам кўрсатган ва доимий ёнида юриб, уларнинг хонадонида бирга яшаган. Тўрахон Мирзаев бир тинглаган мусиқий асарини, ҳажми катта ё кичик бўлишидан қатъи назар, хотирасига ёзиб олиш ва ёддан чолғуда ёки овозида бехато такрорлаб бериш салоҳиятига эга бўлган, бу ҳол мусиқа тарихида сийрак учрайди. Бу ўринда устоз Ражабий Тўрахондаги истеъдодини юксак баҳолаб, ўзига шогирд қилиб олганлиги бежиз эмас. Шундай фазилати боис унинг мусиқий фаолияти жадал ва самарали кечди.

Мақомларимиз – илоҳиятга дахлдор юксак санъат. Чунки уларда асл ишқ тараннум этилган. Шу боис, бу кўҳна ва ўлмас тароналар ҳар қандай давр ўзгаришлари ва эврилишларидан омон чиқди.

Халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъати қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди. Ўзбек мумтоз мусиқа санъатининг ривожлантириш ва равнақ топишига Тўрахон Мирзаевнинг салмоқли ҳиссаси бор.

Ўзбек Совет энциклопедиясининг мусиқий бўлимини тайёрлаш ва тузишда иштирок этган Тўрахон Мирзаев Ўзбекистон халқ ҳофизлари Муллатўйчи Тошмуҳаммедов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқовлар билан яқин алоқада бўлган.

Шу билан бирга, бу ижодкор шахс дунё адабиётининг бир қанча асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Жумладан, рус ёзувчиси Дмитрий Фурмановнинг «Исён“ романини ўзбек тилига ўгирган. Чет эл адиблари асарлари таржимасига ҳам қўл урган.

Ёрқин истеъдод ва тафаккур эгаси бўлган мусиқашунос ҳамшаҳримиз ўз фаолияти мобайнида кўплаб ёшларга устозлик қилди, умрининг охирига қадар Ўзбекистон ижтимоий-маънавий ҳаётида фаол иштирок этди.

Маърифатпарвар, таржимон, мусиқашунос олим Тўрахон Мирзаев 1981 йилда Тошкентда вафот этган. Қабри Тошкентдаги «Камолон» қабристонида.

Алишер Навоий институ учун

Одилжон Дадажонов

Яндекс.Метрика