ЎРМОННИ ҚИЙРАТГАН БОЛТАНИНГ СОПИ

Қирғизистондаги ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларининг тақдирига доир мулоҳазалар.

Бир ўрмонга зўр офат келибди. Болта деган раҳмсиз бир жаллод чиқиб, дарахтларни қийрата бошлабди. Унинг дастидан ҳеч омонлик йўқ экан. Бу аҳволда ўрмоннинг ҳадемай хароб бўлиши аниқ бўлиб қолибди. Унга қарши тура оладиган бирон валломат топилмабди. Нима қилишни билмай, дарахтлар ўрмон подшоҳи – кекса эман қошига йиғилишибди. Чора топайлик, дейишибди. Эман чуқур ўйга чўмибди. Сўнг уларга сўз қотибди:

  • Ўша болта деган қуролни кўрдингларми, унинг сопи нимадан экан?
  • Кўрдик, сопи ёғочдан экан! – дейишибди ҳаммаси чуввос солиб.
  • Э, унда бизга омонлик йўқ, бўлмайди ҳам, нимагаки, сопи ўзимиздан экан, – дебди эман қайғуга ботиб.

Баъзи миллатдошларимизнинг хатти-ҳаракати-ю, айтаётган гапларини, бўлаётган ишларга муносабатини кўриб, кишининг ёдига бояги қари эманнинг гапи тушади. Кимларгадир яхши кўриниш учун, ё бўлмаса тўрт пуллик манфаатни деб миллатнинг келажагига доир муҳим масалаларда ўз эли манфаатига қарши бориш, ўзгаларнинг кўнглига хуш ёқадиган гапларни айтиш, этник ҳалокатга элтадиган ишларга йўл очиб бериш уларга чўт эмас.

Шу кунларда Жалолободдаги мактаблардан бирининг синф хонасида туриб ғалати ва қўрқинчли бир таклиф айтилди. Афсуски, бу таклиф фақат қорин оворасида юрган оми одамдан эмас, ўзини ўзбек миллатига мансуб деб тақдим этадиган, бир маҳаллар катта давлат лавозимларини эгаллаган, ҳатто Қирғизистон парламентига депутат бўлиб сайланиб, икки йил фаолият кўрсатган, Ўзган шаҳрига тўрт йил раҳбарлик қилган Собир Содиқжонович Отажонов деган бир одамдан чиқибди.

Отажонов Қирғизистондаги ўзбек мактабларида ўзбек тили ва адабиётидан бошқа барча предметларни… давлат, яъни қирғиз тилида ўқитиш таклифини берди. У ўзи фикрини асослаш учун ҳар бир фаннинг ўз терминлари бўлиши ва кўп тилларда бу терминлар бошқача-бошқача айтилиши сабабли, олий ўқув юртларининг ўзбекзабон абитуриентлари айнан ана шу терминлар борасида чалкашиб, имтиҳонлардан ўта олмаётганини пеш қилибди.

Бир қараганда, бу гапларда жон бордай. Ҳатто ғамхўрлик ҳам бордай. Собир Отажонов ўзбек болалари ҳам олий ўқув юртларига кириб ўқиб, малакали мутахассис бўлиб етишишларини истаётган бўлса керак. Олий ўқув юртларига кириш учун тест синовларидан ўзбек тили чиқарилган экан, ягона чора Қирғизистондаги барча ўзбек мактабларини қирғиз мактабларига айлантиришдан иборат бўлиб кўринган бўлса, ажаб эмас у кишига.

Аммо савол туғилади: айнан термин ва атамаларни янглиштираётгани сабабли ўзбек абитуриентларининг олий ўқув юртига кириш даражаси пастми, ёки бунинг бошқа сабаблар ҳам борми? Қолаверса бола мактабда фақат институтга кириш учун ўқийдими, унинг асосий мақсади шу бўлиши керакми? Ўз она тилида таълим ва тарбия олиш муҳимроқ эмасми? Агар бу тушунча тўғри бўлса, унда, ўқишга киролмаган ё ҳужжат топширмаган болалар нима қилишади? Улар мактабда ўқиган ўн бир йиллик умр бесамар ўтган саналадими?

Албатта, ҳар бир инсон ҳар бир масалада ўзи фикрини эркин айтишга ҳали. Лекин бу фикр, майли илмий таҳлил бўлмасин, жилла бўлмаса, ўша соҳа бўйича маълум билим ва тажрибага асосланган бўлиши керак эмасми?

Ажабки, жуда кўп одамлар, худди Собир Отажонов каби, мактаб – болани институтга тайёрлаш жойи, деб биладиган бўлиб қолди. Ўшанда ҳам, репетитор кўмагида. Аммо бу хато тушунча-ку! Бола ҳаётда керак бўладиган асосий илм-билимни институт ва университетларда эмас, балки айнан мактабда олади, шундай бўлиши шарт. Иккинчидан, ҳар бир миллатнинг боласи ўз она тилида таълим олмаса, миллий муҳитда тарбия олмаса, навниҳолдек онги миллий қадриятлар асосида шаклланмаса, барча нарса бой берилади, эллик йилдан сўнг бу жойда ўша миллат йўқолади. Тўғри, уларнинг фарзандлари кун кечира бериши мумкин, аммо бошқа эл бўлиб.

Фақат титул миллат тили (давлат тили) ва рус тили (расмий тил) қолдирилиб, бошқа элларнинг мактаблари бирма-бир қисқарта берилса, бу ҳолга йўл қўяётган, амалда эса айрим амалдорлари зимдан шунга интилаётган ҳеч бир давлат ўзини мунофиқларча “демократия ороли” деб эълон қилишга, инсон ҳуқуқлари ҳақида гапиришга ҳаққи йўқ. Бунинг ўрнига, мамлакат конституциясида “мамлакат халқини ташкил этадиган барча элатларнинг вакилларига она тилини сақлаш, уни ўрганиш ва ривожлантириш учун шарт-шароит яратилишини кафолатлайди”, деб эълон қилинганидан келиб чиқиб, турли миллат, жумладан ўзбек тилидаги мактабларнинг сони ва моддий-техник ҳолатини ҳам мамлакатдаги барча мактабларнинг ўртача даражасидан камайтирмасликни талаб қилишимиз керак эмасми?

Ахир давлат раҳбари, ҳурматли президент Садир Жапаров ҳам ўз нутқларида мамлакатнинг қудрати унинг кўпмиллатлилигида экани, бу ерда яшаган ҳар бир миллатнинг асосий ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши зарурлиги ҳақида айтиб келяптику?! Она тилида таълим-тарбия олиш эса, инсоннинг фундаментал ҳуқуқларидан бири.

Ўзингдан чиққан ўт ёмон, ичингдан чиққан ёв ёмон деганларидай, маълумоти ва иш фаолиятига кўра таълим ва педагогика соҳасидан олис бўлсада, эҳтимол, ўзини барча соҳалардан бохабар “туғма раҳбар” деб ўйлайдиган Собир Отажонов сингари одамлар чуқур мулоҳазага асосланмаган, масъулиятсиз таклифлари билан Қирғизистондаги ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар муаммоларини янада боши берк кўчага тиқиб қўяётгани ўкинчли.

Ахир бунинг ўрнига ўзбек тилли мактабларда ўзбек тили ва адабиёти дарсларига ажратилган соатлар бу мактаблардаги қирғиз тили дарси соатларидан ҳам кам бўлиб, бир четга сурилиб қолаётганини айтиб, бу тўғрида мактаб ўқитувчиларининг мамлакат президентига қилган мурожаатларини қўллаб-қувватлаб гапирса бўлмайдими?

Отажоновнинг таклифи мана шундай “халқ талабини” кутиб турган айрим миллатчи амалдор ва уларнинг маориф соҳасидаги ёрдамчиларининг “бошоғриғини енгиллатиб”, “кўпсонли ота-оналарнинг ўз хоҳишлари билан қилаётган мурожаатларини ҳисобга олиб” деган формулировка билан, битта буйруқ асосида ўзбек тилли мактабларни  умуман ёпиб қўйишларига кенг йўл очиб бермайдими?

Бугун болта сопларсиз ҳам барча ишларни Отажонов айтган фикрни амалга оширишга қараб йўналтиришга интилаётганлар етарлику ахир.

Эҳтимол, бу каби танқидлардан кейин Собир Отажонов “мен ўзбек мактаблари ёпилсин демадим-ку, балки бошқа фанлар давлат тилида ўтилиб, ўзбек тили ва адабиёти она тилида ўтилсин деганман”, деб ўзини бўҳтон остида қолган бечора ва бегуноҳ жабрдийда қилиб кўрсатар. Аммо барча дарс бошқа тилда ўтилиб, фақат тил ва адабиёт дарси ўзбекча ўтилса, бу фанлар факультатив соатга айланиб қолмайдими, асосий дарслар ўзбек тилидан бошқа тилда бериладиган бўлса, бу мактаб ўзбек тилли мактаб бўладими? Қолаверса, аниқ ва бошқа фанлар бўйича ўқиган ўзбек ўқитувчилари ишсиз қоладими, деб сўрайдиган саволимиз ҳам бор у кишига.

Биз айнан Собир Отажоновни назарда тутмаяпмиз, лекин афсуски, жамиятимизда бирор бир лавозимда ўзи ишини дўндириб қўймаган ёки депутатлигида ухлаб ўтирган айрим иззатталаб фахрийларимиз кимларгадир ёқиш учун ўта ёмон “хизмат”ларга қўл уриб қўймоқдалар.

Аммолекигин, Собиржон акамиз ҳам яқин орада қандайдир бир мукофотга лойиқ кўриб қолинса ажаб эмас. Чунки юқорида тилга олинган тоифадаги одамлар “хизмати”га яраша тақдирланиб ҳам туришади.

Бугунги кунда Қирғизистонда ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар сонининг тобора қисқариб бораётгани жиддий муаммолардан экани сир эмас. Бундан ташвишланган ўзбек жамоатчилиги нима қилишни билмайди. Зиёли саналган айримлар эса чуқур ўйламасдан туриб оғзига келганини лоп этиб айтиб қўйиб, кейин ўйланади.

Шу ўринда яна бир одам – илгари Ўш вилояти таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаб, сўнг Қорасув туманидаги Чўлпон номли мактабга директорликка тайинланган Моҳирахон Абдукаримова деган опамизнинг ташаббусини ҳам эслаб ўтиш ўринли. У киши 2017 йилда Қирғизистоннинг энг олий нишонларидан бири – “Манас” орденига лойиқ кўрилган. Бу орденни, гарчи Моҳирахон Умаровнанинг ўзи шу мактабни битирган болалар олий ўқув юртларига кўпроқ кираётганлиги, мактаб савияси юқори бўлгани сабабли, деб кўрсатган бўлса-да, гап бошқа ёқда. Чунки бундай хизматлар учун “Манас” ордени берилмайди. Қолаверса, опахон мактабдаги юқори кўрсаткичлари учун 2013 йилда “Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган ўқитувчи” унвони билан тақдирланган эди.

Бизнинг фикримизча, “Манас” ордени у кишига бошқа бир хизмати – ўзбек синфларини қирғизчалаштириш ташаббуси учун берилган бўлса керак. Чунки бу юксак орден у кишига ўша “ташаббус” опанинг оғзидан чиққан йилиёқ берилгани бежиз эмасми, деймизда. Яна ким билади, дейсиз…

Яна бир қизиқ гап. Моҳира Умаровна ҳақида ижтимоий тармоқда чиққан бир мақолада унинг бу “ташаббуси”ни маъқул топган Қорасув тумани таълим бошқармасининг бошлиғи Раҳмон Назаров давлат тилида таълим олиш мактаб ўқувчиларининг келажакда этник чегаралардан ташқарида туриб фикрлай оладиган, чинакам ватанпарвар бўлиб етишиши турган гап, дея фикр билдирган.

Тўхтанг, нима деяпти бу одам? Хўш, бола давлат тилида таълим олса, “чинакам ватанпарвар” бўлади-ю, бошқа тилдаги мактабда ўқийдиганлар “камроқ ватанпарвар” бўлиб чиқадими бу мантиққа асослансак?

Бу гап таълим бошқармасининг раҳбари лавозимидаги бир амалдорнинг турли миллат вакилларига бирдай қарамай, уларни миллатига қараб ажратаётганини, гўёки “ишончли” ва “ишончсиз” деб тоифаларга бўлаётганини кўрсатмайдими?

Бизнингча, Қирғизистондаги турли миллат болалари давлат тилида ўқитилса, шу билан улар “чинакам ватанпарвар” бўлиб қолмайди ва аксинча, бошқа тилдаги мактабларда ўқиган болалар айнан ана шу “камчилиги” сабабли “камроқ ватанпарвар”га айланмайди. Бу тарзда мулоҳаза юритиш жуда хавфли ва таҳликалидир.

Ватанпарвар инсонларни тарбиялаш учун ёш авлодларга миллати, дини, жинси ва бошқа белгиларидан қарамай, бирдай ғамхўрлик қилиш, уларнинг жаҳон тан олган ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва бурчларини меҳр билан англатиб бориш лозим. Айнан мана шу тарбиявий иш боланинг она тилида олиб борилиши кўпроқ самара беради, чунки халқимизда айтилганидек, бу муқаддас туйғулар ҳам “сут билан киргач, жон билан чиқади”. Яъни, боланинг қон-қонига сингиб кетади.

Қирғизистонда эса бу ишларнинг барчаси бир ниятда – Қирғизистондаги ўзбек мактабларини йўқотиш ва пировард-натижада юртимиздаги ўзбекларни қирғизлаштириш мақсадида амалга оширилаётгандек тасаввур қолдиради. Бунинг учун ўн йилча аввал “аралаш тилли мактаб” деган сохта ва ноилмий, нопедагогик кампания муомалага киргизилган эди. Бугун эса ана шу тадбир ҳам ҳали охирига етмай туриб, бирйўли барча ўзбек мактабларида дарсларни қирғиз тилида ўтиш таклифи ўртага солиняпти. Ва бундай таклифлари оддий халқ ичида юрган оқ ёқа ва галстукли, орденли, басавлат, аммо тўрт пуллик шахсий манфаатини, ҳар хил ёрлиқ ва   тақинчоқларини ўз элининг манфаатларидан устун қўядиган одамлар тилидан айттириляпти.

Халқ жим.

Халқ нима қилишини билмайди.

Ишонган одамлари, умид кўзини тиккан зиёлиларининг аҳволи эса бу!

Нима қилиш керак?

Биз ҳайронмиз, индамай кутиб турибмиз.

Аммо ўзбек элини миллийлигидан айириб, ҳаммани бир миллатга айлантирмоқчи бўлаётган шовинистлар эса мана шу лолу ҳайронликдан, шу жимликдан фойдаланиб қолишга интилишлари турган гап.

Мактаблар масаласидаги қиёс ўзаро муносабатларни яққол кўрсатади. Шу боис айрим рақамларга эътибор қилайлик.

Қирғизистон аҳолиси ҳозир 7 миллиондан ошди. Мактаблар сони эса 2236  та. Яъни, ҳар 3,3 минг кишига ўртача бир мактаб тўғри келади. Бу жуда оз албатта. Аммо бу ерда яшаётган 1 миллион ўзбек учун фақат 43 та мактаб мавжуд, яъни ҳар 23 минг кишига бир мактаб. Фарқ – 7 баравар. Умумреспублика даражасига мос бўлиши учун ўзбек мактаблари сони 43 та эмас, 333 та бўлиши лозим эди.

Солиштириш учун айтадиган бўлсак, Ўзбекистонда 297 минг қирғиз миллати вакиллари  яшаса, 69 та қирғиз тилли мактаб мавжуд. Яъни: Қирғизистонда 1,2 млн. ўзбек учун 43 мактаб, Ўзбекистонда 297 минг қирғиз учун 69 мактаб (ҳар 4,3 минг кишига бир мактаб). Фарқ – 7,5 баравар.

Яна шуниси ҳам борки, Қирғизистондаги ўзбек тилли мактабларда 1995 йили 10 синфда ҳафтасига ўзбек тили 5 соат, ўзбек адабиёти 4 соат ўқитилган бўлса, энди иккала фан ҳам ҳафтасига бор-йўғи бир соатдан ўқитилади. Шу вақтнинг ўзида ўзбек мактабларида қирғиз тили ва адабиёти ҳафтасига 4 соат, 11 синфда эса 5 соат ўқитиладиган бўлди.

Бу ва шунга ўхшаш жараёнлар Қирғизистондаги ўзбек халқининг тили, адабиёти ва маданиятига ҳурматсизлик, қолаверса, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида тобора ривожланиб бораётган ижтимоий-иқтисодий алоқалардаги қон-қардошлик руҳига, маданият ва маърифат соҳаларида ҳамкорликда амалга оширилаётган ўзаро манфаатли ишларнинг мақсадларига зид эмасми?

Яна Ўзбекистонга қайтсак, у ерда қирғиз тилли мактабларда ўзбек (давлат) тили (1-синфда йўқ), 2-4-синфларда ҳафтасига 2 соат; 5-11-синфларда 3 соатдан ўқитилади; ўзбек адабиёти эса умуман ўқитилмайди. Қирғиз мактабларининг 5-11 синфларида қирғиз адабиёти фани ҳафтасига 2 соатдан ўқитилади. Фарқ – 2-3 баравар!

Хуллас, ўзбек халқининг ваколатли бир вакили сифатида гапиришга чоғланган (ҳолбуки, унга бунақа ваколатни ҳеч ким берган эмас) Собиржон Отажонов олий ўқув юртларига қабул имтиҳонларида ўзбек тилидаги тест саволларини қайта тиклаш талаби билан чиқса (ахир Қирғизистон аҳолисининг 15% ўзбеклар ташкил қилади), мантиқлироқ гапирган бўлар эди.

Бир маҳал Моҳира Абдукаримованинг гапидан моҳирлик билан фойдаланиб, келажаги мавҳум аралаш тилли синфли мактаблар тузган бўлишса, энди Собир акамизнинг “ақлли” сўзларини элимиз сабр қилиб эшитиб турганидан фойдаланиб, ана шу уддабуронлар навбатдаги қадамни ҳам қўйиб, ўзбек мактабларини биратўла ёпиб ташлаш учун “халқнинг талаби шундай бўлмоқда”, дея дарров мудҳиш қарорлар чиқариб юборишлари ҳеч гап эмас.

Қизиғи шундаки, бу Отажонов деган “арбоб” юқорида айтган гапларини видеога ҳам ёздириб, ўзини асосий планда кўрсаттириб, мактаб директори Нурийса Мараимовага “маслаҳат” солади ва “ўзи топган янги ташаббус”ни эълон қилади.

“Ҳой, Собиржон, шошма, бу ахир, битта мактабнинг директори билан икковлашиб ҳал қиладиган масала эмас”, дейдиган одам йўқ. Гарчи суҳбат чоғида хонада бу гапни айтиши мумкин ва лозим бўлган кишилар бўлса ҳам. Ҳолбуки, бу бир синф хонасига кириб олиб, тик турган ҳолда, икки-уч дақиқада шоша-пиша ўртага солинадиган гап эмас. Видеони кўргач, бу гаплар аввалдан келишилиб, уни айтиш учун айнан шу одам танлаб олиниб, унга айттирилган ва ведеотасвирга ёзиб олинган, деган фикр уйғотади. Шунинг учун бўлса керак, Собир Отажонов бу гапларни ўзи суҳбатлашаётган директорга эмас, видеокамерага тик қараб, қаддини ғоз тутган ҳолда айтган.

“Водариғ!” – дейсан, “Э, дунё!”, деб хитоб қиласан киши.

Худоё, бандаларингга ўзинг тўзим бер!

Одил Ҳаким,

Видео интернетдан олинди

Яндекс.Метрика