РАҲМОН ҚУЛИ♫

Абдураҳмон Арслонов 1964 йил, 8 апрелда Ўш шаҳрида туғилган. Ўш шаҳрига ёндош Чўлпон (собиқ 22- партсъезд) номли ўрта мактабини  1981йил тамомлаб, Андижон ҳунар техника билим юртини  тамомлаган. Касби бўйича қурувчи муҳандис. Ҳозиргача қурилиш ишларида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Шеъриятга 1990 йилларда қизиқиб, шеърлари билан «Ўш садоси»(собиқ Ленин йўли), «Ўш оқшоми», Ўзбекистонда «Марказий Фарғона», «Демос таймс »газеталарида, «Солиха», « Ойдин» жуналларида шеърлари чоп этилиб, «Мухаббатим» деб номланган китоби нашрдан чиққан. Қирғизистон Жанубида фаолият юритаётган  ижодкорларнинг «Илхом» клуби аъзоси.

Odiljon Dadajanov

Ҳаёт завқи.

Бизлар йўлга тушамиз,

Орзу, мен ва армонлар.

Кузатиб хам кутиб олар

Уфқ, ер ва осмонлар.

 

Олдимизга чаман-чаман

Қирлар тушиб қочади.

Ортимизда узун, қора

Йўл ястаниб ётади.

 

Олисларда чўққи чорлаб,

Узун хуштак чалади.

Ортимизда сувсиз қақраб

Ер ёрилиб қолади.

 

Кунлар ботиб, тонглар отар

Орзум кетиб қолади.

Шошиламан, гар тўхтасам

Армон етиб олади.

 

Бораяпмиз қувалашиб,

Орзу, мен ва армонлар.

Орзуимга етолмасдан

Қуриб борар дармонлар.

 

Мен олдинга мўлтирайман,

Чопаётган орзум йўқ…

Ва шу пайт курагимга қадалади совуқ ўқ.

 

Йиқиламан чечакларга

илк бор заминни хидлаб.

Видо айтар шамол увлаб,

Осмон бўкириб йиғлаб.

 

Рози бўлинг гаплар ўтса

Биздан яхши, ёмонлар,

Қувалашиб адо бўлдик

Орзу, мен ва армонлар…

 

***

Марғилондан келдингми баҳор?

 

Интиқ диллар бўлди беғубор,

Сендан ортиқ дунёда ким бор?

Бунча нафис, бунча хушрўйсан?..

Марғилондан келдингми баҳор?

 

У ёқларда бодом гуллаган,

бизда энди эримоқда қор.

Совуқ тоғу-тошлардан ошиб,

Марғилондан келдингми баҳор?..

 

Чаккасига гул тақдими ёр?

Йўлларимга бўлиб интизор.

Шундан хабар бермоққа шошиб,

Марғилондан келдингми баҳор?…

 

Сенда қувонч, сенда сурур бор!

Менда алам, менда қайғу бор.

Сойларингдан севинчинг тошиб,

Марғилондан келдингми баҳор?…

 

Юрагимнинг қобиғи йиртиқ,

Қалбим мендан қилаётир ор.

Дилдоримнинг бўйларин олиб,

Марғилондан келдингми баҳор?…

***

Деразадан хира таралади нур,

Тугмачани босар менинг қўлларим.

Туйқусдан жиринглаб бир сас таралур,

Уйқашиб кетади сенинг ўйларинг.

 

Кўзимга боқасан эшикни очиб,

Мен уйга кираман жиддий бир тусда.

Келдингизми? – дейсан , сал нари қочиб,

Уйғоқмисан? – дейман хаста товушда.

 

Ошхонага кириб, жим қуясан чой

Жужуқлар табассум излар кўзимдан.

Кенжамиз тиззамдан аста олар жой,

захар томиб кетар хар бир сўзимдан.

 

Тиззамда гўдагим, ўй сураман жим,

Кўксимни аёвсиз тирнайди хижрон.

Мен бугун севгининг домида қолдим,

Мен энди мурдаман кўмилмай қолғон…

 

Яхшики ўйларнинг товуши йўқдир,

Яхшики кўз илғаб қолмас хаёлни.

Шу боис кўнглимнинг бир чети тўқдир

бемалол ўйларман ўша аёлни…

 

Мен бугун ўзимни иккига бўлдим,

Иккига бўлолдим бутун оламни.

Жонимни топшириб ўша Дилдорга,

Сенга келтиролдим жонсиз танамни…

***

  Ул кеча.

Юраклар бағрини тиғ билан тилди,

диллар Азозилнинг буйруғин қилди.

Еттита осмоннинг чоки сўкилди,

Оғушимда сен ёнган кеча…

 

Сен менга, мен сенга бўлиб махлиё,

Иккимиз айладик ишрат ва сафо.

На дин, на завжларга қилмадик вафо,

Шариъатдан биз тонган кеча…

 

Бахорнинг осмони ғуборга тўлди,

шул кеча илохдан бир фармон бўлди.

Ва икки никохнинг барглари сўлди,

Вужудлар хирсларга булғонган кеча…

 

Хар ён фаришталар кетдилар чопиб,

тўрт улуғ гувохни келдилар топиб.

Зажларни ғафлатда қўйдилар ёпиб,

Ул зот Собурликка чоғланган кеча…

 

Энди умр ўтар фурсатин кутиб,

Дилда иймон йиғлар қрнларни ютиб.

Бизларни чўғларга отгайми тутиб?..

РУХ танга қайтадан жойланган кеча….

***

Севмасам бўлмас!!

 

Боболарим ётади бунда,

Шу тупроқда онамнинг хоки.

Момоларим хоки хам шунда,

Бу Ватанни севмасам бўлмас!

 

Оғаларим – теграмда тоғлар,

Сингилларим – шошқалоқ сойлар.

Жигарларим – қирларда тойлар,

Бу Ватанни севмасам бўлмас!

 

Бир Дилдорни суйдирган ўзи,

Орқасидан куйдирган ўзи.

Йиғлатиб хам кулдирган ўзи,

Бу Ватанни севмасам бўлмас!

 

Сойларидан сувлари тошган,

Қалдирғочлар келиб талашган,

Тоғларига қорлар ярашган

Бу Ватанни севмасам бўлмас!

 

Қуёш билан суйиб топишган,

Чўлларида қовунлар пишган.

Яратганнинг назари тушган

Бу Ватанни севмасам бўлмас!

 

Эрта тонгдан қўйнига олган,

Севгилимни ёдимга солган.

Керак бўлса, отамдан қолган,

Бу ВАТАНни севмасам бўлмас!!!…

 

**

    Намоз ўқи!

Яна кўнглинг сен етмас жойда,

Не бор сенга назми саройда?

Шеъриятда дарға бўлмассан,

намоз ўқи, намоздан фойда!

 

Шамол елиб, ёмғир ёққанда

Ойдинда ой кулиб боққанда.

Хеч бирини қилмасдан канда,

намоз ўқи, намоздан фойда!

Чанг босмасин уйда жойнамоз,

Тафаккур қил РОББИНГни бир оз.

Махшаргохда турай десанг ғоз,

намоз ўқи, намоздан фойда!

 

Йўлда, чўлда, маърака, тўйда,

Дунё топар ишингни қўйда,

Намоз – нажот деган бир ўйда,

намоз ўқи, намоздан фойда!

 

Қинғир- қийшиқ йўлларни боса,

Ўзи асли кеч қолдинг роса.

Хутбалардан қилиб хулоса,

намоз ўқи, намоздан фойда!

 

Қуданг рахмат демаса майли,

эски улфат келмаса майли.

Боланг сарёғ емаса майли,

намоз ўқи, намоздан фойда!

 

Хароб бўлса, бўлсин кошонанг,

саждадан доғ бўлсин пешонанг.

Хавас қилсин сенга тош ойнанг,

намоз ўқи, намоздан фойда!

 

Эрта, бир кун қиларсан рихлат,

Оқарган соч шундан далолат.

Тириклигинг – ғанимат соат!,

намоз ўқи, намоздан фойда!

 

Бенамозлик – надомат, фироқ!

Хақдан сени қилади йироқ.

Гўринг ичра ёлғиз шамчироқ,

намоз ўқи, намоздан фойда!

 

Рахмонқули, сен ўзингни бил,

Амал қилиб, сўнгра даъват қил.

Ободмикин сен борар манзил?,

Намоз ўқи, намоздан

***

  Дуо.

ОЛЛОХИМ, бизларни офатдан сақла!

Балодан сақлагин, кулфатдан сақла!

Яратган ўзингсан қудратли эгам,

Шукурсиз, зикирсиз соатдан сақла!

 

Яхшига йўлиқтир, ёмондан сақла!

Ичимдан жой олган шайтондан сақла!

Мустахкам иймон бер, хикматли эгам,

Зикрингдан қолдирган улфатдан сақла!

 

Илму- хикмат бергин, ғурбатдан сақла!

Бўхтондан сақлагин, тухматдан сақла!

Донога йўлиқтир Оламлар шохи,

Нодон билан бўлган сухбатдан сақла!

 

Хулқимни хуш айла, ғийбатдан сақла!,

Ўзингга хуш келмас одатдан сақла!

Юзимни ёруғ қил МАЛИК – ЯВМУДДИН,

Қиёмат шарманда холатдан сақла!!!…