Мендан, мактаб ўқувчиси бўлган дамларингиздан қандай тотли хотиралар қолган, деб сўрасангиз, биринчи галда, бутун мактабимиз билан пахта теримига чиқиб, ҳамма ёнма-ён эгатларга тушиб олиб, кенг пахта далаларини бутун Ўзбекистон, бутун Ўрта Осиё одамлари ёд билган “Лайло” қўшиғи садоларига тўлдириб, жон-жаҳдимиз билан бақириб ашула айтиб этак тўлдирган паллалар эсимга келади. О, у қўшиқлар! “Ҳисларимни йўлларингга маржондай сочай, Лайло! Агар ишқимни рад этсанг, қайларга қочай, Лайло?!..” Ундан сал аввал эди шекилли, Ҳамзанинг “Ўхшайди-ку”си роса оммалашган, у ҳам “Лайло” билан олдинма-кетин айтилар эди. Орадан бир-икки йил ўтиб, ўзбек далаларини “Биринчи муҳаббатим” тутиб кетди. Биз ана шу қўшиқларни эшитиб, уларни куйлаб улғайдик. Мана, сезилиб-сезилмай, орадан ярим аср, ундан ҳам кўпроқ вақт ўтибди. Аммо у тароналар ҳамиша ёш, ҳамиша навқирон. Қачон эшитсак, ўша беғубор, қувноқ дамлар яна ёдга тушади, хўрсинамиз, энтикамиз. Бу қўшиқларнинг сўзи кимники, ким мусиқа басталаган, кимлар куйлаган – ҳамма билади. Ахир улар эл ардоғида, эл руҳига озиқ бўлган, руҳлантирган ноёб дурдоналар-да.
Дунёга келиши бутун бошли бир давр ҳисобланган “Я встретил девушку”, “Пусть всегда будет солнце!” каби қўшиқлар бизнинг авлод вакиллари учун бениҳоя қадрли. Бугун мен ўша йилларда машҳур бўлган, ҳозир ҳам ўнлаб машҳур хонандалар репртуаридан тушмай келаётган яна бир қўшиқни эсласам, дейман.
Бундан эллик беш йил муқаддам Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятидаги бир мактабнинг тўққизинчи синфида Абдужаббор Эгамбердиев деган қишлоқ боласи ўқир эди. Ўн беш яшар бу ўсмир, ўзидан бир синф кейин ўқийдиган Тумор отли бир қизчани ёқтириб қолади. У замонда бир қизчага севги изҳор қилиш ақлга сиғмас бир иш эди. Аммо қизалоқ ҳам буни тушунганми, кулиб қарамасликка, терс қараб ўтишга интилган, одоб ва ҳаёни маҳкам ушлаган. Чурқ этиб оғиз очига журъати етмаган Абдужаббор, кўнглидаги ҳисларини қоғозга тўкиб, бор-йўғи саккиз қатор – икки тўртликдан иборат бир шеърни қоралайди. Бироқ шу орада каникул бошланиб, уни қизга беришга имкони бўлмайди. Бор таваккал, дея соддагина шеърини туман газетасига йўллайди. Шеър ҳали газетада чиқмай туриб, уни бир йигит қидириб, мактабига келади. Боиси, Алимбек Қўрабоев отли бу йигит ўз юмуши билан газета таҳририятига бориб, стол устида ётган бир қўлёзма шеърни ўқиб кўради-да, ёқтириб қолиб, нусха олиб кетади. Урина-урина, унга бир куй боғлайди. Бу ёш бастакор ўша куни шеър муаллифни излаб келган экан. Абдужабборни топиб, ташқарига чорлайди-да, “Сенинг ўша шеърингга бир куй басталаган эдим, эшитиб кўр”, деб илтимос қилади. Иккови кўчага чиқишгач, бир четга ўтиб, бастакор йигит шўх, ўйноқи, айни дамда ҳазинлик ҳам вобаста бўлган бир қўшиқни аста хиргойи қилади. Куй Абдужабборга жуда маъқул келади.
“Туморим” деган машҳур қўшиқ ана шу тарзда туғилади. Орадан бир неча ой ўтиб-ўтмай, у бутун Марказий Осиё бўйлаб қанот ёяди, уни куйламаган одам қолмайди, барча тўйлар, Қирғизистондаги давлат анжуманлари, энг обрўли тантаналар усиз ўтмайдиган бўлиб қолади. Яна денг, муаллифи – ўнинчи синф боласи!
Мана, ўзингиз танишиб чиқинг эллик беш йил аввал мактаб ўқувчиси, бугунги кунда Қирғизистон халқ шоири бўлиб танилган Абдужаббор Эгамбердиев қаламига мансуб шеър билан:
Мен сүйсөм да, сен сүйбөйсүң, Тумарым,
Түнкү шамдай өчүп барат ыраңың.
Таш боор белең жүрөгүңдө мээрим жок,
Аясаңчы, менин сүйгөн Тумарым.
Тумарым, ай-ай, тумарым,
Аясаңчы, менин сүйгөн тумарым.
Жүрөгүмдөн кайнап чыккан махабат,
Күндөн-күнгө кайгы-капа жаратат.
Сенин атың, сенин сүйкүм элесиң,
Жүрөгүмдө тумар болуп сакталат.
Тумарым, ай-ай, тумарым,
Аясаңчы, менин сүйгөн тумарым…
Кенг қанот ёйган бу қўшиқ қозоқлар орасида ҳам роса оммалашди. Бир неча қозоқ шоири унинг ритмида шеър ёзди, бастакорлар “Туморим” нақорати билан куй чиқариб, пировардида уни “қозоқ халқ қўшиғи” деб эълон ҳам қилишди. Жонажон икки дўст – Абдужаббор Эгамбердиев билан Алимбек Қўрабоев эса бундан сира оғринишгани йўқ; ахир қўшиқнинг тиллардан тилларга, эллардан эларга ўтиб бораётганини кўрсатади-да бу ҳам.
Бизда ҳам, гарчи яхши қўшиқлар сероб бўлса-да, “Туморим”ни ўбдон билишади, ўзбек хонандалари қирғиз тилида ижро этган маҳал эса у қирғиз дўстларимизга янада кўпроқ завқ беради. Шунинг учун, унинг ўзига ҳам, сўзига ҳам даъво қилмаган ҳолда, матнини ўгиришга уриниб кўрдик.
Таржима, айниқса шеърий асарларни бошқа тилга ўгириш кўп мушкул иш, буни ҳамма билади. Бунинг устига, товуши энди дўриллай бошлаган ғўр ўсмир битган содда, аммо самимий бу шеъридаги ҳисларни иккинчи тилда ўша таъсирчанлиги билан ифодалаш осон эмас. Узримизни қабул қиларсиз!
Мен севсам-да, сен севмайсан, Туморим,
Юзи ойдай, қаро кўзи хуморим.
Тошбағирсан, юрагингда шафқат йўқ,
Аясанг-чи, менинг севган Туморим.
Туморим, Туморим, оҳ-оҳ, Туморим,
Аясанг-чи, менинг севган Туморим…
Юрагимда ишқинг солган ўт ёнар,
Қайғу ортиб, хаста ошиқ тўлғанар.
Сенинг отинг, сенинг ёдинг, нигоҳинг…
Юрагимда тумор бўлиб сақланар.
Туморим, Туморим, оҳ-оҳ, Туморим,
Аясанг-чи, менинг севган Туморим…