ҚЎҚОН ХОНЛИГИ ДАВРИ ВА ЎШ ТАРИХИ 21-СУҲБАТ

Биз аввалги саҳифаларда Ўш ва умуман, Жанубий Қирғизистон тарихига оид баъзи маълумотларни келтириб ўтган эдик. Тарихни бутунлай намоён қилиш имкондан хориж иш. Бутун бир мамлакат ёки унинг бир қисми бўлган Жанубий Қирғизистоннинг, ҳатто бир йиллик тарихини ҳам ҳеч қандай китобга сиғдириб бўлмайди. Аммо бўлиб ўтган у ёки бу воқеаларга, тарихий шахсларга муносабат борасида баъзи фикрлар борки, уларни тилга олмаслик, воқеан, бу борадаги мавжуд фикрларга қўшилиш ва уларни маъқуллаш бўлиб қолган бўлар эди.

 Тарихчилар Қўқон хонлигининг Туркистон тарихидаги ўрнини турлича баҳолайдилар. Аксар муаррихларнинг асарларида, айниқса, Шўро даври қирғиз тарихшунослигида, бу хонлик тарихнинг энг қора, энг ёвуз кучи сифатида кўрсатиб келинган, ўнлаб асарлар бунга мисол. Хўш, нега Қўқон хонлиги бу қадар қаттиқ қораланади?

Гап шундаки, бу тамойил Шўро даври тарихчиларига XIX аср рус тарих илми вакилларининг асарлари руҳидан ўтган. Истилочилик ваҳшатларини хаспўшлаш, жаҳон жамоатчилиги олдида ўзини оқлаш учун рус тарихчилари нафақат бошқа миллат вакилларини, балки русларнинг ўзини ҳам бу “жаҳолатга ботган” хонликка қарши нафрат руҳида тарбиялаб, шу тариқа “жамоатчилик фикри”ни шакллантиришга эришдилар. Негаки, айнан Қўқон хонлиги Чор Россиясининг Марказий Осиёдаги экспансиячилик сиёсати йўлидаги энг катта ва жиддий ғов бўлган. Уни маҳв этиш учун бу хонлик юритган ҳар қандай сиёсатни фақат қоралаш, ерга уриш, бунинг аксича, “Россиянинг Марказий Осиёга кириб келишининг тарихий-прогрессив аҳамияти”ни зўр бериб тарғиб этишга ружу қўйилди.

Мана, характерли бир мисол. Бир очеркда ёзилишича, XIX аср ўрталарида Сирдарё бўйига қурилган рус аскарлари форпостига тунда йўлбарс оралаб, ҳаммаёққа ваҳима тушади. Аскарлар учун тревога эълон қилинади. Шу паллада бир офицер иккинчисидан ҳовлиқиб сўрайди:

  • Нима, Қўқонликлар ҳужум қилишибдими?
  • Йўғ-е, унчалик палид эмас, йўлбарс экан (“Нет, почище, джульбарс”).

Қаранг, босқинчилар ўз ерини, она юртини ҳимоя қилишга интилган бу хонлик кишиларини ҳайвондан ҳам тубан қилиб, нафрат билан тасвирлаяпти. Ажабки, ўша 1860-йилларда ёзилган бу очерк 1960-йилда ҳам ҳеч бир истиҳоласиз китоб саҳифаларида яна нашр этилган. Чунки бу даврга келиб, “Қўқон хонлигининг ярамас тузум эканлиги” гўё аксиома тусини олган эди.

Албатта, ўтмишдаги ҳеч бир давр ёки салтанатни тўла оқлаш мумкин эмас. Ҳар бирининг ўзига яраша камчилик ва иллатлари бўлган. Аммо тарихий адолат нуқтаи назаридан, Қўқон хонлиги амалга оширган муайян ижобий ишларни ҳам қайд этсак, унинг нуқсонлари ҳақидаги даъволаримиз ҳам ишончлироқ бўлади. Чунончи, Бишкек, Қораболта, Тўқмоқ ва ҳоказоларга айнан Қўқон хонлиги даврида тамал тоши қўйилган ва улар бугунги Қирғизистоннинг кўрки, фахри ҳисобланади. Айнан шу хонлик даврида қирғиз болалари ҳам мактаб ва мадрасаларга жалб этилган, уларга хонлик ҳисобидан нафақа тўланган. Аввал айтганимиздек, қирғиз интеллегенциясининг илк авлоди ана ўша мактаб ва мадрасаларни хатм қилган ва илм-билимда анча катта натижаларга эришган. Шу сабабли, барча ютуқларни фақат Совет ҳокимияти даврига боғлаш – тарихни бузиш, уни бир ёқлама талқин этиш бўлар эди.

Шўро тарихчилигида ғалат бир тенденция етакчи эди. Унга кўра, барча халқлар илгари ўзаро уруш-жанжал билан яшаган, фақат улуғ оғалар сабабли бошлари қовушган ва дўстлашган эмиш. Шу улуғ оғалар шарофати билан эмас, бошқа йўллар билан келган ҳар қандай янгилик муқаррар суратда реакцион характерда бўлар эмиш. Барча нарсалар – паровоз ҳам, буғ машинаси ҳам, электр ҳам, радио ҳам, барчасини валломат оғаларимиз башариятга туҳфа қилган ва унгача бутун дунё, айниқса, Туркистон эллари ғирт қоронғуликда, жаҳолат исканжасида яшаган эмиш.

Бу – одамлар онгига таъсир этиб, уларни манқуртлаштириш, ўтмишига нафрат билан қарашига эришиш, алалоқибат, улар чизган чизиқдан чиқмай, улар измида юришига эришиш йўли эди. Ва бу машъум ниятга шунчалик мукаммал эришилдики, ҳатто истиқлолга етишилганидан чорак аср ўтиб ҳам, ҳамон бутун дунёда юз бераётган барча воқеа-ҳодисаларга эмас, ҳатто ўз ичимиздаги ҳодисаларга ҳам “оға”лар нима деркин, деган бир ҳадик, иккиланиш билан баҳо берамиз. Бу – узоқ давом этган мустабид тузумнинг аянч оқибати бўлиб, қўрқув ва саросима бутун-бутун халқларда ижтимоий бир ҳодисага айланди. Ўшлик улуғ шоир Шавкат Раҳмон бу ҳақида фикр алам билан юритиб, бир шеър ёзган эди.

 

ТУРКИЙЛАР

Туркда бош қолмади… қолмади довлар.

хотин-халаж қолди мотам кўтариб,

“Бизга тик қарама!”, буюрди ёвлар,

ёвларга терс қараб яшади бари.

Таланди самовий тулпор уюри,

таланди зарлари,

                              зеру забари,

“терс қараб ўлинг”, деб ёвлар буюрди,

ёвларга терс қараб жон берди бари.

Лаҳадга кирдилар ўзларин қарғаб,

қолмади арабий,

           туркий хатлари,

“туғингиз”, деди ёв, “тескари қараб”,

ёвларга терс қараб туғилди бари.

Туғилди,

      туғилди,

            туғилди қуллар,

қирқида қирилган – имдодга муҳтож,

ёвларга терс қараб итлардай ҳурар,

бир-бирига душман,

                       бир-биридан кож.

 

…Мўъминлар беш бора Оллоҳни эслар

саждага бош қўйиб жаллод тошига.

Ўгрилиб сал ортга қарайин деса,

бошига урарлар,

                        фақат бошига.

 

Борми эр йигитлар, борми эр қизлар,

борми гул бағрингда жўмард нолалар?

Борми бул туфроқда ўзлигин излаб

Осмону фалакка етган болалар?

 

Бор бўлса,

Аларга еткариб қўйинг,

бир бошга бир ўлим, демаган – эрмас,

шаҳидлар ўлмайди,

бир қараб тўйинг:

Ёвга терс қараган – мусулмон эмас!

Ёвга терс қараган – мусулмон эмас!

Ёвга терс қараган – мусулмон эмас!

Ёвга терс қараган – мусулмон эмас!

Ёвга терс қараган – мусулмон эмас!

 

Шоирнинг бу нақтаи назари, фақат бугунги кунларимизга эмас, ҳатто ўн тўқизинчи асрга ҳам тўла тааллуқли эди. Айнан ана шу даврда бугунги бошбошдоқликларнинг, ҳар бир миллатнинг ўзича улуғлик лаъвиси қилишинингтамал тошлари қўйилган эди.

Азиз дўстлар!

 Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.

Яндекс.Метрика