ОЙГУЛ ОПАНИНГ НУРЛИ ОЛАМИ …♫

 

Ойгул Абулфайзиева (Воҳиджонова) 1948 йили Ўш шаҳрида таваллуд топган. Мактабни тамомлагач, 1965 йили Ўш давлат педагогика институтининг филология куллиётига ўқишга кириб, 1970 йили уни битирган. 1970 йилдан 2008 йилгача Қорасув туманидаги Чўлпон номли мактабда ишлаб пенсияга чиққан. Ўн тўрт ёшидан бошлаб шеърлари рўзномаларда босила бошлаган.

Нашрдан чиққан китоблари:

“Ўшпирим дилбарлари” (1996 й.), «Меҳр ёғдуси» (2000й.), “Эътиқодни Ҳаққа қўйинг” (2004 й.), «Аёл қалби» (2005 й.), «Ҳаёт ва ҳикмат» (2006 й.), «Минг бор таъзим, муаллим” (2008 й.), «Камол топсин бизнинг ёш авлод» (2010 й.), «Фалакдан хабар бор, заминдан – ибрат» (2012 й.), «Кўнглим ризо йўлида” (2012 й.), «Ғазаллар» (2014 й.), «Саломнома» (2014 й.), “Соғинч қанотлари” (2019 й.), “Оқ тонг ва оқшом” (2019 й.), “Дўстлик”  (2021 й.),  (“Одамийлик қолади мангу” (2022 й.).

Қирғизистон халқ таълими аълочиси, Қирғизистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Элга танилган устоз ва шоира шеърлари ва ҳикояларида кишиларни имон-инсофга, эл-юртига садоқатга, меҳру муҳаббатга, мурувватга, ҳалолликка, одамийликка чорлайди. Яхши ахлоқли кишилардан ибрат олишга, ёмон ҳулқлиларни эзгуликка етаклашга ундайди. Унинг асарларининг деярли барчасида нуроний онага хос ўгит ва насиҳат йўналиши ва ибрат сабоғи сезилиб туради.

Азиз ва муҳтарам “Алишер Навоий институти” сайти мухлислари! Бугун адабиёт хиёбони рукнимизнинг навбатдаги меҳмони – истеъдодли шоира Ойгул Абулфайзиева.

– Мен 1948 йили Ўшнинг Тошлоқ маҳалласида  зиёлилар оиласида туғилганман. Менинг бобом ҳам ўқитувчи бўлган, у кишининг дадаси ҳам ўқитувчи бўлган, қолаверса аммаларим, амакиларим ҳаммаси китобни севган маърифатни севган одамлар эди. Мен ўшалар ичида юриб ўшалар орасида катта бўлиб, адабиётга, шеъриятга қизиқиш болалигимдан куртак отган. Мана, ҳозир ҳам бахолиқудрат, қўлдан келганча ёзиб юрибман.

– Миллат маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда адабиётнинг ўрни катта. Миллат зиёлиси сифатида бугунги кун Ўш ўзбек адабий муҳитинининг маънавий қиёфасидан  мамнунмисиз?

– Тўғри айтасиз. Ўш адабий муҳити гуллаб-яшнаган даврда  биз ёш эдик.  Қўлдош Мирзо , Усмон Темир , Мирзоҳид Мирзараҳимов,Турсунбой Адашбоев, Абдуғани Абдуғафуров каби катта ёзувчиларимиз бор эди. Ўшаларга эргашганмиз. Улар каби бўлишга харакат қилдик. Интилдик, маънавиятимизни юксалтиришга , миллат маданиятни ушлаб қолишга харакат қилдик.

Афсуски, ҳозирги ёшларда қандайдир такаббурлик, манмансирашлик бор. Бизнинг адабий маънавий мухитимиз шунинг учун  ҳозир энди илгаргичалик бўлаолмаяпти. Бу муаммонинг яна бир жиҳати шундаки,  ҳозирда кўп мактабларда она – тили, адабиёт дарслари қисқариб кетган ёки бўлмасам ўзбек тилида тадбирлар ўтказишлар озайиб кетган. Агар яна ўрнини топса яна юксалиши турган гап. Бунга икки давлат ўртасидаги миллатлараро дўстлик ҳам жуда ҳам катта рол ўйнайди. Қирғизистон-Ўзбекистон дўстлик  алоқаларимиз мустахкам бўлганидагина издан чиққан нарсалар яна қайта изига тушиши мумкин деб ўйлайман.

–  Шеъриятдаги ижодингиз ҳамда хикоянавислик фаолиятингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Менинг бир одатим бор. Бировдан бир нарса сўрашдан орланмайман. Ўзи одам нима учун яшайди? Одам ўзидан бир из қолдирмаса нима учун яшаши керак? Шуларни ўйлаб, яхши аҳлоқлик одамни кўриб қолсам, шошма, шундай аҳлоқни бошқа инсон ҳам кўрсин, бошқалар ҳам шуни ўқисин деб хикоялар ёза бошладим. 2005 йилда илк «Ҳаёт ва ҳикмат» деган насрий китобим нашрдан чиқди.

– Бевосита ўз ҳаётингиз мисолида савол: Шоирлар хаёлпараст, хўжалик ишларига уқувсиз бўлади, доимо осмондаги юлдузларни санаб юради, дейишади. Оилангизда моддий қийинчиликларга йўлиққан пайтларингиз бўлганми ва уни қандай енгиб ўтгансизлар?

– Йўқ, шоирлар хаёлпарас бўлади деб бировлар тасаввурида шундай. Шоирлар хаёлпараст бўлмайди. Қийинчилик кўрмай ёки мушкулотга дуч келмай ,муаммога дуч келмай яшаётган одам йўқ. Бунга бир мисол айтай: 1990 йиллари ойлик берилмай қўйди. Ўқитувчига ойликдан бошқа даромад йўқ. Хўжайиним ҳам, мен ҳам ойликчи. Ойликка материал беради.  Шунда ҳунарим қўл келди. Аям катта чевар бўлган эди. 7-8 синфда ўқиётганимда бемалол кўйлак тикардим. Шуни Худойим дилимга солди. Шундай қилиб иқтисодий таназзулдан чиқиб кетганмиз. Худога шукурки, бир муаммога дуч келсам, рухим тушиб бир нарса бўлганимда қўлимга дарров битта китоб олиб чалғийман. Хиқояни, шеърни ўқиб мағзини чақиб, яна ўзимга мулоҳаза қилиб, ўзимни юпатиб оламан.  Демак одам қийинчилликка тушганда мехнат билан ақл идрок билан сабр билан енгиб ўтадиган бўлиш керак.

–  Ижод намуналарингиздан ўқиб берсангиз!

 

 

ОДАМИЙЛИК ҚОЛАР МАНГУ

 

Дунëдаги яхшиликлар қолар дилда,

Эзгуликлар мадҳ қилиниб доим тилда,

Ҳар яхши иш порлаб турар ўнгу сўлда,

Одам ўтар, одамийлик қолар мангу.

 

Кийса тўзар, охир кутар берганлари,

Умр бўйи ибрат бўлар кўрганлари,

Бахтга чорлар китоблардан олганлари,

Одам ўтар, одамийлик қолар мангу.

 

Робб рахми кенг, кимки булса ширинсухан,

Едирганга Оллоҳ берар мўл дастурхон,

Саховатнинг ажри буюк икки жаҳон,

Одам ўтар, одамийлик қолар мангу.

 

Солиҳ бўлмоқ одамларга Роббидан фарз,

Фаришталар мўминлардан қилмаслар арз,

Савоб йиғсин, бўлмай деган охирда қарз,

Одам ўтар, одамийлик қолар мангу.

 

Одамийлик тарк этмасин одамларни,

Роббим қўллар савоб ишга илдамларни,

Рахми билан собит қилсин қадамларни,

Одам ўтар, одамийлик қолар мангу.

 

Яхши ният мавжуд бўлсин тирик танда,

Мусулмонлик жўшсин тинмай юрак, конда,

Меҳру оқибат сўнмасин ҳеч инсонда,

Одам ўтар, одамийлик қолар мангу.

 

Одамийлик ва гўзаллик – қўш – эгизак,

Иккиси ҳам бу дунëга олий безак,

Чирой, одоб негиз бўлса, одам – ўзак,

Одам ўтар, одамийлик қолар мангу.

****

АЁЛЛИК КАСБИ

Гар аëл мехнатин касб деб саналса,

Оламда топилмас ундан зўр ҳунар.

Турмушдаги барча машаққатларга,

Фақат аёл зоти шубҳасиз кўнар.

 

Унинг иродаси, шижоатига,

Тенг келмас миллионлаб жонзот тоқати,

Азалдан шарафли, тилларда достон,

Унинг ўз бурчига чин садоқати.

 

Аёл матонати чексиз жумбоқдир,

Гавҳардай асрайди аëллик шаънин.

Меҳнат-машаққатда хор бўлса ҳамки,

Нопокка топтатмас нафис гулшанин.

 

Аёлга қайтадан берилса танлаш,

Шу касбни кўтарар оқилона даст.

Уни кўркам феъли, меҳрининг қўри,

Ўзига хос фазли қилган муқаддас.

****

МУАММО

Шунча яшаб дунёда ҳеч лоқайд бўлолмадим,

Эзгуликка севиндим, ёмонни кўролмадим.

Ибодатга интилиб, зикрсиз юролмайман,

Ҳаётдан завқ олганда шеър ëзмай туролмайман.

 

Гоҳ кечмишга қалбимда қўзғолганда эътироз,

Ёлғонлардан сақланиб, коралайман зум когоз.

Оллоҳ бизни яратиб, рост сўзлашга тил берди,

Фикр учун заковат, иймон учун дил берди.

 

Мен Роббимга бандаман, амри мен учун қонун,

Илҳом берган ҳам Ўзи, машғул қилиб куну тун.

Рост сўзлаган бандалар Ҳақ раҳматин туярмиш,

Шеърга ҳам ёлғон қўшган тили сабаб куярмиш.

 

Тўғри сўзлаб юрганлар раҳматга лойиқ дамда,

Ижодда мавжуд лағвлар Роб раҳмига кушанда.

Ташбеҳга бой шеър ёзсам, мақташар «санъат» дебон,

Аммо ёлғон сўз билан гуноҳга элтар забон.

 

Инсонга ёқай дейман, уяламан Оллоҳдан,

Роббим суяр иш тутсам, танқид келар ҳар ёқдан.

Тўғри-жўн ёзай десам, четланар шеър мароқдан,

Ташбеҳ-ла жонлантирсам, қўрқаман мен Холиқдан.

 

Ойгул мушкул аҳволда Фалак ва Дунё аро,

Бўлинишга йўқ илож, малҳамга муҳтож яро.

 

 

Яндекс.Метрика