ОДИЛ ПОЛВОН ДЕГАН БИР ЖЎМАРД ИНСОН…

 Одилжон Раимжонов (1931-1991)

Сен кетарсан йўқ бўлиб,

Дунёда бор шонинг қолур,

Яхши ишлар айласанг,

Халқ ичра достонинг қолур.

Одил Ўзганий.

 

Одилжон Раимжонов (1931-1991)нинг касби қурувчи эди. Қурилиш ташкилотларида раҳбарлик қилган. Шогирдлари кўп эди. Улар Одил акани ҳурмат билан хотирлайдилар. Одил полвон кураш тушмаган, гавдали эканлигига қараб, ҳамма уни “Одил полвон” деб атаган.

Лекин Одил полвоннинг номини чиқарган нарса унинг адабиётга, санъатга ва маданиятга ошуфталиги бўлди. Раҳматлик катта ихлос ҳамда қизиқиш билан тарихий, классик ва замонавий адабиётлардан иборат шахсий кутубхона ташкил қилган. Ўзи ҳам ҳавасманд ғазалнавис деб тан олинган, Одил Ўзганий тахаллуси билан ижод қилган. Ғазалларини Камолиддин Раҳимов, Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов, Нуриддин Ҳамроқулов каби санъаткорлар куйга солиб, ижро этишган. Ҳозир бу қўшиқлар Ўзбекистон радиосининг “олтин фонд”и орқали бериб турилади.

Ёдимда, у киши 1986 йил Тошкентга борганда, Ўзганлик машҳур аллома, жамоат арбоби Сулаймон Азимовнинг уйига у зотни зиёрат қилишга бордик. Одил ака Сулаймон Азимовни жиззаки, жаҳлдор, қатағон йилларидан кейин одамлар билан суҳбатлашишга майли йўқ, деб эшитган экан. Аммо буни қаранг: улар маданият, тарих, илм ва фалсафа бобида шундай бир дилкаш суҳбат қурдиларки, бир-бирига ҳурмат билан қилган гўзал муомалалари ҳануз ёдимда. Одил ака кейинчалик ҳам Сулаймон отани кўп эслаб, унинг шахсий кутубхонасига ҳавас қилганини айтар эди.

Одил полвон Раимжонов ҳақида ёзувчи Мирзоҳид Мирзараҳимовнинг 1988 йил 1 январда “Ленин йўли” газетасида босилган “Одил полвоннинг икки хазинаси” деб аталган икки қисмли очеркидан парчалар келтирсак:

 Биринчи ҳикоят

…Мевалар ғарқ пишган айни ёз чоғи Одил ака хонадонига киевлик файласуф олим Николай Львович кириб келди.

– Таърифингизни Москвада эшитдим, – деди у ишком остидаги чорпоя қирғоғига омонат қўниб. – Мен излаб юрган нарсани сизда бор, дейишди.

– Олис йўл босиб келибсиз, менда бўлса жоним билан …

Мезбоннинг очиқ чеҳраси, остонада бегона кишини кўриб севиниб кетгани, муомаласидаги шарқона мулозамат ва ўктамликдан меҳмон ҳаяжонланар ва ҳайратланарди.

– Фақат битта узримни олдиндан айтиб қўяй, – деди мезбон чой узатаётиб, – олиб кетишга китоб бермайман.

Меҳмоннинг хўплаган чойи томоғида туриб қолди. Пиёлани дастурхон четига қўйиб, қўлига рўмолча олди. Кўзойнагини узоқ артди.

– Демак, бермайсиз, – деди маъюсланиб. – Балки, мен сўрамоқчи бўлган китоб сизга мутлоқо кераксиздир?

– Мен кераксиз нарсани сақламайман, – деб мийиғида кулди Одил ака.

– Христианларнинг муқаддас китоби «Инжил» сизга нимага керак?

Одил ака тили учида турган «черковга бориш учун эмас, албатта», деган кинояни айтишдан ўзини тийиб, салмоқлаб деди:

– Олам ва одамзотни чуқурроқ билиш ва тушуниш учун. Дарвоқе, ўзларига нечун зарур бўлиб қолди?

– Кечирасиз, – деди меҳмон саволи ноўрин бўлгани, у суҳбатдошига оғир ботганини сезиб. – Менга у илмий ишимда керак. Китобнинг асл баҳосини яхши биламан, агар рози бўлсангиз, Икки юз жилдлик «Жаҳон адабиёти кутубхонаси»га айирбош қилишга тайёрман.

– Ҳимматингиз учун раҳмат. «Жаҳон адабиёти» жуда катта тўлов. Бироқ у ўзимда бор.

– Балки, кутубхонани кўрсак, бошқа таклиф чиқиб қолар.

– Марҳамат!

Меҳмон кўзларида умид учқунлади. Кутубхона остонасидан ҳатлабоқ, лол бўлиб қолди. Кутубхона росмана чор томони ердан шифтгача жавон эди. Жавонлар тўла китоблар. Гап уларнинг сонидами? Олти, борингки, етти мингдир. Наҳот, ҳаммаси нодир нусхалар бўлса? Икки юз томлик «Жаҳон адабиёти кутубхонаси» бир томондаги жавоннинг икки қаторигагина жо бўлганди. Тўрт тарафдан – Ҳомер, Суқрот, Арасту, Софокл, Шекспир, Данте, Сервантес, Маркс, Гейне, Гёте, Хемингуэй, Камю, Байронлар қараб турганга ўхшар, одамни уларнинг сир ва салобати босарди. Рус тарихи, маданияти ва маънавиятининг буюк билимдонлари – Толстой, Достоевский, Некрасов, Куприн, Есенин, Горький, Шолоховларнинг тўла асарлари нашри бир томонда нурланиб, кўзни оларди.

Николай Львовичнинг кутубхонаси ҳам ўзига яраша. Қолаверса, у бундан каттароқ кутубхоналарни ҳам кўп кўрган, бироқ, бу қадар жамланган хазинага дуч келмаганди. Кутубхонанинг яна бир афзаллиги – тиллар ранг-баранглигида. Кўпи рус ва ўзбек тилида, қирғиз адибларининг оригинал асарлари, араб ва лотин тилидаги нодир нусхалар ҳам бор. Бу томонда шарқ файласуфлари, Беруний, Қашғарий Навоий, асарларининг тўла жилдлари. Ибн Синонинг беш томлик русча ва ўзбекча нашрлари. Фирдавсийнинг «Шоҳномаси». Фаробий, Улуғбек рисолалари, Югнакий, Лутфий, Жомий, Фузулий ғазаллари, Умар Ҳайём, Паҳлавон Маҳмуд, …

Тарих, этнографияга оид ҳужжатли ва бадиий адабиётлар яна алоҳида. 12 томлик «Улуғ Ватан уруши», «Бобурнома», «Ҳиндистон тарихи», Нерунинг уч томлиги, «Нюрнберг процесси», «Афғонистон тарихи», яқинда нашрдан чиққан Эдвард Поссоннинг Вашингтондан то Рейгангача ўтган қирқ президентнинг ижтимоий келиб чиқишлари хақида китоби…

Николай Львович бирдан кўзлари ёниб кетди. Мана у қўпдан орзу қилган, интиқлик ва орзиқиш билан олисдан излаб келган «Инжил»! 1876 йилги Санкт-Петербург нашрининг худди ўзи! Ёнида изоҳли луғатлари. Мунча мукаммал бўлмаса, бу кутубхона!

Профессор китобни олишдан умиди узилгач, бир неча кун шу хонадонда қолиб, ишлади. Қўй сўйилди, меҳмон елкасига тўн ёпилди.

– Бу яна нимаси? – хижолат бўлди у. – Мен ахир бунча қарзни қачон, қандай узаман?!

– Бизга меҳмон отангдан улуғ деб таълим беришган, – деди унга жавобан Одил полвон. – Шу удумга амал қилсам, китобни икки қўллаб тутишим лозим. Бироқ китобни бермай, эл одатини буздим. Буни тўғри тушунинг, мен хасис эмасман. Агар пулни яхши кўрганимда, китобларни ким ошди қилиб сота бошлаганимда бу кутубхона бўлмасди, сиз балки дунёда Ўзган деган шаҳар борлигини, унда Одил полвон деган одам яшашини билмасдингиз, бу ерларга мени сўроқлаб келмасдингиз. Энди қарз масаласига келсак, мен сизни йўқлаб боришга қарздорман…

Иккинчи ҳикоят

Ёзувчи Худойберди Тўхтабоев шундай ҳикоя қилади:

“Эркин Воҳидов дунё кезиб, одам таниган шоир. Кўплаб давлат ва сиёсат арбоблари, фан ва адабиёт алломалари билан ҳамсуҳбат бўлган. Бироқ, кейинги маҳалда унинг тилидан Одил ака тушмай қолди. Бирор нодир китобни сўрасангиз:

– Ўзганга борасиз, – дейди у. – Одил акадан топасиз.

Бошқа бир даврада давр шиддати, вақт етишмаётгани ёки одамгарчилик ҳақида сўз кетса, яна Одил ака тилга олинади.

Бир куни Эркин телефон қилди.

– Тез келинг, Ўзгандан Одил ака келиб қолдилар.

Бир кўрай-чи, деб етиб бордим. Аксарият асарларда салбий тип сифатида таърифланадиган бақалоқ, бўйни йўғон, елкаси чиққан, қориндор бир одам тўрда ўтирибди. Эркиннинг оғзи қулоғида. Суҳбат давомида мавзу чуқурлашган сари менинг ҳам аста-секин дилим ёришиб, қаршимда ҳаваскор шоир эмас, дунё илмидан бохабар, билимдон ҳамсуҳбат ўтирганини ҳис эта бошладим. Хайрлашув чоғида эса у кўзларимга шундай чиройли кўриниб кетдики, энди кўрмасам соғинадиган бўлиб қолдим.

Ҳавас ва ихлосни қарангки, шаҳарнинг қоқ ўртасидаги қўп қаватли уйда яшаймиз, Эркин иккаламиз бошимизни минг тешикка уриб, иккитагина қўй боқдик. Эндиги бутун қувончимиз ҳам, ташвишимиз ҳам шу қўйлар…”

Уларнинг қўй боқиши бежиз эмас. Худойберди ака «Ёш куч» журналида эълон қилинган Одилжон Ўзганийнинг ғазалларига сўз бошисида шоирнинг етти фазилатини бирма-бир санайди. Улардан бири, аввало ўзининг меҳнаткашлиги, қолаверса, оилада меҳнат тарбиясини тўғри ва оқилона ташкил этганлиги, деб таърифлайди. Унинг асли касби қурувчи. 34 йилдан буён одамларга уй қуради. Бир неча йиллар оддий қурувчи, бригадир, мастер, прораб бўлиб ишлади. Раҳбарлик лавозимига ўтганига ҳам йигирма йилдан ошиб кетди. Бу орада унинг бошчилигида қанчадан-қанча бола боқчалари, мактаблар, шифохоналар қад кўтарди. Шу сўнгги бир йилда у бошлиқ ремонт-қурилиш бошқармаси қурувчилари фақат чўпонлар учун элликка яқин уй қурдилар.

“У қурувчиликда қанча шуҳрат қозонган бўлса, уста чорвадор сифатида ҳам шунча донг таратган. – деб давом эттирган эди Худойберди Тўхтабоев. – Ҳамиша меҳмон бўлиб, файзиёб бу хонадонда ҳеч қачон йигирматадан кам қўй боқилганнини билмайман. Қўй бўлганда ҳам, ҳар бири икки қулочдан келадиган ҳисори қўйлар. Улар семирганда 80-100 килога етади. Шундагина коопторгга сотилади. Фойдасига китоб олинади.

… ажойиб инсон Одилжон Райимжонов шаҳарма-шаҳар, юртма-юрт кезиб, сара китоблардан бунёд этган кутубхона эшиги ҳамма учун очиқ. Лекин, бу муборак остонага китоб оламан, деб эмас, билим оламан, деб қадам қўйинг. Барибир, у ҳеч кимга китоб бермайди, лекин, китоб излаб келган кишини бошига кўтаради. Бу хазина яна кўп дурдоналар билан бойийди, у халқимизга ҳали кўп ҳизмат қилади, минг-минглаб кишилар онгида, қалбида чироқ ёқади…”

 

Албатта, бугун ўсиб келаётган авлоднинг бадиий китобга муносабати талабга жавоб бермайди. Бироқ, улар, О.Раимжонов каби адабиёт ихлосмандларини билиб қўйса фойдадан холи бўлмайди. О.Раимжонов, айниқса, Сулаймон Азимовнинг, кўп йиллар республика миқёсидаги инглиз тили бўйича аспирантура бўлимининг мудираси бўлиб ишлаб, фахрий дам олишга чиққан Холида Муҳитдинованинг бизни кутиб олишдаги, кузатишдаги самимийлигини ҳавас билан тилга оларди. О.Раимжонов мамлакатнинг раҳбарлари, сиёсатчилар билан бирга, қўшни республикаларнинг зиёлиларининг вакиллари билан ҳам дўстона муносабатда ва ижодий боғланишларда бўлган. Қирғизистон Республикасининг афсонавий парламентининг депутати бўлган. Аёли Холдарова Азизахон билан икки ўғил ва тўрт қизни тарбиялаб вояга етказганлар.

Афсуски, Одил полвон бир умр йиққан шундай беназир кутубхона 1990 йилда Ўзганда бўлган қонли воқеалар алангаси домига тортилди. Нурга, маърифат зиёсига душман бўлган ваҳший оломон бу кутубхонага ўт қўйди, куйиб кул бўлмаган биро китоб қолмади. Аммо 24 аср аввал Артемида ибодатхонасига ўт қўйган Ҳеростратдан бир фарқи шуки, тарих саҳифаларида бу – ХХ аср Ҳеростратларининг эмас, бир умр ишлаб, ҳалол пулига китоб сотиб олиб бебаҳо кутубхона барпо этган Одил полвон Раимжоновнинг номи қолди…

Одил ака Раимжоновнинг фарзандлари ҳам асосан ота касбини танлашди. Баъзилари маориф-мактаб соҳасида ишлаган бўлса, бошқалари тадбиркорлик билан эл корига яраб, чиройли турмуш кечириб келишяпти.

Илҳомжон Абулқосимов

Яндекс.Метрика