ОБИҲАЁТ ТОМИРЛАРИ 28-СУҲБАТ

Ўш шаҳри ва унинг атрофларидаги аҳоли масканларининг тарихи ҳақида гап кетар экан, бу жойларда ҳаёт барқ уришининг биринчи шарти бўлган сув йўлларига тўхталиб ўтиш жоиз. Масалан, Оқбура дарёси йиллар ва асрлар давомида ўзанидаги тупроқ ва тошларни ювиб, қуйига оқизиши натижасида сатҳи пасайиб борган экан, шаҳар аҳолиси дастлаб ўз масканларини сув келиши учун қулайроқ бўлган жойларга кўчиришга мажбур бўлади, кейинчалик эса дарёнинг юқори қисмидан катта-кичик каналлар қазиб, шаҳар ичини сув билан таъминлашга уриниши табиий.

Икки-уч минг йил аввалги шаҳарнинг ўрни, унинг сув билан таъминланиши масаласини археологлар зиммасига қолдириб, сўнгги ўн асрда Ўшликлар қазган бир неча канал хусусида тўхталсак.

Кўча, анҳор ва ариқлар номининг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш – тарих илми соҳасида мушкул бир вазифа. Аммо айнан шу ишни уддалабгина шаҳарнинг тарихини тиклаш мумкин. Бинобарин, узрхоҳлик тариқасида айтишимиз лозимки, ҳозирча Ўшдаги Увом, Мўян каби қадимги каналларнинг номи нимани англатади, улар Оқбура дарёсининг маснадидан қачон қазиб чиқарилган, ҳозирча буни аниқлаш имкони бўлмади (“увом” ёки “увам” сўзи хитой тилида “тезоқар” маъносини беради, деган биргина тахминга дуч келдик, холос. Бу тахмин чин бўлиши ҳам мумкин, чунки “увам”га лафздош бўлган Тошкент вилоятидаги Угам дарёси ҳам жуда тез оқади). Умид шуки, жонажон шаҳримизнинг тарихи ва тақдирига бефарқ бўлмаган кишилар бу масалаларга келажакда ойдинлик киритишади. Аммо мазкур каналлар борасида бир нарса аниқ: уларнинг қазилганига минг йилдан ошган. Бунга эса шаҳарнинг шимоли-шарқ тарафида жойлашган кўҳна Бувалашкар қабристони ва ундаги ҳозир вайрон бўлиб кетган бир-икки мақбара асос бўладики, бу масалага кейинроқ алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Ибн Хўрдодбеҳнинг тўққизинчи аср ўрталарида битилган “Китоби масолик ал-мамолик” асаридан тортиб ўн олтинчи аср бошларида бу ҳақда ёзган Бобурга қадар барча географлар Ўшнинг шаҳристони ва қўрғони тоғнинг шимолий томонида эканидан хабар берадилар. Уни сув билан таъминлаш учун қазиб келтирилган анҳорни Бобур “улуғ шаҳжўй”, ҳозирги тил билан ифодаласак, катта канал деб атайди. Бобур тасвирига кўра, бу шаҳжўй тоғнинг шимолий этагини ёқалаб, ғарб томонга оқиб ўтган ва унинг пастида масжиди Жавзо деб аталган масжид бўлган. Эътибор қилсак, бу масжид, бир пайтлар ўлкашунослик музейига айлантирилган Жомеъ масжиди ўрнида бўлгани, Бобур айтган “улуғ шаҳжўй” эса анча кичрайиб, ҳозирда фақат ўрни қолган Жаннатариқ эканини пайқаймиз. Ҳолбуки, ўтган асрнинг етмишинчи йилларига қадар ҳам Жаннатариқ каттагина анҳор бўлиб, у қирғоғидан бу қирғоғига хийла наридаги кўприклар орқалигина ўтиб олиш мумкин эди.

Ўшлик кексаларнинг айтишларича, Жаннатариқнинг асл номи Кўдахона экан. Кўдахона деган сўз негизига диққат қилсак, унинг “кўҳ+даҳона” деган икки сўздан ташкил топганини кўрамиз. Сўғд тилида “кўҳ” – тоғ дегани бўлса, Ўшда ҳозир ҳам ариқ ё жўяк боши “даҳана” деб аталади. Демак, Кўдахона – кўҳдаҳона, яъни “тоғ + ариқ”дир. Жаннатариқнинг яна бир номи Кўҳикон бўлиб, “кўҳ” – тоғ, “кон” – эса кандан, яъни кавламоқни билдирадики, бу ушбу каналнинг тоғ этагидан қазиб очилган сув йўли эканлигини кўрсатади.

Жаннатариқнинг қачон барпо этилгани маълум эмас. Ҳар ҳолда, қадимги Ўшнинг шаҳристони ва қўрғони тоққа туташган ҳолда қурилганини эсга олсак, уларга сув бериш учун у бошқа барча ариқлардан аввалроқ, тоғнинг нақ этагидан олиб ўтилган ва улкан анҳор бўлган. Шу жиҳатдан, Жаннатариқ Ўшдаги бизга маълум бўлган дастлабки сунъий суғориш обидаси эканини эътироф этиш керак. Орадан бир неча аср ўтгач, Ўш кенгайиб, қўрғонга сиғмай, Бобур айтган “маҳаллот”лар кўпайгач, Жаннатариққа ёндош равишда иккинчи канал ҳам ўтказилди ва у Жаннатариқнинг пастида бўлгани сабабли Жўйи паст (Пастки ариқ) деб аталди. Бу канал Ўш шаҳри аҳолисини сув билан таъминлабгина қолмай, унинг теварагидаги экин-тикинни суғоришга ҳам хизмат қилар эди.

Жўпас ариғининг номи пастки ариқ экани маълум бўлгани ҳолда, ундан юқорида оқувчи анҳор нима сабабдан Жаннат ариғи деб аталганига тўхталиб ўтсак. Бобур бу сув йўлининг номини билмагани ёки унутгани боис, эсдаликларида уни “улуғ шаҳжўй” деб атаган. Жаннатариқ сувининг тотлилиги боис шундай номланган бўлиши даргумон. Чунки у димланиб, секин оққан, ундан қуйидаги Жўпас анҳори эса, нишаби яхши бўлгани сабабли тез оқар, суви Жаннатариққа қараганда муздек ва оромбахшроқ, яъни Жаннатариқ номига муносиброқдек эди. Чамаси, тоғнинг шундоқ этагидан айланиб оқувчи мазкур канал нисбатан кейинроқ, теварак-атрофдан Ўшга, хусусан, Сулаймон тоғига зиёратга келувчиларнинг ихлосини янада орттириш мақсадида шундай деб аталган бўлиши мумкин. Зеро зиёратчиларни кутиб олиб, уларга бу қадамжонинг улуғлигини уқтирувчи шайхлар мазкур ариқ суви тоғнинг этагига ўтиб, тўппа-тўғри жаннатга кириб кетади, шунинг учун бу ариқ Жаннат ариғи, деб ҳам уқтиришар эди…

Оқбура дарёсининг ўнг томони – шарқий қирғоғидаги каналлар ҳам қадимий. Улардан бири Увом, яна бири Мўян деб аталади. Улар ҳам Жаннатариқ ва Жўпас ариғи сингари, бир-бирига параллел равишда ковланган. Бу ариқ номларининг қандай келиб чиққани ёки қайси тилдан кириб келгани маълум эмас. Шунинг ўзи ҳам улар камида минг йил муқаддам қазилганини кўрсатади.

Дарёнинг шарқий қирғоғида Ювош ариғи ҳам бор, у ҳам эски замонлардан қолган бир обида. Гап шундаки, Ювошариқ деган сўзни эшитган одамнинг хаёлига сокин оқувчи ариқ келади. Эҳтимол, шу номдаги ариқларда сув димланиб оқар. Ёинки, сув тошқинларидан юрак олдириб қўйган одамлар яхши ният, тилак сифатида, ирим қилиб, Ювош деб ном қўйгандир бундай анҳорларга. Аммо шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, Ювошариқ – туркий халқлар яшайдиган кўп жойларда бор. Улардан айримларини Ювош хон деган ҳукмдор қаздирган, бошқа бири бўйида ювош деган туркий уруғ вакиллари истиқомат қилган, дейилади манбаларда. Бизнингча, Ўшдаги Ювош ариғи ювош уруғига алоқадор бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Қурбонжон додхоҳнинг фоторасмлари биринчи бор И.П. Ювачёвнинг китобида чоп этилганини эсга олсак, мазкур анҳор айнан ана ўша Ювачёвнинг маблағи ҳисобидан қазилиб, халқ тилида Ювачёв ариғи деб аталгани ва талаффузда Ювошариқ бўлиб кетгани ҳам эҳтимол. Бу каби фаразларнинг ҳеч бирини эътиборсиз қолдирмаслик керак.

Биз ҳозир мазкур тўрт-беш канални қисқача равишда тилга олиб ўтдик. Аммо асосий сув манбаи бўлган, ҳар баҳор ва ёз ойларида ваҳшат солиб ўкирган Оқбура дарёсига сепоя ташлаш, тоғ дарёсининг баданни қақшатадиган муздек суви ичига кириб, бу сепояларнинг ўртасига ёстиқдек-ёстиқдек тошларни кўтариб олиб келиб жойлаштириш нақадар азобли экани маълум. Қадимда мироб ва сепоячи деган касб эгалари ана шундай машаққатли ва соғлиқни издан чиқарадиган иш билан шуғулланишга мажбур бўлишган. Ўш тарихини синчиклаб ўрганган, шаҳримизнинг юз-юз эллик йиллик ўтмиши ҳақида одамлар оғзида юрган нақлларни эринмай тўплаган муаллим Одилжон Раҳимовнинг қайд этишича, мироблар, энг аввало, сепоячилар бўлишган, чунки асов Оқбура дарёси сувини каналларга буриш ва уни мутаносиб тақсимлаш унча-мунча одамнинг қўлидан келмаган.

Бугина эмас. Ана шу сепояларнинг олд томонига дарахт шохлари, маккажўхори пояси сингари нарсалар қўйилиб, устига тош бостирилгандан кейингина сув ўз йўналишини ўзгартириб, янги канал сари бурилади. Сепоя олдига қўйиладиган ана шу шох-шабба, экин поялари халқ тилида “ўлик” деб аталади. Нимага бундай? Сабаби шундаки, одамзот табиатнинг асов кучлари қаршисида ожиз бўлган пайтда хурофотга берилади. Қурбонликлар қилади. Бу қурбонликларнинг энг асосийси ҳозиргидай мол-қўй эмас, қадимги замонларда одам бўлган. Ҳамма ёқни ямлаб, ўз йўлида тўхтамай пишқириб оқаётган сувга Тўхтасин, Тўхтавой, Қурбонали ва ҳоказо исмли одамлар тутиб босилган ҳам (гўё бундай исмлар маъносини англаган стихия шундан сўнг шаштидан тушадигандай), кейинчалик эса, гўё табиат стихиясини алдаш учун, сувга босилган шох-шаббалар ҳам “ўлик” деб атала бошлаган…

Ўшда ХХ аср бошларида ўттизга яқин канал бўлган. Ўшликлар уларни оддий қилиб, “ариқ” деб аташган. Мана, уларнинг тўлиқ бўлмаган рўйхати:

 

Жаннатариқ, Жўпасариқ, Тариқчи, Мўян ариқ, Олтибойариқ, Ишкавонариқ, Оталиқ ариғи, Қайирма, Алимтепаариқ, Кўчканонариқ, Жункуйди, Хононариқ, Кўкиметариқ, Жимариқ, Такаликариқ, Чимпоёнариқ, Қоронғуликариқ, Қорағўна, Хўжалар ариғи, Мойлибойсўфи ариғи, Кўйиконариқ, Гандаариқ, Янгиариқ, Нурдорариқ, Оқтепаариқ.

 

Биз Ўш ариқ ва каналларининг мазкур рўйхатини А.Захарованинг 1997 йилда нашр этилган “Ўш шаҳрининг тарихий-меъморий ёдгорликлари” (“Историко-архитектурные памятники города Ош”) деган китобидан олдик. Бироқ баъзи ариқлар унга кирмаган, шу билан бирга, айрим номлар бизда иштибоҳ ҳам ўйғотди. Масалан, “Нурдор ариқ” деган сув йўли қаерда бўлса экан? Эҳтимол, Ўш шаҳри билан Ўш аэропорти ўртасидаги, бир пайтлар Сталин номидаги (кейиноқ Ленин) колхоз маркази бўлган, аммо тил қотиб қолгани сабабли одамлар то ҳануз Сталин деб атайдиган, фақат ХХ асрнинг охирига келиб “Нурдар” деб беўхшов номланган қишлоқдаги канал айтилаётгандир? “Кўкиметариқ” дегани эса бир маҳаллар давлат томонидан очилган сув йўли бўлиб, одалар уни ҳукумат қаздиргани учун “Ҳукуматариқ” (Кўкиметариқ) деб аташгандир? “Гандаариқ”ни эса “Кандаариқ” десак, тўғрироқ бўлади, албатта.

Шуниси аниқки, одам боласи бирон жойда яшаши, истиқомат қилиши учун иморат-бошпанадан ҳам аввал сув керак. Шунинг учун ҳам бани башар ё сув ёқасида ўзи учун макон қуради, ё бўлмаса, ўзи яшаш учун танлаган жойга даставвал ариқ қазиб сув олиб келади. Шунинг учун ариқлар, каналлар, одатда, аҳоли манзилгоҳларидан ҳам қадимийроқ бўлади. Сув йўлларининг номи бизга қадимги, олис мозийдан нақл айтади. Мана, Тариқчи ариғини олинг ёки Олтибойариқни. Тариқ экувчи деҳқонлар очган сув йўлимикин у, ё бўлмаса, ким бўлган экан обиҳаёт етаклаб келган Олтибой исмли одам? Қачон яшаган бўлсайкин? Оталиқ эса хоннинг маслаҳат сўрайдиган одами, катта амалдор бўлган. Ариқ очирган савобталаб оталиқ ҳақида ўйлайсан, хаёлан у кишиларни тасаввур этишга уринасан киши. Ёки яна жумбоқ: Кўчканонариқ дегани не бўлса экан? Кўчканон ўзи нима маънони беради? Кўҳиканон – Кўчканон бўлиб кетгандир бизнинг жайдари туркона талаффузимизда? Яна, Мойлибой исмли сўфи қаздирган сув йўли-чи? Ким у?

Биз шу ариқлардан сув ичиб, бола кезларимизда чўмилиб улғайганмиз. Очиғи, бизга бу меҳрибонликларни қилиб кетган, ҳали-ҳануз бино қилган ариқ-наҳрлари шарофати билан руҳониятларига савоб ёғилиб турган аждодларимиздан анчагина йироқлашиб қолганимиз ҳам рост. Аммо биламизки, улар бизнинг ҳамшаҳарларимиз, ота-боболаримиз бўлишган. Бу ариқ-каналларнинг ҳар бири – улар бизга қолдирган бебаҳо мерос.

Ўзбек халқининг бутун тарихини сув учун кураш тарихи, канал ва ариқлар қазиб, қақроқ ерларга обиҳаёт келтириш тарихи, деса бўлади. Биз ХХ асрнинг ўрталарида Катта Фарғона канали қурилганини, унда 170 минг киши қатнашиб, 45 кунда 160 километрли улкан канал қазилганини кўп таъкидлаймиз. Қорадарёдан чиқарилган Шаҳрихонсойни, Катта Фарғона каналидан сўнг ишга туширилган Жанубий Фарғона ва Шимолий Фарғона каналларини эсга оламиз. Аммо ўзимизнинг Ўшдаги мозий қаърида қолиб кетган Жаннатариқ ва Жўйипастни, Увом, Мўян ва Ювош ариқлар тарихини деярли билмаймиз. Уларнинг ҳар бирида ўтган асрнинг олтмишинчи йилларига қадар ўнлаб тегирмон, мойжувоз ва обжувозлар бўлар, айримлари йўлига кичикроқ ГЭСлар ҳам қурилган, маҳалла-кўйларимиздаги уйлар шундан чароғон эди. Шундай катта каналларни фақат кетмон ва белкурак билан ковлаб, сув олиб келиб, бунинг натижасида Ўшдай шаҳарни обод ва фаровон қилган неча ўнлаб авлодга мансуб минг-минг одамларни эсламаймиз ҳам, уларнинг қони ва тери билан барпо бўлган жаннатий ариқларни бугун ифлослантириб, балчиқ ва ахлат билан тўлдириб, бепарво яшаб юрибмиз…

Ҳар йили эрта баҳорда Ўш бозори ўртасида, Оқбура дарёсининг суви устида бир неча кун баланд қирғоқ ёнларида минг-минглаб қушлар чарх уриб учишлари, одамлар “Ана, қушлар бозори бўляпти”, деб томоша қилишлари ёдимизда. Зеро у маҳаллар инсон ҳали табиатга қурт-қуш қирилиб кетадиган даражада зулм ўтказмас, унинг устидан ҳукмфармолик қилмас, табиат бағрида табиат фарзанди бўлиб яшаб кун ўтказар эди.

Оқбура – Ўшнинг, Ўшликларнинг она дарёси. Ҳар бир Ўш мардуми шу сой сувини ичиб улғайган. Сувини ичиб улғайган, дейиш камлик қилади. Чунки Оқбура Ўш элига фақат сув берган эмас. Ўтган асрнинг эллигинчи-олтмишинчи йилларида Жийдалик маҳалласи этагидаги йўл билан сойга тушиб борсангиз, ҳар куни бир неча катта экскаватор шағал қазиб чиқараётганини, юзлаб самосвал машиналар уни завод ва комбинатлар қурилишига, бетон тайёрлайдиган уйсозлик комбинатларига, шаҳар маҳаллаларидаги қурилаётган уйлар томон ташиб етказаётганини кўрар эдингиз. Ҳозир деярли ҳар биримизнинг уйимиз пойдеворида ҳам Оқбуранинг тошлари қаланиб ётибди. Шундай экан, улкан қадрият бўлган бу она дарёни бугунгидай ахлат ташланадиган сассиқ бир анҳор мақомига туширмаслик, ўзимизникилар ҳам, хориждан келган меҳмонлар ҳам кўрса ҳавас қиладиган, зилол сувлари шарқираб оқиб турадиган қадим Оқбурага яна айлантириш чорасини кўриш, барча сувни каналларга ноинсофларча ола бермай, асл ўзанига ҳам қўйиш учун бизга ҳозирча маънавий ирода етишмайроқ турибди. Ҳолбуки, бунинг шаҳар ободончилиги учун аҳамияти катта, маънавий, экологик ва санитарик жиҳатдан нафи ҳам қуруқ иқтисодий фойдахўрликдан чандон афзал.

 

Азиз дўстлар!

 Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.

Яндекс.Метрика