ОҲАНГЛАР ОҒУШИДА ЎТГАН УМРНИНГ ФАЙЗИ

    Ўзбек мусиқа санъати ривожига катта ҳисса қўшган таниқли композитор, моҳир созанда, устоз мураббий Лутфуллохон Хўжаевнинг номи, унинг басталаган мукаммал ва серкўлам мусиқий асарлари нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Осиё давлатларида ҳам кенг танилган. Композитор мусиқий асарлари, улардаги мазмун моҳият, анъана ва замон руҳиятининг акс этганлиги, инсоният камолоти учун зарур бўлган омилларни ўзида мужассам этганлиги билан характерланади. Миллий мусиқа меросимизга мурожаат этиб, ғижжакда «Жоним фидо», «Кел», «Боғ кўча», «Келмади», «Канчалар», «Карвон келди» каби қўшиқлар чиқарган. Ўзбекистон халқ ҳофизи Фаттоҳхон Мамадалиев репертуаридаги аксар қўшиқлар мусиқасини Лутфуллохон Хўжаев басталган. Ўш ўзбек мусиқали драма театрида бир қатор комедия ва драмаларга мусиқа ёзиб, томошабинлар эътиборини қозонган Лутфуллохон Хўжаев таниқли бастакор ва моҳир созанда, ўзбек мусиқа маданиятининг толмас тарғиботчиси, Ўш ўзбек мусиқали драма театри ривожига беқиёс ҳисса қўшган санъаткор эди.

ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИ

Лутфуллохон Хўжаев 1909 Андижонда туғилган. Отаси Муҳаммадхон эшон зиёли киши бўлиб, икки ўғил ва бир қизи бор эди. Лутфуллохон 9 ёшида онасидан айрилади. Зеҳни ўткир бу камсухан бола чолғу асбобларига қизиқарди. Ўзи тут ёғочидан аввал тор, кейин ғижжак ясайди. Буни кўрган отаси Муҳаммадхон эшон аввалига буни қаттиқ тақиқлади. Аммо боладаги интилишни, қизиқишни кўриб мусиқа билан шуғулланишга рухсат беради. 15 ёшидаёқ ғижжак чалишни ўрганиб олган укасини кўриб, акаси Холидхон уни мусиқа билим юртига ўқишга олиб боради. 21 ёшигача мусиқа санъатини синчиклаб ўрганган Лутфуллохон Андижон драма театрига ишга киради. У ерда тезда эътиборга тушади.

Лутфуллохон тақдир тақозоси билан 1930 йилнинг ёзида Ўшга кўчиб келади. «Откечик», «Ёрбоши» маҳаллалари кесишган жойдан (Икки қаватли эски «Олай» меҳмонхонасининг орқасида) ҳовли олиб, истиқомат қила бошлайди. Ўш ўзбек театрида ишлайди.

Театр тез-тез гастролларга чиқар эди. Янги санъат кадрлари кўпаяди. Булардан қўшнайчи Зиёмиддин Шокиров, ғижжакчи Ураимжон ака, ғижжакчи Жўравой Ўринов, Жўрахон ака найчи, Раҳимжон доирачи ва аккордеончилар бир талай эди. Актриса ва хонанда Тожихон Ҳасанова, раққоса Розияхон Мўминова, актриса ва хонандалар Рисолатхон Ўринова, Ширмонхон ая, Турсунхон Солиева, Лайлихон Моидова, Тўпахон Шокирова, Саримсоқ Каримовлар билан театр фахрланса арзийдиган янги спектаклллар сахналаштирилади, жумладан «Тоҳир ва Зуҳра», «Фаҳход ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Алпомиш», «Гулсара», «Нурхон» каби спектакллар саҳналаштирилган. Уларни мусиқалаштиришда Лутфуллохоннинг хизматлари алоҳида ўрин тутган. У саҳна асарларининг куйини такомиллаштирар, янги куйлар басталар эди.

Ўшда, халқ орасида Лутфуллохоннинг обрў-эътибори ортиб борди. Тўй-ҳашам, зиёфатлар Лутфуллохоннинг ғижжак нолалари билан файзли бўлар эди. Моҳир созанда Ўшда жуда кўп дўстлар ортирди.

1931-33 йилларда Ленинграддаги консерваторияга ўқишга кириб дирижёрлик факультетини тамомлайди. 1933 йилда яна Ўшга қайтиб, янги ғайрат билан иш бошлайди. Театр жамоаси турли шаҳарлар ва қардош республикаларга гастролларга борар, одамлар уларни жуда илиқ кутиб олишарди. Спектаклларда одамлар доим гавжум, хуллас, театр гуллаб-яшнаган давр эди. 1935 йили Лутфуллохон Ўшда бой Каримжон ҳожининг қизи, Ҳотам қорининг синглисига уйланади. 1936 йили қизлик бўлади. Ғижжак чалиб ўтириб, «Илтижо қилдим Ўзингга, раббано, додимга ет» деб хиргойи қилиб ўтириб, топдим, қизимнинг исмини Илтижо қўяман, деб кўзига ёш олган экан. Энг бахтли кунлари шу бўлса керак.

Лутфуллохон кўп марта Тошкентга таклиф этилади. Йўлдош Охунбобоев эътиборига тушиб, унинг яқин дўстига айланади. Ўша вақтдаги ҳукумат бошлиқлари билан яқин бўлади. Ўшга, қурултойга таклиф этилган Файзулла Хужаевни вокзалда Лутфулло Хужаев ўз ансамбли билан чиқиб, гимн чалиб кутиб олишган. Файзулла Хўжаев 1937 йилда репрессияга учраб, халқ душмани деб қамалгандан кейин у билан алоқада бўлган ҳамма жавобгарликка тортилган.

 

МАҲКУМЛИКДА САЙРАГАН СОЗ

 

1936 йилда бошланган қатағон ўз нохақлиги ва вахшийлиги билан тарихда қолган. Келажаги бор, зиёли кишиларни таъқиб қилиш, ҳар қадамда ҳибсга олиш авжга чиқади. 1937 йилда навбат Лутфуллохон Хўжаевга ҳам етади. Қамоққа олинадиган куни Лутфулло Хўжаев ишдан эртароқ қайтади. Божаси Арабжон кандолатфуруш, дўсти ва қайноғаси Хотам қориларга уйда қўлбола палов қилиб бермоқчи бўлади. Ош тайёр бўлиб, дамланган пайтда милиционер Бўронбоев чақириб келиб, бўлимга учраб қўяр экансиз дейди. Ош дам егунча қайтиб келаман деб, милиционер билан чиқиб кетади.

Қабулхонада навбат кутиб ўтирганда Бўронбоев икки марта келиб эшикни кўрсатиб, қочиб кетинг деган ишорани қилади. Аммо Хўжаев, ҳеч қандай айбим бўлмаса, нега қочаман, деган фикр билан ўтираверган. Орадан бирор соат ўтгач яна чиқиб, ака халиям ўтирибсизми, эҳ, қисмат экан-да, деб ички ишлар ходими Кармушиннинг қабулига олиб кириб кетади. Ош дам егунча қайтаман, деган одам шу кетганича 17 йил сарсон-саргардонлик, ўлим билан юзма-юз бўлиш, маҳбуслик азоблари, сургун машаққатларига дуч келади. Нохақлик, адолатсизликдан эзилади. Фақат ғижжагини олишга, 17 йил бағрига босиб юришига рухсат бўлади. Красноярск, Новосибирск, Норильскда маҳбус бўлиб юрганда қачон қўли бўшаса, ғижжагини чалар, йиғлар экан. Зулм шу даражага етадики, маҳбусларни ўлдиришга ҳатто ўқ сарфлагиси келмай, музлаган денгизга чўктиришар экан. Лутфуллохонни ҳам шу ерга олиб боришганда, охирги марта ғижжагимни чалиб олай деб, рухсат олиб чалибди. Мусиқа таъсирига тушган конвойлар, Лутфуллохонни чўктирмай қайтиб олиб келишибди. Мусиқа сабаб омон қолган экан.

1947 йили, яъни 10 йилдан кейин қамоқдан озод қилинади. Яна Киров номли театрга ишга қайтади. Орадан 10 ой ўтгач, қайта қамалади. «Сизларни эрта чиқариб юборишибди» деб, умрбод Сибирга, бу сафар Новосибирск шахрининг Михайловка қишлоғига сургун қилинади. 1947 йилдан то 1954 йилгача Михайловкада изғирин совукларда сургунда юради. Сталин вафотидан ва Берия отилгандан кейингина сургундагилар озод қилинади. Кейинчалик репрессия жабрланувчилари қатори оқланади.

Шунча йил сургундан қайтган Лутфуллохон қайтиб театрга ишга кирмайди. Ёш авлоддни тарбиялаб, мусиқадан дарс беришни кўнглига тугади. 1956 йили оиласи билан Андижонга кўчиб ўтади.У ерда мусиқавий тўгараклар очади. Шогирдлари Мирзажон ҳофиз, Ғуломжон ашулачи, Муҳаммаджон аккордеончини элга танитади. Тинмай куй басталаб, Ўшлик ёш истеъдод эгалари Неъматжон Неъматов, Толибжон Бадинов, Ёрқиной Ҳотамоваларга санъат сирларини ўргатган.

Тошкентга борганда яқин дўсти Маъмуржон Узоқовга учрамай қайтмасди. Улар ашулаларни куйга солишар, меъёрига етказишарди. Коммуна Исмоилова, Берта Давидовалар Лутфуллохонни жуда ҳурмат қилишар эди. Аммо басталаган куйларига муаллиф номини ёзишга келганда, маҳкумнинг турмада ётиб чиққанлиги панд берарди. Шу сабаб Лутфуллохон басталаган куйлар ўзгалар номидан элга тараган. Лутфуллохон бу нарсага бефарқ эди, чунки ном чиқариш мақсади бўлмаган. У қилган меҳнатлари эвазига оиласига Ўшдан ховли-жой олиб берди, ягона қизи Илтижохонни Андижон тиббиёт институтида ўқитди, набираларига тўйлар қилди. Хуллас, армонлари ушалган. Қандай шароит бўлмасин, мусиқага бўлган муҳаббати сўнмаган. Ҳаётидаги энг унутилмас лаҳзалари – басталаган куйларини ашула қилиб, биринчи навбатда қизига айтиб берар экан.

Лутфуллохон Хўжаев басталаган куй-қўшиқлар Тошкент радиосининг олтин фондидан ўрин олган.

Лутфуллохон Хўжаевнинг шогирдлари кўп бўлган, чунончи, Зиёмиддин Шокиров ва у кишининг ўғли Муҳаммаджон Гармон, Раҳимжон ака (у аккордеон чалиш устаси булган), Жўрабой Йўлдошев ғижжакчи ва унинг ўғли – аввал аккордеон, кейин ғижжак, скрипка устаси бўлган Турсунбой Жўраев. Айнан шу шогирдига Лутфуллохон ака 17 йил сургунда олиб юрган ғижжагини “Менинг ҳунаримни давом эттиринг”, деб совға қилган. Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли созандаси Турсунбой Жўраев шу ғижжакни кўз қорачиғидай сақлаб келмоқда. Лутфуллохон Хўжаевнинг шогирдлари у кишидан ўрганган мусиқа сирлари ва берган дуолари орқали бугунги кунгача шу мартабаларга эришганлар. Ахир, халқ «Устоз отангдан улуғ» деб бежиз айтмаган.

Лутфуллохон Хўжаев 1955 йилдан 1975 йилгача дўстлари даврасида эмин-эркин яшади. Зиёфатлар тўрида ўтирар, ширин ашулалар айтар, латифаларга уста бўлган. Ғижжак ёки скприкасида «Чўли ироқ», «Муножот», «Алла» куйларини чалиб, тангловчиларни мусиқага ром қилар, эзгу ниятларга чорларди. Дустлар даврасида ўтказган куну-тунлари уларнинг қалбида умрбод қолган, десак муболаға бўлмайди. Исмоилжон ака, Абдуллажон ошпаз, Ғофур махсим, Иноятилло ака, Суҳбатилло тоға, Ўзганлик Одилжон полвон шулар жумласидандир.

Лутфулло Хўжаев қамоқдан сўнгги 20 йил умрини дўстлар даврасида ҳурмат ва иззат билан ўтказган. Аммо 1976 йили кўзи ожиз бўлиб қолади. Шунда ҳам иродаси зўрлигини намойиш қилди. Ғижжак, скрипкани қўлидан қўймади. Кўзи кўрмаса-да, меъёрига етказиб ғижжак нолалари билан яқинларининг кўнглини олди. Шогирдлари уни охирги кунигача тарк этишмади. Мирзажон ҳофиз, Муҳаммаджон ва Ғуломжонлар ҳар куни ёнида бўлишди. Лутфуллохон Хўжаев 1976 йилда Андижонда вафот этган, шу шаҳардаги «Мирпўстин» қабристонига дафн этилган.

Расимларга АЛИШЕР НАВОИЙ
ИНСТИТУТИ графиқ бўлими тарафидан ранг берилди.