НОБЕЛЬ МУКОФОТИГА НОМЗОД РАҲИМ КАРИМ

Раҳим Карим (Каримов) – шоир, ёзувчи, публицист, таржимон. 1960 йили Ўш шаҳрининг Кўнчилик маҳалласида (Ўш кўчаси) туғилган. Москвадаги М. Горкий номли адабиёт институтини битирган (1986). Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Журналистлар уюшмаси аъзоси. Халқаро русийзабон ёзувчилар федерациясининг Қирғизистондаги вакили, Евроосиё халқлари ассамблеяси (Россия Федерацияси) адабий кенгаши ҳамраиси. Россия Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Олтин курси” халқаро танлови лауреати, Марказиё Осиёдаги Америка университети, Қирғизистон. “Тиллар кўп – дунё битта” халқаро мукофоти лауреати, Марказиё Осиёдаги Америка университети, Қирғизистон.

Мўлдў Ниёз ва Эгемберди Эрматов номидаги республика адабий мукофотлари лауреати. «Қирғизистоннинг янги адабиёти» сайти таҳририяти аъзоси. Фахрий фалсафа доктори (Марокаш). “Турон” академияси академиги, Ўзбекистон. Питер Боғдани Халқаро адабий мукофоти лауреати, (Брюссел-Приштина). Халқаро ёзувчилар уюшмаси аъзоси (Белгия-Приштина). Свами Вивекананда номидаги Халқаро тинчлик мукофоти лауреати (Ҳиндистон). Бутунжаҳон болалар ҳаракатининг Марказий Осиёдаги элчиси (Ҳабашистон). Жаҳон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси, Қозоғистон. Бутунжаҳон хайку ассоциацияси аъзоси (Япония). Олтин мукофот совриндори (Эфиопия). Халқаро инглиззабон ёзувчилар уюшмаси лауреати (Ҳиндистон). «Дунёнинг таниқли жамоат арбоби» (Марокаш). “Йил муаллифи – 2019” (Нидерландия). «Йил муаллифи – 2019» (Черногория). Халқаро Дарданика мукофоти лауреати (Шимолий Македония). «Йил муаллифи – 2019» (AҚШ). “Дунёни шеър билан бирлаштирамиз” радиолойиҳасининг Қирғизистондаги вакили (Мексика). Жаҳон адабиёти иконаси (Мексика-Ҳиндистон). Жаҳон адабиёти элчиси, Уммон. Жаҳон адабиёти академияси элчиси, Руминия. ITACHA халқаро адабий журналининг расмий таржимони (Испания). Халқаро “Эътироф” олтин сертификати соҳиби (Марокаш). Жаҳон шоирларининг “Исла Негра” фахрий дипломи соҳиби, Чили. PENTASI Бутунжаҳон шоирлар фестивали мукофоти совриндори, Пекин, 2019. Rosas Orquideas Poeticas Бутунжаҳон танлови сертификати соҳиби (Колумбия). “Галатео шаҳри – Aнтонио де Феррари” халқаро мукофоти лауреати, Рим, Италия, 2020 йил. “Галатео шаҳри – Aнтонио де Феррари” халқаро мукофоти совриндори, Рим, Италия, 2021 йил (Италия Президенти ваколатидаги тадбир). “Галатео шаҳри – Aнтонио де Феррари” халқаро мукофоти лауреати, Рим, Италия, 2020 йил. “Галатео шаҳри – Aнтонио де Феррари” халқаро мукофоти совриндори, Рим, Италия, 2022 йил (Италия Президенти ваколатидаги тадбир). “Адабиётни жаҳон миқёсида тарғиб қилгани учун” дипломи (Гиннеснинг рекордлар китоби) билан тақдирланган, Жаҳон адабиёти академияси, Бутунжаҳон шоирлар уюшмаси (Руминия). “Шекспир ордени” билан тақдирланган, Уммон, 2020 йил, “Шаҳзода Музака” адабий-бадиий бирлашмасининг Миллий шоирлар танлови лауреати, Aлбания, 2020 йил (Бутунжаҳон адабиёт, тарих, санъат ва маданият ассоциацияси сертификати билан тақдирланган, Мексика). Сахитя Гуджарат Aдабиёт Aкадемияси (Ҳиндистон, Гуджарат ҳукумати) сертификати соҳиби. Бутунжаҳон Лотин Aмерикаси Ёзувчилари Иттифоқининг (UHE) Қирғизистондаги миллий президенти, Бутунжаҳон Лотин Aмерикаси Ёзувчилар уюшмасининг (UHE) нашрлар ва таржималар бўйича умумжаҳон директори этиб тайинланган. Халқаро Қайрат Парман-Дуйсенов медали (Уммондаги «Motivational stripes» жаҳон ёзувчилари ташкилоти ҳамда Қозоғистондаги Бутунжаҳон халқлари ёзувчилари уюшмаси ҳамкорликда тақдирлаган. “Осиё қитъаси” шоири сертификати билан тақдирланган, Бутунжаҳон Лотин Aмерикаси Ёзувчилари Иттифоқи (UHE). Шоирларнинг Бутунжаҳон танлови ҳакамлар Ҳайъати Раиси, Шоирларнинг Бутунжаҳон Лигаси, Ҳабашистон, 2020. Шоирларнинг Бутунжаҳон танлови раиси, 2020, Филиппин, 2020. “Глобал шоир” сертификати эгаси, Техас, AҚШ, 2021. “Aдабий ва маданий санъат”га қўшган ҳиссаси учун Ташаккурнома билан тақдирланган, Қоҳира, Миср. Халқаро “Эътироф” сертификати билан тақдирланган, Ливан. “Эътироф”сертификати, Техас, AҚШ, 2022. Бутунжаҳон шоирлар ҳаракати аъзоси, Чили. «Дўст» кубоги соҳиби, Миср. Сезар Валехо Жаҳон адабий мукофотига сазовор бўлган, Перу, 2020. “Энг яхши шоир ва таржимонлар учун халқаро мукофот-2020” ғолиби, Халқаро шеър таржимаси ва тадқиқот маркази (ИПТРC) ХХР ҳамда Юнонистон санъат ва адабиёт академияси ҳамкорликда тақдирлаган. «Сахитто» Халқаро адабий мукофоти совриндори, Бангладеш 2021. Синғапурдаги FOWCAAS халқаро ташкилотининг Қирғизистондаги Фахрий глобал маслаҳатчиси, Синғапур. III Жаҳон шеърияти конференцияси иштирокчиси, Ҳиндистон, 2021. Лотин Aмерикаси Ёзувчилар уюшмасининг “Олтин бургут – 2021” халқаро мукофоти билан тақдирланган, Перу. “Жаҳон шеърияти юлдузи” мукофоти совриндори, Aдабиёт академияси, Руминия, 2021. Гуджарат Сахитя Aкадемияси халқаро мукофоти совриндори, Ҳиндистон (2021). Жаҳон Тинчлик Институтининг Қирғизистондаги элчиси, Ҳабашистон, 2021. Лотин Aмерикаси Ёзувчилар уюшмасининг (UHE) Халқаро «Кумуш қалқон» мукофоти совриндори, Перу, 2021. Халқаро «Эътироф» сертификати билан тақдирланган, Техас, AҚШ, 2021. Халқаро “Эътироф” Фахрий дипломи билан тақдирланган, Лотин Aмерикаси замонавий адабиёт академияси билан Иберо-Aмерика тарихчилари академик жамияти, 2022, Мексика. Велардиниелло мукофоти ҳамда Aкадемик ва доктор Honoris Causa унвонлари соҳиби, Неапол, Италия, 2022. Рабиндранат Тағор номидаги халқаро адабий мукофот соҳиби, Ҳиндистон, 2022. Доктор Honoris Causa унвони соҳиби, Европадаги романшунослик институти ва инсониятга қарши жиноятлар ва халқаро ҳуқуқни тадқиқ қилиш институти, Сербия, 2022. “Орзулар тенглиги” олтин медали соҳиби, Колумбия, Бангладеш, 2022. Бангладеш халқ шоири Қози Назрул Ислом номидаги халқаро мукофоти соҳиби, Бангладеш, 2022. “Глобал маданият учун Сурия юлдузи” мукофоти эгаси, Сурия, 2022. “Жаҳон даражасидаги энг зўр йўлбошчи”, “Профессионаллар учун Оскар” бўйича Глобал мукаммаллик мукофоти, Филиппин, 2022, Нелсон Мандела номидаги халқаро мукофоти соҳиби, Халқаро ижод ва инсонпарварлик форуми, Марокаш, 2022. Жаҳон адабиёти ва тинчлик элчиси, Халқаро ижод ва инсонпарварлик форуми, Марокаш, 2022 йил.Халқаро Сезар Валехо мукофоти лауреати, Лотин Америкаси, 2022. Халқаро «Олмос бургут» мукофоти лауреати, Prodigy Life Akademy академияси, «Prodigy» журнали, АҚШ, 2023. Адабиёт ва тинчлик соҳасида Нобель мукофотига номзод, Европа, 2023. Ўзбекистон Ёш ёзувчилари республика семинарларининг икки маротаба иштирокчиси. “Комила” миллий бестселлери муаллифи, Қирғизистон Республикаси Китоб палатаси, 2005 йил. “Очиқ Марказий Осиё китоб форуми ва адабиёт фестивали – 2012” халқаро китоб форумининг иккинчи мукофоти совриндори (Буюк Британия). «Йил шоири – 2013, -2014, -2015», «Мерос-2015, – 2016», С. Есенин (2016) номидаги Бутунроссия адабий мукофотларига номзод. ЛиФФт Евроосиё адабий фестивалининг “Евроосиё шоири” номинацияси бўйича кумуш медали совриндори, 2017 йил. Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат тили бўйича давлат комиссиясининг “Қирғиз тили” медали билан тақдирланган. Ўш вилояти давлат маъмурияти Фахрий ёрлиғи (1988), Ўш шаҳар мэриясининг Фахрий ёрлиғи (1990) билан тақдирланган, 60 га яқин шеърий, насрий, таржима китоблари муаллифи. Асарлари ва китоблари Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Венгрия, Украина, Белоруссия, Россия, Озарбайжон, Буюк Британия, Канада, Мўғулистон, Руминия, Греция, Нидерландия, Зимбабве, Ҳиндистон, Тунис, Саудия Aрабистони, Марокаш, Ҳабашистон, Aлбания, Белгия, Покистон, Хитой Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Япония, Ироқ, Мексика, Венесуэла, Полша, Македония, Хорватия, Сербия, Словакия, Босния ва Герцеговина, Aфғонистон, Испания, Франция, AҚШ, Колумбия, Германия, Коста-Рика, Туркия, Эфиопия, Италия, Испания, Ироқ, Индонезия, Малайзия, Бангладеш, Непал, Косово, Вьетнам, Исроил, Швеция, Филиппин, Сейшел ороллари, Перу, Жазоир, Миср, Ливан, Шотландия, Сингапур, Португалия, Иордания, Тринидад ва Тобаго ва бошқа мамлакатларда ўзбек, қирғиз, рус, тожик, инглиз, украин, француз, испан, румин, ҳинд, урду, бенгал, тамил, малаялам, голланд, немис, поляк, юнон, форс, пуштун, дари, араб, хитой, япон, македон, серб, албан, хорват, босния, черногория, словак, малай, озарбайжон, турк, непал, иврит, швед, шотланд, лезгин, индонезия, португал, ассам ва бошқа тилларда чоп этилган. Қирғизистон, Ўзбекистон, Россия, Тожикистон, Мўғулистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Нидерландия, Тунис, Саудия Aрабистони, Руминия, Россия, Полша, Македония, Хорватия, Босния ва Герцеговина, Сербия, Эрон, Дания, AҚШ, Словакия, Мексика, Малайзия, Ироқ, Италия, Бангладеш, Непал, Туркия, Исроил, Филиппин каби давлатларнинг муаллифлари асарларини ўзбек, рус, қирғиз ва инглиз тилларига таржима қилган. Жумладан, Қирғизистон халқ ёзувчиси Мурза Ғапаровнинг “Меҳмон” қиссасини ўзбек тилига, Қирғизистон халқ шоири Эгемберди Эрматовнинг “Муҳаммад пайғамбар” достонини ўзбек ва рус тилларига, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоблари Тош Мияшевнинг “Алвидо муҳаббат” қиссасини, Қармишақ Ташбаевнинг “Буюк ер фанзадлари” шеърий китобини ўзбек тилларига, қирғиз ёзувчиси Тўлўн Жўлдўшевнинг “Манас” романини ўзбек тилига, Сапар Абиловнинг “Гўристондан қайтган аёл” қиссасини ўзбек тилига, Ақбарали Ражабалиевнинг “Странник” қиссасини рус тилига, Бобораҳим Машрабнинг 1 жилдлик ғазаллар тўпламини рус ва инглиз тилларига, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг икки жилдлик “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?”, “Жаннатга йўл” китобларини рус ва инглиз тилларига, “Ўзбек карвони” ўзбек шеърияти антологиясига киритилган 30га яқин ўзбек шоирлари шеърларини рус ва инглиз тилларига таржима қилган. Қирғиз тилида ёзилган “Генерал”, “Отанинг қизи”, “Элнинг ўғли”, “Тўқа подшоси” романлари муаллифи. Қирғизистон, Россия, Украина, Ўзбекистон ва Германия бастакорлари билан ҳамкорликда яратилган ўзбек, қирғиз ва рус тилларидаги 20 дан ортиқ машҳур ватанпарварлик қўшиқлари муаллифи. “Дўстлик қўшиғи” таронаси Ўзбекистонда ўтказилган “Зилола” республика замонавий эстрада қўшиқлари танлови ғолиби бўлган. “Мен нечун севаман Қирғизистонни?” қўшиғи Қирғизистонда ўтказилган ватанпарварлик қўшиқлари II респблика фестивалида иккинчи ўринни эгаллаган. “Менинг Қирғизистоним” қўшиғи 2010 йилда Ўшда ўтказилган республика эстрада хонандалари танловида иккинчи ўринга сазовор бўлган. “Голос текстилшика” (Ўш) газетаси бош муҳаррири, “Вечерний Ош” шаҳар газетаси бош муҳаррири ўринбосари, Ўзбекистон Олий Кенгаши “Халқ сузи” газетасининг Қирғизистондаги ўз мухбири бўлиб хизмат қилган. Ўш вилоят “Aк-Буура” газетаси бош муҳаррири, “Ўш” халқаро адабий-бадиий алманахи масъул котиби, Ўш вилоят маданият бошқармаси етакчи мутахассиси 2000-2004 й., AКИпресс ахборот-таҳлилий бюроси муҳаррир-таржимони, CAnеws Марказий Осиё янгиликлар хизмати бош муҳаррири бўлиб ишлаган.

Оилали, уч фарзанднинг отаси.

Ассалому алайкум азиз ва муҳтарам Алишер Навоий институти сайти мухлислари. Бугун адабиёт ҳиёбони рукнимизнинг навбатдаги меҳмони,умрининг 50 йилини  ўзбек адабиёти ва таржимонлиги ривожига бағишлаган қалби ёниқ ижодкор Қирғизистон Республикаси Миллий Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, бир неча халқаро мукофотлар совриндори Раҳим Карим бўлди.

– Раҳимжон ака, хуш келибсиз!

– Раҳмат. Хушвақт бўлинг!

 

– Раҳимжон ака, суҳбатимиз бошини шундай бошласак. Яхши инсонларда хотиралар ҳам кўп бўлади. Адабиёт ичида юриб топган энг яхши хотираларингиз ҳақида фикрлашсак.

Адабиёт ичида юриб топган энг яхши хотираларимни эслар бўлсам, улар ниҳоятда кўп… Москвадаги Адабиёт институтининг шеърият бўлимига ўқишга киришимнинг ўзиёқ, Москва шаҳар кремлининг шундоқ ёнгинасида жойлашган буюк рус классиги Герценнинг собиқ уйида жойлашган Адабиёт институтида турли миллат ва элат вакиллари – бўлғуси шоир, носир, адабий танқидчи, драматурглар билан эллик кишидан иборат бир курсда таҳсил олганлигимдан ҳалигача фахрланаман. Чунки мен бу ерда ўша даврнинг таниқли шоирлари, носирлари, фазогирлари, таниқли кишилари билан бўлган учрашувларда, шунингдек турли бошқа учрашувларда Расул Ҳамзатов, Валентин Распутин, Лев Ошанин, Сарвар Азимов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Зулфия, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров, Ҳалима Худойбердиева, Омон Матжон, Муҳаммад Али, Гулчеҳра Нуруллаева, Ойдин Ҳожиева, Эътибор Охунова, профессорлар Озод Шарафиддинов,  Лазиз Қаюмов, ёзувчилар Ҳудойберди Тўхтабоев, Ҳожиакбар Шайхов, шоирлар Жуманиёз Жабборов, Рауф Парфи, Турсунбой Адашбоев, Собит Мадалиев, Муҳаммад Юсуф, Равшан Файз, Сирожиддин Саййид, Эшқобил Шукур, Абдували Қутбиддин, Зулфия Мўминова, Қутлибека Раҳимбоева, Икром Отамурод, Йўлдош Эшбек, Яҳё Тоға, Дилбар Ҳайдарова, Ойгул Суюндиқова каби ўнлаб етук адабиёт намояндалари билан учрашиб, танишиш бахтига муяссар бўлганман.

Икки марта Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон Ёш ёзувчиларининг семинарида иштирок этишим, шеърларимнинг “Ватандош” радиосида бир неча бор ўқиб эшиттирилиши, Ўзбекистон телевидениесининг “Шеърият лаҳзалари”, “Шеърият дафтаридан”  кўрсатувида бир неча бор иштирок этишим, турли газета ва журналларда, жумладан, Москвада бир миллион адад билан чоп этиладиган “Юность” журналида туркум шеърларимнинг эълон қилиниши  Яратганнинг менга инъом этган инояти деб биламан.

Кейинчалик Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган “Биллур жилғалар” жамоа тўпламида 20 га яқин шеърларим, “Ёш гвардия” нашриётида олам юзини кўрган “Камалак” баёзида  20 га яқин шеърларим нашрдан чиққан…

“Комила” романимнинг жаҳондаги миллионлаб китобхонлар томонидан илиқ қарши олиниши ҳам менга кўтаринки руҳ бағишлаган.

Қолаверса, интернет пайдо бўлгандан буён асарларим дунёнинг юзлаб давлатларида олтмишдан зиёд тилларда мунтазам эълон қилиниб келмоқда. Бир неча давлатларда алоҳида шеърий тўпламларим ана шу мамлакатлар тилларида нашрдан чиқди. Юзга яқин давлатларнинг халқаро мукофотлари, сертификатларига сазовор бўлдим.

Ўтган йиллар мобайнида ҳикояларим, қиссаларим, романларим турли тилларда бир қанча давлатларда ўз мухлисларига эга бўлди. Қирғиз тилининг ўзида 5 та роман ёздим, 15 жилддан зиёд қирғиз адибларининг асарларини ўзбек ва рус тилларига таржима қилдим. 5 жилдга яқин ўзбек ижодкорларининг асарларини рус ва инглиз тилларига ўгирдим. Ўзимнинг ўзбек тилида ёзган асарларим жами 20 жилдга боради. Яқинда Бишкекда 2 жилдлик (ҳар бири 600 дан зиёд бетдан) рус тилида ёзган шеърларим олам юзини кўрди. Хуллас, менинг адабиёт ичида юриб топган ҳузр-ҳаловатим мана шу ижод – ҳалол меҳнат бўлди…

 

– Ўзбек адабиётидаги бугунги вазиятни қандай таърифлайсиз – у юксалиш даврини бошидан кечираяптими, турғунлик давриними, бойияптими ё бой бераяпти?..

Билмадим, Сиз “Ўзбек” адабиёти деганда, қайси адабиётни назарда тутяпсиз? Қирғизистондаги Ўзбек адабиётиними, Ўзбекистондаги Ўзбек адабиётиними ёҳуд Марказий Осиёдаги Ўзбек адабиётиними ёки Ер юзидаги Ўзбек адабиётини?

Агар Қирғизистондаги Ўзбек адабиётини назарда тутаётган бўлсангиз, афсуски, бу ерда катта ҳарф билан бошланувчи Ўзбек адабиётини бор дея олмайман. Бу менинг шахсий фикрим. Ўйлайманки, бундан ҳамюртларимиз мендан ранжиб қолмайдилар, деб ўйлайман. Бахтга қарши, айни дамда Ўзбекистондаги Ўзбек адабиёти ҳақида ҳам айнан шундай фикрдаман. Назаримда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Омон Матжондан сўнг бу ерда Адабиёт тўхтаб қолгандай. Олий даражадаги ёрқин фигуралар бўй кўрсата олмаётгандай. Тўғри, шоирлар, носирлар кўп. Лекин уларнинг аксарияти негадир менга кимларгадир тақлид қилаётганлар, кимларгадир ўхшагиси келаётганларни эслатяпти. Айниқса Нобель мукофотига сазовор бўлган жаҳон адибларига монанд асарлар яратишга интилиш урфга айланган. Қофия ортидан қувиш, ҳаддан зиёд бадиийликка эришаман деб мавҳум нарсаларни битиб қўйиш, хуллас асарларда у ёки бу ижодкорнинг воқеликка нисбатан қалб, онг аралашуви кўринмаётгандай.

Назаримда, бугунги таҳликали замонда ҳар бир Шоирнинг роли ўзи яшаётган даврга нисбатан муносабати, уни ижобий томонга ўзгартиришга ёндашувидан иборат бўлса керак, деб ҳисоблайман. Аслида унвон, мукофот олиш учун ҳам шеър ёзиб яшаш мумкин. Лекин бундай ижодкорларнинг ижоди умрибоқиймикин?

Марказий Осиё Ўзбек адабиётидан ҳам озми-кўпми хабарим бор. Лекин орқаваротдан амалга оширилган кузатувларимга кўра, бу ҳудуд миқёсида ҳам ҳали Қуёшлар, юлдузлар бор деб айта олмайман. Балким бу ижодкорларимизнинг глобаллашув жараёнига ниҳоятда суст аралашиб бораётганлиги билан боғлиқдир.

Умуман олганда кўп йиллар мобайнида Ўзбек адабиётига фақат ўзбекистонлик шоирлар, носирлар, адабиётшунослар, олимлар, профессорлар баҳо бериб келишган. Яқин кунларгача Ўзбек адабиётига якуний баҳони айнан ўшалар бериб келишган. Бироқ сўнгги оламшумуллашув даврида Жаҳон Ўзбек адабиётига нафақат тошкентлик  адиблар, филолог-олимлар, балки чет эллик адабиётчиларнинг ҳам  фикрига қулоқ солиш имконияти пайдо бўлди.

Бизда Жаҳон адабиётини Ўзбек адабиётига олиб кириш ҳаддан зиёд оммавий тарзда тус олган. Бу анъана совет давридан буён давом этиб келади. Лекин Ўзбек адабиётини жаҳонга олиб чиқиш жараёни суст. Балким шунинг учун адибларимиз Жаҳон миқёсида ўз ҳаққоний баҳоларини ололмаётгандир? Бунинг сабабларидан бири, бизда ўзимизники билан кўпроқ фахрланиш эмас, балким ўзгаларни кўпроқ бошга кўтариш ҳисси илдиз отган. Балким, жадидларимизнинг аянчли қисматига ҳам айнан мана шу нарса сабаб бўлгандир? Уларни ўзбекларнинг ўзи тутиб бермаганларида, уларни ҳеч ким отиб ташламаган бўларди. Яна ким билади дейсиз.

Бу гапларни мен, азбаройи Худо, кимдир бировнинг дилига озор бериш учун эмас, Ўзбек адабиёти имкон қадар тезроқ Жаҳон адабиётида ўз мустаҳкам ўрнига эга бўлишини хоҳлаётганлигим сабаб айтаяпман. Ахир, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам айнан мана шуни – Учинчи Ренессансни кўриш иштиёқида куйиб-ёнмаяптими?

 

Сизнинг 2023 йилда адабиёт соҳасида Нобель мукофотига тавсия этилган номзодлар орасида борлигингиз бизни қувонтирди. Шу ҳақида фикрларингизни ўртоқлашсангиз.

–  Қувончимга шерик бўлганингиз учун катта раҳмат. Ҳа, бу ҳақда мен ўзим ҳам тўсатдан билиб қолдим. Жорий йил бошида бу юксак мукофотга менинг номзодим икки номинация – адабиёт ва тинчлик бўйича кўрсатилган экан. Лекин бундан менинг бошим гир айланиб, оёғим ердан узилиб кетгани йўқ. Бу ҳозирча шунчаки номзод сифатида тавсия этиш, холос. Бу ҳали Нобель мукофотини олди дегани эмас. Ўзингиз биласиз, бу мукофот фақат тирик ижодкорларгагина берилади. Демак, бу умр билан ҳам боғлиқ масала. Агар тирик бўлсам, эртами-кечми, менинг бу мукофотни олишга шубҳам йўқ. Лекин бу менинг умримнинг асосий мақсади эмас. Масалан, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Румий, Умар Ҳайём ҳеч қачон Нобел мукофоти лауреати бўлишмаган. Лекин  улар асрлар давомида Инсоният, Жаҳон шахслари, юлдузлари ҳисобланиб келишади. Буни ҳеч ким инкор этолмайди. Шу боис менинг ҳам асосий мақсадим ҳеч қандай мукофотларсиз асрлар мобайнида Инсоният ҳурмат-эътиборига сазовор бўлишдан иборат… Бироқ, нима бўлганда ҳам, номзодимнинг Нобел мукофотига кўрсатилишининг ўзигина биргина менга эмас, балким бутун бошли ўзбек тилига, ўзбек адабиётига берилган баҳо деб биламан.

 

— Мароқли ва мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

— Раҳмат, саломат бўлинг, таклиф учун раҳмат.

 

 

 

 

ВАТАН

Ватанга тик боқма, у – сенинг онанг,
Ватанга тош отма, у – сенинг отанг.
Оғриса, уқала оёқларини,
Асо бўл, тиргак бўл оқсаса Ватан.

Ватан бу жисмингга жон берган отанг,
Ватан бу қўлингга нон берган онанг.
Уни бой, камбағал дея атама,
Уни бежиз “давлат” атамас одам.

Не-не боболаринг бобоси эрур,
Не-не момоларинг момоси эрур.
Авайла, эъзозла, кўкрагингга бос.
Авлод – аждодларинг навоси эрур.

Шукр қил борига, йўғига – сабр,
Ташлаб кета кўрма – кўргайсан жабр.
Тупроғидан сенинг ясалган лойинг,
Пойини ўпсанг гар топгайсан қадр.

Кўҳна ватанингнинг дуосини ол,
Оёғини ўпгин, даргоҳида қол.
Ватан – бу ортингда қолгувчи боланг,
Ватанинг белини қилиб қўйма дол.

Ватанга тик боқма, у – сенинг онанг,
Ватанга тош отма, у – сенинг отанг.
Оғриса, уқала оёқларини,
Асо бўл, тиргак бўл оқсаса Ватан.

 

ЎЗБЕК ТИЛИ 

Уйим тўла ўзбек тили, жоним тўла ўзбек тили,

Қўйним тўла ўзбек тили, қоним тўла ўзбек тили.

Кўзим тўла ўзбек тили, сўзим тўла ўзбек тили,

Оғзим тўла ўзбек тили, бўғзим тўла ўзбек тили.

 

Ўзбек тиллик деворларим, ўзбек тиллик ашъорларим,

Ўзбекзабон бу томим ҳам, сўртагим ҳам, айвоним ҳам.

Ўзбек – товоқдаги ошим, дўппи кийган оппоқ бошим,

Барча эллар лек қардошим, оламдошим, замондошим!

 

Нафасим ҳам ўзбекчадир, шодиёнам ўзбекча,

Оғриб қолиб вой-войласам, оҳу нолам ўзбекча.

Дуоларим ўзбекчадир, ўзбекчадир ўй-фикрим,

Ўзбекчадир ҳар қадамим, ҳар остонам ўзбекча.

 

Олам аро юрган бўлсам, турфа тилларда куйлаб,

Она тилим янграб турар қалбимда дук-дук cўйлаб.

Қани энди имкон берса Ўзбекистон менга ҳам,

Она тилда куйламоққа бир шеърча, андак қўллаб.

 

Уйим тўла ўзбек тили, жоним тўла ўзбек тили!!!

Қўйним тўла ўзбек тили, қоним тўла ўзбек тили!!!

Кўзим тўла ўзбек тили, сўзим тўла ўзбек тили!!!

Оғзим тўла ўзбек тили, бўғзим тўла ўзбек тили!!!

 

 

БАХМАЛ ДЎППИ

 

Бахмал дўппим бўларди яшил,

Етти-саккиз ёшимда маним.

Не бор эди юракка яқин,

Бу дўппида – ром этган дилим?

 

Ватанимнинг яйловларими,

Ё миллатнинг шаън, ифтихори?

Она-юртим водийларими,

Уйимизнинг кўм-кўк баҳори?

 

Бугун жуда соғиниб кетдим,

Онам кийдирган шу дўппини.

Болалигим тасаввур этдим,-

Айрилиқнинг туйдим ўтини.

 

Нега уни эсладим бугун,

Бош кийимим турса уюлиб?

Қалбда пайдо бўлди бир тугун,

Кўзимга ёш келди қуюлиб.

 

Нега онам ҳар байрам янги

Дўппи кийдирарди бошимга?

Тонгда турсам товлатиб уни,

Қўйиб қўяр эди қошимга.

 

Фахр қурди дилда ошиён,

Севиб қолдим она тилимни.

Унутмайман ўшандан буён,

Бу дунёда ўзбеклигимни.

 

 

МЕН ЎЗБЕКМАН, ИСТАСАНГИЗ ШУ…

 

“Мен шоирман, истасангиз шу…”

(Абдулла Орипов)

 

Усмон Носир хотирасига

 

Мен ўзбекман, истасангиз шу,

Ўзимники эрур шу миллат…

Тумшуғимга туширинг хоҳ мушт,

Қўлларимни қайринг бир муддат.

 

Хоҳласангиз қийноққа солинг,

Воз кеч, дея фашистдек, ёҳу!

Сувдан олиб, хоҳ чўққа солинг,

Не қилсангиз, бор жавобим – шу.

 

Йўлим тўсинг, қароқчи бўлиб,

Бўлинг ҳатто тилим суғурмоқ.

Ҳатто терим шилсангиз, ўлиб,

Бўлак жавобим йўқ айни чоғ.

 

Майли, ҳайданг Сибирь – сургунга,

Даҳанимга қуйинг қўрғошин.

Бу оламда дунё тургунча

Енголмайсиз – чексиз бардошим.

 

Бор давлатим – сўзимникидир,

Ҳар бир оним – шу халқимники.

Камим бўлса – ўзимникидир,

Шоним бўлса – миллатимники!

 

Мен ўзбекман,

истасангиз шу…

 

 

 

Яндекс.Метрика