НАВОИЙНИНГ ЖУРЪАТИ

    Диний бағрикенглик – ҳар кимга истаган эътиқодини бошқаларга тиқиштириш эркинлиги дегани эмас. Унда юрт бузилади, мамлакат вайрон бўлади. Беш аср аввал буни Навоий яхши англаган ва бир лаҳза ҳам эл-юрт осойишталигини сақлаш борасида иккиланмаган. Султон Ҳусайн мирзо салтанат устига келгач, Хуросонда шиалик мазҳабини давлат дини деб эълон қилиш ниятида эди, аммо Навоий қатъий туриб, уни бундан қайтаришга муваффақ бўлади: “Аввал тахт олғонда хаёли бор экандурким, дувоздаҳ имомни хутбада ўқутғай. Алишербек ва баъзилар манъ қилибтурлар. Сўнгралар худ жамиъ иш-кучи суннат ва жамоат мазҳаби била мувофиқ эди”, деб қайд қилади Бобур (Тахтга ўтирганининг бошларида мамлакат элининг диний эътиқоди бўлган суннийликни бекор қилиб, ўн икки имомни хутбада ўқитиш – шиаликни давлат дини деб жорий қилиш ниятида бўлган экан. Алишербек ва яна баъзи бошқалар манъ қилгач, ноилож қолади. Аммо кейинги барча иши ва хатти-ҳаракати аҳли суннат вал жамоат эътиқоди билан мувофиқ эди). Бобурнома”. Тошкент – 1960, 222-бет

     Шу биргина фактнинг ўзи ҳам миллатимиз тарихида Навоийнинг ўрни нақадар катта эканини кўрсатиш учун кифоя. Ҳолбуки, Алишер Навоий темурийлар салтанати инқирозини орқага суришни, бу улкан давлатнинг парчаланиб кетишига йўл қўймасликни, мамлакатни обод қилишни ўз ҳаётининг мазмунига айлантирган.

 “Бобурнома”да Алишер Навоийнинг яна бир хизмати ҳам гўё “шунчаки” эслаб ўтилади. Аммо унинг моҳияти шу қадар улуғки, Навоий шоир ва олим сифатида, давлат арбоби ва санъат ҳомийси сифатида, муҳтожлар мададкори ва ободончиликлар ташаббускори сифатида миллат ва тарих олдидаги қанчалик салмоқли хизматлар қилган бўлса, Бобур қайд этган, аммо кўпчиликнинг эътиборига унчалик тушмай келаётган яна бир миссиясининг аҳамияти ҳам буларнинг ҳаммасидан кам эмас.

     Ўттиз икки ёшида Ҳирот тахтига чиққан ва ўттиз олти йил – умрининг охиригача Хуросон подшоҳи бўлган Султон Ҳусайн мирзо бинни Мирзо Мансур бинни Мирзо Бойқаро бинни Мирзо Умаршайх бинни Амир Темурнинг муракаб шахсияти ҳақида тарихчи ва адабиётшунослар кўп фикр билдиришган. Дарҳақиқат, айнан унинг даврида Хуросон Темурийлар салтанатининг энг тараққий этган ҳудудига айланди, юртда нисбатан осойишталик ҳукм сурди, пойтахт Ҳирот ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида адабиёт, санъат, илм-фан ва маданият гуллаб-яшнади.

Султон Ҳусайн Бойқаро мелодий 1438 йилда туғилган, Алишер Навоийдан икки-уч ёш катта эди. Вафоти санаси ҳам 1506 йилга тўғри келиб, Алишер Навоийдан кейин яна беш йил умр кўрди. Демак, Навоий олтмиш йил умр кўрган бўлса, Ҳусайн Бойқаро олтмиш саккиз ёшида вафот этган. Унинг даврида Хуросон мамлакати анча-мунча тараққиётга эришган ва атрофдаги давлатлар у билан ҳисоблашган.

Алишер Навоий Темурийлар салтанатининг йирик вакили бўлган Султон Ҳусайнга катта эътимод билан қараб, унинг хайрли ишларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаган. Унга атаб қасида ёзган, “Мажолисун нафойис” асарида, шунингдек муаззам “Хамса”нинг деярли ҳар бир достонида бу подшоҳга бағишлаган боблар бор. “Хазойинул маоний”нинг ҳар бир девонидаги талай ғазалларда ҳам Ҳусайн Бойқарони мадҳ этади. Чунончи:

 

Эй Навоий, дема розисенму умрунг истаса,

Юз менинг умрумча султонимда бўлғай, кошки…

 

     Чунки Навоий Султон Ҳусайндай шоир ва шоҳ сиймосида одил ва фозил ҳукмдорни кўришни орзу қилар, у билан яхши муомалани сақлаб туриш орқали мамлакатнинг тинч-осойишталиги, ободлиги ва маъмурлигига ҳисса қўшиш ниятида бўлган.

     Навоий умрининг охиригача Ҳусайн Бойқаро салтанатининг куч-қудратини тинимсиз юксалтиришга интилди. Ёш йигит чоғида шаҳзода Ёдгор фитнасини бартараф этиш учун ўлимдан қўрқмай, биринчи бўлиб ёв ичига кириб бориб, фитначиларни қўлга олишда жонбозлик қилган бўлса, вафотидан бир неча ой илгари ота-бола – Султон Ҳусайн Бойқаро билан унинг ўғли Бадиуззамонни яраштириш учун бел боғлаб, бунга эришди. Бундан кўринадики, улуғ шоирда ҳамма нарса, жумладан қаҳрамон жангчига хос жанговарлик, саркардаларга хос мушоҳада ва айниқса дипломатик туйғу ўткир бўлган.

     Алишер Навоий подшоҳ Султон Ҳусайн ва хотинлари, у ва фарзандлари ўртасидаги муносабатларнинг яхши, ибратли томонларини қидириб топишга интилади, подшоҳнинг ўзига мактублар ёзиб, уларда ўгит бериб, маишатни камайтириш, халқ ва омма аҳволидан кўпроқ бохабар бўлишга даъват этса, унинг хотинларига эрнинг доно ва оқила маслаҳатгўйи бўлишни уқтириб, қадимда ўтган подшоҳларнинг номи тилларда достон бўлиб қолган умр йўлдошлари ҳақидаги нақлларни ибрат қилиб келтиради, фарзандларига эса Султон Ҳусайн Бойқародан гарчи хато ва янглишишлар ўтган бўлса ҳам, ота бўлгани боис, уни дилга олмасликка чақиради, насиҳатлар қилади:

 

Отодин келса хато, билма хато,

Савоб бил дағи хато қилса ото…

 

Алишер Навоийнинг бундай ташвишлари бежиз эмас эди: у Султон Ҳусайн Бойқаро салтанати ўзининг авж палласига чиқиб бўлгани ва аста-секин таназзулга қараб кетаётгани, бунга эса аввало замона подшоҳининг маишатпарастлиги, дўст билан душманни ажрата олмаслиги, бадкор душманлар сўзига кириб, энг вафодор, садоқатли одамларини маҳв этаётганини, охир-оқибат ўзи ҳам ана ўша бадкорлар томонига ўтиб қолаётганини аён кўриб-билиб турар ва бундан изтиробга тушар эди.

Султон Ҳусайн мирзо, гарчи шахс сифатида мардона, жасур, шариатни маҳкам тутган киши бўлса-да, давлат бошлиғи сифатида иродасиз, ҳокимиятни бошқаришдан кўра, у орқали келадиган айш-ишратни афзал кўрадиган шахс бўлган. Салтанат унинг учун истаган ишини қилиш, эл-улус олдида чексиз ҳокимиятга эга бўлиш, одамлар устидан, шаръийми ё ношаръийми, бундан қатъи назар, ҳукм чиқариш воситаси бўлган. Қолаверса, бунча узоқ муддат бутун бир мамлакат юкини елкасига олиш машаққати ҳам кишини чарчатади, албатта. Шу боис ҳам у йиллар ўтгани сари тождор сифатидаги ўз бурчи ҳамда вазифаларини унутиб, айш-ишратга, майхўрликка берилади: “Аввал тахт олғон маҳалда беш-олти йил тоиб эди. Андин сўнгра ичкуга тушди – қирқ йилга ёвуқким Хуросонда подшоҳ эди, ҳеч кун йўқ эдиким, намози пешиндан сўнг ичмагай” (“Бобурнома”, 222-бет). Аҳвол шу даражага етадики, бадмаст чоғларининг бирида Бадиуззамон мирзонинг ўғли, ўз невараси Мўмин мирзони қатл этиш ҳақидаги фармонга имзо чекади…

    Султон Ҳусайннинг ўз невараси Мўмин Мирзони қатл қилиш тўғрисидаги фармонга имзо чекиши бу таназзулнинг кульминацияси бўлса, Навоийни Астробод шаҳрига ҳоким қилиб жўнатиш баҳонаси билан уни Ҳиротдан бадарға қилиши эса бу таназзул орқага қайтмайдиган характерда эканини аён кўрсатди.

    Мозий ҳақида, ўтмишда яшаб ўтган у ёки бу тарихий шахс тўғрисида фикр билдириш қалтис масала. Бунда, аввало Расули акрамнинг вафот этганлар ортидан ёмонлаб юрмасликка, мабодо эслаганда яхши жиҳатларини тилга олишга буюрганини ёдда тутиш лозим.  Иккинчидан, биз ўша пайтда юз берган ва кишини шундай қарорга келишга мажбур қилган сабабларнинг ҳаммасидан воқиф бўла олмаймизки, бунинг оқибатида бирёқлама ҳукм чиқариб қўйиш мумкин. Аммо тарихни ўрганишдан мақсад – сабоқ олишдир, авлодларга ибрат қилиб кўрсатиш учун эса ўтмишда йўл қўйилган нуқсонларни ҳам таҳлилга тортиш лозим бўлади. Жумладан, Султон Ҳусайн Бойқаронинг салтанат устига келган кунларида шиаликни давлат дини деб эълон қилмоқчи бўлгани масаласини ҳам.

Шу орада мавзуга тааллуқли бир масалага тўхталиб ўтайлик. Баъзилар Султон Ҳусайн мирзонинг шиаликка рағбати бошқаларнинг қутқуси билан юзага келган, деб айтадилар ва унинг хотини Хадичабегим номини далил сифатида тилга оладилар.

Хадичабегим, аслида подшоҳ Султон Абусайид мирзонинг хотини эди. Аммо 1469 йили у урушда ўлдирилгач, тахтни эгаллаган Султон Ҳусайн мирзо ҳали тарқаб кетмаган ҳарам жориялари ичида подшоҳнинг бева қолган хотини, 19 яшар гўзал Хадичабегимни кўриб қолади ва идда муддати ўтгач, унга уйланади. Кейинчалик Хадичабегим ноз-ишвалари, ўткир ақли ва булардан ҳам аввал мақсадга ўта интилувчан табиати боис, сарой маликаси даражасига етади. Хадичабегим эътиқодда шиа бўлиб, шиаликнинг ҳам энг ашаддий оқими бўлган рофизия эътиқодида эди.

Бобур ҳам буни алоҳида таъкидлайди: “ўзини оқила тутар эди, вале беақл ва пургўй (сергап) хотун эди, рофизия ҳам экандур” (231-бет).

Хадичабегимнинг тарихларда унутилмас мудҳиш ишлари кўп бўлган. Биргина мисол: у ўз ўғли Музаффар мирзо отасидан кейин тахтни эгаллашини истагани учун ҳам, подшоҳнинг аввалги хотинидан бўлган фарзанди Бадиуззамоннинг ўғлини – тахт вориси деб қаралаётган Мўмин мирзони ўлдиртиришга эришган.

    Аммо назаримизда, Султон Ҳусайннинг шиалик тўғрисидаги шошма-шошарлик билан қарор чиқаришга интилиш Хадичабегимнинг даъвати билан бўлмаган. Чунки Ҳусайн Бойқаро бу қарорини тахтни эгаллаган дастлабки кунлар ёки ҳафталарда (“аввал тахт олғонда”) амалга оширишга интилган, бу пайтда эса Хадичабегим унинг хотини эмас, бинобарин маслаҳатгўйи ҳам эмас эди. Султон Ҳусайн Бойқаро бу аёлга тахтга чиққанидан кейин камида беш ойдан сўнг уйланган. Эри ўлган аёл учун шаръий идда муддати – камида тўрт ойу ўн кундир. Демак, Хадичабегимнинг истакларини подшоҳ маъқул деб топадиган бўлгунигача бирон йил вақт керак бўлар эди…

    Аммо шуниси аниқки, ўша даврда Хуросонда суннийлик ва шиалик мазҳаблари ўртасидаги кураш ниҳоятда кескинлашиб, таҳликали тус олган. 1510 йилда Ҳиротни қўлга киритган Исмоил Сафавий мамлакатда шиаликни давлат дини деб эълон қилишга қарши курашган Алишер Навоийнинг ёнидаги “баъзилар”дан бири бўлган Мавлоно Абдураҳмон Жомийни таҳқирлаш учун “Жомий” тахаллусини ўзгартириб, “Хомий” деб аташни буюради, унинг қабрини очиш ва суякларини сочиб ташлашга фармон беради (тўғри, бир қанча йиллардан сўнг бу ишига афсусланиб, “Мен фариштанинг қабрини буздирибман”, дея бир ғазалида гуноҳини бўйнига олган).

     Маълум бўладики, Навоий юрт ичида шиаликни мажбуран жорий эттиришга кескин қарши чиққан. Турган гап, шоҳ амрига қарши туришнинг оқибатини шоир жуда яхши билган. Бунинг натижасида у энг камида яқингинада тайинланган муҳрдорлик лавозимидан бекор қилиниб, ўзи қувғинга учраши ҳам мумкин эди. Аммо эътиқодда қатъийлик устун келади, Навоий бутун қадр-қиммати, обрў-эътиборини ўртага тикиб, подшоҳни бу бемаъни қарордан қайтаришга муваффақ бўлади.

…Мактабда домлаларимиз “Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаронинг ҳаммактаб дўсти бўлган, Бойқаро тахтга чиққанида Навоийни ўзига муҳрдор қилиб олган, муҳрдорлик эса – юксак мартаба: подшоҳ бирон ишга фармон берса, муҳрдор уни маъқул топса муҳр қўйган, муҳр босмаса, фармон йўққа чиққан”, деб ўқитишган эди. Албатта, муаллимларимизнинг бу фикрлари бизга гўзал эртакдай туйилар, нафақат Навоийга, балки ўша бағри кенг замона подшоҳига ҳам ихлосимиз ортар эди. Аммо кейинроқ, дорилфунунда ўқир эканмиз, муҳрдорлик – девонхона мудири дегандай гап, кимнинг ҳадди бор султонга қарши чиқиб, унинг фармонига муҳр босмасликка, деб уқтиришди. Эҳтимол, буниси тўғрироқдир, аммо нима учундир, ҳатто ҳозир ҳам, мактабдаги ўша гапларга ишонгим келади. Ким билади, “муқаррибус султон” (султоннинг энг яқин кишиси) унвонини олган Навоийда подшоҳнинг у ёки бу фармонини ман қилиш ҳуқуқи бўлгандир. Зеро Султон Ҳусайн Бойқаронинг табиатида ана шундай жўмардлик ҳам бор эди: қийин вақтларда ёнида бўлган Музаффар барлос деган содиқ бир амирга нимаики мол-мулкни қўлга киритса, учдан бир қисмини беришга шартлашгани ва унга амал қилгани маълум. Ёшликда ҳаммактаб дўсти Навоийнинг ақл- заковатига эътимоди боис, султон унга шундай ваколат берган бўлса, неажаб?

Хуллас, Навоийнинг жиддий қаршилигидан сўнг Султон Ҳусайн мирзо аҳдидан қайтади, мамлакат аҳлини бошқа мазҳабга ўтказиш, бунинг оқибатида эл ичида чиқадиган ғулу ва қўзғалонларнинг олди олинади, минг-минглаб кишиларнинг ўзаро тўқнашуви оқибатида юз берадиган қонли можаролар, қирғинлар бартараф бўлади.

          Амо бу фақат энг йирик Темурий давлат бўлган Хуросон мамлакатининг ички масаласига оид тадбир эмас эди.

     Башарти, бу ерда шиаликка ўтиш амалга ошса, ён-атрофдаги бошқа мамлакатлар, хусусан Мовароуннаҳр билан тинч-осойишта муносабатлар ҳам издан чиқар эди. Демак, амир Алишер Навоий нафақат бир мамлакатда давлат билан раият орасидаги, балки мамлакатлар орасидаги урушларнинг олдини олишга ҳам муваффақ бўлади. Мутафаккир шоирнинг шу хизмати билан халқнинг бир қисми бу, иккинчи қисми эса бошқа эътиқодга амал қилиб, бунинг орқасида доимий уруш-жанжал ва ихтилофлардан эмин бўлди. Навоийнинг ҳозирда унча айтилавермайдиган, аммо бениҳоя улуғ шу саъй-ҳаракати туфайли туркий (ўзбек) халқининг ва шу заминда азалдан истиқомат қилиб келаётган яна бир қанча элларни охири кўринмайдиган урушлар, унда беҳисоб одамларнинг қирилиб кетиши олди олинган. Шу маънода, ўткир сиёсатдон ҳам бўлган Алишер Навоийни – халқ халоскори деб атасак, тарихий адолатнинг яна бир кемтиги тузатилиб тикланган бўлади.

 

Зуҳриддин Исомиддинов