НАВОИЙГА ЭҲТИРОМ: ТУРКИЙ ДУНЁ БУЮК ШОИРНИ ЁДГА ОЛМОҚДА

Айниқса, Ўзбекистон ва Қирғизистонда шоир ижодига бағишланган анъанавий тадбирлар кенг миқёсда ўтказилмоқда.

Ўзбекистонда ва Қирғизистонда  бир хил анъана бор. Об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар, ҳар йили 9 февраль куни эрта тонгдан буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллуди муносабати билан кенг жамоатчилик вакиллари Ўзбекистонда Адиблар хиёбонидаги шоирнинг муҳташам ҳайкали пойида, Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида эса Навоий номли истироҳат боғида жойлашган шоир ҳайкали пойида жам бўладилар.

“Ёмғир ва шамол бўлишига қарамасдан, бугун ҳам шундай бўлди. Улуғ шоирнинг 582 йиллиги муносабати билан кўпчилик хиёбонга шошди. Бу ўзбек халқининг буюк адибига бўлган ҳурмати рамзи албатта”, – деб ёзади уюшма котиби Фозил Фарҳод ўзининг ижтимоий тармоқлардаги постида. Қирғизистонда айнан шундай кўриниш ҳақида Ўшдаги Бобур номли ўзбек Академик мусиқали драма театри раҳбари, шоир Аъзам Раҳим саҳифасидан ўқиш мумкин.

photo_2023-02-12_19-20-18
photo_2023-02-09_09-24-36
photo_2023-02-12_19-20-43
photo_2023-02-09_08-56-38
photo_2023-02-07_16-50-00
previous arrow
next arrow

Тилга олинган маросимларда давлат ва жамоат арбоблари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар, вазирлик ва идоралар, устоз ва талабалар, ижодий ташкилотлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Йиғилганлар шоир ҳайкали пойига кўплаб гулчамбарлар қўйдилар.

Бугунги кунда одатдагидек, буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоийга бағишланган тадбирлар давом этмоқда.

Жумладан, 2023 йилнинг 7-февралида Чирчиқ давлат педагогика университетида “Алишер Навоий ижодининг умумбашарий аҳамияти ва ўрганилиши” мавзусидаги илмий семинар бўлиб ўтди. Гуманитар фанлар факультетининг Ўзбек адабиётшунослиги кафедраси жамоаси томонидан ташкил этилган бу тадбирда Туркиянинг Башкент университети қошидаги Алишер Навоий илмий-тадқиқот маркази мудири, профессор Абдураҳмон Гўзал, Фират университети профессори, “Тил ўрганиш методикаси” мутахассиси Сезгин Демир ва Қирғизистон Республикасидан келган навоийшунос олималар – “Aдабий ахборот” журнали муҳаррирлари, таржимон Хосият Бекмирзаева ва Ўш давлат ўзбек театри адабий маслаҳатчиси Барно Исоқова, шунингдек, Тошкент ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институтининг катта илмий ходими Сирдарёхон Ўтановалар иштирок этдилар.

Талабалар Навоий шахси ва бадиияти ҳақидаги маърузаларни тингладилар.

Барно Исоқова “Навоий шеъриятининг таъсири масалалари” ҳақида, Хосият Бекмирзаева “Навоий асарини қандай таржима қилдим?” мавзусида маъруза қилдилар. Хосият Бекмирзаева яқинда навоийшунос олим Олимжон Давлатовнинг Алишер Навоий ғазалларига берилган шархлардан иборат “Маънолар хазинаси” китобини қирғиз тилига таржима қилиб, чоп эттирди.

“Маълумки, бугунги кунда мутафаккир бобомизнинг ҳаёти ва ижоди Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам кенг ўрганилмоқда. Айниқса, она юртимиз Ўзбекистон жаҳон навоийшуносликнинг марказига айланди. Шуни таъкидлаш керакки, бу изланишларнинг аксариятида шоир шахси ва ижодига юксак баҳо берилиб, мутафаккир бобомиз меросининг умумбашарий кўлами чуқур тадқиқ этилмоқда. Қувонарлиси, шоирнинг ижод намуналари жаҳон халқларининг кўплаб тилларига таржима қилиниб, олимлар, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда”, – деди навоийшунос олима Сирдарёхон Ўтанова.

Тадбирда соҳа мутахассислари томонидан Aлишер Навоий асарларининг Туркия ва Марказий Осиё давлатларида ўрганилиши, таржималари ва янги нашрлари хусусида кенг сўз юритилди, олдиндаги вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, талаба ёшларнинг саволларига жавоб берилди.

Тадбир сўнгида мезбонлар томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди.

Навоийхонликка бағишланган тадбирлар Ўзбекистонда турли давлатлар олимлари иштирокида давом этяпти. Жумладан, 8-февралда Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг мажлислар залида буюк мутафаккир, шеърият мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллигига бағишланган 68-анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманга Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия давлатларидаги навоийшунос олимлар қатнашдилар, уларнинг маърузалари тингланди.

Филология фанлари доктори Нурбой Жаббор Навоийнинг сўфийлиги, шеърларидаги оҳангдорлик, вазн ҳам Қуръони Каримда мавжудлигини Навоий қай тарзда ифодалагани ҳақида гапирди.

Фанлар академиясининг ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг мумтоз адабиёт бўлими бошлиғи, филология фанлари доктори Мақсуд Асадов эса Навоий асарларидаги “Фалон” образи талқини ҳақида маъруза қилди. Бугунги кунда ҳам долзарб мавзу бўлган фисқу фужур, ғийбат қилувчи кимсалар тўғрисида шоир “фалон” деб ёзишлари, баъзан эса “биров” дейишини таъкидлаб ўтди.

Тадбирнинг иккинчи қисмини иштирокчилар шўъбаларда давом эттирдилар. Илмий мақолалар тўплами муаллифларга тарқатилди.

Ана шундай тадбирларнинг яна бири шу куни Муқимий номидаги мусиқали драма театрида бўлиб ўтди. Унда Ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллигига бағишланган назм ва наво кечаси ва “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” номли 30 жилдлик мажмуанинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Театр залига кираверишда 30 жилдлик мажмуа ва охирги йилларда Навоийнинг Ўзбекистон ва хорижий давлатларда чоп этилган асарлари кўргазмаси, ўзбек рассомларининг Навоий ижоди асосида чизган суратлари кўргазмаси ташкил қилинди.

Tадбирни Алишер Навоий номидаги халқаро жамоатчилик фонди ижрочи директори Олимжон Давлатов очиб берди.

Тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Туркиядаги халқаро Алишер Навоий илмий-тадқиқот маркази раҳбари Абдураҳмон Гўзал ва бошқа навоийшунослар сўзга чиқиб, мазкур тўпламнинг аҳамияти тўғрисида ўз фикрларини билдирдилар.

Кечанинг бадиий қисмида эса иштирокчиларга шоир шеърларидан асосида тузилган мусиқали гулдаста тақдим этилди.

Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги муносабати билан яна бир адабий-маърифий тадбир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўтказилди.

 

Барно Исоқова, Ўш-Тошкент-Ўш.

Расмлар муаллиф томонидан тақдим этилди

 

Яндекс.Метрика