НАВОИЙ НАВОЛАРИДАН БАҲРА ОЛИБ…   (Адабиётшунос олим ва таржимон Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Шавқи наво” китобига тақриз)

“Ўзбекистон мустақиллигининг сўнгги йилларида ўзбек мумтоз адабиётшунослигининг халқаро майдондаги ўрни ва миллий маданий меросини тадқиқ этиш, бадиий асарларнинг жаҳон адабиёти ривожидаги муносиб ўрнини асослашни тақозо этмоқда, – деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида. – Бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга инновацияга таянган давлат ютади”. (Халқ сўзи. – Тошкент: 2017. 23 декабрь).

Бугунги маданий-маърифий соҳалардаги ислоҳотлар жараёни ўзбек адабиётшунослиги олдига ҳам қатор янги вазифалар қўймоқда. Бу жараёнда муайян халқ бадиий тафаккури маҳсулининг инсоният маънавий оламини юксалтиришдаги ўрни ва аҳамияти унинг ўзига хос хусусиятлари билан белгиланади.

Тошкент сафаридан олиб келганим, “Шавқи наво” китобини қўлимга оларканман, китоб муқоваси, сарлавҳа ва безагига қараб, худди билгич китобхондек тахмин қилдим; Юртдошимиз, фахримиз, олим Зуҳриддин Исомиддинов муаллифлигида “Наво шавқи” шубҳасиз, Ҳазрат Навоий шахси ва ижодига бағишланган. Сабаби жуда оддий, китоб муқовасидаёқ сўз мулкининг султонининг суврати виқор билан турибди. Остида эса чолғу асбобининг расми туширилган бўлиб, демакки Алишер Навоийнинг қўшиққа айланган ғазаллари бўлса керак, дедим. Адабиётшунос олим қўшиқ-ғазалларни изоҳлагандир, одатий ҳол, деб хотиржам китоб мутолаасига киришдим.

Илк жумланинг ўзиёқ мени ҳайрон қолдирди: “Чўлпон 1925 йилда ёзилган бир мақоласида таассуф билан: “Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқумийларни ўқиймен: бир хил, бир хил, бир хил!”- деб ёзган эди.

Биринчи гап менга одатдан ташқари кайфиятни улашди. Қизиқиб ўқий бошладим. Ҳа, албатта мумтоз адабиётимизнинг деярли барча мавзуси Ишққа бағишланган. Бир қарашда Чўлпон ҳақдек. Барча буюк сиймоларнинг ёзмишлари якрангдек, гўё. Жанр жиҳатдан ҳам ғазал етакчилик қилади. Бироқ, олим Зуҳриддин Исомиддинов жуда гўзал жавобни ёзибди: муқаддас Китобимиз Қуръони Каримнинг (Луқмон, 27) оятидан мисол келтириб, Ер юзидаги жамики дов дарахтлар қалам бўлиб, денгиз сиёҳ бўлса ва унга етти денгиз ёрдамга келса ҳам Оллоҳнинг сўзлари туганиб битмаслигини чиройли тарзда ифодалаган. Бир қарашда бир хил, якранг кўринган ижод маҳсули аслида бирдай эмас. Ҳар бирининг ўз ранги, суврати мавжудки, ғазал таҳлил қилаётган олимми, муҳибми ундан ўзига яраша хулоса чиқариб олаверади.

Шу ўринда муаллиф Ҳазрат Навоийнинг шоҳ асаридан бири бўлган “Ашрақат мин акси…” деб бошланувчи ғазалнинг тасаввуфшунос олим Нажмиддин Комилов талқинидан ташқари яна бир ажойиб ўз талқини ёзади: “Ёр аксин майда кўр”, деб жомдин чиқди садо” деган мисрасида Май тўла жомга энгашган майхўр, шубҳасиз ўз аксини кўради…” (6-бет).

Юқорида фаҳмлаганимдек, муаллиф Алишер Навоийнинг қўшиқ бўлган ғазалларини таҳлилини анча жўн ва айни дамда зукколик билан ёзади. Худдики, динни қийинлаштирманг, деб ҳамма учун тушунарли бўлсин, бандалар ибодатдан, ўрганишдан безимасин, дегани каби, бу китобдаги таҳлилларни ўқувчи ўқиб чин маънода завқ олади. Навоий асарларининг талқини ҳам ўта даражада илмий терминлар билан мураккаб ёзилавергани учунми, негадир Навоий тили ва асарларини ўрганадиган адабиётшунослар замонавий адабиётшунослардан кўра кам. Шу камчиликни Зуҳриддин Исомиддинов тўғри англабди ва китоб мутолааси кишига завқ бағишлашини таъминлабди:

Гарчи ёр этмади ҳаргиз мени ношодни ёд,

Лек анинг ёди била кўнглим эурур ҳар дам шод.

Гарчи ёр мендай бир ғамгин кимсани ҳеч ёд этмаса ҳам, Кўнглим унинг ёди билар бўлгани боис, ҳамиша шодон. (96- бет).

Мана шундай теран, тиниқ жумлалар билан ғазалнинг насрий баёни ва остида ҳаммага тушунарли бўлган изоҳи бор.

“Тўққиз фарднинг талқини” бобида ҳам Навоийнинг фардларини қуйидагича таҳлил қилади:

Элни хор айлаган тамаъ билгил,

Доимо “Азза манъ қанаъ” билгил.

Билгилки, одамларни таъмагирлик хор айлайди, демак иззат қаноат орқали келади, деган мақолга доим амал қил. (286-бет).

Муаллиф китобхонга мутолаа завқини илинар экан, Навоий ижодиётининг беҳедуд, ранг-баранг оламига саёҳат қилади. Илло, “Ҳаммаси бир хил”, демоқликдан сақланади. Китобни ўқиган ҳар бир ўзбек Навоийни қийналмай тушунади, завқ олади.

Шеъриятга ошно қалблар омон бўлсин.

 

Барно Исоқова, Ўш.

 

Яндекс.Метрика