Муҳокама: Марказ мажлиси нега Марказдан нарида ўтди?

Қирғизистондаги Ўзбек миллий-маданий марказлари фаолияти муҳокамаси яна трендда.Республика Ўзбек миллий-маданий марказининг куни кеча Иссиқкўлда ўтган қурултойи ўзбек жамоатчилиги орасида кенг мунозарага сабаб бўлди. Қуйида шу мавзуда ўшлик журналист Барно Исоқованинг материалини тақдим этамиз.

Республикамизда ўзбек тилида фаолият юритувчи ягона маданий маскан ҳисобланган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги 105 йиллик тарихга эга бўлган, минтақамизда 2-ўринда турадиган нуфузли Академик ўзбек театри ҳам қурултой ташаббускорлари назаридан четда қолгани театр раҳбариятини норози қилди.

“Театримизда 160 нафар ўзбек фаолият юргизаётган бир пайтда жамоамиздан биронта вакил сифатида нега маданият ходимлари қурултойга қатнашмади? Ваҳоланки, Ўзбек миллий-маданий марказининг ҳар қандай мажлисида мана шу масканнинг вакиллари қатнашишга ҳақли деб биламан, – деди театр директори Аъзамжон Абдураззоқов. – Майли, менику юмушу кўп дейишгандир, бироқ театр бадиий раҳбари, педагогика фанлари номзоди, кўп йиллар ўзбек ёшларига билим берган доцент Равшанбек Турсуновни чақиришса бўлар эдику!”

Жорий йилнинг 21-май куни бўлиб ўтган Чўлпонота шаҳрида Республика Ўзбек миллий-маданий марказининг навбатдаги қурултойи хақида биринчи бўлиб Одилжон Дадажонов Фейсбук тармоғидаги “Ўш ва ўшликлар” гуруҳидаги постида ёзиб чиқди. Унгача бу қурултой ҳақида на жамоатчилик ва на марказлар раҳбарлари хабардор бўлганлар. Пост остидаги танқидий изоҳлар, эътирозлар кўпайиб кетдими ёки кимдир айтдими, ушбу пост ва суратлар куннинг иккинчи ярмида Фейсбукдан олиб ташланди.

Иккинчи бўлиб, “Ўш садоси” нашрининг Фейсбукдаги постида (улардан ҳам қурултойга биронта вакил бормаган). Ҳолбуки, ягона отахон газетанинг биронта вакил-журналисти қатнашиб, бу йиғилиш ҳақида Одилжондан олдинроқ хроникасини ёритиб бориши керак эмасмиди?) билдиришича, бу қурултойга 100 нафар делегат қатнашган. Ваҳоланки, ўша ерда қатнашиб, ўз кўзи билан кўрган, билган биринчи шахслар, журналистларнинг аниқ маълумоти ҳанузгача йўқ.

“Қурултойга таклиф этилганлар шахслар қандай критерий – мезонлар билан саралаб олингани номаълум. Хусусан, “Қурултойга республикада истиқомат қилаётган ўзбекларнинг 100 нафар делегати иштирок этди”, деб айтилган тадбирга Ўш вилояти ва Ўш шаҳридан фақат 4-5 киши таклиф этилиши ҳудудий-пропорционал тартибга бутунлай зиддир. Ўш шаҳридан таклиф этилганлар сафида республикада ва ўзбек жамоатчилигига хизматлари синган арбоблардан Бўрибой Жўраев ва Арафатхон Олимжонова каби инсонларнинг йўқлиги Қурултой уюштирувчиларининг жиддий хатоларидан биридир”, -деб ёзади журналист Маҳмуджон Қозоқбоев “Альянс пресс Ўш” сайтида.

Кеча, 22-май куни Ўш шаҳрида Ўш вилояти ва Ўш шаҳрининг Ўзбек миллий-маданий марказлари фаолларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ўш вилояти ўзбеклар маданий маркази раҳбари ўринбосари Акбар Алиев ва шу марказнинг Оқсоқоллар кенгаши раиси Муҳаммаддамин Исмоилов, Ўш шаҳри ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Олмосбек Иминжонов, Бобур театри бадиий раҳбари Равшанбек Турсунов, театр бош маъмури, журналист Барно Исоқова, “Альянс пресс Ўш” сайти директори, журналист Маҳмуджон Қозоқбоев ва бошқа фаоллар сўзга чиқдилар.

Равшанбек Турсуновга кўра, Қурултойга ўзбек миллатини ривожига ҳисса қўшган ҳар бир тармоқдан вакиллар, миллатимиз ойдинлари қатнашиши керак эди. Олимлардан Махсумхонов Саидакбар, Оқибатхон Исмонова, машҳур, эл ардоқлаган санъаткорлардан вакиллар, ҳунармандчиликда шуҳрат қозонганлар, ОАВ вакиллари, спорт усталари, ёзувчи ва шоирлар, рассомлар… бир сўз билан айтганда, ўз меҳнати билан миллатимиз шаънини юксалтираётган ўзбеклар барча ҳудудда бор эди, улар қатнашишга, овоз беришга ҳақли эди. Энди кечаги қурултойга ҳам бир гуруҳ обрў эътиборли ўзбеклар қатнашган бўлса керак, менимча. Лекин бундай тор доирадаги миллатдошларимизнинг бутун миллат номидан раис сайлаб келишлари маъқул иш эмас, албатта.

Ўш вилояти ва Ўш шаҳрининг ўзбек миллий-маданий марказлари фаолларининг қўшма мажлисида Чўлпонота шаҳрида ўтган қурултойнинг қатор талабларга риоя қилинмасдан, ҳатто ташкилотнинг ўз уставига ҳам зид равишда ўтказилгани қайд этилди.

Ўш вилояти оқсоқоллар кенгаши раиси Муҳаммаддамин Исмоиловнинг айтишича, ўзбек миллий марказининг раҳбари, энг аввало, ўзбек тилида равон сўзлашни билиши даркор. “Худди шу масалани аввалги қурултойда Бахтиёр Қодировга эслатганимда, у “икки ойга қолмай ўзбек тилини ўрганиб оламан”, деган эди. Орадан йиллар ўтиб, кечаги қурултойнинг яна асосан рус тилида ўтибди. Бошкентдаги миллатдошларимиз Алишер Собиров, фазогир Солижон Шарипов ва Бахтиёр Қодировларнинг нутқлари доимо рус тилида бўлади”, – дейди Исмоилов.

Ўшдаги қўшма мажлисда қатнашганларнинг барчаси ўз таклифларини айтиб, тегилши мутасадди ташкилотларга расмий хат тайёрлашга қарор қилдилар. Жумладан, иштирокчилар қуйидаги хулосаларга келдилар:

Биринчидан, Иссиқкўл – Қирғизистоннинг ўзбеклар энг кам яшайдиган ҳудудлари сирасига киради. Анжуман Боткен ва Жалолободлик ўзбеклар учун ҳам қулай масканда – Ўшда ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўлган бўлар эди. Бошкентдан эса саноқли вакилларнинг келиши кифоя эди.

Иккинчидан, Қурултойни ҳар бир ҳудудий кенгашларни бохабар қилган вазиятда, жой-жойларда мажлислар ўтказиб, қурултойга қатнашадиган делегатларни сайлаб олишлари кераклиги деярли барча марказларнинг уставларида қайд этилган. Шунга қарамай, энг кўп ўзбеклар яшайдиган Ўш вилояти ва Ўш шаҳри миллий-маданий марказлари ва ҳатто уларнинг раҳбарлари Аҳмаджон Раҳимов, Олмос Иминжоновлар қурултойдан бехабар қолганлар. Улардан биронта ҳам вакил қатнашмаган.

Учинчидан, Ўзбек оммавий ахбори вакиллари бўлиши кутилаётган қурултой ҳақида ва унинг олдига қўйган мақсад ва ҳисоботларини бир ой олдинроқ ёритиб боришлари керак ва зарур эди.

Тўртинчидан, қурултой делегатлари марказ раҳбарини сайлаш учун овоз беришидан аввал унга муқобил номзодни кўрсатишлари ва икки ёки уч нафар номзоднинг дастурлари қурултой олдидан эълон қилиниши шарт эди.

Бешинчидан, биргина Ўш шаҳар миллий-маданий маркази раисини сайлаш учун залда 150 дан ортиқ ўзбеклар ва улар орасидан 120 нафар расмий делегат қатнашган эди. Республикадаги қурултойга ўша 120 нафар фаолдан биронта делегат ва ҳатто ташкилотнинг раҳбари ҳам таклиф қилинмаса, қаёқдан топилди ўша 100 нафар делегат? Уларнинг рўйхатини ким кўрсатди?

Олтинчидан, шу вақтнинг ўзида, 2016 йилдан бери ташкилот ҳужжатининг яроқлилик муддати тугаган ва Ўш шаҳар миллий-маданий марказининг янги раисини сайлаган куни ўзининг 10 йилдан ортиқ вақт давомида бажарган ишлари ҳақида ҳисобот берган собиқ раис Ходжаев Рашидхоннинг қурултойдаги иштирокини қандай тушуниш мумкин?

Қўшма мажлис ииштирокчилари юқорида қайд этилган фикрларни расмий тарзда баён қилиб, билдирилган эътирозлар билан бирга расман Қирғизистон Халқи Ассамблеясига юборишга қарор қилдилар.

Барно Исоқова, Ўш шаҳри.

Расм интернетдан олинди

Яндекс.Метрика