МУҲАНДИСДАН ЧИҚҚАН ИЖОДКОР

Ҳабибулло Идрисов Аравон туманидаги Лангар қишлоғида колхозчи-деҳқон оиласида туғилган. 1974 йили Тошкент Политехника институтини тугаллагандан сўнг йўлланма билан Фарғона азотли ўғитлар заводида мастер бўлиб иш бошлаган.

1976 йили Аравонга қайтиб, аввал колхозда бош муҳандис, сўнг 1979-83  йиллари комсомол, партия ташкилотларида ишлаган.Сўнг то 2012 йили пенсияга чиққунгача туманидаги турли корхона ва муассасаларда рахбар бўлиб ишлади.

Ҳабибулло Идрисов ижодий фаолиятини талабалик йиллардан бошлаган. Унинг дастлабки шеърлари «Тошкент оқшоми»,»Фарғона ҳақиқати», «Ленин йўли», кейинчалик «Ўш садоси», «Достук», «Олтин водий», «Мезон», «Ёғду» газеталарда ва «Ўш алманахи»да, ҳажвий ҳикоялари «Муштум» журналида чоп этилган. Публицистик мақолалари вилоят газеталарда босилган. Ҳ.Идрисов бир қанча қирғиз ва рус адибларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Адибнинг ҳозиргача 7 та китоби чоп этилган, улардан иккитаси шеърий тўпламдир. Бундан ташқари, у бир қанча қомусий ва тарихий асарлар муаллифи ҳамдир. Ҳ.Идрисов бадиий адабиётнинг турли жанрларида ижод қилади. Жумладан,  бир қанча драма ва комедиялар ёзган, «Муштум» ҳажвий  журналининг 2010 йил махсус танлови ғолибидир.

Ҳ.Идрисовнинг меҳнатлари давлат раҳбарлари ва тегишли вазирликлар томонидан муносиб бахоланиб келмоқда. У Қирғизистон Республикаси мадиняти аълочиси кўкрак нишони, бир қанча вазирликларнинг фахрли ёрлиқлари, КПСС МК, СССР Министрлар Совети, ВЦСПС, ВЛКСМ МКнинг Фахрли ёрлиқлари, Қирғизистон КП МКнинг стол медали билан тақдирланган.

Ҳ.Идрисов «Қирғизистон Республикаси Давлат хизматининг 2-тоифа маслаҳатчиси» унвонига эга.

 

—  Ассалому алайкум,Ҳабибулло ака хуш келибсиз!

—  Ва алайкум ассалом.

— Суҳбатни анъанавий саволдан бошласак. Сиз механик муҳандис бўла туриб, бадиий адабиётга қандай кириб келгансиз?

—Таниқли ёзувчи ва драматург Шароф Бошбековга телеучрашувларнинг бирида худди шундай савол берганларида у:

– Қарасам, адабиёт эшиги қия очиқ турган экан, секин кириб келавердим, – дея жавоб берганди. Мен ҳам шунга ўхшаш жавоб берсам бўларди, аммо бунга сал аниқлик киритишни лозим топдим. Болалигимдан бадиий адабиётга қизиқишим бор эди. Талабалик йилларим куллиётимизнинг деворий газетасига ҳазил шеърлар ёздим. Дастлабки шеърим «Тошкент оқшоми» газетасида Ҳ. Холиқов имзоси билан босилганда севинчимнинг чеки бўлмаганди. Кейинчалик онда-сонда вилоят газеталарида шеърларим чоп этила бошлади. 1995 йили марҳум шоирлар Усмон Темур, Турсунбой Адашбоев ва Холдоржон Қуронбоевларнинг тавсия ва далдалари билан дастлабки шеърий тўпламим – «Ажаб дунё, армонли дунё» Тошкентдаги «Чўлпон» нашрётида чоп этилди. Ва шундай қилиб, мен бу сирли адабиёт дунёсига кириб қолдим.

— Таржимаи ҳолингизни кўриб ҳайратландим. Ўттиз йилга яқин раҳбарий лавозимларда ишлабсиз. Ишлаганда-да, касбингиздан узоқ соҳаларда раҳбар бўлиб ишлабсиз. Масалан, деярли 7 йил туман газетасида бош муҳаррир, 12 йил туман маданият бўлими мудири бўлиб ишлабсиз. Буни қандай тушуниш мумкин?

— Ҳозир қандай билмайман, аммо СССР даврида барча соҳада раҳбардан ишни яхши ташкиллаштириш, маънан ва ахлоқан пок бўлиш, кенг дунёқараш ва билимга эга бўлиш талаб қилинарди. Шунинг учун ҳам ўша давр раҳбарлари кенг диапозонли бўларди ва уни қайси ташкилот ва муассасага лозим кўрсалар шу жойда раҳбар бўлиб ишлайверардилар. Насиб экан, 1985 мен туман моддий-техника таъминоти базасига директорликка тайинлаган эдим. 1991 йили халқаро тижорат ассоциациясига бош директорликка, ахборот марказига директорликка, янги ташкил этилган туман газетасига бош муҳаррирликка, ундан кейин туман маданият бўлимига мудирликка ўтказдилар ва шу ердан 2013 йили пенсияга чиқдим.

— Адабиёт ихлосмандлари сизни кенг диапазонли адиблардан бири, деб билади. Сиз назмда ҳам, насрда ҳам ижод киласиз. Бир канча комедия ва драмалар муаллифисиз. Қаламингизга мансуб публицистик мақолаларингизда давр руҳига мос муаммоларни кўтарасиз. Вилоят газетасида чоп этилган ва китобларингизга киритилган қатор файнвордларингиз бор. Рус, қирғиз ва ҳатто немис тилидан таржималарингиз бор. Шулар ҳақида тўхталсангиз.

— Айрим адиблар адабиётнинг маълум бир жанрида ижод қиладилар. Масалан, устозларимдан Усмон Темунинг ажойиб насрий асарлари бўлса-да, асосан назмда калам тебратиб келди, иккинчи устозим Холдоржон Қуронбоев ҳам шоир эди, аммо у насрда ҳам баракали ижод килди. Учинчи устозим Турсунбой Адашбоев, гарчи болалар шоири деб танилган бўлса-да, насрий асарлари, айниқса ҳажвий ҳикоялари мухлисларининг олқишига сазовор бўлиб келди. Яна бир устозим Абдуғани Абдуғафуров драматургияда баракали ижод қилди, аммо унинг ҳажвий ҳикоялари ва чукур фалсафий маъноли шеърлари борки, уларни адабиёт муҳлислари ҳамиша мароқ билан ўқиб келадилар. Менинг турли жанрларда ижод қилишимга балки мана шу устозларимнинг таъсири бўлгандир. Дастлабки чоп этилган икки китобимга шеърий ижодим намуналари киритилган. Аммо охирги пайтларда кўпроқ насрда ижод қилаяпман. Шу туфайли ҳам кейинги чоп этилган бешта китобимга насрий ижод маҳсуллари киритилган. Аммо шеъриятдан ҳали узоқлашганим йўқ. Иншоолло, яқин келажакда яна битта шеърлар тўплам чоп эттириш режам ҳам йўқ эмас.

 

 

 

 

НОСТАЛЬГИЯ

***

Болалигим – пошшолигим, қолиб кетдинг қайларда?

Қирғоқларга ташлаб мени, оқиб кетдинг сойларда.

Гирён чопиб қидираман, тополмасман во ажаб,

Гоҳо сени кўргандекман юлдузларда, ойларда.

 

Чордоқдаги сандиқчадан сени топиб оламан.

Зум ўтмасдан йўқотаман ва хаёлга толаман.

Эски альбом орасида кўриб қолган чоғларим,

Эслаб ўша даврларни бир оз сархуш бўламан.

 

Онасининг орқасидан чопиб юрган қўзичоқ,

Аллақачон қуриб қолган шўр пешона мўл булоқ,

Сени менга эслатганда, энтиктириб кетганди.

Нафис нурин таратади қалбимдаги шамчироқ.

 

Тушларимда кўриб қолсам меҳрибоним онамни,

Суянчиғим, паҳлавоним, чарчоқ билмас отамни.

Уйғонганда кўзимда ёш, Аллоҳимдан тилайман:

“– Ҳеч бўлмаса тушда кўрсат болалик деган дамни”.

 

Онажоним қучоғида бўлардим фароғатда,

Отажоним опичтирса яйрар эдим роҳатда.

Ғам нима, ташвиш нима, булар менга ёт эди,

Ё Раббий, юзлаштиргил улар-ла охиратда.

 

Болалигим – пошшолигим ўзингга хўп зор этдинг.

Ташлаб кетиб, ғам-ташвишга мени гирифтор этдинг.

Бор топганим сенга берай, бир зум қайтгин ёнимга.

Ҳижронингда бу дунёни менга жуда тор этдинг.

 

…Шунақа ўй-хаёл билан турган эдим ўшал дам,

«Бобожоним!» дея чопиб, кириб келди набирам.

«Мана менинг болалигим, бағримга кел!» деганча.

Кучоқ очдим унга қараб, бўлди кўнглим хотиржам.

 

Болалигим йўқолмабди, қўлдан қўлга ўтибди,

Йиллар оша, манна, навбат набирамга етибди.

Ҳамдлар бўлсин Оллоҳимга, йўқотган болаликни

Набирамда топиш бахтин пешонамга битибди.

***

ТЎРТЛИКЛАР

Чарақлаган қуёш асли қалбим куёши,

Эзилган бу тупроқ жисмим бардоши,

Эшитгил эй гумроҳ, лойлаб кечганинг,

Аслида дарëмас, дийдамнинг ёши.

 

Сира бўлолмасман дунëга тиргак,

Бўлмайман ҳеч қачон унга зар-безак

Битта орзуйим бор кўнглим тубида:

Кошки халқим учун бўлолсам керак.

 

Кўп сўзлаб билиминг айлама кўз-кўз,

Билимни хор айлар кўп гапу кўп сўз.

Қулоқ иккитаю, тил эса битта,

Сўзлашдан уққанни айлагин азиз.

 

Ҳаëт тимсолидир асли сабза ранг,

Унда аксин топар ҳар он ранг-баранг.

Заррин нур таратиб турса-да тилло,

Умр интиҳоси акс этар, қаранг.

 

Хушхулк инсон – аттор дўкони,

Ифорин таратар унинг ҳар ëни.

Харид қилмасангда ундае бир мисқол,

Бўйидан нафланиб, бўласан ҳушхол.

 

 

ТАРЖИМАЛАР

 

В. Демин.                  АРРА

(Ҳазил)

 

Кетиб борар эр, кўлида арра,

Ортидан хотини қилар ғишава…

– Йўл бўлсин, қаёққа, арра кўтариб?

– Сўради қўшниси, уни тўхтатиб.

– Арра эмас бу, кўзларингни оч,

Бу ахир ризқу рўз, қани йўлдан қоч.

Билиб қўйгин қўшни, ҳўв жавраётган,

Ўзича кимнидир хўп қарғаётган,

Хотиним аслида ҳақиқий арра,

Мени арралайди ҳар кун минг карра.

Хотин деди: – Сен ҳам эр эмас,

Fўласан, демакки, мен сенга жа мос!

 

 

Марк Усвяцов.          АЪЗОЛАРГА ШОН-ШАРАФ!

 

Ишчини қўли боқар,

Муҳандисни калласи.

Кимдир гўшакни тақар.

Боқар қулоқ палласи.

 

Почтальонни оёғи,

Сиёсатчини тили.

Йўлтўсарга ов чоғи,

Керак юрак сархили.

 

Фоҳиша-чи, тан сотиб,

«Севги» сотиб кун кўрар.

Кимдир ароққа ботиб,

Ҳар куни базм қурар.

 

Барчасига худойим,

Имкон берган, ризқ берган.

Меҳнат қилишар доим,

Яхши аъзоси билан.

 

 

 

— Сизнинг «Содда аравонлик ҳангомалари» ҳажвий тўпламингиз нафақат кулгисевар китобхонлар ўртасида, балки қаламкаш ижодкорлар ўртасида ҳам жуда яхши баҳоланди. Шу китобнинг яратилиш тарихи ҳақида гапириб берсангиз.

— Одатда, ҳар бир даврада қайта-қайта айтилиб келадиган ва ҳар сфар кулги қўзғайдиган турли ҳангомалар бор. Бу ҳангома «қаҳрамонлари» ўша давра иштирокчиларининг танишлари бўлади. Мен кўпдан бери аравонликларга яхши таниш бўлган кишилар ҳаётида юз берган ўшанақа ҳангомаларни йиғиб, вақти келганда ўтиришларда айтиб берардим. Бу ҳангомаларнини бир қанчаси ўша йиллари «Ўш садоси» вилоят газетасида ва Ўзбекистоннинг ҳажвий журнали «Муштум»да сонма-сон чоп ҳам этилди. Устозларим Т. Адашбоев ва А. Абдуғофуровлар бу ҳангомаларни тўплам ҳолига келтириб, китоб қилишга даъват қилдилар.

 

 

ҲОЖАТХОНА ҚАЕРДА?

 

Хизмат сафарига борган аравонликдан бошқа бир меҳмон ҳожатхона қаердалигини сўради.

– Мен ҳам сизга ўхшаб, бу ерлик эмасман. Келганимга энди бир ҳафта бўлди. Ҳожатхона қаердалигини билмайман, – деб жавоб берди аравонлик.

********

УЯЛИ ТЕЛЕФОНДАН ФОЙДАЛАНИШГАН

Англиядан келган меҳмон мақтанди:

– Яқинда бизда археологик қазишма ишлари ўтказилди, 5 метрлик маданий қатламдан мис сим парчаси чикди. Бу бизнинг ота-боболар 5 минг йил аввал телефондан фойдаланганлигининг далилидир.

Германияликнинг ғаши келиб деди:

– Германияда археологик қазишмалар чоғи 10 метрлик чуқурдан шиша синиғи чиққан. Бу қадимий немислар 10 минг йил аввал шиша ўтказгичлардан фойдаланиб, радиотелефонда гаплашганлигининг исботидир.

Аравонлик деди:

– Бизнинг Аравонда археологлар 500 метр чуқурликни тити-пити қилишди. Ҳеч нарса чиқмади. Демак аравонликларнинг ота-боболари 50 минг йил аввал уяли телефондан фойдаланишган.

********

МАСТЛИК БЕЛГИСИ

Тўй базмида ўтирган аравонликнинг рўпарасидан кўримсизгина жувон жой олди. Аравонлик жувонга қараб-қараб қўяр, узатилган қадаҳларни эса бирин-кетин бўшатарди. Жувон аравонликнинг қарашларига хунук жилмайиш билан жавоб берарди.

–Бўлди, бошқа ичмайман! -деганича узатилган навбатдаги қадаҳни рад этди аравонлик.

-Маст бўлиб қолдим шекилли. Кўзимга рўпарамда ўтирган шу аёл гўзал кўрина бошлади.

********

ҚАЕРДАСАН, ХОМЕНКО?

Икки карра Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Алла ота Аноров қачон Москвага борса, ўзи билан кўпинча хўжаликда агроном бўлиб ишлайдиган А.Хоменкони олиб борарди. Бунинг сабабларидан бири албатта Хоменконинг тилмочлик вазифасини ўташи бўлса, иккинчи тарафдан унинг соддадиллиги ҳисобланарди. Бир гал А.Аноров Москвага борганда каттароқ харидни кўзлаб ўзи билан анчагина пул олволганди. У пулни ўша замон қоидасига кўра шоҳи белбоққа ўраб, ичидан белига бойлаб олганди. Москва кўчаларини кезишиб, магазинларни айланиб юришаркан, Алла ота гоҳо биқинида дўппайиб турган пулни ушлаб қўярди. Арбат бўйлаб пиёда кетар эканлар, у яна бир бор қўлини пулни ўрнидалигини текшириш учун биқинига юборди. Воҳ, пул йўқ эди!

– Хоменко! – деярли бор овози билан ҳайқириб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ундан бир неча қадам олдинга ўтиб кетган Хоменко тўхтаб ранги оқариб кетган Алла отага қараб:

– Нима бўлди Алла тоға? – деди. Алла тоға бўлса ҳамон биқинини пайпасларди. Хайрият, шойи белбоғ сирпанчиқ эмасми, пул ўралган жойи унинг бели томонга ўтиб кетган экан. Лекин у ҳаяжондан ўзига келиб улгурмаганди. Хоменконинг унга хавотир билан термулиб туришидан нима дейишни билмай:

– Йўқ, шунчаки, ҳи-им… – Тузукмисан болам? Шуни сўрай девдим, – дерди у хижолатдан.

Аҳмаджон Маҳаммадов ҳангомалари

********

ХАТНА ҚИЛИНГАН

 

Аҳмаджон Маҳаммадов талантли раҳбар бўлиши билан бирга ҳозиржавоблиги, зукколиги ва латифагўйлиги билан ҳам донг чиқарганлардан. У Аравонда ҳоким бўлиб ишлаётган йиллари Россиядан ўзаро иқтисодий алоқалар ўрнатиш учун бир гуруҳ ишбилармонлар келишди. Туман ҳокимлиги олдидаги В.И.Лениннинг ҳайкалини кўриб ажабланишди.

— Бизда Ленин ва бошқа инқилоб чавандозларига қўйилган ҳайкаллар аллакачон олиб ташланган, сизларда эса ҳамон турибди экан, — деди биттаси.

— Бу сизлар айтган Ленин эмас, мусулмон Ленин, – деди Аҳмаджон сир бермай.

— Қанақасига мусулмон Ленин? – тушунмай қайта сўради россияликлар.

— Шунақасига, бу Ленин хатна қилинган. Ишонмасангиз, чиқиб қаранглар, – деди Аҳмаджон.

 

Ҳабибулла ака, бадиий адабиётда «Устоз-шогирд» анъанасининг ўрни қандай?

— Менинг назаримда ҳар бир инсонда бадиий адабиётга қизиқиш озми-кўпми бўлади. Айримлар кўнгил кечинмаларини шеърий сатрлар орқали ифодалагиси келади. Айримлар эса бу ҳолатларини ҳикоянавислик орқали билдиришни хоҳлаб қолади. Бунақа ҳолатлар айримларда ёшлик чоғларида, айримларда эса кексайганда вужудга келади. Оллоҳ истеъдод берганларнинг аста-секин қалами ўткирлашиб бораверади ва вақти келганда тузуккина адиб бўлиб қолади.Аммо ҳамма истеъдоди борлар ҳам шоир ёки ёзувчи бўлавермайди. Бунинг учун энди унга тажриба ва билим керак бўлади. Шунақа ҳолатда у устозга муҳтожлик сезади. Маслак ва услуб нуқтаи назаридан ўзига яқин бўлган устоз этагини тутса, тез орада кўпчиликнинг назарига тушиб қолади. Халқимизнинг «Уста кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар», деган мақоли бежиз айтилмаган.

— «Ўш адабий муҳити»нинг ҳозирдаги аҳволи кандай?

— Менинг назаримда, айни кунларда «Ўш адабий муҳити» қийин кунларни бошидан кечираётгандек кўринмоқда. Бунга Ўзбекистон билан маданий алоқаларнинг тамомила бўлмаса-да, қисман узилиб колиши, Ўзбекистоннинг лотин имлосига ўтганлиги, бадиий адабиётда адабий танқидчиликнинг йўқлиги, мамлакатда ўзбек тилидаги мактабларнинг кескин камайиши, ўзбек тилидаги ОАВларининг тобора камайиб бораётганлиги, борларининг адади камлиги ёки эфир вақтининг озлиги кабилар таъсир қилмоқда.

Таланти қайнаб турганлар бор, аммо юқорида айтилгандек, устозлари йўқ. Натижада, улар етилмаган шеърларини, мазмуни саёз ҳикояларини интернетга жойлайдилар. Охирги пайтларда бунақалар кўпайиб кетди. Қофия, вазн, туроқ деган асосий талаблар сақланмаган, нима демоқчилигини муаллифнинг ўзи ҳам билмайдиган шеърлар, ғализ сўзлар йиғиндисидан иборат ҳикоялар кўпайиб бормоқда.

Бундай ижод маҳсуллари Ҳувайдо, Самарбону, Камбарнисолар бошлаган, Омон Аравоний, Мирзакалон Исмоилий, Иззат Султонлар давом эттирган, Турсунбой Адашбоев, Усмон Темур, Қўлдош Мирзо, Мирзоҳид Мирзараҳимов, Абдуғани Абдуғафуров, Шавкат Раҳмонлар тобланган ва уларнинг қатор издошлари учун бешик бўлган «Ўш адабий муҳити»га сира тўғри келмайди.

Тўғри, ижодкор учун аудитория зарур. У ўзининг ижодини кўпчиликка кўрсатишни хоҳлайди. Бунинг учун эса, айтаётганимиздек, имконият йўқ. Шундай бўлса ҳам, ҳар бир ижодкор ўзига ўзи талабчан бўлмоғи керак. Кўп ёзиб, бировларнинг ғашига теккандан кўра оз ва соз ёзиб, ихлосмандларини тамшантириб қўйганлари яхши. Худога шукр, ёш ижодкорлар ўртасида ҳақиқий талант эгалари ҳам бор. Уларга ижодий баркамоллик тилайлик ва қўллайлик. Ажабмаски, айнан шулар «Ўш адабий муҳити»ни муносиб давомчилари бўлиб қолсалар…

Яндекс.Метрика