Миллатнинг маънавият ҳамшираси…♫

Моҳларбону (Моҳидил Холтўрахон қизи) 1962 йил 11февралда Ўш шаҳрида деҳқон оиласида туғилган.Ўш шаҳридаги Ленин номли мактабда 1-8 синфгача ўқиб,сўнгра Мурод Собиров мактабида (аввалги “Октябрнинг 60 йиллиги” мактаби) 9-10 синфни тамомлади.  Ёшлигидан шеър, ҳикоялар ёза бошлади. ЎшДУнинг ўзбек тили ва адабиёти факультетини, қўшимча журналистика факультетини тамомлади.

Ўш шаҳридаги мактабларда дастлаб эски ўзбек ёзуви, лотин ёзуви, ўзбек тили ва адабиёти ҳамда одобнома дарсларидан ўқувчиларга билим  берди. Мактабдан ажралмаган ҳолда ”Мезон” ижтимоий-сиёсий эркин газетасида адабий ходим (1996-2010 йиллар), сўнг “Ўш садоси” газетасида жамоатчи мухбир бўлиб ишлади.

2002 йил “Ўзингдан Ўзгаси билмас” номли шеърий тўпламини (Ғафур Ғулом номидаги нашриёт, Тошкент), 2008 йил Жалолобод нашриёти чоп этган “Такдир Аллоҳ қўлида”, 2015 йил “Ибрат бекати”, 2018 йил “Қалб кўзгуси” номли  китобларини Ўшда омма эътиборига ҳавола қилди. Кўпгина шеър, мақола ва ҳикоялари Ўш, Жалолобод, шунингдек Ўзбекистондаги бирқанча нашр органларида чоп этилган.

 

ЎЗИНГДАН ЎЗГАСИ

Ташим кулгай, ичим вайрон,

Қарорим йўқ, кўнгил хайрон.

Нажот кутсам, тўсиқ ҳар ён,

Ўзингдан ўзгаси билмас.

 

Дилим тўла изтироб, ғам,

Тафтим олар гоҳо қалам.

Дардчил хатто тушларим ҳам,

Ўзингдан ўзгаси билмас.

 

Ҳаётимнинг йўли чигал,

Битилганму шундай азал,

Заҳар бўлгай, тотсам асал,

Ўзингдан ўзгаси билмас.

 

Не иш қилсам, хато бўлмас,

Инсон асли ғамдан ўлмас.

Умидим гуллари сўлмас,

Ўзингдан ўзгаси билмас.

 

Моидил сенга ёлворгай,

Сен қолиб, у қайга боргай.

Назора қилмасанг, ҳоргай,

Ўзингдан ўзгаси билмас.

****

МАРСИЯ

(Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратларига)

Шу замоннинг қуёши бўлиб,

Қалби иймон нурига тўлиб,

Зиё нурин элга улашиб,

Юрганингиз қандай бахт эди!

 

Қуръон илмин ўрганиб пухта,

Шу ҳаётга қилиб омухта,

Ҳақни айтиб, бўлмайин сохта

Турганингиз қандай бахт эди.

 

Пайғамбарга меросхўр бўлиб,

Билганини элга илиниб,

Дину дунё илмин шимириб,

Турганингиз қандай бахт эди.

 

Элнинг сизга саволи қат-қат,

Жавоб бериб уларга албат,

Ҳақ ризосин кўзлабон фақат,

Юрганингиз қандай бахт эди.

 

Тунингизни тонгларга улаб,

Элга фақат ҳидоят тилаб,

Ҳақдан чексиз иноят сўраб,

Юрганингиз қандай бахт эди.

 

Бугун сизни йўқотиб қўйдик,

Бахтимизни бой бериб қўйдик,

Ҳузурига жўнатиб қўйдик,

Борлигингиз қандай бахт эди.

 

Пайғамбарнинг ёшига етиб,

Китобларни чиқариб шошиб,

Фикрлари  уммондек тошиб,

Кетганингиз бир армон энди.

 

Олим ўлса, олам йиғлайди,

Элим юрак-бағрин тиғлайди,

Сиздай зотни балким кўрмайди,

Кетганингиз бир армон энди.

 

Бизга бўлди катта мусибат,

Доғда қолдик, босибди ғафлат,

Ақлимизни шоширар ҳайрат,

Кетганингиз бир армон энди.

 

Эслаб Расул мусибатини,

Фикр қилдим оқибатини,

Саҳобалар чин тоқатини,

Кўз олдимга келтирдим энди.

 

Йиғилишиб тумонат одам,

Йиғлашдилар тутишиб мотам,

Маърифатда беназир ҳотам,

Кетганингиз бир армон энди.

 

Гўё қолди олам ҳуввиллаб,

Юрак эса ёнди ловиллаб.

Ёрқин юлдуз ўчди милтиллаб,

Кетганингиз минг армон энди.

 

Мохларбону чекмоқда фарёд,

Шундай зот ҳам, ўтдими ҳайҳот?!

Охиратин қилгайсан обод,

Бу ҳам бизга бир ибрат энди.

*****

ИБОДАТ ҚИЛ

 

Мол-дунёга кўнгил қўйма омонат,

Умринг бўйи қураверма иморат.

Ҳаммасини ҳисоби бор қиёмат,

Ғаниматсан, ибодат қил, ибодат.

 

Давлат берса, мискинларга назар қил,

Ҳаром луқма келса, ундан хазар қил.

Борар жойинг – икки газли мозор, бил,

Ғаниматсан, ибодат қил, ибодат.

 

Мусофирсан жонинг танда омонат,

Охиратда яшай десанг фароғат.

Бу дамларни ғанимат бил, ғанимат,

Ибодат қил, ибодат қил, ибодат.

 

Жаннат юзин кўрай десанг, камтар бўл,

Такаббурлар Оллоҳ сари топмас йўл.

Кеча-кундуз ризқинг сочиб қўйди мўл,

Ибодат қил, ибодат қил, ибодат.

 

Ҳисобсиз неъматлар қуршовидасан,

Вақт олий ҳакам ўлчовидасан.

Нечун ғафлат ичра беғам юрасан,

Ибодат қил, ибодат қил, ибодат.

 

Охират бор, дейсан қилмайсан амал,

Ўлим етиб келар кутмаган махал.

Азроил жонингни қасдида маҳтал,

Ибодат қил, ибодат қил, ибодат.

 

Бандамиз бечора, гуноҳга мойил,

Хоҳлармиз, жаннатга айлагин дохил.

Ҳар ишга қодирсан, биз сенга қойил…

Иноят қил, ҳидоят қил, ижобат қил,

Илтижо айлади сенга Моҳидил.

*****

АДАБИЁТ ДЎСТЛИК КЎПРИГИ

Адабиёт яшаса, яшайди олам,

Уни кўкартирар заҳматкаш қалам.

Шоир ва адибнинг миллати – Одам,

Эзгулик сари ташлашар қадам.

Миллат танламайди, барча баробар,

Ўтмиш келажакдан беради хабар.

Навоий сўзини уқади жаҳон,

Бул ёқда туркийлар, ул ёқда юнон.

Низомий Ганжавий беш панжасига,

Навоий тенг келди ул “Хамса”сига.

Маҳтумқули сўзлари конидир ҳикмат,

Евро Осиёда қилишар ҳурмат.

 

Шекспирнинг “Ҳамлет” асари,

Жаҳон саҳнасидан тушмайди нари.

Деҳлавий бонг урар Ҳиндистонида,

Жаранглар садоси Ғарб маконида.

Чингиз оға Айтмат – қирғиз ўғлони,

Фахрига айланди бутун жаҳоннинг.

Қозоқнинг адиби ҳурматли Абай,

Ҳеч қайси миллатга бўлмайди ўгай.

Расул Ҳамзат, Несин ва Аваз Ўтар,

Барча миллатларга тенгдир баробар.

Дўстлик биродарлик кучи қаламда,

Бундан зўрроқ эзгулик борми оламда?!

Пушкин шеърияти – руслар байроғи,

Барча эллар унинг кўзин қароғи.

Горький болалигин этганда баён,

Ойбекнинг ёшлиги бўлади аён.

 

Бор бўлсин ҳамиша шу адабиёт!

Миллатлар учун кўприк барҳаёт!

*****

ИЛҲОМНИ СОҒИНИБ…

Илоҳий ҳомийлик қайдасан илҳом,

Сени менга Ўзи айлаган инъом.

Ижодим яна гулласин давом,

Мен сени соғиниб, кутиб яшайман.

 

Ғафлатдан қочиргин уйқуларимни,

Жунбушга келтиргин туйғуларимни.

Кўксимдан кетиргин қайғуларимни,

Мен сени соғиниб, кутиб яшайман.

 

Мухлислар янгисин кутишар доим,

Янги-янгисини бергин, Худойим.

Ўзидан сўрайман, қилиб дуойим,

Мен сени соғиниб, кутиб яшайман.

 

Шайтоннинг нағмаси бўлма, бўл ҳикмат,

Қалбларга шифо бўл, ҳайдагин иллат.

Зиё нур олдида чекинсин зулмат,

Мен сени соғиниб, кутиб яшайман.

 

Умримга маъною мазмун ҳам ўзинг,

Қадру-қимматимни оширган ўзинг.

Сўзлар дарёсини тоширган  ўзинг,

Мен сени соғиниб кутиб яшайман.

 

Сен бор кўнгилларга кириб бораман,

Ўша хастадиллар дардин оламан.

Улар билан мангу дўст бўп қоламан,

Мен сени соғиниб, кутиб яшайман.

 

Дарду аламлардан туғилади шеър,

Тўлғоқ азобидан қўлга қалам бер.

Шоирлар – қалбларнинг тилмочлари дер,

Мен сени соғиниб, кутиб яшайман.

 

Дунёга шунчаки келмаганман, бил,

Дилларни шод айлаб юзим ёруғ қил.

Сендан эл кўп ижод кутар, Мохидил,

Илҳомни соғиниб, кутиб яшайман.

*****

МУХЛИСЛАРИМ КУТЯПТИ

Биринчи китобимни,

Шеърий дил хитобимни.

Тошкентда нашр этдим,

Мухлисни асир этдим.

 

Китобни тугатолмай,

Ўзини тута олмай.

Кўпчилик йиғлашибди,

Ўзаро сирлашибди.

 

Китоб бўлди қўлма-қўл,

Дилларга очибди йўл.

Ҳаммада бир хил жавоб,

“Иш қилибсан кўп савоб”.

 

Китобинг дилга малҳам,

Тугатолмай сира ҳам.

Ўқиймиз қайта-қайта,

Сенга раҳматлар айта.

 

Кўпчилик сотиб олиб,

Қўйибди ўғирлатиб.

Кимдир олиб бермабди,

Бер, десалар бермабди.

 

Тўлиб-тошган ўқиркан,

«Бизларда ҳам бор экан».

Мендан бўлиб миннатдор,

Дил сўзин қилар изҳор.

 

Мен буни кутмагандим,

Ўзимни билмагандим.

Элга ёқибди сўзим,

Бундан порлайди кўзим.

 

Ўшим қолиб Тошкентда,

Мухлислар қилмай канда.

Иккинчисин кутади,

Саволларга тутади.

 

Учрашиб кўча-кўйда,

Маърака ёки тўйда.

Тўсиб олиб йўлимни,

Тутиб олар қўлимни.

 

Мени қилишар сўроқ,

– Бизга айтинг-чи, бундоқ.

Қани иккинчи китоб, –

Менга қилишар хитоб.

 

Сиздан оламан илҳом,

Оллоҳим қилган инъом.

Шеърларим элга фидо,

Тугаб бўлмасин адо.

 

Яратганга ёлвориб,

Қўлёзмамни олволиб.

Истаб кетдим ҳомийни,

Ул ҳазрати олийни.

 

Қидираман ким экан,

Муддаойим биларкан.

Шеърларим бир гулдаста,

Усиз бўламан хаста.

 

Элга керак сўзимни,

Бағишладим ўзимни.

Сенга қилай илтижо,

Дуойим бўлсин бажо.

 

Чиқсин иккинчи китоб,

Вақт зиқ, кутмай шитоб.

Юрак қиндан чиқяпти,

Мухлисларим кутяпти.

 

Ўзинг қўллагин, Оллоҳ,

Чиқаргин, иншооллоҳ.

Доим яхши ният қил,

Таваккал қил, Моҳидил.

*****

ВАТАН СОҒИНЧИ

(Қатағон йиллари хорижга кетишга

мажбур бўлган ватандошлар нидоси)

 

Ватан ишқи дилгинамни кемиради,

Соғинч ҳисси ичу бағрим емиради.

Тупроғингга бошим қўйиб ётсам қани?

Армонларим кундан-кунга семиради.

 

Мусофирлик шаробини сипқораман,

Ватанимдан узоқларда бегонаман.

Дўзахнинг ҳам азоблари енгилмикан,

Оҳ, бир сиқим тупроғингдан айлонаман.

 

Ўтди умрим юрагимда армон билан,

Жонни олиб қочган кунги фармон билан.

Ўз юртига сиғолмаган ғариб бошим,

Тополмаган дардларига дармон билан.

 

Ё ҳаёту мамот деган кунда қочдик,

Мусофирлик эшигини аста очдик.

Дўсту ёр ва биродарни қўйиб ночор,

Саргардонлик шамолига бағир очдик.

 

Она-юртим, ўз миллатим, одатларим,

Тугаб борар мендан сабр-тоқатларим.

Яшамоқнинг лаззатлари биздан йироқ,

Татимайди еган ширин овқатларим.

 

Ватан учун меҳнатимни сарф айласам,

Остонангда қулингман, деб ёнбошласам.

Сўнгги умид, хокимни қўш тупроғингга,

Жонни қўйиб руҳим билан сайр айласам.

 

Ватандошлар, бу ўткинчи дунё эрур,

Яхши-ёмон кунни барча банда кўрур.

Асл ватан жаннатларда кўришайлик,

Биргалашиб яшаб унда кўринг ҳузур.

 

Ватандошлар, дардингизни дилдан туйдим,

Ўрнингизга қўйиб ўзим ёмон куйдим.

Моҳидилнинг ҳамдардлигин қабул айланг,

Ҳолингизни кўриб турган Хаққа қўйдим.

*****

ЙИҒЛА, АНДИЖОН

Шоҳ Бобурни қўйнида сақлолмади Андижон,

Ўз юртига сиғолмай, бўлди дили хаста жон.

Машаққату ранж ила ўтди умри дарбадар,

Тақдирида қисмати аччиқ экан, алҳазар.

Илон билан чаён ҳам ётган эди қўйнида,

Шоҳ шоирнинг гуноҳи шунча кўпми бўйнида?

Бобур мирзо шоҳ эди, руҳи синган ва ғариб,

Ер юзининг ярмини кезиб чиқди айланиб.

Қайга борса, бир алам қувиб борди ортидан,

Ёвлар билан жанг қилиб, тушолмади отидан

Андижондан бахт қуши, учиб кетди олислаб,

Ҳануз аттанг қилади Бобур мирзони эслаб,

Кетди буюк истеъдод, кўрди ҳузур Ҳиндистон,

Бу каттакон давлатда бўлиб қолди ҳукмрон.

Шоҳ шоирнинг довруғи бўлди машҳури жаҳон,

Уни қўлдан чиқардинг, йиғла, йиғла, Андижон.

Маънавият гулшани очилди Ҳиндистонда,

Бахт қушини учириб бизлар ҳануз армонда.

Шоҳ ва шоир Бобур Мирзо ўз юртига сиғмади,

Нафс кўйига кирган беклар, ул зот қадрин билмади.

Ҳиндистонда Тожимаҳал, қад кўтарди жаҳон лол,

Шу иморат Андижонда ёки Ўшда бўлмади.

*****

ҚАНОАТ ҚИЛ

Кимки ҳолим сўрар бўлса, деюр ҳолинг ёмон ўлмиш,

Шу ёш бошингга бу ғамлар, нечукким, айт, раво бўлмиш?

Ҳадеб қайғурмангиз, дўстлар, бўлар ҳар иш Худодандур,

Эрурмиз бандаи ғофил, қаю қилган хатодандур.

 

Раҳм этманг қилиб ғавғо, руҳим тушгай нидолардин,

Садо келгай қулоқ солсам, узоқ ўтган боболардин.

 

Бу дунё асли ҳикматдур, неча донолар ўтмишлар,

Адашганни солиб йўлга дуру гавҳарни битмишлар.

 

Ўгит берди, дилим чоғлаб, нечук берса, итоат қил.

Шукр айла Яратганга, гуноҳинг кўпки, тоат қил.

 

Тизиб ноёби маржонни, сабр-тоқат, қаноатдин,

Етиб келгай, ахир, бир кун сабо бергай саодатдин.

 

Моҳидил ҳам қаноатдан етар бўлди муродига,

Ажаб эрмас ёруғ юз-ла борар бўлса Ҳақ олдига.

Яндекс.Метрика