МЕНИНГ ЎШЛИГИМ

Ҳамидулло Матхолиқов

Ҳамидулло Матхолиқов 1959 йил Ўшнинг Шайхларгузари маҳалласида туғилган. Шаҳардаги 10-ўрта мактабида таълим олган. 1981 йили Абдулла Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтини хор йўналиши бўйича тамомлаган. Меҳнат фаолиятини эса 1981 йили Тошкент гарнизони Ички ишлар қуролли кучлар қошида Икромжон Бўронов раҳбарлигидаги ўзбек ашула-рақс ансамблида қўшиқчи сифатида бошлаган. 1982-1984 йилларда Андижон вилояти Хонобод маданият уйида хонанда. 1984-1986 йилларда Андижон вилояти филармониясида хонанда. 1986 йилдан Ўш ўзбек мусиқали драма театрида яккахон хонанда ва драма артисти сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.  У ўзининг дардли, ёқимли, дилтортар қўшиқлари билан халқимиз кўнглидан жой олган. Айниқса, хонанда ижросидаги «Ўшлигим» ҳамда «Чидаймиз-да» тароналари мухисларнинг севимли қўшиғига айланган. Театрдаги фаолияти давомида Ҳамидулло ака ҳалол, қобилиятли актёр, ҳақиқий инсон сифатида танилди. 2003 йилда Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлди.

Ассалому алайкум азиз ва муҳтарам Алишер Навоий институти сайти мухлислари. Бугун адабиёт хиёбони рукнимизнинг навбатдаги мехмони таниқли хонанда, Қирғизистонда хизмат кўрсатган артисти. Ҳамидулло Матхолиқов.

– Ҳамидулло ака, хуш келибсиз!

– Раҳмат. Хушвақт бўлинг!

– Ҳамидулло ака, ижодингизда бир муддат танаффус кузатилди. Бунинг боиси?..

– Ижод тўхтаб қолди, десам тўғри бўлмаса керак. 2011 йили мени узоқ Шарққа дам олгани таклиф қилиб қолишди. Ўша жойда Ўрта Осиё халқлари миллий марказлари бор экан, санъаткорлигимни билишиб, мени ишга таклиф қилишди. Мен у ерда тожик, ўзбек,қирғиз миллатларидан ташкил топган миллий марказлар қошида ансанбль туздим. Ўша ерда 5-6 йил фаолият кўрсатдим. Репертуарларимиз ҳам ўзгариб кетди. Биз 60 ортиқ фестивалда қатнашдик. Шундай қилиб, вақт ўтди. Халқимиз орасида мен кўринмай қолган бўлсам, ижодимиз тўхтаб қолганга ўхшаган бўлиши мумкин.

– Болалигингизни қандай хотирлайсиз?

– Ҳа, беғубор болалик. Мен ўзи аслида Сулаймон тоғининг пойида Шайхларгузари маҳалласида, ҳозирги Бўркашлик кўчасида туғилганман. Кўчамиздан катта Жўпасариқ оқиб ўтарди. Ҳозирда кичкина ариқ бўлиб кетди. Биз ўша ерда катта мошинанинг баллонларида оқардик ва шу ариқ сувдан ичирдик. Сулаймон тоғининг чўққисида, шундоққина уйимиз устида Оқ уй қад ростлаган. Тоғ зиёратига жуда кўп меҳмон келарди. Улар ўзлари билан рубоб, дутор, доиралар олиб келишиб ўйин-кулгу қилишар, шу сабабли менда санъатга муҳаббат уйғонган бўлса эҳтимол. Биз ёши катта зиёратчиларни қўлидан етаклаб тоғ тепасига олиб чиқар ва олиб тушар эдик. “Оқ уй” олдида оқсоқолларимиз ўтиришарди. У ерда икки тут дарахти экилган эди. Биз ёш болалар Жўпасариқдан сув олиб пақирларда кўтариб олиб чиқиб ана шу тут остига қуярдик. Бизга шунга опоқдадаларимиз бир сўмдан пул беришарди.

– Санъат соҳасида самимийликни сақлаб қолиш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз? Оёғи ердан узилган айрим «юлдуз»лар тўғрисида қандай фикр билдирасиз?

– Жуда ажойиб савол бўлди. Ҳамиша тортишишга сабабчи бўлган ва музокарага, баҳсга сабаб бўлган савол-да. Санъатда самимий бўлиш учун аввало бу санъат дегани ниҳоятда нозик касб, бунда эҳтиёт бўлиш керак. Санъат инсонларни ҳис туйғуси тегиб ҳар хил йўлга буриб юбориши мумкин. Шунинг учун санъаткор бўладиган одам устоз кўриш керак. Ҳозирги кўп санъаткорлар жуда тез димоғи кўтарилиб кетаяпди. Гуё катта иш қилаётганга ўхшайди. Аслида уларни компьютер қиляпти, овозларни тўғрилаб, тушмаган пардаларини чиройли қилиб тозалаб беради-да. Аслида, уларга жонли айтиб бер, десангиз айтиб бераолмайди. Энг ёмони, қўшиқ сўзига умуман эътибор беришмайди. Ўзларича қўшиғини чала-чулпа ёзишиб, ўз студиясида қўшиқ қилиб ҳалққа тарқатишаяпти. Уста кўрмаган, хеч қанақа бадиий кенгашдан ўтмаган қўшиқлар шахсий студияларда ёзиляпти. Қўшиқни қаердан ўғирлаган, шеър қаердан келган, нима деяпти – фарқига бориш йўқ. Санъатда самимий бўлиш учун, умуман ҳар бир соҳада самимий бўлиш учун инсон аввало ўзини ўнглаб олиш керак, ўшандагина санъаткор саҳнага чиқиб, бирор нарса гапирадиган, халққа фойдаси тагадиган тарбияли санъаткор бўла олади. Иккиюзламачиликдан қочиш керак. Шундагина халқни тўғри йўлга бошлаётган бўлади. Ундан кейин албатта ёшлар ўқишга илм олишга этибор бериш керак. Санъаткор бўлишдан мақсад нима? Шу соҳани, ундаги софликни, покликни, самимийликни кўрсатиш, ўзаро низоларни йўқотиш. Масалан, театр саҳнасида салбий образлар нимага керак? Салбий образ одамларга яхшиликни кўрсатиб бериш учун, яхшиликни юзага чиқариш учун керак. Актёрлар ўзи тўғри йўлда юрмаса, тўғри бўлмаса, қандай қилиб у саҳнага чиқиб томошабинга бирор нарсани айтаолади. Мен Тошкент маданият институтини тугатганман. Жуда кўп устозларим бор. Ҳарбий ансамблда бизга саҳнада халққа фойда бўладиган нарсани гапириш ва ўзининг соҳсини устаси бўлиш керак деб ўргатишган. Ҳеч қачон камчиликларга йўл қўйманглар, дейишган. Бир неча устозлар Нуриддин Ҳамроқулов, Шерали Жўраев ва бир қанча устозларни кўрганмиз. Булар бизга ҳақиқий санъаткор қандай бўлиш кераклигини, халқ билан мулоқот қилишни ўргатишган. Ўшдаги устозларимиз Толибжон Бадинов, Неъматжон Неъматов, Салохиддин Умаров каби бир қанча устозларимиз, шунингдек энг яқин устозим, дўстим Маъмуржон Шокиров менга ҳамиша қўшиқ сўзларига эътибор беринг, мусиқада бачканалик бўлмасин бошқа жойга тортиб кетмасин, деб хамиша ўргатиб келади. Ўтганларни Оллоҳ раҳмат қилсин, борларнинг умри узоқ бўлсин.

– Ташриф қоғозингизга айланиб, сизни элга танитган «Ўшлигим» қўшиғининг яратилиши ҳақида ҳам гапириб берсангиз?

– Ҳақиқатда, бу қўшиқни 1984 йили ижро этган бўлсам, ҳозиргача сўрашади, ижро қиламан. “Ўшлигим” – Ўшлик оналаримизга, опа-сингиллар, қиз-келинларимизга бағишланган қўшиқ. Аслида, бу қўшиқни Тошкент театр ва россомчилик институти домласи Ўшлик бир опамизга атаб ёзган. Самимий хурмат сифатида битилган. Опамиз ҳозир бор, 80 ёшга кирди, умри узоқ бўлсин. Бу шеърни Имомхўжаев деган домламиз Маъмиржон Шокировга, “шуни қўшиқ қилинг, сиз Ўшлик экансиз”, деб берган. Кейин Маъмиржон акам бунга мусиқа басталади. Ўзимнинг ҳам хаёлимга келмаган шунақа машҳур бўлиб кетиши. Ўша пайтларда бизда Ўш телерадиоси фаолият кўрсатар эди. Абдужалил ака Сулаймонов деган муҳаррир ишлар эди. Бу инсонни албатта эслаб ўтмасак бўлмайди. У киши ниҳоятда кўп санъаткорларни элга танитишда ёрдам берган. Ўша киши мени телевидениега чақириб, “Ўшлигим” қўшиғини ёзиб олган. Бир ҳафтадан кейин Жалолободга бориб қолдим. Қарангки, “Ўшлигим” қўшиғи ўша ерда ҳам оммалашиб кетибди. Маъмуржон ака унинг шеърига жуда чиройли мусиқа басталаган, халигача элимизга манзур бўлиб келмоқда.

– Мароқли ва мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

– Раҳмат, саломат бўлинг, таклиф учун раҳмат.

Ҳамидулло Матхолиқов қўшиқларидан

Яндекс.Метрика