Матлубахон Мусабоева: Йиғлай олмай йиғлаган шоира (♫)

Қирғизистон маориф ҳамда маданияти аълочиси, Қирғизистон Миллий ёзувчилар уюшмаси ва Қирғизистон журналистлар уюшмаси аъзоси, шоира Матлубахон Мусабоева 1957 йил Ўзганда таваллуд топган. 1974 йили шаҳардаги «Октябрь 50 йиллиги» (ҳозирги Амир Темур номли) ўрта мактабини тамомлаб, Ленинобод (Ҳўжанд) шаҳридаги Педагогика институтининг тарих-филология факультетига ўқишга кириб, 1978 йилда ўзбек филологияси бўлимини тамомлаган.

Ўша йилдан ўзи ўқиган мактабда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлади.

1990-1995 йилларда 2- ўрта мактабда ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлади.

1995-2015 йилларда мазкур мактабда мактаб директори бўлиб ишлади. Сўнг Бобур номидаги 3- ўрта мактабда директор бўлиб фаолият кўрсатди.

Ўзган шаҳар кенгашига бир неча маротаба депутат бўлиб сайланган. 2016 йили пенсияга чиқди.

2008 йилда Ўзган шаҳар хотин-қизлар қӯмитаси раиси бўлиб сайланди ва шу лавозимда ҳозиргача ишлаб келмоқда.

2015 йилда Қирғизистоннинг “Энг яхши раҳбар” ордени билан, 2017 йили “Ўзган шаҳрининг фахрий фуқароси” медали билан, 2019 йили “ Маданият аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Матлубахон Мусабоева кўплаб китоблар муаллифи. Жумладан, “ДИЙДОР” шеърий тўплами (1998); «СОҒИНЧ” ҳикоялар тўплами (2007); “СИНОВ” қиссаси (2010); “ҲИДОЯТ” шеърий тўплами (2010); “ҲАЖНОМА” шеърлар, эсселар тўплами (2010); “ҚИЁМАТ ДИЙДОР” қисса, ҳикоялар тўплами (2012); “МЕКЕН” повесть ва ҳикоялар (2013); “КЫЯМАТТА КОРУШУУ“ қисса ва ҳикоялар (2013); “ИЛИНЖ “ шеърлар тўплами (2014); “ОДАМИЙЛИК РИШТАЛАРИ” ҳикоялар, эсселар, публицистик мақолалар, шеърлар тўплами (2015); “КЎНГИЛ ИФОРИ” қисса ва ҳикоялар, Ҳаж таассуротлари, шеърлар, эсдаликлар (2018) каби китоблари нашр этилган.

Қуйида Матлубахон Мусабоеванинг шеърларидан намуналарни диққатингизга ҳавола этамиз.

ВАТАНДИР БУ – МЕНИНГ ВАТАНИМ

Тоғу тошлар, ӯйдим-чуқурлар,

Гиёҳ ӯсмас дашту саҳролар,

Қадам етмас овлоқ унгурлар,

Ҳатто кӯлмак, жӯшқин дарёлар…

Ватандир бу – менинг Ватаним!

 

Келбатлари келбатли тоғлар,

Мозийларни бағрида сақлар,

Қирмизи ранг – недандир доғлар?

Айтмоқликка дардин хайиқар…

Ватандир бу – менинг Ватаним!

 

Норин, Талас, Боткен, Иссиқкӯл,

Жалолобод, Чуй, гӯзал маскан Ӯш,

Буюк Ипак йӯли ӯтган йӯл,

Буюк Турон юрти Ӯзган, Ӯш…

Ватандир бу – менинг Ватаним!

 

Қорахоний титратган замин,

Довруқлари оламни тутган,

Боши мағрур, нафаси эркин,

Ориятин дастида тутган

Ватандир бу – менинг Ватаним!

 

Қорадарё ҳам Яссидарё,

Тоғлар янглиғ умри боқийдир,

Қорашӯра – гӯзал бир маъво,

Саломалик куйчи соқийдир,

Ватандир бу – менинг Ватаним!

 

Норин ГЭС и, олтин рудалар,

Кӯмир конлар ва жавоҳирлар,

Ер ости кон – бойлик тӯдалар,

Ӯмардилар қанча шотирлар,

Ватандир бу – менинг Ватаним!

 

Турли миллат, миллат-вакиллар,

Миллатларда миллий фикратлар,

Бир-бирига эгиздир тиллар,

Сӯз қаърида яшар қудратлар,

Ватандир бу – менинг Ватаним!

 

Она тупроқ бағри иссиқдир,

Ҳидларини ҳидлаб ӯпаман!

Дунёларда иймон тансиқдир,

Дардларимни шеърга тӯкаман,

Ватандир бу – менинг Ватаним!

 

* * *

РЎМОЛИМ

 

Авайлайман, тўрга илиб рўмолим,

Рўмолимда Шарқ Аёлин саноси,

Рўмолим-ла нурлимикан жамолим,

Аёлларнинг сир-синоат ҳаёси!

Момолардан мерос қолган рўмолим,

Иззат-обрў тўриларга ўтказар,

Иззатимнинг иззатлари камолим,

Фариштадек самоларга етказар…

… рўмолим….

 

СОҒИНИБ…

 

Ой Қуёшнинг васфин соғиниб,

Ер шарини айланар эмиш,

Субҳидамда кўзи илиниб,

Қуёш васфин кўролмас эмиш…

 

Бу-армондир, чўнг армон эмиш,

Қисматларга битилган қисмат!

Юракда чўғ, чўғ яшар эмиш,

Қалб қаърига сингармиш фақат…

Ой Қуёшнинг васфин соғиниб…

 

ҚАЛБ ДЕЙДИКИ :

 

Фоний дунё ибратларидан,

Фасод босган суҳбатларидан,

Ёлғондакам шафқатларидан

Йиғлай олмай, йиғлаб йиғладим.

 

Киборларнинг қӯли узайди,

Элни депсаб, ӯзин тузайди,

Манмансираб нафрат қӯзғайди –

Йиғлай олмай, йиғлаб йиғладим.

 

Табақалар табақаланди,

Тақдирларга тақдир эланди,

Кимлар кимга ялоқ… яланди,

Йиғлай олмай, йиғлаб йиғладим.

 

Кимни ниқоб қилди баъзилар,

Динни ҳижоб қилди баъзилар,

Ӯзни шитоб қилди баъзилар,

Йиғлай олмай, йиғлаб йиғладим.

 

Оддийгина оддийлар қани?!

Майизгина маънийлар қани?!

Жоним фидо жонийлар қани?!

Йиғлай олмай, йиғлаб йиғладим.

 

Яқинларинг, яқинлар баъзан,

Юрак эзар, эзарлар маънан,

Қақшаб оғрир жисму жону тан,

Йиғлай олмай, йиғлаб йиғладим.

 

Ҳақ сӯз айтмай-Ҳақдан тонганлар,

Нафс қуллари-нафсга қонганлар,

Ғараз ӯти – ӯчда ёнганлар,

Йиғлай олмай, йиғлаб йиғладим.

 

Мунофиқнинг юзлари «гӯзал»,

Тил учида боли бор «асал»,

Ортдан нишлар урарлар азал,

Йиғлай олмай, йиғлаб йиғладим.

 

Оллоҳ, Ӯзинг шафқат бер, шафқат,

Юракларга иллоҳий қудрат,

Ноёб туйғу, ҳилқат бер, ҳилқат,

Йиғлай олмай, йиғлаб йиғладим.

 

ОРЗУЛАРИМ РЎЁБЛАР БЎЛДИ…

 

Орзуларим рўёблар бўлди,

Севинчларим-кўз ёшга тўлди…

Йиллар кутдим… дилдан ошиқиб…

Ушбу кунни кутдим соғиниб –

Болам Бу кун Қуръонни битди!

 

Бизникимас, Оллоҳникидир!

Буюк Роббим – Оллоҳникидир!

Оллоҳимга омонат этдим,

Йиғлаб шеърий баёзим битдим –

Болам Бу кун Қуръонни битди!

 

Қиёматда бошимизга Тож,

Тож кийдирсин-кийдирсин зар – Тож,

Гуноҳимиз Оллоҳдан сўраб,

Маҳшаргоҳда гул тожга ўраб,

Болам Бу кун Қуръонни битди!

 

Ёмон кўздан Оллоҳ асрасин!

Ҳасад-суқдан Оллоҳ асрасин!

Бизникимас-Оллоҳникидир!

Буюк Роббим-Оллоҳникидир!

Болам Бу кун Қуръонни битди!

СОҒИНАМИЗ…

Соғинамиз рақибларни ҳам,

Ахир, улар биз учун кўзгу!

Соғинамиз фирибларни ҳам,

Зоҳирида чақнайди ёғду!

 

Соғинамиз дўсту ёрларни,

Соғинчларда соғинчлар яшар!

Соғинамиз чаманзорларни,

Гул диёр-ла гўзалдир башар!

 

Онамизни соғинамиз зор,

Она меҳрин ким бера олар ?!

Дадамизга етишмас дийдор,

Соғинчимиз Маҳшарга учар!

Қондошимиз қонимиздадир,

Соғинч меҳри қонга тортади!

Жон жигарлар жонимиздадир,

Кўрмай қолсак соғинч ортади!

 

Оиламиз, Оила-Ватан,

Туб томири муҳаббатдадир,

Соғлом муҳит, соғлом жону тан

Қалблар фақат ибодатдадир!

 

Соғинамиз…

барча… барчани…

 

ҚИЁМАТДАН НИШОНАМАСМИ?..

Баланд-баланд уйларни қурдик,

Ким ӯзарга-етолмасинлар!

Фарах-фарах ӯйларни сурдик –

Бизнингдекки этолмасинлар –

Қиёматдан нишонамасми?!

 

Кибру ҳаво-қалбларда виқор,

Димоқларда эшак қурт ухлар,

Ота-она, жигар бизга зор,

Йӯлларимиз соғиниб пойлар –

Қиёматдан нишонамасми?!

 

Кӯз кӯрсинга обрӯ талашиб,

Кӯрпалардан чиқмоқда оёқ,

Сохта шуҳрат, шонга тирмашиб,

Фақат «МЕН» дер маълун иштиёқ –

Қиёматдан нишонамасму?!

 

Азал доно кӯзларин юмар,

Тӯриларда нодон сӯзлайди!

Ҳар тешикка бошини суқар,

Манфаатини, манфаат кӯзлайди –

Қиёматдан нишонамасми?!

 

Аёл-эркак жинси – ҳайрондир!

Гапиргани тиллар бормайди!

Дийдирабки иймон – вайрондир,

Тошлар уриб бошни ёрмайди –

Қиёматдан нишонамасми?!

 

Қалби қора-қора юраклар,

Чоҳ қазирлар қадам-қадамда.

Олқишлару ёлғон тилаклар,

Мунофиқлар алдар ҳар дамда –

Қиёматдан нишонамасму?

 

Субҳидамда сайроқи қушлар,

Ялпизлару ӯту ӯланлар,

Оллоҳ ҳамдин айтмоқни хушлар,

Аммо ухлар қанча нас танлар –

Қиёматдан нишонамасму?

 

Тилда Оллоҳ – ваъзлар айтамиз,

Қалбни нечун қилмаймиз ислоҳ?

Гапимиздан айтиб, қайтамиз,

Гумонлардан излаймиз паноҳ –

Қиёматдан нишонамасми?

 

Ҳақ берибки – мулкдормиз, ҳақдор,

Кӯз тутармиз ӯзга чӯнтакка,

Виждон ӯрни жиғилдон-ғаддор,

Игна санчар Судхӯр юракка –

Қиёматдан нишонамасми?!

 

Гуноҳ-савоб нелигин билиб,

Бало келса кимдан кӯрармиз ?!

Не қилолдик дунёга келиб,

Сӯроғимиз кимдан сӯрармиз –

Қиёматдан нишонамасму?

 

Кетмоқдамиз…

қопчиқда не бор?..

 

ОЛЛОҲ ИШҚИ…

Оллоҳ ишқи қалбнинг тахтида,

Сийратидан тӯкилар ашъор!

Гуллаб-мева бермоқ вақтида,

Муштоқ юрак Ҳаққа интизор!

 

Шеърларим, сиз – менинг дардларим,

Дил қатида қатланган ҳилқат!

Фарзанд янглиғ сиз – фарзандларим,

Жонга роҳат, гӯзал фароғат!

 

Кӯзим юмиб, дардлашарман жим,

Сирларимни кимга айтарман?

Юрагимни тилсалар тилим,

Шеърим, сизга сингиб кетарман!

 

Қалб кенглиги кенгликларимсиз,

Дардкашларга ҳамроз ошиён.

Тенгсизларга тенгликларимсиз,

Изҳори дил айловчи баён!

 

Сиздан қочиб қайга борарман,

Оллоҳ берган илоҳийликсиз!

Ӯйларимни ӯйга қорарман,

Оллоҳ сунган огоҳийликсиз!

 

Оллоҳимга минг шукр айтаман…

 

МУҲОЖИРГА АЙЛАНДИ ЭРЛАР

Муҳожирга айланди эрлар,

Тирикчилик, рӯзғор кўйида.

Оиласин ғамини ерлар,

Орзу-ҳавас, тӯйлар ӯйида.

Келинчаклар уйларда қолиб,

Кун санаблар ёрини кутар.

Ич-ичидан турмушдан нолиб,

Ҳижронларин юракка ютар.

 

Ойлар, йиллар, йиллаб келмагай,

Гӯшакларда ёрнинг висоли.

Соғинчларин билгай, билмагай,

Кӯзда сӯйлар соҳибжамоли!

 

Фарзандларин бағрига босиб,

Бедор тунлар кӯкка қарайди.

Дил ноласин дорларга осиб,

Туйғуларин гулга ӯрайди.

 

Тирик тулга айландиларму,

Гулсанамлар тирик айрилиб,

Турмуш-муштга бойландиларми,

Йӯл пойларлар… ортга қайрилиб…

Матлубахон Мусабоева

Яндекс.Метрика