МАШАҚҚАТНИНГ МУКОФОТИ

Жорий йил Қирғизистон Республикаси ва унинг халқи учун унутилмас саналарга бой йил бўлди.
Мамлакат мустақиллигининг 33 йиллигида давлатнинг шаклланиш йили – Қорақирғиз автоном областининг ташкил этилганига 100 йил тўлиши ҳам катта шодиёна байрамга айланди. Мустақилликнинг, Қорақирғиз автоном вилоятининг ташкил топишига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, қирғиз халқининг асрлар давомида босиб ўтган шонли йўлини хотирлаш корхона, ташкилот ва муассасаларда давом этмоқда.
Яқинда Бозорқўрғон шаҳридаги маърифий масканларнинг бирида бир пиёла чой устида Жалолобод вилоятининг Новкент, Бозорқўрғон туманларида қалам тебратаётган ўзбек ва қирғиз ижодкорларининг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувни қирғиз оқин-ёзувчилари жамоат фондининг Новкент тумани бўйича мувофиқлаштирувчиси Урулқан Тўқтамбетова очиб, “Бугунги йиғинимиз мавзуси “Тилим борки, миллатман” деб аталади. Бу мажлисимизга қирғиз ва ўзбек тилида қалам тебратаётган ижод аҳли, маданият ходимлари билан Қорақирғиз автоном областининг ташкил топганининг юз йиллиги, республикамиз мустақиллигининг 33 йиллиги ва қирғиз тили давлат тили мақомини олганлигининг 35 йиллиги ҳақида батафсил сўз юритамиз, ижод аҳли бу қутлуғ саналарга атаб ёзган шеърлари, маданият ходимлари куй-қўшиқлари билан катнашади”, – деди ва илк сўзни Қирғизистон журналистлар уюшмаси аъзоси, қирғиз оқин-ёзувчилар жамоат фондининг аъзоси, “олтин қалам” соҳиби Мўйдинжон Абдумажидовга берди.
– 2024 йил республикамиз аҳли учун муҳим саналарга бой унутилмас йил булиб қолади. 1920 йилларда оз миллатларнинг тенг ҳуқуқлиги ҳақида масала кўтарилганда ўша йиллари қирғиз сиёсий элитаси бўлган Жусуп Абдураҳмонов, Тўрақул Айтматов, Ишенали Арабаев, Абдукерим Сидиқов, Имонали Айдарбеков, Турдали Тўқбаев, Қосим Тинистанов ва бошқалар аҳилликда миллий автономияни шакллантиришган, – деди нотиқ. – Юз йил аввал, 1924 йил 14 октябрь куни СССР Марказий ижроқўми Қорақирғиз автоном областини ташкил этиш ҳақида қарор чиқарди. Бу қарор йиллар ўтиб давлатимизнинг 1991 йили тўлақонли мустақил давлат бўлишига имкон яратди. Мустақиллик ўз мевасини бермоқда, давлатимиз иқтисодда, ижтимоий ҳаётда янгидан-янги ютуқларга эришмоқда. Муҳими, қўшни давлатлар билан дўстликни, биродарликни мустаҳкамлашга сўнгги йилларда катта аҳамият бериляпти. Давлатларимиз ўртасида иқтисодий, маданий борди-келдилар яхши йўлга қўйиляпти. Бу эса давлатларнинг бир-бирларига ўзаро ёрдам кўрсатиб, ҳар томонлама ривожланишини, аҳолининг фаровонлигини, ўзаро аҳиллигини таъминлаётир. Бугунги учрашувдан жуда мамнунмиз, ижод ва маданият аҳлининг ўзаро танишуви, шеърлар айтиб, қўшиқ ва куйлар ижро этиши маънавиятимизни бойитади, бир-биримизга бўлган ҳурмат ва эътиборни мустаҳкамлайди, – деди у.
Қирғиз оқин-ёзувчилар жамоат фондининг Бозорқўрғон туман етакчиси Юнусжон Тешабоев сўз олиб, ”Бизнинг туманда “Илҳом” адабий клуби фаолият кўрсатади. Бу клубга шоир Абдулҳақ Абдумаликов раҳбар. Ҳар ойдаги ижодий учрашувимизга Жалолобод, Сузоқ, Новкент туманларида қирғиз ва ўзбек тилларида ижод қилувчи шоирлар қатнашади, ижодлари таҳлил қилинади, маслаҳат ва йўлланмалар олишади, – деб таъкидлаб ўтди. – Уларнинг ижод намуналари Ўшда, Бишкекда, Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаларида чоп этилаётган альманахларда, чоп этилаётган китобларида юз кўрсатмоқда. Шу йилнинг ўзида дўстликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган Абдулҳақ Абдумаликов, Авазбек Акбаров Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг “Таълим ифтихори” эсдалик нишонлари билан тақдирланишди. Журналист ва ёзувчи Мўйдинжон Абдумажидов Қозоғистон Республикасининг Абай, Қирғизистон Республикасининг Чингиз Айтматов медаллари билан, МДҲ давлатлари миқёсида ташкил этилган “Ўз касбининг фидойиси” медали, “ Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш”га қўшган ҳиссаси учун Мангуберди медали билан тақдирланди. Шоир Муҳаммаджон Турғунов ҳам “Ўз касбининг фидойиси” медалини олди. Ижод билан шуғулланиб халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссалари учун кўп шоир ва ёзувчиларимиз халқаро танловларда қатнашиб Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон республикаларининг мукофотларини, Фахрий ёрлиқларини олишаётир. Бугунги учрашувдан жуда мамнунмиз. Республикамиз мустақил давлат сифатида ҳар жиҳатдан ўсиб юксалмоқда ва бу ютуқларда ижод ва маданият аҳилларининг ҳам муносиб ҳиссалари бор.
Қирғиз оқин-ёзувчилар жамоат фондининг Жалолобод вилоти координатори Ўрозмамат Ўсмонқулов сўз олиб, вилоятда ижод аҳлини қадрлаш, маърифат ва маданият соҳасига эътибор ҳар қачонгидан юксак эканини таъкидлади. Шу йилнинг ўзида Жалолобод шаҳрида халқлар дўстлиги йўналишида ўтган фестивалларда туркий давлатлардан келган вакиллар шеърлар ўқишди, қўй-қўшиқ ва рақслар ижро этишди. Юртимиз мусаффо осмони биз ижодкорларга илҳом бахш этади ва унинг маънавий юксалишига ҳиссамизни қўшаверамиз”.
Қирғиз оқин-ёзувчилар жамоат фонди директорининг биринчи ўринбосари Қосим Ибрагимов Жалолобод вилоятида олиб борилаётган маданий-маърифий ишлардан мамнун эканлигини йтди. “Қирғиз тилимиз ҳам давлат тили мақомини олганига ҳам 35 йил тўлибди. Бу йиллар ичида тилимиз бойиди ва уни янада бойитиш борасида кўп ишлар қилинмоқда. Бугун давлат тили ҳақида шоира қизимиз Урулкан Тўқтамбетова жуда чиройли шеър ўқиди ва у барчамизга маъқул бўлди. Шу боис, қирғиз оқин-ёзувчилар фонди томонидан Урулкан қирғиз миллий мусиқа асбоби – қўмиз билан тақдирланади. Шоира қизимиз янада теран маъноли шеърлар ёзиб адабиётда ўз ўрнини топади, деб умид қиламиз,” – деди у.
Кекса оқин Режабали Абдураззоқов ушбу йиғилишдан жуда мамнун: “Бу мажлисдан жуда қувониб ўтирибман, – деди у сўз олиб. – Қирғиз давлатининг шаклланишига юз йил тўлди, иттифоқ даврида мустақиллик учун ҳаракатларимиз зое кетмай, 33 йил муқаддам тўлақонли мустақил давлат бўлдик. Ўтган йиллар мобайнида давлатимиз дунё ҳамжамиятида эътироф этилди. Ер остида ҳам, устида ҳам бойлигимиз кўп, юртимизнинг келажаги порлоқ. Айниқса қўшни давлатлар билан алоқалар мустаҳкамланиб, борди-келдилар яхшилангани мени қувонтиради. Мен бу учрашувда янги дўстлар топдим, уларнинг ижоди билан танишиб, ўзаро фикр алмашдик. Мен қўмиз чертиб, куйлайман, шеър ҳам ёзаман. Қирғиз-ўзбек дўстлигига бағишлаб “Ўзбегим” деган достон ёздим. “Бобурнома” китобини ўқиб, ундан олган таассуротларимни шеър қилиб ёздим. Келгуси йил биринчи китобим нашрдан чиқади. Худо хоҳласа, жуда кўп иқтисодий, ижтимоий ўзгаришларга гувоҳ бўламиз. Халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланаверсин”…
Йиғилиш иштирокчиларидан Атамирза Низамов, Чингиз Калмамат ўғли, Назирахон Жўрабоева ва бошқалар мустақиллик ҳақида, дўстлик ҳақида, ижод ҳақида сўз юритиб, ўз ижод намуналаридан ўқиб беришди.
Ота-боболаримиз мустақилликка эришиш йўлида жонларини фидо қилди, чекилган азобу машаққатлар эса йиллар ўтиб ўз самарасини берди. Бугунги авлод шаҳид кетган ота-боболарни асло унутмайди, мустақилликни янада мустаҳкамлаб, уни кўз қорачиғидай ҳимоя қилади.

Мўйдинжон Абдумажидов,
журналист.