ЎЛКАМИЗНИНГ СИР-СИНОАТЛАРИ «ЎШНИНГ  ТУЯДАЙ  ТОШЛАРИ»

Ўшдаги номи сақланиб қолган энг эски кўчаларнинг бири Туятош кўчасидир. Шаҳар ўртасидан оқадиган Оқбура сойининг шарқий қирғоғидан юз метрлар чамаси кунчиқар ёқда, дарёга параллел жойлашган, шаҳар бозорининг Ўрта осма кўпригига яқин маҳаллалардан бири Туятош кўчаси деб аталар эди. Унинг бундай деб номланишига сабаб – шу кўчада ўндан ортиқ улкан харсанглар бор: уларнинг аксари бир-икки куб метр ҳажмда.

Тилимизда катта нарсани анъанавий равишда туяга ўхшатилган (“туясандиқ”, “туяқуш”, “игнадай тешикдан туядай совуқ киради”). Чунки бизда туя энг катта жонивор бўлган (филни ўзбеклар илгари кўрган эмас). Буюк ипак йўли – катта карвон йўли устида бўлган Ўш шаҳри аҳолиси учун туя ҳар кун кўриладиган транспорт воситаси бўлган, туя ҳақида қўшиқлар, топишмоқлар ҳали-ҳануз Ўшликлар тилида бор.

Қизиқки, яқин атрофда бу хил тошлар умуман, учрамайди. Улар бу ерга қаердан келиб қолганини ҳам биров билмайди – қадимдан шундай, шунга ўрганиб қолишган, вассалом.

Бир ривоятга кўра, девлар бу тошларни дам олиш чоғида ўйнаб ўтириб, қолдириб кетишган экан. Бошқа бир нақлга кўра эса, Сулаймон алайҳиссалом даврида унинг амрига чор-ночор бўйсуниб ишлаётган девлар фитна чиқариб, Сулаймон ухлаб ётган чоғида тош отиб, уриб ҳалок қилиш учун бу тошларни олис тоғлардан юлиб олиб, унга қарата отишган эмиш…

Албатта, булар бир афсона, аҳолининг мазкур тошлар қандай қилиб шу жойда пайдо бўлганини изоҳлаш учун тўқиган ривояти, холос. Чиндан ҳам, бундай катта тошларни у замонда девларгина бу ерларга олиб келиши мумкин эди. Аммо бир ҳақиқат жойи шуки, бу ривоятнинг ўзи ҳам айни улкан тошларнинг бошқа ердан келиб қолгани ҳақида хабар беради. Халқнинг тафаккур тарзи поэтикага, шеъриятга йўғрилган у замонларда аждодларимиз ҳар бир табиат ҳодисаси ҳақида тасаввур кучини ишга солиб, гўзал афсоналар тўқишган.

1915 йилда шоир Чўлпон “Шўро” журналида бу тошлар ҳақида илк дафъа маълумот бериб:

“…Ўш ўртасиндан оқиб турған кичкинагина дарё бўйинда катта-катта, 40-50 одам кўтара олмаслик тошлар бор. Мана шу тош­ларни ҳазрат Сулаймон(нинг) девлари бармоқлари билан тов бошиндан ерга ирғитқанлар”, – деб ёзган эди.

Чиндан ҳам бундай катта ҳажмли “туя” тошлар Ўшнинг бошқа бир ерида мутлақо учрамайди. Бизнингча, бу туятошлар – тарихнинг бизга ноаён бир даврида, эҳтимолки, Ўшнинг аҳоли маскани бўлишидан неча минг ёки неча юз минг йиллар аввал осмондан тушган. Албатта, савол туғилиши мумкин: қандай қилиб бир эмас, бир неча тош тушган ва улар нега бир-бирига яқин жойда сочилиб ётибди?

Назаримизда, бу харсангтошлар – Ер юзига яқин бўлган осмон кенгликларида бошқа бир самовий жисм билан тўқнашиш оқибатида парчаланиб кетган метеорит бўлакларидир. Бу фаразнинг фойдасига бир далил шуки, мазкур “туятош”ларнинг устки қисми қиррадор эмас, ҳамма жойи суйри, эҳтимол, улар тушиш пайтида атмосферанинг қалин қатламларидан ўтаётиб, ҳаддан ташқари қизиб-куйиб, сирти едирилиб-силлиқлашиб кетгандир. Тошларнинг осмон жисмлари эканига иккинчи далил – улар ер юзасига ярим ботган ҳолда ўрнашган. Яъни Ер сиртига келиб урилган, бу жойда тупроқ қатлами юмшоқ эмаслиги ва қуруқ ер бўлгани боис, ерга чала-ярим ботган ҳолда қотган-қолган.

Албатта, ҳар куни, сутканинг исталган бир даврида самовот элчилари – турли метеорит бўлаклари Ер сайёраси билан тўқнашади. Аммо уларнинг мингдан бири ер юзасига етиб кела олса ҳам катта гап. Чунки атмосферага – қалин ҳаво қатламларига жуда катта тезлик билан (секундига 20-30 минг километр) кириб келган учар юлдузлар – метеоритларнинг аксари куйиб-ёниб, осмоннинг ўзидаёқ йўқ бўлиб кетади. Фақат улкан метеоритларгина ер юзасига етиб келади, уларинг ҳам асосий қисми денгиз ва океанларга келиб тушади. Чунки Ер шари сиртининг 75 фоизи сув билан қопланган.

Ўш туятошлари эса ана шундай йирик метеорит парчаларидир. Бу тошлар тушган ер – аҳоли қадимдан тиғиз яшайдиган маҳалла, Ўшнинг қоқ маркази. Аксари ҳовлиларнинг ичида, фақат баъзи туятошларгина кўчада ётибди. Афсуски, номи шундай олис мозийдан хабар берадиган Туятош кўчаси бугунги кунда унга ёндош тушган Сун-ят-сен (бир пайтлар Хитойда Гоминдан партиясини таъсис этган арбоб) номи билан бирлаштирилган, Туятош кўчаси деган ном ҳозир расман мавжуд эмас. Аслида, агар бу ўтмиш арбобни шарафлаш бўлса, унинг номини ҳозиргидай пастқам кўчага қўйиб улуғлаш унча мақбул эмас. Иккинчидан, тарихий жом номларини сақлаб қолиш Қирғизистонда етачи тамойил эканини ёдга олсак, Туятош кўчаси номини қайта тиклаш мақсадга мувофиқроқ.

Башари, уларнинг метеорит экани тўғрисидаги тахминимиз географ, геолог ва астроном олимлар томонидан ўрганилиб, тасдиқланадиган бўлса, бу тошларни ҳозиргидай кўмиш, устига бетон қуйиб девор ўрнатиш каби тирикчилик тирриқчиликларига барҳам бериб, уларни очиш, устига қуйилган бетонлардан тозалаш керак.

Иккинчидан, фанда маълумки, тош дегани умумий сўз: унинг туф, сланец, мармар, гранит, кварцит, оҳактош, қумтош деган турлари бор. Ўшда, бизнинг назаримизда, оҳактош ва қумтош сероб. Аммо геолог бўлмаганимиз ҳолда тахмин қиламизки, бу туятошлар ўз таркибига кўра оҳактош ҳам эмас, қумтош ҳам. Агар бу фараз тасдиқланса, айни тошларнинг метеорит экани аниқ-тиниқ тасдиқланиши мумкин. Иш мутахассисларда қолди.

Чунки “само элчилари” бўлган бундай тошлар маданий давлатларда геологик ва астрономик объект сифатида қўриқланади, улар туристларни жалб этиш учун энг яхши объект ҳам бўла олади.

Қолаверса, бозор иқтисодиятига ўтиш ва шундай турмуш тарзи ичида яшаш – ҳаётимизнинг бирдан-бир мақсади бўлиб қолмаслиги, барча қадриятлар фақат моддий аҳамиятига қараб эъзозланмай, тарихдан – ота боболаримиздан бизларга қолган мерос сифатида ҳам ардоқланиши керак.

Ҳамонки Ўшнинг тарихи ҳақида сўз юритаётган эканмиз, шу ўринда шаҳримизда кўп бўлган, ҳатто, айтишларича, бу ерда боғ ҳовлилари ҳам бўлгани учун кўп вақт Ўшга келиб ижод қилган, “Ўш саёҳати” деган бир йўл очерки – хотиранома ҳам ёзган Чўлпоннинг юқорида эслатилган икки саҳифагина лавҳасини ҳам эътиборингизга ҳавола этишга қарор қилдик.

Абдулҳамид Чўлпон. Ўш (1915)

“Фарғона областининг энг кичкина шаҳарларидан бири-да Ўш шаҳридир. Ўш шаҳри 40 минг қадар нуфусли бир шаҳар ўлиб, Қашғар ҳудудина от билан 4 кунлик йўлдир. Қитойнинг катта ва эскидаги тарихий шонлари билан машҳур Қашғар вилоятина Русиядан ва бутун Овруподан келган моллар шул Ўш йўли била кетадир. Ҳар кун деярлик 5060 отли мол юклаган карвон Қашғар йўлида юруб турадир.

Ўш шаҳри кичиккинарак бўлса-да, оқ ва тоза суви, жой вақтинда* салқин ҳавоси, бир тарафиндан қоб-қора даҳшатли тови билан шул қадар матур* манзара ташкил этадики: тов бошина миниб остга қараған вақтда киши ўзини Швейцариянинг машҳур Альп товларинда ҳис этадир. Маълумдирки, Туркистон ҳавоси жой вақтинда бик* иссиқ бўла, мана шул вақтда салқин олмоқ учун Туркистоннинг ҳар тарафиндан келувчилар кўпаялар. Иккинчи тарафдан: мунда бир тов* бор, бу тови ерли халқ ҳазрат Сулаймонға нисбат бериб, ҳар турли янглиш эътиқодларға чўмалар. Эмиш, ҳазрат Сулаймон бир вақтда девларга тахтини кўтартуб юрган вақтда Ўшға келуб, шул тов бошинда бир неча вақт тахт қуруб ўлтурған. Ўш ўртасиндан оғуб турған кичкинагина дарё бўйинда катта-катта 4050 одам кўтара олмаслик тошлар бор. Мана шуший* тош­ларни ҳазрат Сулаймон девлари бармоқлари билан тов бошинда ерга ирғитқанлар. Ёзин тов устидаги мозор шарифни зиёрат қилурға зиёратчилар кўб келалар. Муна* ҳозир зиё­ратчиларча биз-да бир зиёрат қилиб қарайиқ.

Ул ҳазрат Сулаймон пок қабри шарифина борамиз. Ондин тушуб, 5060 қадар хайрчига бирор нон ёки бирор тийиндан оқча улашгач матур ҳам буюк бир масжидга кирамиз. Масжиднинг бир четинда бир улуғ қабри шарифни зиё­рат қилиб, онда турған қоридан Қуръон ўқутиб, оқча берамиз-да, кетамиз. Мозорнинг шайхлари (шайх – мозорларда туруб келувчи ва зиёратчиларни зиёрат қилдирувчи, берган нарсаларни олувчи одам) тарафиндан солинған бир масжид бор. Шул масжид Ўшда мусулмонларнинг синоат била фахр этарлик бирдан-бир муассасаларидир. Ҳар тарафи кирпичдан* ишлануб, ичинда меҳроб­лари ва атрофлари мусулмон бўёвчилари тарафиндан Эски Туркистон тарзида ҳар турли зийнатлар била зийнатланган масжидда ҳар икки байрамда Ўшнинг яртиси деярлик шунда намоз ўқийлар… Ўшда Исмоил ҳожи исминда бир бой бўлған. Ул одамнинг сув бўйиндаги бир парча ерини «Ўш электричес­кий обшества»си электрик истансаси учун сўраған. Муна шул одам ризо бўлуб сотқан. Условия (маоҳида) вақтинда бой обшестваға юқорида зикр этулган масжидни 20 йил оқчасиз ёқтиритмоқ учун шарт қўйған. Муна шул ҳимматли бойнинг ўринли ташаббуси соясинда бутун масжид 20 йилға қадар оқчасиз ёқтирила. Яна бирор ҳимматли бой чиқса-да, мозори шариф ёнинда тартибсиз ва беусул ётқан мактабни тузатдуруб, яхшироқ йўлға қўйса… Юқоридаги бойдан ўрнак олсалар! Бу масжидга минг қадар халқ сиғадир.

Муна бу масжидни зиёрат қилғач масжид ортидағи қабрга кириладир. Ондан ўзуб эски усулда бир бинони зиёрат қилина, ондағи шайхнинг таърифи бўюнча бу хона «Маккаи ажам»* эмиш. Маккаи аъроб Каъбатуллоҳ* бўлса, «Маккаи ажам» деган бир каъба-да бўла эмиш…

Ондан иккинчи хона ҳазрати Хизр алайҳиссаломнинг қадамлари теккан ер эмиш. Они-да зиёрат қилғач тов устина минамиз. Товнинг бир четина чиқғач бир моғорога кирила, ҳавосизликдан тин олиб бўлмий. Бик ичка киргач, қўлни сузсанг, қўлинг сувға тия. Муна шуший сувдан ичасиз. Ул сувни Оллоҳ таоло осмондан фаришталар овзиндан қуйдириб тура эмиш. Ондин-да чиқғач бир шайхнинг ёнина келасинг. Мунда тошқа ўйилған кичкина бир тешик бор. Ул тешикда ҳазрат Сулаймон (а.с.) ош пиширган эмиш. Бу тешикға қўлни солған киши умринда ҳеч қўл овруви кўрмий эмиш.

Ондин ўткач, яна бир шайх бор, ул шайхнинг хидматида шулар каби бир тош бор, шул тошға ётасан, умрингда бел овруви кўрмийсан.

Ондан ўтасен, катта оқ юрт*, олдинда уч шайх ўтура. Юртға кируб, ҳар ким 2 ракаат намоз ўқуса бошқа вақтдағи юз ракат намознинг савобини тоба эмиш. Онда ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в.) намоз ўқуған эмиш-да, ўтурған вақтда тош кенат ўюлуб кетган эмиш. Муна бу-да зиёрат қилинатурған ер… Шул юрт ортинда бир тошға ўюлған ёзув кўрдим. Тонуб бўлмий, «тисъа» деганни ўқуб бўлди… ҳамда остиндароқ яна: «Султон ал-Маҳмуд Ғаз…». Бу тарафин топуб бўлмади. Машҳур султон Маҳмуд Ғазнавийга ишорат тугулми* экан?

Ондан ўтуб, бир-икки шайхни зиёрат қилғач бир тешикка бош очуб, бошимизни тиғамиз, муна умримизда бош оврувини кўрмиймиз… Шунинг бирла зиёрат тамом бўла-да, тушамиз.

Ўш Туркистоннинг бошқа шаҳарларина қараганда ҳар тарафдан сўнгға қолған. Мунда икки усулда икки мактаб бор. Иккисинда-да 60 адад бола ўқуб ётар. Бир «русский-туземний» школа* бор. Мунда-да кундуз 40 қадар, кеч (вечерний курс)да 30 қадар мусулмон болалари ўқийлар. Мунда частний ўқуб юрувчилар-да 5-6 адад бор. Қироатхона йўқ. Мунда руслар-да йўқ, деярлик, оз. Китобхона-да йўқ эди. Аммо сўнгғи кунларда Ўш ёшларидан Қодиржон Қобилжонов ила Юсуфжон Юнусов афандиларнинг китобхона очарға ариза бердиклари эшитилди. Муваффақият тилаймиз.

Мана Туркистоннинг яхши ҳаволи кичкинагина матур Ўш шаҳрининг аҳволи…

________________________

Ушбу мақола Ризоуддин ибн Фахриддин томонидан Оренбургда чиқадиган машҳур «Шўро» журналининг 1915 йил 9-сонида «Чўлпон» имзоси билан эълон қилинган. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2000 йил 1 январь сонида Шаҳноза Соатова томонидан қайта нашр этилган.

Мақола Ўшнинг XX аср бошларидаги ҳолати ҳақида муайян тасаввур беради. Матнда айрим татарча сўзлар, кесимнинг «кирила», «борила», «ёқтирила» шакллари ишлатилган. Бунинг сабаби татар тилидаги журналларни ўқиган ва шу журналларга мақола йўллаган муаллифнинг ўзи қўллагани ёки таҳририят уни бироз таҳрир этган бўлиши ҳам мумкин.

Айрим татарча сўзлар изоҳи:

Жой вақти – ёз вақти.

Матур – гўзал.

Бик – жуда, роса.

Муна – мана.

Тов – тоғ.

Шуший – шу.

Кирпич – ғишт.

Обшество – жамият.

Тугел – эмас.

Маккаи ажам – араблардан бошқа халқларнинг Маккаси.

Маккаи аъроб Каъбатуллоҳ – арабларнинг Маккадаги зиёратгоҳи.

Юрт – уй, хона.

Школа – мактаб.

Ўлиб – бўлиб.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

Яндекс.Метрика