КУЗ. ҚИШ. БАҲОР. ЁЗ ВА ЯНА КУЗ.

 

Япроқлар тўкилар мисли хотира…. (Аъзам Раҳим)

….Куз. Сиз кузакнинг шивирини эшитганмисиз? Тўкилаётган ҳар бир япроқнинг оҳлари ю, оёғингиз остига йиғлаб тушаётган хотираларни ҳис қилганмисиз? Шамолнинг овозини чи, келинчакнинг сочларини тортқилаб қочаётган болакайдек бебош ўйинини томоша қилганмисиз? Бошингиз узра қуюндек сузиб юрган булутларга узоқ тикилганмисиз? Агар шуларнинг барчаси сизга таниш булса, демакки сиз хам шоирсиз:

…Осмонда карнайчи сайёҳ турналар,

Соғинчнинг дардларин тўкиб кетади.

Сунбула юракни эзиб тирналар,

“Ортингдан оҳларим қувиб етади”.  (“Сунбула” шеъридан)

Ўшлик шоир Аъзам Раҳим чин маънода рассом шоир. “Шаҳсувор туйғулар” шеърий тўпламининг асосий қисми  фасллар фусункорлиги, ранг баранг ташбеҳлар билан бойиган. Шоир шеърларини ўқир экансиз, кўз олдингизда шоир Сўз билан чизган табиат манзараси намоён бўлади. Турналарнинг арғимчоқ солиб учишини ўзбек адабиёти тарихида куплаб учратиш мумкин. Бироқ, “карнайчи, сайёҳ турналарнинг соғинч дардларини тўкиб” кетиши ҳали учрамаган манзара. “Ғуборнинг япроқларга кашта тикиши” ҳам кузатилмаган янгилик. Шоир ҳаёлларини эзғилаган Сунбуладаги оригинал деталларнинг барчаси умумийликка хизмат қилади; киши кайфиятидаги сокинликни жонли тасвирлайди:

…Заминга бахмалдан поёндоз тўшаб,

Дарахтдан тўкилар тилло сирғалар (“Куз” шеъридан)

Ўқирман ҳаёлида узун йўлак, атроф дарахтлар, оёғи остида сариғ, қизил ва баъзан зангор баргларнинг бахмалдек товланиши ю, ва ҳамон тўкилаётган “тилло сирғалар” намоён бўлади.

…Борлиқ ҳам отланди мудрашга, қаранг,

Оппоқ чойшабларни кутмоқда илҳақ.

Қуёш ҳам нурларин беркитди аранг,

Қора булутларнинг важоҳати ҳақ. (“Қавс” шеъридан)

Табиатнинг ўз қоидаси, вақти соати мавжудки, ҳар фаслнинг ўзига яраша таровати бор.     Кеч куздан кейин қиш келиши муқаррар; “Қора булутларнинг важоҳати ҳақ”.

Кузакнинг шарманда боғига

Оппоқ қор эланиб ёғибди.

Яланғоч дарахтлар оҳига

Борлиқнинг ҳам эси оғибди. (“Кузакнинг шарманда боғига” шеъридан)

Мана, Қавснинг кутгани  оппоқ чойшабини ёйиб қиш келди. Шоир яна бир янги топилдиқ “кузакнинг шарманда боғини” тасвирлар экан, беихтиёр кўз олдингизда ҳақиқатан ҳам яланғоч дарахтлардан иборат боғнинг шарманда ҳолати ўтади. Бу каби ўхшатишлар нафақат фаслнинг ташқи кўринишини, балки лирик қаҳрамоннинг руҳиятини ҳам ифодалайди:

Барокўҳга қор ёғади,

қор ёғади,

Зулумотга инар бир жуфт қор учқуни.

Маъюс кўзлар узоқларга зор боқади,

Муҳаббатнинг милён йилги бир тутқуни. (“Барокўҳга қор ёғади” шеъридан)

Ёғаётган қор… Киши кайфиятига ўз ўзидан сокинлик олиб киради  “Гулдек қилиб азобларга пар тўшайди”. Бу сатрларда ошиқнинг қалб кечинмалари, хижроннинг узун тунлари қор учқунлари каби йўқликка дўнади. Шу биргина табиат ҳодисаси лирик қаҳрамонга турлича  таъсир этади:

…Ёғаётган қор парқулари

Киприкларга қадар сада гул.

Кўзларимнинг тафтида бир зум

Томчи ёшга айланар буткул. (“Манзара” шеъридан)

Ёки:

…Ўйноқлаб ёғаётган қорнинг шаштига,

Сўзимнинг парвози кетар қўшилиб.

Оппоқ олам узра ёйилиб кетар,

Нурли қанотлари аста эшилиб. (“Қор ёғар” шеъридан)

“Оқлик оламида масрур қолган” шоир баҳорни севади, шаффофликни ёқтиради. Аъзам Раҳим табиатан юмшоқ кўнгилли инсон, покликка интилувчи, борлиқни борича севувчи шоир. Шу боис, шеъларида ҳам беғуборлик етакчи ўринда туради:

Ёмғир ёғиб ўтди,

Борлиқ мусаффо,

Чиннидай ювилган фалак ойнаси.

Сабзалар бир бирига сирин шивирлар,

Оҳорий рангларда янги либоси. (“Ёмғир ёғиб ўтди” шеъридан)

Баҳор…. Янгиланиш фасли. Шоирнинг энг яхши курган фасли. Баҳор   фасллар келинчаги, у шаҳарга нисбатан адирликларга тезроқ келади, бойчечаклар дастлаб айнан шу қирларда очилади. Шоир ана шу гўзалликлар ошуфтаси:

…Қуёшнинг лабига тутар дудоғин,

Қирларда қизғалдоқ масъум сузилиб. (“Тонг” шеъридан)

Агар ошиқ кўнгли кемтик бўлса, ҳатто баҳор ҳам уни хурсанд қилолмайди:

Баҳорим аёзим.

Қайтмаган созим.

Туманлар ичинда,

Хаста овозим. (“Баҳорим” шеъридан)

Баҳор ҳавосидай ўзгарувчи, беқарор кўнгил ғалваларидан безор булган бечора Ошиқ, ёзга етиб келди:

Саратон тиғлари санчилар танга,

Телбадай алжирар қайсар ҳаёллар.

Кўзларим шўнғийди зулмат ватанга,

Тўсилган қалбингга элтувчи йўллар…(“Саратон”)

Аъзам Раҳим кайфият кишиси, шеърларида ўша руҳий кечинмалар тасвири акс этади. Шоирнинг муваффақияти   табиатни севишида. У энг кичик заррадан катта кашфиёт топиб, чиза оладиган санъат устаси. Бироқ, шоирнинг олдида яна кўп юмушлар турибди. Биз юқорида Аъзам Раҳимнинг биргина қиррасини очишга ҳаракат қилдик. Келгусида шоирдан серқирра ижод маҳсулини кутиб қоламиз. Аъзам Раҳимга эътирозимиз шуки, шоиримиз шаҳримиз фахри сифатида майдонга чиққан экан, “Осон эмас бу майдон ичра турмоқ” дея огоҳлантиришни лозим топдик. Аъзам Раҳим имкониятларини ҳисобга олиб, шоирдан бошқа жанрлардаям ўзини синаб кўришини маслаҳат берамиз.

Қуйида шоир шеърларидан айримларини илова қиламиз.

 

Аъзам РАҲИМ

1971 йили Ўш шаҳрида туғилган. Фарғона давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини битирган. «Сабр чечаклари», «Ялдо карвони», «Шаҳсувор туйғулар», «Ҳурлик минори» номли китоблари нашр этилган. Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Ўшдаги Бобур номидаги Ўш ўзбек академик мусиқали драма театри директори.

****

ЭРКИНЛИК

Ҳар кун киядиган оппоқ яктагинг

Эгнингга иласан андиша билан.

Кўйлакка ҳам сенинг келади раҳминг,

Ранжитиб қўйишдан жуда қўрқасан.

 

Ёлғиз дардларингга ҳамдард хонангга

Хайр, деб чиқасан,

эшик ғичирлар.

… Ортингдан эргашиб қолар йўқчилик,

Соянг қулоғингга аста пичирлар.

 

Тўйиб-тўйиб эркин нафас оласан,

Вужудинг эзилар,

кўнглинг тўлмайди.

Юрагинг орзиқар,

кутиб толасан,

Ичингда ўлмасинг — умид ўлмайди.

 

Атрофга қарайсан,

таскин излайсан,

Қўлларинг шалвираб тушар бўшлиққа.

…Изғиб елаётган дарбадар шамол

Овози ўхшайди мунгли қўшиққа.

 

Дарахтнинг учида қолган япроқ-чун

Илтижо қиласан,

бардош тилайсан.

Совуқда тентираб юрган кучукнинг

Бошини меҳр-ла секин силайсан…

 

…Қайтасан қадрдон хонангга охир,

Елкангга осилиб умид ухлайди.

Умидни кўтариб юрмоқлик оғир —

Кўча-кўйга ташлаб кетиб бўлмайди.

****

ЯПРОҚ

 

Тўкилар пойингга куз япроқлари,

Сен уни бемалол босиб ўтасан.

Қизиқтирмас сени чеккан оҳлари,

Борлиқни титратиб ўтиб кетасан…

 

Сўнггиси сочингга осилиб қолар,

Бўйингга маст бўлиб тебранар, телба.

Сен юлиб оласан,

олмасанг агар,

У юрак остига урар бир зарба.

 

Қўлингда ғижимлаб эзасан аста,

Минг битта бўлакка бўлинар япроқ.

Бир дарахт қолади — юраги хаста,

Сочларини юлиб қолади бир боғ.

 

РОБИЯ АДВИЯ

 

Беҳишт абас,

Сенсиз анда мен на қилай,

Тупроғингни кўзларимга сурма қилай.

Фироқингда кечган куним қушга йўйиб,

Арғимчоқлаб,

осмонингда турна қилай.

 

Гар қаҳрингдан қўрқиб сенга розим айтсам,

Қаҳринг ўти юрагимни кул айласин.

Ёндирсангу,

Муҳаббатим алангаси,

Оловингга кўксин очиб қул айласин.

 

Куним-туним мусаллода,

бир илинжим —

Дийдорингга кўнгил қонсин,

кўзим қонсин.

Ичим-тошим дил итига минг талатдим,

Ўздан кечдим,

Сени дедим,

Ўзим қонсин.

 

Барно Исоқова.

Филология фанлари бўйича фалсафа доктори

Яндекс.Метрика