Умида Аҳмад 1983 йилнинг 9 август куни Ўш шаҳрида туғилган. Ўш шаҳридаги М.Горький номли 8 – гимназия мактабида таълим олган. Шоиранинг бир қатор шеърлари қўшиққа айланиб, ўз мухлисларига эга бўлган. Шоиранинг 2020 йилда Барно Исоқова билан биргаликда «Кундошнома» китоби чоп этилган. 2013 йилдан буён Қирғизистондаги ўзбекзабон ижодкорларнинг «ИЛҲОМ» клуби аъзоси.
АЧИНДИМ….
Қадр топмай ўтган умримга.
Дилозордан тўйган дилимга.
Парчаланиб синган кўнглимга.
Ачиндим….
Жон куйганим жонин аяркан.
Чин суйганим молин санаркан.
Озоридан юрак ёнаркан.
Ачиндим….
Чиройимга махлиё кўзлар.
Дудоғимдан маст бўлган сўзлар.
Товланаркан эҳ икки юзлар.
Ачиндим….
Қад тутсам гар қоматга боқар.
Омад келса чироғим ёқар.
Кулфат тушса чаёндай чақар.
Ачиндим….
Нолимадим, бари ўтади.
Бу ғам ташвиш албат битади.
Умиданинг сабри ютади.
Оғир кунда сархисоб қилдим.
Ачиндим…
***
АСРА
Аллоҳ! Бандам десанг балодан асра.
Бевақт йўқлаб келган қазодан асра.
Ожизлик қилиб гоҳ, хатолар қилсам.
Тухмат, маломатли жазодан асра.
Ниқоб кийган соҳта юзлардан асра.
Хусуматла боқар кўзлардан асра.
Ишончим ишониб қўлига тутсам.
Ортдан ханжар урар дўстлардан асра.
Кўнглимни оғритар сўзлардан асра.
Тавоним куйдирар чўғлардан асра.
Яхшилигим билмас, нонкўрларинг-у.
Қалбида иймони йўқлардан асра.
Аллоҳ! Бандам десанг балодан асра.
Бевақт йўқлаб келган қазодан асра.
Ожизлик қилиб гоҳ, хатолар қилсам.
Тухмат, маломатли жазодан асра.
****
КИБР
Кибр отига ҳеч мингим келмайди.
Манманлик қилмайман, ғурур қўймайди.
Бошим осмон бўлса оёғим ерда.
Синиқ бандаларин, Аллоҳ қўллайди.
Бу бойлик бугун бор, эрта топилмас.
Шукр дарвозаси асло ёпилмас.
Енгсиз ё ёқасиз либос кийсам ҳам.
Ўралган авратим ишон, очилмас.
Гуноҳкор бандаман яхши биламан.
Аллоҳга ёлвориб тавбам қиламан.
Бандасига эмас хукм чиқармоқ.
Ўзим чизган йўлдан ўзим юраман.
Ортимдан гапирган, ортимда қолар.
Иккиюз кимсалар сўзидан тонар.
Сўз демай жимгина Ҳаққа топширсам.
Қиёмат кунида жазосин олар.
Кибр отига ҳеч мингим келмайди.
Манманлик қилмайман, ғурур қўймайди.
Бошим осмон бўлса оёғим ерда.
Синиқ бандаларин, Аллоҳ қўллайди.
****
ҚЎШИҚҚА ЁЗИЛГАН ШЕЪР.
Сени кўролмаслар ғийбат қилади.
Йўқда беролмаслар кўксинг тилади.
Ким аввал ким охир Аллоҳ билади.
Яшашда давом эт, ҳаёт сеники.
Иғво қилса қилсин фарёд уники.
Синмагил эгсалар тиз чўкма асло.
Шукр айла майли бордир ҳар бало.
Мағрурлигинг бўлсин унга бир жазо.
Курашда давом эт, билак сеники.
Иғво қилса қилсин истак уники.
Фариштаман дейди қанотлари йўқ.
Айтган ҳар бир сўзи юрак тешар ўқ.
Сен ундан олдинроқ, қилгин кўнглинг тўқ.
Юришда давом эт, йўлак сеники.
Иғво қилса қилсин тилак уники.
Танангда омонат арзанда жонинг.
Дардинг бўлишолмас яқин инсонинг.
Фарзандинга келар бир кун малолинг.
Сўрашда давом эт, сабр сеники.
Иғво қилса қилсин жабр уники.
****
ИНСОН
Инсонга минг бора қилгин яхшилик.
«Рахмати» бир куни кўзингни ўяр.
Биргина хатойинг, битта камчилик.
Қабринга тириклай кўмишиб қўяр.
Инсонга бор меҳринг этсанг ҳадия.
Савоби сочинга бўлади сиртмоқ.
Кўксингдан итариб, қувар кет дея.
Дард ва ғам сен учун ягона ўртоқ.
Инсонга бўлсанг гар сирдош, елкадош.
Омонат олган сир савдо растада.
Дилингга топилмас на битта дилдош.
Иғвойинг юради, авжи паллада.
Инсонга илингсанг бир олим ошинг.
Тузингни тотиб сўнг туфлайди юзга.
Маломат тошида ёргайлар бошинг.
Эрк берар тилидан чиққан ҳар сўзга.
Инсонга ачинма, куюнма, етар.
Қадрингни билмаса, билмасинлар хўп.
Аллоҳга кифоя қил бари ўтар.
Инсон ниқоб кийган, иблислари кўп.
Беш панжа бир эмас, бир эмас тақдир.
Ёмонлар ичида яхшилар бисёр.
«Насун» унутгувчи, Инсондир ахир.
Яхши Инсонларга Аллоҳ бўлсин ёр.
****
ОНА
Она! Кексайибсан, наҳот сезмабман?
Рўмол остида оқ толанг кўрмабман?
Қирққа кирибман лек сен учун ҳамон.
Боламан, ҳали хам котта бўлмабман.
Кечир, ташвишимга кўмиб ташласам.
Дилингни оғритиб, кўнглинг ғашласам.
Фақат сен тушуна оласан мени.
Сени ранжитгувчи бир иш бошласам.
Дард чексанг кунинга ярамай қолдим.
Ишонгин ичимда афсусда ёндим.
Масофа узоқда етолмайман ҳеч.
Ўзим ҳам соғинчдан чидолмай толдим.
Эркалай бағринга бошимни қўйиб.
Қувонгин бизларни бахтимиз кўриб.
Икки дунё Жаннат пойингда ахир.
Жаннатим яшайман меҳринга тўйиб.
***
ОТА
Сиздан қолган фақат шу суръат.
Термуласиз сўз демайсиз, жим.
Йиғламайман ишонинг, фақат.
Кўз ёшимни артар ахир ким?
Ёшларимга тўлмас қабрингиз.
Азобларга қўймайман сизни.
Жуда, жондан ўтди қадрингиз.
Эрта ташлаб кетибсиз бизни.
Ҳаёт синар сабримни қайта.
Арзим айтар бир инсоним йўқ.
Сиздай сирдош энди йўқ Ота.
Номард зарби юрак тешар ўқ.
Зиёратга боролмайман ҳам.
Қабрингизга эколмайман гул.
Айтинг нега бу дунё бир кам.
Фақат мени синайди нуқул.
Ота уйим хувуллаб қолган.
Борсам топмай излайман сизни.
Дарвозага қулф солинган.
Ким кутаркин дейманда бизни.
Айланаман ҳар бир хонани.
Тўрт деворга дардим айтаман.
Шаббодалар тинглар ноламни.
Тугунчам бўш тугуб қайтаман.
Соғинаман хумор тутганда.
Эркалагим келади гоҳ, гоҳ.
Дийдор энди қиём қойинда.
Учраштирсин бизларни Аллоҳ.
Одилжон Дадажонов