КУЧИМИЗ БИРЛИКДА, АҲИЛЛИКДА

     Ёруғ дунёда умргузаронлик қилиб, жамият қўйнида яшар эканмиз, ҳаёт ўзимизга муносиб, садоқатли, вафодор дўст топишни тақозо этади. Умримиз қанчалик роҳат-фароғатда ўтмасин, ҳеч кимса ҳаётини дўстсиз, биродарсиз тасаввур этмаса керак. Аммо ҳар биримизда бир ўй чарх уради: садоқатли, вафодор, яхши-ёмон кунларимда суянчиқ бўладиган, ҳасад ва хиёнат қилмайдиган дўст топа оламанми?  Кишини бир умр шу муаммо ўйлантиради. Зеро алломалар таъкидлаганидек, бирон дўсти бўлмаган одам бу дунёда яшамаса ҳам бўлади.

Агар биз ҳақиқий, жонимизга жон фидо қиладиган дўст топсак, у ҳаётимиз ва дунёқарашимизга катта таъсир кўрсатади. Ҳаётда қолоқ ёки пешқадам бўлишимиз, хотиржам ёки безовта юришимиз дўстларнинг таъсири натижасидир.

Дўстлик, биродарлик ва қардошлик ҳақида қалам тебратар эканман, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом келтирган гўзал ахлоқлар ва олий тарбия услубларидан озуқа оламан. У зот, Оллоҳ наздида энг яхши дўст деб одамларга доимо хайрли ишларни қилиб юргувчи кишига айтилади. Киши дўстининг ахлоқида бўлади. Шундай экан, у ким билан дўстлашаётганига қараб қўйсин, деб буюрган.

Тутинган дўстларимиз Аллоҳ буйруғини бажариб яшашга кўмаклашса, ҳаром ишлардан қайтарса, яхши ва ёмон кунимизда ҳамдам ва ҳамдард бўлса, ундай дўстдан асло ажралмаслигимиз керак. Аксинча гуноҳ ишларга чорласа, ундай дўстдан юз ўгириш керак.

Ёруғ дунёда саксон йилдан зиёд умргузаронлик қилаётган эканман, болаликдан то шу кунга қадар топган ва йўқотган дўстларим кўз олдимдан ўтади. Дўстликнинг ибтидоси болалик, хатто бу дўстлик гўдаклик чоғидан бошланади. Бир кўчада қувлашиб, бир анҳорда чўмилиб, кенг далада юмалашиб, кенг майдонда тўп тепишиб, бирга ўқиб, баҳслашиб, бир тишлам нонни бўлишиб еган, ораларидан қил ҳам ўтмаган айрим дўстлар йиллар ўтиб оила қуришгач, ўзидан ўзган, билимли тенгдош дўстларига адоват ва ҳасадда бўлса, юрак бағир эзилмасдан қолмаскан. “Адоватли дўстнинг душмандан фарқи йўқ”, дейди қадимги юнон драматурги Менандр.

Қобус ибн Вушмгир эса “Ҳасадгўй одам билан ҳеч қачон дўстлашма, чунки ҳасадгўйлардан дўст чиқмайди”, деб уқтирган.

Қадимги юнон файласуфи Демокритнинг: “Қарашларнинг бирлиги дўстликка олиб келади” деган доно сўзларига амал қилган ҳолда, ўзбек, қирғиз ва бошқа миллатлардан ўзимга садоқатли дўст-биродарлар топдимки, бундан бахтиёрман. Ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиётидан бошқа фанларни қирғиз ва рус тилларида ўрганганмиз. Ўшанда қирғиз тилида мақола ёзиб, Бозорқўрғон туманининг “Коммунизм учун” газетасига олиб кирганман. Газета муҳаррири Жолборс Тажибаев самимият билан кутиб олиб бўлим бошлиғи Шайлообай Мойдинов билан таништирди. У, биз адаш эканмиз, сиз Мўйдинжон, мен Мойдиновман, деди ва иккаламиз қучоқлашиб, айрилмас дўст тутиндик. Туманнинг тоғли қишлоғидан келган Шайлообайни бирга яшаймиз деб уйимизга олиб келдим. Ҳали уйланмаган чоғимиз, иккаламиз бир хонада яшай бошладик. Йиллар ўтиб, Шайлообай Ўш вилояти “Ленин жолу” (ҳозирги “Ош жанириги”) газетасида, кейин “Ленинчил жаш”, Советтик Кирғизистан” республика газеталарида ишлади. Мен ҳам кейинроқ Ўш вилояти “Ленин йўли” (ҳозирги “Ўш садоси”) газетасига ишга кирдим. Шайлообай Тошкент олий партия мактабига ўқишга борганида ёрдам бўлар деб имкон қадар унга пул юбориб турдим.

У уйланиб, Ўш шаҳридан уй олиб яшай бошлади.. Вилоят “Ленин жолу” газетасига муҳаррир бўлганида ҳам ўша самимийлик, камтарлик фазилатларини йўқотмади. Бир шаҳарда ишлаганим боис хонадонига бориб, дилдан суҳбатлашар эдик. Умр йўлдоши Айша бизга ҳавас билан боқарди. Шайлообай туғилиб ўсган қишлоғига кўп марта бирга бориб, ота-онасининг меҳмонга меҳри баландлигини кўрдим. Шайлообай ўз навбатида ўғил-қизлари билан хонадонимизнинг азиз меҳмони бўлиб турарди.

90- йиллардаги Ўш воқеасида ҳам бир-биримизга меҳр-садоқатимиз ўзгармади. Шайлообайнинг акаси Мендибай ака билан ҳам қадрдон эдик. Мулойим, ширинсўз, камтар бу инсон қатор ҳикоя ва қиссалар ёзиб, китоб чоп эттирди. Унинг айрим ҳикояларини ўзбекчага ўгирдим.

Биз таълим олган билим маскани том маънода байналмилал даргоҳ эди. Таъкидлаганимдай, кўп фанларни қирғиз, рус тилларида ўқиганмиз, чунки ўқитувчи кадрлар етишмасди. Қирғиз, рус болалар билан турли спорт майдонларида бирга бўлиб, қадрдонлашиб кетганмиз. Мактабни тамомлаб, турли касб эгалари бўлсак ҳам, бир-биримиздан ҳол-ахвол сўрашни канда қилмадик 2009 йили мактабни тамомлаганимизнинг 50 йиллигини ўзимиз ўқиган Бўкўнбаев номли мактабда бирга нишонлаб, Арслонбобда дам олдик. Марҳум мактабдошларни хотирладик. Қирғиз ва ўзбек синфларидан 12 нафар мактабдош ҳар ойда учрашишни одатга айлантирдик. Қирғиз дўстларимиз Канназар, Аман, Рисбек, Абдуғани, Тинибек, Шамши, Умман, Тўхтарали, ўзбеклар Иброҳим, Нурдинбой, Ботирхўжа ва мен ўзаро оилавий борди-келдини узмадик. Яхши ва ёмон кунларимиз бир-биримизсиз ўтмайди. 2010 йилги июнь воқеаларида ўзбек дўстларининг оилаларига катта ғамхўрлик қилган Канназар ва Тинибекдан бениҳоя миннатдор бўлдик.

Биз тенги авлод ўтган йиллар мобайнида анча садоқатли дўстларни, мактабдошларни йўқотдик. Сўнгги 20 йил давомида маҳалладошларимиздан, бирга ишлаган қадрдонлардан, ўзбек, қирғиз мактабдошларимиздан кўпи оламдан ўтиб кетди. Дўстлар билан ўтган дамлар нечоғли шоду хуррам бўлса, улардан айрилиш қанчалик уқубат эканлиги Абуабдулло Рўдакийнинг қуйидаги мисраларида чуқур ифодаланган:

 

Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,

Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.

Тўлур ғам-ғуссага дилнинг косаси

Қадрдон дўстлардан айрилган бир кун.

 

Ўйласам, яхши дўстлар улуғ давлат экан. Биз қанча мол-мулк йиғмайлик, унинг ҳаммаси бир вафодор, содиқ дўст ўрнини босмайди. Аксинча, яхши дўст барча бойликларнинг ўрнини босади. Содиқ дўстларнинг кўп бўлиши ҳар инсоннинг иқболидир. Энг бадавлат киши ким деб сўрасалар, менимча, содиқ дўстлари кўп одамни айтиш керак. Чунки инсон учун дўстлик бебаҳо бойликдир.

Иш фаолиятим давомида матбуотда, таълим соҳасида, қишлоқ хўжалигида турли миллат вакиллари билан ёнма-ён меҳнат қилдим ва талай меҳрибон, камтар дўст-биродарлар топдим. Улар орасида садоқатли дўстларим кўп. Айрим содиқ дўст, тутинган ака ёки ука ўз жигарбандингдан ҳам яхшилик ва меҳрибонликни кўп қилади.

Мен каби қирғизлар билан ораларидан қил ўтмайдиган бўлиб қадрдонлашиб кетган юртдошларимиз жуда кўп. Қирғизларга қиз бериб, қиз олган, ўзаро қуда-андалашиб кетган юзлаб оилалар бор. Қирғиз ва ўзбеклар яшаган маҳаллаларда эса иккала миллатнинг урф-одатлари қоришиб кетган. Ўзбеклар асосан марказларда яшагани боис, уларнинг мол-қўйларини қирғиз чорвадорлари яйловда боқиб берадилар.

Гап дўстлик ҳақида борар экан, 2010 йилги июнь тўполони кимга керак бўлиб қолди, экан деган ўй ҳамон ўйлантиради. Ахир оддий ўзбек ва қирғиз ҳеч қачон бир-бирига душман бўлмаган, неча асрлардан буён ёнма-ён яшаб келган-ку? Икки дўст халқни бир-бирига гиж-гижлашдан кимлар наф кўради? Бизнингча, бу бир ховуч миллатчи, пулдор мансабпарастларнинг иши бўлса керак. Халқларимиз эт билан тирноқдек бўлиб кетган, уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Оллоҳ насиб этган бу масканда яшар эканмиз, орамизга нифоқ солувчилар ким ва қайси миллат вакили бўлмасин, қанча йиллар ўтмасин, жавобгарликка тортилиши керак.

Қирғиз ҳам, ўзбек ҳам Марказий Осиёдаги қадимий халқлардир. Ҳар бирининг ўз тарихи, босиб ўтган шонли йўли бор. Тарихдан маълумки, бу икки миллат турли даврларда бир-бирига елкадош, ҳамдам бўлиб яшаб келган. Ўтган йилнинг баҳорида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Ўзбекистонга ташрифи давомида икки ёнма-ён яшаган ўзбек ва қирғиз халқларининг апоқ-чапоқ бўлиб яшаб келаётгани, бозори бир, мозори бир, бир дарёдан сув ичган халқлар эканини, бундан буён бу қадимий дўстликни яна мустаҳкамлаш учун дадил қадамлар ташланганини таъкидлади.

Май ойининг сўнгги кунлари “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамиятининг таклифи билан ўзбек тилида ижод қилаётган бир гуруҳ қирғизистонлик қаламкашлар Тошкент сафарида бўлишди. Сафардан ижодкорларимиз катта таассурот билан қайтишди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг Дўстлик саройида бўлдик. Қўмита раҳбари Рустам Қурбонов Ўзбекистонга қўшни бўлган республикалар билан қўшничилик, дўстлик алоқаларини ривожлантириш, мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон раҳбарияти қатор дастурлар ишлаб чиққани ва у амалда бажарилаётганини айтиб, “Икки давлат ва миллат ижодкорларининг ҳамкорлиги халқларимиз дўстлиги ришталарини мустаҳкамлашда жуда муҳим, – деб уқтирди. – Адибларимизнинг бу улуғ ишда олдинги қаторларда бўлишини истаймиз”.

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида ўтган учрашувда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид қирғизистонлик ижодкорлар ҳақида илиқ гапларни айтиб, бундан буён ижодий алоқалар кенг қамровли бўлишини, қирғизистонлик ижодкорларнинг ижод намуналарини Ўзбекистонда чоп эттириш ва ўзбекистонлик ижодкорлар асарлари қирғиз тилига таржима қилиниб Қирғизистонда босилишини ва бошка маданий алоқалар ҳам ривожланишини таъкидлади.

Мен Қирғизистонимиз мустақилликка эришган йиллари “Ватан мадҳи” деган шеър битган эдим. Мазкур шеърдан икки тўртлик келтирсам:

 

Шу Ватан ерида киндик қоним бор,

Нонин еб, сув ичган жисму жоним бор.

Наслим бор, дўст тутиб ўтган оним бор,

Мен учун тенги йўқ моҳитобонсан,

Ҳур, озод ва эркин Қирғизистонсан.

Мадҳингни куйладим, ашъорлар битдим,

Қалбимда борини элимга тутдим,

Дўстлик байроғини қўлимда тутдим,

Мўйдинга ошиён азиз Ватансан,

Мустақил ва эркин Қирғизистонсан…

 

Истагим шуки, қирғиз ва ўзбек халқларининг ҳақиқий дўстлиги уммонлардан чуққуроқ, тоғ чўққиларидан баландроқ, олтиндан қимматлироқ, пўлатдан мустаҳкамроқ, бўрондан кучлироқ бўлиши керак. Шунда дўстлигимизга, биродарлигимизга ҳеч ким рахна сололмайди.

 

 

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,

Қирғизистон журналистлар уюшмаси аъзоси.