КИРОЙИ АЛЛОМА – ИЗЗАТ СУЛТОН / (ўттиз йилдан ўттиз лавҳа)

Зуҳриддин  ИСОМИДДИНОВ

     Мен Иззат Султон домлани илк бор 1972 йил ёз бошида кўрганман (биз у пайтда биринчи курсни тамомлаётган талаба эдик). Ўзбекнинг уч улуғ бахшиси – Фозил Йўлдош, Ислом ота, Пўлкан шоир, нинг юз йиллиги Республика билим уйида катта тантана қилиб ўтказилмоқда эди. Домла мажлис бошланишидан аввалроқ бу даргоҳнинг ичида бир ўзи у ёқ-бу ёқ одимлаб турган эка. Бўйи ўртадан сал пастроқ, аммо гирдиғумдан келган. У кишини бошидаги Ўш дўпписидан танидим. Ўшлик деб эшитган эдим-да.

Aкадемик Иззат Султон

Ўша йиллари Иззат Султон ўзбек адабиётшунослигининг энг атоқли намояндаси саналар эди. Биз, курсдошим Олимжон икков, ҳайиқиб-ийманиб, бир амаллаб салом берган бўлдик. Иззат Султон билинар-билинмас бош ирғаб алик олди-да, йўлида давом этди. Нигоҳлари ўткиргина одам экан.

*     *     *

Ажабки, ўша йилнинг ўзида домлани яна бир бор олисдан кўрдим. Биз таълим олаётган ТошДУнинг асосий кутубхонасида, янглишмасам, “Ўзбек адабиётида социалистик реализм тараққиёти” мавзуида илмий анжуман ўтказилди. Бу илмийдан ҳам кўра, “илмий-сиёсий” тадбир эканлиги конференциянинг ҳайъати-ю ҳайбатидан маълум эди. Асосий муаммо – бизда социалистик реализм ижодий методи 1917 йил 7 ноябрдан туғилиб амал қила бошланганми, ё кейинроқ пайдо бўлиб ривожланганми, деган масала экан. Қирқ ёшлардан эндигина ошган, аммо довруғи достон Лазиз Қаюмов ўта қизиққонлик билан “бу ижодий метод бизда айнан революция кунида туғилди, бунга қарши фикр айтадиган ҳар қандай одам билан баҳслашишга тайёрман”, деб мухолифларини жангга чорлади. Бу чиқишнинг ўзи мавжуд тузумга садоқат намойиши эди, холос. У замонда ким бундай инқилобий фикрни хато деб айта олар эди, дейсиз?

Конференция ишида танаффус эълон қилинди. Аммо ҳамма жойида тек ўтирар, бирон гап айтилишини кутаётгандек эди. Залнинг қарама-қарши томонидаги Иззат Султон аста ўрнидан турди-да, одамларни айланиб ўтиб, Лазиз Пўлатовичнинг ёнига келди. Икковлари тик турганича алланималарни анча гаплашишди. Ёнимда ўтирган бир одам шеригига, Иззат Султон бунга қарши, у киши бутун бошли ижодий метод бир кунда яралиб қолмайди, деб уқтирар эди, деганини эшитдим, холос. Аммо бу икки таниқли олимнинг ўрталарида нима гап ўтди, биз учун қоронғулигича қолди.

 

*     *     *

 

Кейинчалик Фурқатий ижоди бўйича фан доктори, профессор бўлган Шариф Юсупов биз ўқийдиган журналистика факультетида журналист маҳорати деган фандан бизга сабоқ берар эди. Бу йўналиш у вақтларда тизимга солинмаган, соҳага оид илмий манбалар ҳам деярли йўқ эди, шунинг учун домла асосан ўз иш тажрибасини ўртоқлашар, таҳрирга алоқадор бўлган, ёдига муҳрланиб қолган қизиқ-қизиқ воқеа-ҳодисаларни иллюстрация сифатида гапириб бериб дарс ўтар эди. Шариф ака эллигинчи йилларда “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) газетасида адабиёт бўлимининг мудири бўлиб ишлаган экан.

“Бир сафар Иззат Султонга олти юз йўллик мақола ёзиб беришни сўраб мурожаат қилдик, – деган эди Шариф ака. – Домла мақолани юборди, линотипда тердирсак, оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас, нақ олти юз йўл чиқиб турибди-да! Саҳифада шунча жой ажратилган эди, қуйилибгина тушди. Бироқ эртасига ишга келсак, ТАССдан шу саҳифага оид бир сурат юборилган экан. Ниҳоятда шошилинч нарса экан, ҳа энди, ўша бетдаги энг катта материал бўлган Иззат Султоннинг мақоласидан бирон ўн сатрини қисқартирсак, сурат жойлашади-қолади, деган тўхтамга келдик.

Аммо… буни қарангки, тўрт журналист эрталабдан то тушликкача мук тушиб ўтириб, мақоланинг бирон жумласини ҳам қисқартириш эпини қила олмадик. Ҳар бир жумла бир фикрни ташийди, “кессангиз” – фикр узилиб қолади. Ноилож, ўша суратни бердирмадик, нима бўлса-бўлди деб таваккал қилдик. Ҳолбуки, Масков юборган бирон нарсани қолдириб қўйиш ўша пайтларда ҳам сиёсий хато деб ҳисобланарди.

Азиз талабалар! Мақола ёзадиган бўлсангиз, Иззат Султон сингари ёзинг, токи биронта жумлангизни ҳам биров ўзгартира олмасин…”

 

*     *     *

 

Тақдир экан, орадан тўрт йилча вақт ўтиб, Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтига ишга кирдим. Энг майда лавозим эгаси – лаборант бўлиб олган бўлсак-да, бошимиз осмонда. Гўё бизга истиқбол кулиб қараб турибди, орадан ҳаш-паш ўтмай, аллақандай илмий янгиликни кашф этиб, юзага чиқишимиз тайиндай. Аслида, баайни талабалик ҳаёти давом этар, ижарахонадаги ўша “истиқомат” ҳаёти, 70 сўмлик ойлик билан эса талабалардан ҳам баттар мирқуруқ аҳволда яшар, биргина фарқи – дорилфунун домлалари академия домлалари билан алмашган, биз энди булардан сабоқ олар эдик.

Иззат Султон ўта сипо, ҳатто кулган чоғида ҳам жиддиятини йўқотмай кулар, ҳамсуҳбатини жиловлаб турар, талтайиб-ёйилиб кетишига йўл қўймас экан. Шунинг учун ҳам, у кишининг коридордан уёқ-буёқ ўтиши ҳам баайни бир воқеа тарзида қабул қилинар эди.

Устоз Ғайбулла Саломовнинг тавсияси билан институт директори Матёқуб Қўшжонов бир гуруҳнинг икки талабаси – мен билан Султонмурод Олимовни қўша ишга қабул қилди. Аммо ҳафта сайин устоз Ғайбулло домла билан учрашамиз. У киши ҳам бундан беш-олти йиллар аввал Тил ва адабиёт институтида ишлаган, шу боис ўзи қанот чиқарган бу даргоҳни қўмсаши табиий. Биз ҳаяжон билан қандай илмий анжуманлар бўлиб ўтди, қайси олим сўзга чиқиб нима деди, шуни домлага айтиб, фикр олишган бўламиз. Албатта, қайси вазиятда Иззат Султон нима деди, бу бизнинг назаримизда – асосий воқелик.

– Ҳа, Иззат Султон… – деди устозимиз ҳавас билан. – у киши туғилганида худо миясини олиб ташлаб, ўрнига ғиж-ғиж ақл жойлаб қўйган…

 

*     *     *

Гоҳо Иззат Султон ўз-ўзига ҳазил ҳам қилар экан. Кунлардан бир кун домла Озод Шарафиддиновдан сўраб қолибди:

– Озоджон, шунча йиллардан бери қадрдонмиз. Аммо ҳеч сўрамаган эканман: қаерликсиз ўзи?

– Э, домла, – дебди Озод ака кулиб. – Мен ҳам асли Ўшданман, отам ўшлик эди.

– Ана, ўзим ҳам айтдим-а, бу йигит мунча эслик, аслини суриштириш керак деб!

Бу лутф Озод акадан ҳам кўра Иззат Султоннинг ўзига қаратилган эди.

 

*     *     *

Иззат Султон кўп гапирмас, аммо хотираси ўткир эди. Энг кучли далилларни тарихнинг аллақайси пучмоғидан топиб келтира олар, қачондир ўзи ўқиган, номи тугул муаллифини ҳам кўплар эшитмаган китоблардан, ёки бир маҳаллар бирга ишлаган одамларнинг ҳаётига оид мисол ёхуд ўша одамлар айтган гапни ўта таъсир қиладиган тарзда ёдга келтириб, сўзлаб бера оларди.

– Одамда хотира ҳар хил бўлар экан, – деган эди Иззат Султон бир кун. – Бировда кўз хотираси кучли – кўрган нарсасини доим эсида сақлайди, бошқа киши эса эшитган-уққанини. Мен ўзимнинг хотира тарзим қанақа эканини аниқлай деб психологларга учрашдим. Улар синов ўтказиб, охирида “Сизники сараловчи хотира (избирательная память) экан”, – дейишди…

Ростан ҳам домла ўзига керакли фактлар, фикрларни асло унутмас, мундайроғини эса ёдлаб қолишга ҳам ҳаракат қилмас, зеҳнини ортиқча нарсалар билан тўлдиришдан асрар эди. Аммо буни қарангки, қайсидир китоб ё ҳужжат қай бир сабаб билан керак бўлиб қолса, исмини ҳам билмайдиган, кўрса танимайдиган кишининг отию зоти, қаерда туриши ва ҳоказоларни худди анкетасини кўриб тургандай тилга олар, фалон иқтибос қайсидир йили Прагада чоп этилган китобнинг қайси бетида экани каби ҳеч ким билолмайдиган талай маълумотларни писта чаққандай қилиб айтар, гўё хотирасининг иккинчи мотори ҳам ишга тушиб кетгандай бўларди.

У замонда компьютер деган нарсанинг ҳали оти ҳам йўқ. Аммо Иззат Султон баайни жонли компьютер эди, десам, ишонаверинг.

1989 йилда Қирғизистонда Тўқтағул оқиннинг 125 йиллиги нишонланди. Бир ҳафта тўй берди қирғиз дўстларимиз. Фрунзе (Бишкек) шаҳридаги тантаналар, илмий анжуманлар тугагач, ҳаммамиз юзга яқин автобусга ўтириб, шоирнинг ватани – Тиёншон тоғининг жанубий томонидаги Кетмонепа деган жойга бордик. Бу ерда уч кунлик базмдан сўнг яна пойтахтга қайтяпмиз. Ҳайдовчилар ёш, юраги қизиган йигитлар экан, баланд довон йўлида бир-бири билан пойга ўйнашса денг! Ҳолбуки, автобуснинг чап томондаги ғилдираклари жаҳаннамдай тубсиз жарликнинг нақ лабида айланяпти. Бир маҳал биз ўтирган автобус сал қолдики, ўша унггурга тушиб кетса. Рангларимиз девор бўпкетди. Хайриятки, машҳур профессор, туркий адабиётлар тарихининг билимдони Ҳусайн Кўрўғли шу воқеа юзасидан бир неча латифалар айтиб, сал ўзимизга келтирди. Таҳлика унутилгандай бўлди. Ёнимда Қирғизистонлик академик, “Манас” эпоси бўйича докторлик диссертациясини бизда, Тошкентда ёқлаган, ўзбек олимларини яхши танийдиган Раиса Қидиралиева ўтирган эди.

– Опа, – дедим унга юз буриб, –  мана шу Кўрўғли домла бизнинг Иззат Султонга жуда ўхшар экан-да. Қаранг, ҳар бир вазиятда керакли гапни топиб айтишини қаранг.

– Ҳа, бироз ўхшайди, – деди Раиса опа, – аммо Иззат Султон жуда улуғ. У кишига етадиган олимни мен ҳали кўрмаганман…

 

*     *     *

 

Мен ҳозирга қадар ўнтача (ундан кўп эмас) нотиқ одамни кўрдим. Илм-фаннинг энг инжа масалалари ҳақида гапириб, ҳамма нарсани миянгизга жойлаб қўядиган олимларни, бирон беш юз кишилик залда маърузадан сўнг сўз олиб, икки оғиз гапи билан шунча одамни жунбушга келтира оладиган ўқитувчиларни, чиройли далиллар келтириб, тумонатни ўзига маҳлиё қила оладиган адабиётшуносларни… кўрдим. Аммо Иззат Султон уларни ҳам мот қила олгудай салоҳиятли эди. Чунки гапининг ўқ илдизи – мантиқ бўларди.

– 1946 йилда мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Ойбекка ўринбосар эдим, – деганди бир пайт ёзувчи, профессор Жуманиёз Шарипов. Бир кун уюшманинг катта залида йиғилиш ўтказилаётганди, гавдалик бир киши кириб келиб, энг охирги қаторга ўтирди. Қарасак, Усмон Юсупов! Ойбек ака менга секингина, “Отани президиумга таклиф этинг, ноқулай бўляпти”, – деди. Четдан юриб, олдиларига бориб, “Ота, сиздан илтимос, юқорига чиқинг”, дедим. “Йўқ, бирпасдан сўнг чиқиб кетаман, сен ҳам ўтир шу ерда”, – деди Республика раҳбари. Минбарда эса ўттиз беш ёшлардаги Иззат Султон нутқ сўзлаётир эди. “Ким бу йигит?” – деб сўради. “Иззат Султон”. “Э, Уйғун билан бирга “Алишер Навоий” драмасини ёзган одам шуми?”. “Ҳа, Усмон Юсупович, ўша киши – шу”. “Нутқи равон, ўзи бамаъни йигитга ўхшайди. Мен бир фикрни ўйлаб ўтирибман: бизда ЦКнинг маданият бўлими мудири йўқ. Шу йигит ўша ишга муносибга ўхшайди?”. “Албатта, ота, – дедим. – Иззат Отахонович, нафақат драматург, балки катта олим ҳам”.

Мажлис тугаганидан сўнг Иззатжонга Усмон отанинг душанба эрталаб соат ўнда кутишини етказдим. Кейин эшитдик, Иззат Султон ота билан учрашиб, у кишида шу қадар катта таассурот қолдирибдики, бўлим мудирлиги ҳам гапми, Министрлар Совети раиси ўринбосари қилиб тайинланибди. Ақли ўткир, билими кучли бўлганидан, шу даражага етди…

 

*     *     *

Шеър ўқишнинг муаммолари кўп. Мен шоир ҳам, “бошловчи сухандон” ҳам эмасман. Аммо шеърни қойиллатиб ўқиган одамларни кўрсам, сеҳрлангандай бир вазиятга тушаман.

Бир замонда Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтига Туркиядан Элхон Бошкўз деган бир олим келган эди. Мен уни кўрмаганман: ўша пайт одатдаги гап, бу институтнинг йигирма нафарча “умидли ёш олим”и Жиззах далаларида ғўзачопиқ қилиб юрган эдик. Орадан беш-олти ой ўтиб, бир илмий йиғилишда минбардаги Иззат Султон унинг отини эслаёлмай, сўраб қолди, “Оти нима эди, ҳов Туркиялик олимнинг – Кўккўзмиди, Олакўзмиди?”. “Бошкўз эди, домла, – деди Жамол Камол, – Бошкўз!”. “Ҳа-а, Бошкўз эди. Аммо шеърни зап ўқир экан-а? Фузулий, Навоий, Насимий асарларини шу одам ўқисин экан”.

Бизлар ким келганини эшитмаган, унинг қанақа “шеър ўқигани”ни ҳам билмасдик, мажлисдан кейин бу гапнинг тагини суриштирдик.

Иззат Султон домланинг айтишича, Элхон Бошкўз асли адабиётшунос, аммо олимликдан ҳам кўра, мумтоз адабиёт намуналарини тенгсиз бир фасоҳат ила ўқиши билан танилган экан. Шеърга, шеър ўқишга шунчалар қизиқар эканки, болалигидан бирга ўсган қалин бир дўсти кейинчалик Туркияда раҳбар бир ишга тайин бўлганида, уни муборакбод қилиб борган Элхондан “Бенден не истаюрсан?” деб марҳамат этса, у бирон мансаб-амал тиламабди, сўрагани – “Эжозат версанг, бен ҳар гуну жумҳурият радиосунда шеър охусам”, деган илтимос бўлибди. Ўшандан бери Туркия радиосида ҳар оқшом “Элхон Бошкўз шеър ўхийур” деган дастур эфирга чиқаркан, бу соҳир овоз эгаси жуда кўп шоирларнинг жонсўз ғазалларни дард билан ўқир экан…

Ҳозир бизда ана шундай шеър ўқий оладиган одам қаҳат. Ўзи ёзган тузуккина шеърини ҳам бузиб, тингловчининг ғашини келтириб ўқийдиганлар борми, деб сўранг – бир талайини айтиб берай.

Инсон нутқини мажозан анвойи матоҳларга қиёс этсак, унинг энг ҳарири – шеърдир, бинобарин у ҳарорат билан ўқилиши керак.

Уйғун билан Иззат Султон биргаликда ёзган “Алишер Навоий” драмаси бутун ўзбек халқининг ёдида аввало шеърий монологлари билан сақланиб қолган. Олтмишинчи йилларнинг охиригача ўзбек тўйларида фақат ашула ва рақс эмас, шу билан бирга, “Навоий монологи” ҳам бирон шеърсевар одам томонидан албатта ёд ўқилар эди. Тумонат жим туриб, сел бўлиб эшитар, олқишлар эди.

Бугунги кунда ана шу Навоийнинг, ёинки тўқима образ бўлган “Гули”нинг монологларини ким ёзган: Уйғунми, ё Иззат Султонми, ҳечким билмайди. Кўпчилик, “Уйғун шоир эди, шеърий парчалар уники бўлса керак”, деб тахмин қилади. Аммо бунинг асли қандай бўлган, бизларга номаълум. Чунки Иззат Султон ҳам ниҳоятда шеърсевар одам эди, номзодлик диссертациясини шеърият бўйича ёқлаган. Болалик чоғларида бирга ўқиган дўсти Жуманиёз Шариповнинг эслаб ёзишича, Иззат Султон интернат мактабда ҳар куни тонгда боққа чиқиб, най чалган. Бу ҳам домланинг шеъриятга жуда мойил бўлганини билдиради: шеър, аввало, мусиқий нутқ-ку.

 

*     *     *

 

Домлани нотиқ одам эди, дедим. Аммо гапга уста, туғма нотиқ нотиқ кишилар кўп. Мен масалан, гапни тешиб юборадиган Озод Шарафиддиновни, ака-ука Азиз ва Лазиз Қаюмовларни билар эдим, Наманганнинг Чортоғида яшайдиган кекса бир муаллимнинг минг кишига ваъз айтиб, бир неча дақиқада ҳаммани жунбушга келтира оладиган эҳтиросига гувоҳ бўлганман. Аммо Иззат Султон уларнинг ҳаммасидан юқорида турарди. Ўзбек тилида ҳам, рус тилида ҳам бир хил юксак фасоҳат билан сўзларди, эшитганки одам домланинг нақадар чиройли сўзлаётганига маҳлиё бўлмас, балки у айтаётган воқеликнинг ичига шўнғиб кириб кетганини ўзи ҳам билмай қоларди.

Буни нимага менгзаш мумкин, билмадим. Масалан, бирон хонанда тиниқ ва жарангдор товуш билан ашула айтса, овозига маҳлиё бўламиз, созанда танбур ё найни бенуқсон чалаётганини кўриб тасанно айтамиз. Бироқ, билмадим, менга буларнинг янада юқорироқ бир даражаси – ўша хонишчининг овозига лол қолмайин, балки, овозининг жозибадор эканлиги у қадар сезилиб турмаса-да, айтилаётган қўшиқнинг руҳи ичига кириб кетсам, ёки эскигина бир чоғуда ижро этилаётганига қараай, қулоққа келаётган куй мени ўз оғушига олиб, аллақайларга – сўз билан таърифлаб бўлмайдиган маъволарга олиб кетса… кейин кун бўйи, ҳатто бир неча кунлар ўшанинг таъсирида юрсам, мен учун энг зўр қўшиқ, энг зўр мусиқа ана шу бўлади.

Иззат Султоннинг ҳар бир чиқиши институтимиз олимлари орасида бир воқеликка айланар, одамлар бир-бирига бу нутқ ҳақидаги таассуротларини айтиб юришар эди.

Мен қатнаша олмабман, бир йили “Ўзбек совет энциклопедияси” тўлиқ нашр этиб бўлингач (14 жилд), шу муносабат билан фанлар академиясининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтибди. Бизнинг бўлим ходими Элдор ака (у шоир Мамарасул Бобоевнинг ўғли, кейинчалик эзотерикага мойил “Мусаввир” қиссаси билан танилган) эртаси куни ҳаяжонланиб гапириб бераркан, анжуман охирроғида Иззат Султонга сўз берилганини, домла бу ўзбек қомуси ҳақида гапириб, ҳар қанча тазйиқларга қарамай, унда миллий руҳ барқ уриб сезилиб туришини таъкидлаганини, фикрини мисоллар билан қойилмақом қилиб далиллагани одамларга қанчалик таъсир қилганини айтиб тугата олмас эди:

– Э, дўстим, биласизми, ана шундан кейин тушлик эълон қилинган эди, ошхонага кириб, шницель ёки гуляш эмас, ўзимизнинг бирон миллий, асл ўзбекча таомимизни егим келиб кетди, шунақа бир руҳ мени ўраб олган эди…

 

*     *     *

 

Домла ўртабўй, аммо гавдаси энликкина бўлгани учун бўйи пастроқ кўринар эди. Шунинг учун ҳадди сиққан баъзи яқинлари бу тўғрисида ҳазил ҳам қилишар экан.

Шоир Жуманиёз Жабборовнинг кулиб-кулиб эслашича, бир йили Ёзувчилар уюшмаси Тошкентдаги қайсиям бир ресторанни (у пайтда ресторан бир нечта эди, холос) бир кунга тўлиқ сотиб олиб, жами ижодкорларни базмга чорлабди. Ҳамма ресторан бўсағасига келган, аммо бир-икки атоқли адибнинг келишини кутиб, ташқарида ҳангама қилиб туришган экан, бир маҳал хиёл сархуш Ғафур Ғулом ташриф буюрибди. Тумонат билан бирма-бир кўришиб чиққач, азбаройи завқи келганидан, бу қадрдонларнинг ҳар бирига бағишлаб, бадиҳа йўсинида бир байтдан шеър тўқиб айта бошлабди. Жумладан, Маяковскийга ўхшатиб “зинапоя” шаклида шеър ёзадиган Мамарасул Бобоевга қараб, “Сенинг ёзған бу ашъоринг “Мезонул авзон”ға сиғмайдур”, деб илтифот қилибди, кейин Иззат Султонга кўзи тушгач, бағрига босиб, “Бунча Иззат, бунча қад – Султонда йўқ” деб замзама қилибди…

Қаранг, туғма шоирнинг биргина мисрасида қанчалар шеърият бор!..

 

*     *     *

 

Аммолекин, Иззат Султон ҳам бўй-бастига ишора қилган одамларга шунчаки кулиб кета берган эмас, кези келганда улардан ҳам ўтказиб ҳазил қилиб, тавбасига таянтирган. Бу тўғрида ҳам латифа гаплар кўп. Чунончи, машҳур геолог, Ўзбекистон фанлар академиясининг президенти, Иззат Султон каби, асли ўшлик Ҳабиб Абдуллаевнинг домла билан муносабати жуда самимий, бегидир бўлган экан.

Гавдаликкина Ҳабиб Абдуллаев бир куни домлага тегишиб, “Иззат ака, – дебди, – мен сизнинг ёнингизда турсам, ўзимни филдай деб ҳис қиламан!”

Иззат Султон ҳам ўша пайровни илиб олиб, Ҳабиб Абдуллаевнинг ўзига қайтарибди: “Ҳа, албатта, Ҳабибжон, сизнинг ёнингизда эса мен ўзимни одамдай ҳис қиламан”.

Бунчалик ўткир жавобни кутмаган Ҳабиб Абдуллаев жириллаб қолган, дейдилар.

…Яна бир ҳангома шуки, бир куни Иззат Султонни нақ ЦКнинг ўзига чақиришибди. “Иззат Отахонович, машинангизда аёлларни кўп олиб юрар эмишсиз, бу нима деган гап?” Аммо домла бунақа пўписаларга пўстагини қоқиб қўядиган одати бор эди. У киши айтибдики, «Бу гап ёлғон. Чунки мен 50 ёшгача бу ишни қилмадим, партиядан қўрқдим,  50 ёшдан кейин бу ишни қилмадим, энди ўзимдан қўрқдим». Марказқўм вакиллари кула-кула, домланинг елкасига қоқиб хайрлашишибди.

 

*     *     *

 

Матёқуб Қўшжонов фронтовик олим, адабиёт оламидаги схематизмларни олиб ташлаш, чинакам бадиий асарларни қадрлаш борасида Абдулла Қаҳҳорнинг биринчи шогирдларидан эди. Илмда ҳар қанча кескир, аёвсиз бўлгани билан, ажабки, умрида ҳеч кимга овозини кўтариб муомала қилмаган. Институтимизга директор қилиб тайинлангач, жамоанинг ярмидан кўпи думи тугилди – йиллаб иш бермай, ойлик олиб юрадиган такасалтанглар, казо-казоларнинг хотинлари ё келинлари “Хоразм хони”нинг (бу уларнинг гапи) зуғумига дош беролмай, ишдан кетдилар. Улар ўрнига элликка яқин умидли ёш ишга қабул қилинди. Бироқ Қўшжонов домла ҳаммадан иш талаб қилар, ойма-ой ҳисобот топширадиган бўлиб қолган эдик.

Айнан унинг қисталанг қилиши билан йигирма йиллаб “туя гўшти” еб ётган “Адабиёт назарияси” китоби икки жилд бўлиб чоп этилди.

Бу воқеага атаб Адабиёт назарияси бўлими ходимлари ис чиқаришди. Шу ўтиришда бўлим мудири Иззат Султон бир воқеани эслаб қолди:

– Ўн-ўнбир ёшларда эдим. Бирданига қасир-қусур ўқ отилиб, қоч-қоч бўлиб қолди. Босмачилар от чоптириб кўчамиздан ўтиб кетмоқда экан. Семиз бир аммам бор эди, ваҳиманинг зўридан бир пахса деворнинг ярим метрдан мўлроқ бир оралиғи бор экан, ўшандан ичкарига ўтиб, яширинибди. Тўпалон тугагач, қани энди аммам бояги кесилган пахса орасидан ўта олса! Ҳеч сиғмайди. Шу кампир шу оралиқдан ўтган, десангиз, биров ишонмайди. Ноилож, пахсани яна бир-икки қарич ушатиб, бир амаллаб йўл очиб ўтказиб олишди.

Матёқубнинг дағдағаси ҳам ўшанга ўхшади. Мана шу икки жилдлик “Адабиёт назарияси”ни биз ёзганимизга ўзим ҳам ишона олмай ўтирибман…

 

*     *     *

 

Саксонинчи йилларнинг боши. Домла етмишдан ошган бўлса ҳам, ҳали кексаймаган, ишхонамизга ҳар замонда “Волга”си оёқларининг “чигилини ёзиш” учунми, ўзи миниб келиб турарди. Бир куни, 6 март эди, Тил ва адабиёт институтидаги барча аёлларни табриклаш учун икки юз дона қип-қизил лола сотиб олиб (аёллар шунча эди, институтда 350 дан кўп киши ишларди), ўзи битталаб улашиб чиқди. У пайтда бу анча қиммат, гулчилик энди тетапоя бўлаётган йиллар эди.

Байрам шарафига институт ошхонасида ёзилган дастурхон атрофида бутун жамоат жам бўлди. Иззат ака бундай пайтларда шунчаки табрик сўзи айтиб қўяқолмас, ҳар бир чиқишидан сўнг одамлар ўшанда домла мана бундай дедилар, деб айтиб юришар эди.

– 1877 йилда Тошкентда, генерал-губернатор қароргоҳининг муҳташам қабуллар залида географ ва статист, давлат арбоби, жаҳонга машҳур рус олими академик Семёнов-Тяньшанскийнинг эллик йиллик юбилейи зўр тантана қилиб нишонланган, – деди Иззат Султон ўтмишни эслаётгандай хаёлга чўмиб. – Петербург, Москвадан келган аъёнлар ва олимлар, Туркистон ўлкасидаги жамики олий даражали офицерлар, аслзодалару кибор хонимлар йиғилган. Улуғ олимнинг таваллудига бағишланган расмий тантана барча таомилларга кўра поёнига етгач, ниҳоят, юбилярнинг ўзига сўз берилади. Ўша даврда бундай анжуманлар якунида юбиляр ўртага чиқиб, ҳаммага таниш биргина сўзни айтиши Яъни, “Уважаемие дамы и господа! Прошу поднять этот тост за здравия его величества Императора!” – деб қадаҳ бўшатиши лозим бўлар экан.

Тянь-Шанский, ўзига сўз берилгач, ўртага чиқибди ва ҳаммага бир-бир назар ташлаб, “Глубокоуважаемые дамы и господа! Прошу Вас поднять этот тост за здравия… моей жены!” деб қадаҳ бўшатибди. Ранги оқариб кетган косагул олимнинг ёнига келиб, “Вы, кажется, совершили ошибку”, деб шипшитибди. – “А в чём моя ошибка?” – “Вы должны были поднять тост за здравия Его Величества Императора, а вы же просили поднять за здравия вашей жены…». «Действительно, вы правы, – дебди олим бепарво. – Для меня моя жена – и есть императрица, а все остальные – самозванцы!»

Сўнг домла ўша қадаҳни биз билан бирга ишлаётган, ҳам илм, ҳам оила ташвишларини уддалаётган “императрица”лар соғлиғига кўтаришни таклиф қилдики, у кишининг рус тилида равон, фасоҳат билан айтган бу сўзларини ойлаб кула-кула айтиб юришди. Кекса бу олимни бутун институт жамоаси эъзозлар, айниқса, “императрица” ҳазрати олиялари даражасига кўтарилган хонимлар эса домла-домла дея тилларидан бол томарди.

Қаранг, шунгаям қирқ йилдан ошибди!..

Аммо-лекин, киройи аллома, киройи академик эди, аллома, академик деган сўзларнинг эталони қилиб кўрсатса бўладиган олим эди Иззат Султон.

 

*     *     *

 

Саксонинчи йилларнинг боши. Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг гуркираган даври. Директор Матёқуб Қўшжонов ҳар ойда институтнинг кенгайтирилган илмий йиғилишини ўтказишни анъанага айлантирган эди. Бу дегани, ҳар йиғилишда бирон олим муайян мавзуда маъруза қилар, сўнг шу мавзу юзасидан қизғин муҳокама ўтказилар, бу эса биз каби ёшлар учун бир нечта китоб ўқишнинг савобига баравар бўлар эди.

Ана шундай анжуманлардан бирида бир тилшунос олим “Ҳозирги ўзбек тилида кўпликнинг ифодаланиши” деган мавзуда чиқиш қилди. Ўзбек тилида илгари кўплик асосан “иш” қўшимчаси орқали (келишди, бақиришди) ифодаланган бўлса, ҳозир унинг ўрнини “лар” суффикси эгаллай бошлади (келдилар, бақирдилар), дея тезис қўйди ва турли даврларга оид бир талай мисоллар келтириб, фикрини исбот қилди. Маъруза тугагач, Иззат Султон савол ташлади:

– Кўпликни англатишда “иш” шаклини қўллаш озайиб, “лар” кўпайиб бораётган бўлса, хў-ўш, бунга шахсан сиз қандай муносабатдасиз?

  • Муносабат? Менинг муносабатим йўқ, домла.
  • Нега муносабатингиз йўқ?

– Чунки матбуот тилида шу ҳодисани кузатдим, шуни ёздим, бори шу…

Иззат Султоннинг аччиғи келди:

– Она тилимизда шунақа ўзгаришлар юз бераётган бўлса, нега сизнинг унга муносабатингиз йўқ? Сиздақа тилшуносларки тилда юз бераётган ўзгаришларга лоқайд бўлса, унда кимдан ўпкалашимиз керак ўзи?

Тилшунос олим ҳам бўш келмади:

– Бизнинг ишимиз – тилда юз бераётган ҳодисаларни кузатиш. Сиз каби шоир-ёзувчилар нима деб ёзса, шуни қайд қиламиз. Нега энди мен унга муносабат билдиришим керак? Муносабатим йўқ…

… Бу икки олимнинг чин дунёга кетганига ҳам кўп йиллар бўлди. Аммо ўшандан бери “нега аксар тилшунослар тил тақдирига лоқайд бўлишар экан?” деган бир саволга жавоб тополмайман. Ўзбек тилининг давлат тили мақомини ўрнига қўйиш билан кўпчилигининг иши ҳам йўқ. Бир-икки куйинчак тилчини ҳисобга қўшмасак, юзлаб фан номзодлари, ўнлаб фан докторлари бор, “тилнинг фалон сатҳидаги фалон ҳолатда фалон хусусиятнинг айрим қирралари” сингари ўта “ичкари”даги масалаларни тадқиқ этишдан бош кўтаришмайди, бошқаси билан бош оғритиб ўтиришмайди. Ҳолбуки, тил улар учун кузатув объекти, тирикчилик манбаигина эмас, умр мазмуни ҳам бўлиши керак эмасми…

 

*     *     *

 

Домланинг қадрдон ўртоғи, йигирманчи йиллар бошида у киши билан бир мактабда таҳсил олган Жуманиёз Шарипов узоқ йиллар кузатиб, Иззат Султонга хос бўлган бир феълни кашф этган эди:

– Иззат Отахонович Ўзбекистоннинг ўнга яқин раҳбарини кўрди. Ҳаммаси билан аввалбошида жуда яхши муомала ўрнатади, улар Иззат акани ўзларига пир тутади, аммо бир-икки йилдан сўнг сира келиша олмай қолади. Оқибат, бадарға бўлади. Янги раҳбар келади, яна шу ҳодиса такрорланади.

Ж.Шарипов домла Усмон Юсуповдан бошлаб то Ислом Каримовгача ўтган барча раҳбарлар ва уларнинг Иззат Султонга муносабатларини бармоқларини бирма-бир букиб, санаб беради…

Мен ўзим гувоҳ бўлганим – домланинг “Баҳовуддин Нақшбанд абадияти” деган рисоласи Ислом Каримовга мойдай ёқиб, ўзи ва аҳлияларига совға юбориб, эъзозлаб турган, матбуот органлари Иззат Султон билан кун-кунора суҳбат ўтказиб турган ажойиб кунларнинг бирида домла телевидение мухбирининг истиқбол ҳақидаги саволига дангалига “Келажак ёшларники”, деб юборса бўладими? Элликдан ошган ва яна эллик йилча юрт сўрашни кўзлаб турган “катта” шу билан Иззат Султондан қўлини ювиб, қўлтиғига урди, олим яна аввалги, “саройдан нари” одам мавқеига тушди.

Афтидан, Иззат Султоннинг ўткир ва фавқулодда ақли илм-фанга, бадиий адабиёт соҳасига йўналиб қолганди, сарой машмашалари унга ёт нарса эди. Ахир бунақа гаплар телевидение орқали эмас, одатда тор доирада, кишибилмас қилиб қулоққа шипшитилади. Бундай кишилар сирдош саналади. Аммо мен Иззат Султоннинг бирон киши билан сирлашиб турганини кўрмаганман. Қўполроқ айтганда, гарчи яхши лирик шеърлар ҳам ёзган бўлса-да (“Алишер Навоий” драмасини эсланг), феъли сентименталликдан йироқ эди.

 

*     *     *

 

1981 йилнинг бошлари. Иброҳим Мўминов кўчасидаги 9-уйга – Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги тил  ва адабиёт институтининг янги биносига кўчиб ўтганимизга бирон йил бўлган. Шу орада бир машмаша чиқиб қолди. Нима дейсизки, Жуманиёз Шарипов домла тушмагур, бир қизга уйланиб олганмиш. Бошланди миш-миш! Бу гапларда жон бор экан шекилли, бир куни хонада ёлғиз қолганимизда Жуманиёз домла ёрилди: “Нима қилай, ука, бир умр касал хотинни парваришлаб ўтяпман. Ҳар куни аптекага чопаман дори олишга. Мен ҳам одамман, ахир!..”

Аслида, бунинг тагида яна бир масала ҳам бор эканини орадан неча кунлар ўтиб, фаҳмлагандек бўлдим. Домланинг Анвар исмли бир ўғли (файласуф олим) ва Раъно деган бир қизи (педагог олима) бор бўлиб, Анвар ака ҳам бир ўғил кўрган эди. Икки йил аввал домланинг ўша ягона ўғил невараси бироз касал бўлиб вафот этганди. Кўнгил сўраб борганимизда неварасидан жудо бўлган домла, “Шариповлар авлоди қуриди энди, Анвар ёлғиз ўғлим эди, унинг ўғли ҳам ёлғиз эди, бу фамилиянинг, бу сулоланинг давомчиси қолмади”, деб йиғлаган эди. Хотини Раъно опанинг вафотидан сўнг Анвар ака уйланмасликка қарор қилган, демак Хивалик Шариф бобо исмини давом эттираётган ота авлод қолмаётганлиги чин эди. Ана шу шажара давомийлигини домланинг ўзи, етмиш яшар чоғида, давом эттиришга бел боғлаган кўринади.

Аммо шўро тузум даври, бунинг устига ишхонамизга ёмон ният билан тикилиб турувчи кучлар кўп, шунинг учун институтда очиқ партия йиғилиши ўтказиладиган бўлди. Партия мажлисига сиёсий тус бериш учун биринчи масала КПССнинг аллақайси пленуми материалларини тарғиб қилиш, иккинчиси – Тошкент шаҳар партия қўмитасининг қайсидир қарорини бажариш юзасидан, деб кўрсатилган бўлса-да, “Турли масалалар” деб белгиланган учинчи қисм – бу йиғилишнинг мағзи бўлиб, унда “коммунист Жуманиёз Шариповнинг қилмиши” муҳокама этилиши ҳаммага аён эди. Очиқ партия йиғилишининг бир хусусияти – унда партияга аъзоми-йўқми, шу ташкилотнинг барча ходимлари иштирок эта оларди. Одам деганингиз ҳам тўлиб-тошиб кетди.

Ташкилот котиби Малоҳат опа Абдураҳмонова бояги иккала масала юзасидан “дежурний” гапларни айтиб бўлгач, “бу масалалар юзасидан ким чиқиб гапиради?” деб анжуман аҳлига юзланди. Чунки ҳеч ким ҳеч қандай муносабат билдирмаса ҳам бўлмасди. Иззат Султон: “Майлими, мен гапирсам?” деб сўз сўради. Керак-ку, шундай паллада кимнингдир мададга етиб келиши. Домла чиқиб, ҳар икки масаланинг муҳимлиги дегандай, одатдаги гапларни айтди. Ҳамма енгил тин олди.

Домла минбарни тарк этиб, жойига қараб юра бошлади.  Ҳамма ана энди учинчи масалага ўтилади – кутилаётган драма томошаси бошланади, дея жонланиб, креслоларга қулайроқ ўрнашиб, айрим аёллар бир-бири билан имлашиб бошлаган эди ҳамки, Иззат Султон ортга қайтди, яна минбар ёнига келиб, “Ҳа, айтмоқчи, – дея нимадир тўсатдан ёдига тушгандай бир ишора қилди-да, сўзида давом этди. – Мен кейинги масалада ҳам яна сўзга чиқиб ўтирмай, фикримни айтиб қўяқолай, дейман. Шу кунларда коридорларда шивир-шивир гап юрибди Жуманиёз Шарипович ҳақида. Сизларнинг фикрингиз қанақа эканини билмадим, аммо агар бу гаплар рост бўлса, биз ҳам Жуманиёзга ҳавас қиламиз…”

Тамом! Кўзи қонга тўлиб, “айбдор” қандай жазо олишини кутиб турганларнинг бари серрайди-қолди. Ким юрак ютиб, кимсан Иззат Султонга қарши гап айта олар эди, дейсиз?  Учинчи масала очилмай турибоқ, ёпилди.

У ёғини сўрасангиз, партия деганлари одамларнинг ётоқхоналарини ҳам тит-пит қилишни ўзига касб қилганидан бошлаб паторатга юз тутган экан-да. Бу бир илмий даргоҳ бўлса… Оилавий можароларни ҳал қилиш учун маҳалла, боринг ана, суд деганлар бор ахир.

Ана шунақа дипломат ҳам эди-да, домла!

Ва Иззат Султон ҳақ ҳам бўлиб чиқди. Жуманиёз ака бу янги оиласидан икки ўғил кўрди, ўстириб-улғайтирди. Улар вояга етгач, уйлантирди, биридан икки, яна биридан бир невара кўриб, тўқсон еттига етгач, саксон беш йиллик дўсти Иззат Султон ортидан дорилбақога йўл олди.

Бу икки олимнинг ўзаро қадрдонлиги қарийб сезилмасди. Чунки Иззат Султоннинг биров билан сирлашадиган, унга дардини айтадиган, бировнинг оилавий муаммоларини эшитадиган табиати йўқ эди. Менимча, бунинг боиси ўша машъум ўттизинчи йилларнинг мудҳиш шарпаси (гарчи орадан талай йиллар ўтиб кетган бўлса ҳам) ҳамон одамлар дилига ғулғула солиб турганидан бўлса керак. Ким биландир яқин дўст тутинган одам унга дилидагини изҳор қилади, аммо бу авлод вакилларининг чекига бутун дардини, изтиробларини ичга ютишга маҳкум бўлиш ёзилган экан. Акаси, Чўлпоннинг дўсти Раҳматулло Султонов ҳам қатағон қилинганини унутмайлик (Акасининг исми Раҳматулло эканидан келиб чиқиб айтсак, домланинг асл исми ҳам Иззат эмас, Иззатулло бўлса керак).

Одамлар қўрқинчли, бўғиқ бир вазиятда яшашга, аммо “бахт таронаси”ни куйлаб яшашга маҳкум этилган ўша даврда Иззат Султон ва у кабилар ўзгаларга фақат “ижтимоий одам” бўлиб кўринган бўлса, неажаб? Юрагидаги бирон гапни кимгадир айтиб қўйиб, оқибати нима бўларкин, дея ойлар давомида юрак ҳовучлаб яшагандан кўра, бу, ҳар ҳолда, беҳроқ эди. Шу авлод вакили – Иззат Султоннинг тенгдоши Миртемирнинг умри охирида “Мажнунтол тагига ўтқазинг мени, Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим”, деган фарёди ёдингизда бордир.

Шунинг учун ҳам Иззат Султон ҳатто интерат мактабда бирга ўқиган қурдоши Жуманиёз Шарипов билан ҳам қаймоқлашишдан эҳтиётланар, ҳатто хайрихоҳлигини ҳам яширар эди.

Аммо бир куни, бу энди 2001 йилнинг баҳорида бўлган гап: 91 ёшли Иззат Султон  Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига китоб ўқиш учун келиб қолди. Икки оғиз суҳбатлашдик. Мен юрак ютиб, “Институтимизда ёши улуғ кишилардан икки киши қолдинглар – сиз билан Жуманиёз Шарипов, биз ёшлар сизларга ҳавас қиламиз”, дегандай гап айтдим.

– Жуманиёзни эҳтиёт қилиш керак, жуда аввайлаш керак, – деди Иззат ака. – У урушга борган, қаҳратон қишда, кишининг то белигача келадиган сув тўлган окопларда ётган одам. Эҳтиётини қилишимиз керак…

 

*     *     *

 

Домла сўзлаётган чоғида калавасининг учини сира йўқотиб қўймас эди. Баъзи олимлар бор, бир гап бошласа, “атрофлича” тушунтиришга интилиб, керакли-кераксиз тафсилотларни айтавериб, тингловчиларнинг бошини гаранг қилиб ташлашади. Иззат Султон учун эса гапнинг боши эмас, охири муҳим эди. Бунга у киши адабиётшунослик бўйича илмий кенгашга раҳбарлик қилган чоғларида кўп марталар гувоҳ бўлганмиз. Бирон докторлик ё номзодлик диссертацияси ёқланар экан, сўз сўраб минбарга чиққан айрим домлалар у ёқдан-бу ёқдан гапириб, ҳар бир майда-чуйдасини айтиб дегандай, хуллас, ҳар ёққа “ўтлаб” кета бошлашса, алланималар борасида чайналиб қоладиган бўлса, кенгаш раиси Иззат Султон ўрнидан турар ва йўғон овози билан кескин қилиб,

– Тўхтанг! Шу диссертация юзасидан конкрет нима гапингиз бор, ана шуни айтинг, – дер эди. – Бошқа масалаларни бошқа мажлисда айтарсиз.

Иззат Султон раислик қилган йиллардаги илмий анжуманларда одамлар барча фикрларни конкрет ва лўнда қилиб айтишга кўникишганди. Аравани ҳар ёққа опқочишларига домла сира йўл бермасди. Шунинг шарофати билан ҳар бир иш ҳақида фақат объектив фикр айтиш урф бўлган эди.

 

*     *     *

 

1991 йилнинг 13 декабрь куни. Бунинг аниқ эслаб қолганимга сабаб шуки, ўша куни мен, “туя гўшти еб” ётган, ўн беш йил деганда дунёга келган диссертациямни, ниҳоят, ёқлаётган эдим. Иззат Султон бу кез саксондан ошган, илмий кенгаш раислигини ҳам кимгадир топширган, аммо кенгаш аъзоси сифатида диссертация ёқланадиган ҳар бир илмий анжуманда қатнашарди.

Ҳамкасблар эслашар: Тил ва адабиёт институтининг иккинчи қаватдаги мажлислар зали ўртасида бир неча устун бўлиб, одатда, анжуманга тўпланган одамлар залнинг бир томонида ўтиришар, нариги ёғи ҳамиша бўш бўларди.

Мен минбарга чиқиб, диссертациям тўғрисида маъруза қилдим, сўнг икки расмий оппонент батафсил фикр билдирди. Бунча вақт ичида ҳамма залнинг ғарбий томонида ўтирар, биргина Иззат Султон домла ушбу залнинг шарқ томонидаги энг олд қаторда бир ўзи ўтириб олганича алланималарни ўз-ўзига сўзлар, гўё ким биландир баҳслашиб, бир нималарни уқтираётгандек бўлиб, паст, аммо йўғон овозда қўлини силтаб, гапириб ўтирарди (домланинг шунақа одати бор эди). Мен ўзимга ўзим, “э, домла кўпчилик қатори энди фақат овоз беради, ишимга қизиқмади ҳам”, деб афсусланиб, қараб-қараб қўярдим.

Аммо илмий кенгаш раиси “Норасмий оппонент сифатида фикр билдириш истаги кимда бор?” деб мурожаат қилган эди ҳамки, Иззат Султон ўрнидан туриб минбар сари юрди. Мен, ахир бу киши ҳатто авторефератимни ҳам ўқимаган, йиғинда бўлаётган гапларни эса умуман эшитмай, ўз оламида ўзи билан бўлиб ўтирди-ку, нима деяр экан, деб ажабланиб қолдим. Бироқ буни қаранг: аллома бирон ўн дақиқа ичида ишимни теран таҳлил қилиб, унинг илмий қийматини, ютуқларини шу қадар ишончли қилиб далиллаб бердики, бу чиқишнинг савияси шунча тайёрланган расмий оппонентларнинг маърузаларидан ҳам баланд бўлди. Бир мен эмас, шу анжумандаги бошқа одамлар ҳам бу орада ўзига ўзи гапириб ўтирган домланинг худди каромат сингари айтаётган гапларидан лолу ҳайрон эдилар.

 

*     *     *

 

Бир куни бор журъатимни йиғиштириб, “Домла, мен ҳам Ўшликман, машинам бор, вақт ажратсангиз, Сизни бир Ўшга олиб бориб, томоша қилдириб қайтсам”, дедим. “Э, жуда яхши бўлар эди, – деди устоз бироз ўйлаб. – Аммо менда сурункали шамоллаш касаллиги бор. Сал об-ҳаво ўзгарса, шамоллаб қолишим мумкин. Духтурлар шунинг учун узоққа боришни тақиқлашган. Бўлмаса, қанийди, Ўшимизни кўрсам…”

Шундай бўлди. Домла она шаҳрини қайтиб кўра олмади. Қарилик ўз ишини қилди.

Аслида, домла, жуда унақа, “етти пушти Ўшлик” ҳам эмас эди. Ўзининг айтишича, боболари Туркистон томондан бўлган. Кейин Ўшга кўчиб бориб, бу ерда ўзининг ақли, тадбиркорлиги билан мингбоши даражасига етган ва Ўшнинг катта бир даҳасини бошқарган. Фарзандларини ҳам Ўшдан уйлантирган. Султоновлар хонадони Ўшдаги энг таниқли оилалардан бўлган. Аммо Иззат Султон Ўшда туғилган, ўнбир-ўникки ёшларигача Ўшда ўсган. Сўнг – Тошкент…

Иззат Султон – кўп қиррали шахс эди. Иккинчи Жаҳон урушининг охирларида, энг оғир кунларда у Тошкент киностудиясига раҳбарлик қилиб, халқни фашизмга қарши сафарбар этувчи кўплаб кинофильмларнинг суратга олинишига бош-қош бўлди, орадан икки йил ўтиб ҳукуматда юқори лавозимлардан бирини эгаллади – ЎзССР Министрлар Совети Раисининг маданият ишлари бўйича ўринбосари бўлди. Шунча иши бўлишига қарамай, мумтоз адабиёт масалаларини ўрганишдан узилмайди – 1948 йилда шеършуносликнинг энг мураккаб соҳаси – шеър тузилиши соҳасида Алишер Навоийнинг “Мезонул авзон” асари юзасидан номзодлик ишини ёқлади. Сўнг саккиз йил давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси котиби бўлиб хизмат қилди, сўнгроқ Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт интитутини бошқарди, фан доктори илмий даражасини хатм қилди. 1995 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси бўлди. Унинг бир талай саҳна асарлари нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё театрларида неча ўн йиллар давомида саҳнадан тушмасдан қўйилди, айниқса, “Имон” драмаси адибга зўр шуҳрат келтирди. Ўша қаттол атеизм замонида асарга “Имон” деб ном қўйилишининг ўзидаёқ тузумга нисбатан ҳам қандайдир драматик бир муносабат, тўғрироғи, исён бор эди.

 

Иззат Султон ноёб ақл ва идрок соҳиби эди. Ёши саксонлардан ошган чоғида ҳам, ўзи ўттизинчи ё қирқинчи йилларда ўқиган китоблардан бир неча абзац илмий фикрларни ёдаки иқтибос келтириб, фикрини далиллар билан исбот қилар ва нафақат тингловчилар, балки мунозара қилаётган ҳамкасбларини ҳам лол қолдирар эди. Илмга интилиш, тинимсиз ўқиб-ўрганиш бу зотни бир умр тарк этмади. Ёши саксондан ошгунича адабиёт бўйича фан доктори ва номзоди илмий даражасини берувчи кенгашга раҳбарлиқ қилди, шу ёшида катта журъат билан “Баҳоуддин Нақшбанд абадияти” рисоласини яратди. Олим бу асарда Баҳоуддин Нақшбанд, унинг қарашлари, Нақшбандия оқими хусусидаги энг муҳим жиҳатларни аниқлаш ва тақдим этишдан ташқари, тасаввуф даҳолари бўлган Аҳмад Яссавий ва Баҳоуддин Нақшбанд қарашлари орасидаги муштарак ҳамда фарқли жиҳатларни ҳам зукколик билан кўрсатиб берган.

Иззат Султон билимдонлиги, нотиқлигига кўра беназир сиймолардан эди. Ҳар бир сўзини теран мушоҳада, ўткир мантиқ билан айтиши суҳбатдошларини ҳамиша лол қолдирар, Иззат Отахонович билан гаплашгач, ҳар ким ўзини бир бахя ўсиб юксалгандай ҳис қиларди.

Ўш зиёлилари орасида элга машҳур сулолалар анчагина бўлган. Султон мингбоши ва унинг амакиси Қудрат мингбошиларнинг авлодлари ана шундай таниқли хонадонлардан. Ҳар икки мингбоши Ўшнинг шарқий томонида ҳукумат юритган. Юқорида Султон мингбошининг ўғли Отахоннинг фарзанди Иззат Султон ҳақида сўз юритдик. Бу оиладан яна Ўзбекистон Министрлар Совети раиси ўринбосари, Ташқи ишлар министри Ғани Султонович Султонов, Ички ишлар министрининг биринчи ўринбосари, милиция генерал-майори Мухтор Насруллаевич Султонов, Қирғизистон милициясининг асосчиси, Ўш ва бошқа шаҳарларда дастлабки болалар мактаб-интернатлари, ўнлаб янги мактабларни очган маърифатпарвар Болтахўжа Султонович Султонов, Тошкент вилоятида бир қанча масъул лавозимларда ишлаган, ҳозирги Бобур номидаги Ўш Давлат академик ўзбек мусиқали драма театрининг янги биноси қурилиши учун Шароф Рашидовга мурожаат қилиб, маблағ ажратилишига эришган Азизулло Султонович Иззатуллаев (у она томонидан мазкур театр асосчиларидан Раҳмонберди Мадазимовнинг невараси эди) ва бошқа кўплаб Султоновлар Ўшда ҳам, ундан ташқарида ҳам маълуму машҳурки, булардан ҳар бирининг ҳаёт йўлию амалга оширган ишлари алоҳида китоб мавзуи бўлиб, ёш авлод учун улкан ибрат мактаби ҳамдир (кези келганда айтиб ўтайлик, мана шу Султоновларнинг ҳозирги баъзи вакилари ўзларини Иззат Султонга алоқаси йўқ, деб ҳисоблашар экан. Бунинг боисини била олмадик, аммо киши ўзини шундай шарафдан маҳрум қилишини тушуниш қийин).

Лекин, билсангиз, ҳар кимга ўзи туғилиб-ўсган муҳит албатта таъсир қилади. Куни кеча Тошкентга келган қай бир одам икки-уч ой ўтмаёқ “мен” ўрнига “ман” деб гапиришга ўтиб олганини кўп кўрганмиз. Лекин Иззат Султон бир умр “мен” деб сўзлар эди. Бўлмаса, у кишининг саксон йилдан ортиқ умри Тошкентда ўтди. “Ман” эмас, “мен” деб айтгани учун нони яримта бўлгани ҳам йўқ.

Бирон гапни айтиб бўлгач, суҳбатдоши жавобга ҳозирланиб, мушоҳада қилаётган аснода Иззат Султон қандайдир ним кулимсираб, ним заҳарханда қилгандай бир қиёфада ҳеч кимнинг юзига қарамай кутиб ўтирганини кўп бор кузатганман. Бу қиёфа, бу ним кулимсираб жавоб кутиш Ўшлик отахонларга нақадар хос!

 

*     *     *

 

1999 йил эди шекилли, Пушкиннинг 200 йиллиги нишонланди. Бу санага атаб мен ҳам “Пушкин ва Чўлпон” деган бир мақола ёздим. Тил ва адабиёт институтида ўтган илмий конференцияда шу мавзуда маъруза ўқидим. Очиғи, бир қолипдаги, зерикарли маърузалар кўп бўлди, шунинг учун мен Чўлпоннинг “Гўзал” деган шеъри айнан Пушкиндан илҳомланиб ёзилганини, ўша даврда Чўлпон ҳам, бошқалар ҳам аввало рус адабиётини хатм қилганлиги ва бунда биринчи навбатда Пушкиндан кўп нарса ўрганганлигини, Чўлпоннинг “Гўзал” шеъри рус шоирининг “Ўлик бекач ва етти баҳодир ҳақида” эртагидаги бир мотивга уйқаш эканини, адабиёт ана шу тариқа бир-биридан таъсирланиб, бир-биридан мавзу, сюжет кабиларни ўзлаштириб бойиб боришини далиллаб айтганимда анжуман аҳли жонланди, ҳамма диққат билан қулоқ сола бошлади.

Шу нарса мени ҳовлиқтирдими, билмадим, бу мавзуни тугатиб бўлгач, бундай мисоллар адабиёт тарихида кўп учрашини, чунончи, А. Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи сюжети ҳам Пушкиннинг “Капитан қизи” қиссаси сюжети билан бир хил эканини айтиб, яна фикримни далиллашга тушдим. “Ўткан кунлар”нинг мутлақо оригинал асар эканига маълум даражада шубҳа уйғотиши мумкин бўлган бу гаплардан сўнг ўша ондаёқ Иззат Султон сўзга чиқиб, мени кескин рад қилди. Танқидий гапларни аямайгина айтди. Иззат Султондай одамнинг эътиборига тушиб, у кишини ҳаяжонлантирганим мен учун катта гап эди. Бироқ бу икки асар сюжетидаги уйқашликлар ниҳоятда яқин эканини рад этишга қўшилиб бўлмас эди. Мажлисни бошқариб бораётган академик Бахтиёр Назаровга сўз сўраб имо қилсам-да, адабиётшунослигимиз отахонига қарши кескин гап оғиздан чиқмаслигини маъқул кўрди шекилли, раис бошқа нотиқларга навбат берди.

Иззат Султон Абдулла Қодирийни шунчалар эъзозлар эдики, унинг ижоди ҳақидаги оид қилча танқидий гапни ҳам ҳазм қилолмас, бундай кишиларга “отпор” беришга доим шай эди.

Бунинг далили шуки, 1956 йил февраль ойида бўлиб ўтган КПСС ХХ съездида шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари кескин танқид қилингач, ўша йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон зиёлиларининг I съезди чақирилади ва унда ЎзКП МКнинг биринчи котиби Нуриддин Муҳиддинов “КПСС ХХ съездининг тарихий қарорлари ва Ўзбекистон интеллигенциясининг вазифалари” мавзуида доклад қилади. Ана шу маърузада илк бор қатағон қурбонлари ёдга олиниб, жумладан Абдулла Қодирийнинг эл суйган асарларини яна нашр этиш зарурлиги таъкидланган эди.

Мана шу вазифани бажариш Иззат Султон бошчилигидаги олимлар зиммасига юклатилади. Бу гуруҳ Ленинградга бориб, Салтиков-Шчедрин номидаги кутубхона фондида сақланиб қолган “Ўткан кунлар” романини қўлда кўчириб чиқиб, Тошкентга олиб келадилар ва асар чоп қилинади. Орадан кўп йиллар ўтгач, домла драматург эмасми, “Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари” деган пьеса ёзди, у Миллий театрда бирмунча вақт қўйилди ҳам. Сабабини билмадим, Қодирийнинг айрим авлодлари унга қарши чиқишибди, деб эшитдим. Мана шу ҳолнинг ўзини ҳам Иззат Султон билан адибнинг авлодлари орасидаги бир драма деса бўлади.

Аммо Абдулла Қодирий номини оқлаш ва асарларини яна оммалаштиришда Иззат Султоннинг хизматлари беқиёс экани – факт.

 

*     *     *

 

2001 йил. Мен Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат кутубхонасида раҳбарман. Кутубхонанинг асосий биноси Мустақиллик майдонида, ҳозирги Сенат ўрнида эди. Бу ерга шахсий автомашиналар киритилмас, китобхонлар анча-мунча йўл босиб пиёда қатнар эди. Шунинг учун ҳам бир куни Иззат Султон домлани ишхонамизда кўриб, ҳайрон бўлиб қолдим. Тўқсон бир ёшли аллома ҳам аллақанча йўл юриб келган экан.

– Менга Польша адабиётидан фалон ёзувчининг бу асари, сўнг поляк олими фалончининг мана бу китоби керак, шунга келувдим, – деди домла.

– Хўп, аммо биз бошқа бинога кўчяпмиз, домла, – дедим. – Китоблар тахлаб, боғлаб қўйилган. Шунинг учун мен сиз учун уларни “Турон” кутубхонасидан олиб, уйингизга етказаман.

Шунга келишиб, домлани уйига кузатдик.

Орадан бирон ой ўтгач, Иззат Султон домла бу икки китобни ўқиб бўлганини айтиб телефон қилди. Борсам, уйда йўқ экан, китобларни олиб, “Турон”га қайтариб топширдим. Кейин эса, ўша айтилган иш – 6,5 миллион китоб, шунга яраша тоғ-тоғ газета, журналлар, илмий реферат ва ҳоказоларни ташиш, янги манзилга жойлаш билан андармон бўлиб кетдик. 400 кишилик жамоани  бошқариш, китоб ташишга юборилган икки рота аскар, тўрт институт, олти техникум талабаларини ишга солиш, шунча одамнинг тушлигини уюштириш ва ҳоказолар ичига кўмилиб турган кунларимиз эди.

Бир куни қўққисдан аллома Иззат Султоннинг вафот этганини айтишди. Кутубхона ходимлари ичида “Вой, домла!” демаган одам қолмади. Устозни ҳамма кутубхоначиларимиз яқиндан танир,  яхши биларкан. Чунки у киши бир умр Навоий кутубхонасининг ўқувчиси бўлган экан-да. Китобхонлар картотекасидаги маълумотни деворий газетамизда эълон қилган эдик, уни ўқиб, ҳамманинг кўзига ёш келди: бир умр илм излаган домла бу даргоҳнинг энг кекса ўқувчиси экан, аъзолик билетини 1924 йилда – ўн тўрт ёшида олган экан. Менимча, бу нафақат Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фаолиятида, балки жаҳон китобхонлик тарихида ҳам ўта ноёб, деярли учрамаган ҳол бўлса керак – бир кутубхонанинг 77 йиллик ўқувчиси!

 

*     *     *

 

Домла қачон бирон фикр айтиш учун минбарга чиқса, мулоҳазасини тарихдан бирон ёрқин мисол келтириб далиллаб айтар, шунинг учун гапи ҳамманинг эсида қолар эди.

Саксонинчи йилларнинг ўрталари эди шекилли, Бахтиёр Назаров Тил ва адабиёт институтига директорликка сайланадиган бўлди (ўша замонда “сайлаш” кампанияси авж олган эди). Янги директорга овоз бериш олдидан жамоа аъзоларининг унга қўядиган талаб – “наказ”лари, тилак ва истаклари ҳам айтиларди. Иззат Султон сўз айтгани минбарга чиқди.

– Янги директоримизнинг ҳамма хислатлари менга маъқул, – деди ўтирганларга бир кўз ташлаб. – Чунки ёш, ғайратли, ишнинг кўзини билади, одамлар билан муомласи ҳам жойида. Аммо бир камчилиги ҳам йўқ эмас: ўзганинг гапини тинглашга тоқатсиз. Ҳолбуки, раҳбар учун бу ниҳоятда муҳим фазилат. Олдингизга кирган ҳаммаям фикрини осонгина тушунтира олмайди. Уни тинглаб кўриш керак, нима демоқчилигини англашга ҳаракат қилинг. Балки жуда яхши бир таклифни ўртага ташламоқчи бўлаётгандир.

Мана, бунга бир мисол. Иккинчи Жаҳон уруши даврида Олий бош қўмондон ҳузурида фронтлардаги аҳвол муҳокама қилинган чоғда, кўпинча Сталин барча ҳарбий бошлиқларни бир ёққа қараб ўтиришларини сўраб, ўзи уларнинг орқа томонига ўтар экан-да, бир-бир қадам ташлаб юрганича, “Хўш, Малиновский, бу тўғрида сизнинг фикрингиз қанақа?”, “Ўртоқ Жуков, сиз нима дейсиз?” каби саволлар билан барча мулоҳазаларни тинглар экан. Ҳамма гапни эшитиб бўлгач, изоҳ бериб ўтирмай, “Ёзинг: буйруқ…” деб хулосалар экан. Орқага ўтиб юришининг сабаби эса, кимдир менга ёқмаган гап айтса-ю, рангим ўзгарса, ё юзим буришса, бошқалар шундан улги олиб, ўша фикрни йўққа чиқаришлари мумкин. Ҳолбуки, ўша менга ёқмаган гап – энг тўғри таклиф бўлиб чиқиши ҳам мумкин, дер экан… Мен бугун сайлаётган ёш директоримизга ана шундай мулоҳазакорлик билан иш тутишни тавсия қиламан, – деб сўзини тугатди Иззат Султон.

Бу гапларни эшитганимга ҳам қирқ йилдан ошди… Аммо ёддан чиқмайдиган қилиб айтилган экан, бот-бот эслаб тураман, кимдир бирон гапни шоша-пиша гапириб юборса, домланинг шу сўзларини айтиб, оғир-босиқлик билан иш тутишга йўллагим келади.

 

*     *     *

 

Ёши катта, бообрў одамларнинг кўплари сипо бўлиб қолади, ҳамма билан эллашиб кетавермайди. Онда-сонда, гоҳ-гоҳ, аҳён-аҳёнда дегандай, не бир кўнглига яқин гап айтилса, ёки ўзига айрича таъсир қиладиган ҳолга дуч келсагина, беихтиёр равишда дил ёради, дил тубига яширган гапларини ошкор қилади. Мен шунча йил бирга ишлаб, ҳозир эсласам, Иззат Султон домланинг ҳаяжонга тушганини икки бор кўрганман. Булардан бири 1986 йилда, куз фаслида рўй берган эди. Институтимизда Абдурауф Фитрат таваллудининг 100 йиллиги нишонланди. Кўп олимлар Фитрат ижодининг ҳар хил қирралари бўйича маъруза қилишди. Асосий нотиқ бўлган Иззат Султон эса, нафақат Фитратни кўрган, балки бошлаган диссертация ишига у кишини илмий раҳбар қилиб олган, яъни Фитрат Иззат Султоннинг устози бўлган экан.

Домланинг айтишича, 1937 йил бошида профессор Фитратга Туркиядан бизга келиб ишласангиз, деган даъватнома келибди. Нима қилсам тўғри бўларкин, деган мулоҳаза билан шогирди Иззат Султондан хуфиёна маслаҳат сўрабди.

– Мен у кишига, кетманг домла, шу ерда ишланг, деганман ўшанда, – деди кекса олим. – устозим ҳам шу гапга кўниб, Туркияга кетмади, аммо орадан бир неча ойлар ўтиб, қатағон қилинди. Элликдан энди ошган, илмда роса камолга етган, жуда кўп режалар тузиб ишлаётган кези эди. Борди-ю, Туркияга кетганида, не-не улуғ илмий кашфиётларига гувоҳ бўлармидик. Мана, қирқ йилдирки, ўшанда “ватанпарварларча” берган маслаҳатим учун ўзимни кечира олмайман”, дея минбарда турганича, пиқиллаб йиғлаб юборди…

 

*     *     *

 

Домланинг иккинчи бор таъсирланиши ҳам айнан устози Фитрат сабабли бўлганига гувоҳман. Бухоролик тадқиқотчи укамиз Илҳом Ғаниев Фитрат ижоди бўйича докторлик диссертацияси ёзиб, 199 йилда уни ёқлади. Албатта, Иззат Султон Фитрат ижодига оид илмий ишларни қўллаб-қувватлар эди. Ёқлаш муносабати билан йиғилган илмий кенгаш анжумани тугаб, ҳаммамиз институт биносининг биринчи қаватидаги ошхонага “бир пиёла чой”га тушдик. Янглишмасам, Илҳомбой кимдир биров ғаламислик қилиб, “банкет ўтказди” деб ёзмаслигини ўйлаган бўлса керак, янгича удум билан ўғилчасининг “таваллуд куни”ни, эскича айтганда эса суннат тўйини ҳам шу “чой”га пайваст қилган экан, домла бухороча либослар кийдирилган болани суйиб, ёнига чақирди, тиззасига ўтқизиб, бир нималар деб эркалатди. Сўнг, яна гаплашгиси келиб, гўдакнинг отасидан унинг исмини сўради. “Фитрат, – деди Илҳомбой. – Фитрат деб қўйганмиз, домла”.

Устознинг кўзларига дувиллаб ёш келди.

 

*     *     *

 

Принципларни маҳам тутадиган олим сифатида Иззат Султон ҳамиша  фикрини очиқ-равшан ва кескин айтар, лозим бўлса, босиқлик билан тушунтирар, аммо нариги одам тушунмаса, ёки янаям чатоғи – тушунишни истамай, ўз айтгани ўтказмоқчи бўлаверса, чапақай жаҳли чиқиб кетар эди.

Илм деганингиз ҳам бамисоли ҳаётнинг ўзи. Тинч ва сокин кунлари, момақалдироқ ва бўронли паллалари бўлади. Ҳозир аниқ ёдимда йўқ, Матёқуб Қўшжонов ва Ҳафиз Абдусаматов домлалар ўзаро мунозара қилиб қолишди. Матёқуб ака рақибига қарши мақола ёзиб чиққан бўлса, Ҳафиз ака бунинг жавобида бир китобча ёзиб нашр эттирган экан. Институт очиқ илмий мажлислардан бирида шу масала кўтарилди. Ҳар иккови бирма-бир сўзга чиқиб, даҳанаки тарзда ҳам ўзаро аямай “савалашишди”. Кимдир ўртага тушиши лозим бўлиб, ҳамма Иззат Султоннинг оғзига тикилди.

– Мен ким ҳақ, ким ноҳақ эканини айтиш учун сўзга чиққаним йўқ, – деди домла. – Гап бошқа ёқда: ўзаро илмий баҳслар, одатда мақола шаклида бўлар эди. Битта масала юзасидан тортишувни китоб қилиб чиқариш ғалати бўлибди. Чунки тортишувли мақола, одатда, вақтли матбуотда – газета ё журналда чоп этилади ва ўз вақтида ўқилиб, кейинроқ унутилади ҳам. Китоб – бошқа нарса, унда ўн йиллаб, юз йиллаб ўқиладиган, илмий янгилиги бўлган нарса чоп этилиши лозим…

– Кечирасиз, Иззат Отахонович, – деди қизишиб Ҳафиз ака, – сиз шу тарзда мени айблаяпсиз, мени ноҳақ деб айтмоқчи бўлаётганга ўхшайсиз?

– Нимага тушунмайсиз? – дея домла асабийлашди. – У баҳс – ўз ички ишингиз, аммо бир кичкина баҳс юзасида эътирозларингизни китоб қилиб чиқарганингизга тушунмаяпман, китоб дегани бунақа жанрни жориялайдиган нарса эмас-ку, шуни айтяпман!

Бу гапларнинг тагида янаям кўпроқ гаплар бор эди. Қўшжонов билан Абдусаматов домлалар – адабиёт сиёсатининг икки қутбида турган олимлар бўлиб, бирининг маънавий раҳнамоси Абдулла Қаҳҳор бўлса, иккинчиси доим республика раҳбарига орқа қилиб, сўз санъатини сиёсат орқали бошқариш тарафдори бўлиб келаётганлар эди, ҳар бирининг ортида неча ўнлаб шериклар, тарафдорлару хайрихоҳлар бор эди. Ана шундай бир муҳитда бу икки “курашаётган тўлқин”нинг униси ё бунисига қўшилмай туриш учун ҳам Иззат Султон каби катта матонат эгаси бўлиш лозим, бироқ энг қийини ҳам шу эди. Чунки ҳар икки тараф бундай кучли ва баобрў, аммо ҳечкимга қўшилмай келаётган шахсларни ўз сафига қўшиб олишни, янада кучайиб, бу майдонда гегемон бўлишни истарди, унинг ўз фикрига қўшилиши учун жон-жаҳди билан ҳаракат қиларди.

 

*     *     *

 

Ҳа, албатта, нима бўлганда ҳам, домла ўз даврининг одами эди. Бу каби улуғ сиймоларнинг фақат ибратли ишлари эмас, ҳатто турмушдаги хатолари ҳам бизга яхшигина сабоқ бўлади, чунки бу хатолар ҳам “майда-чуйда” эмас, йирик, кўламли янглишувлар бўлиб чиқади. Иззат Султон, ўта билимли ва ўткир шахс бўлгани билан, фаришта эмас, одам эди, гоҳо ҳатто нуқсонларининг борлиги учун ҳам биз улуғ кишиларни инсон сифатида тасаввур қилишимиз осонроқ кечади.

Гап шундаки, 1946 йил август ойида ВКП(б) Марказий Комитетининг “Звезда” ва “Ленинград” журналлари тўғрисида қарори чиқди. Унда рус адабиётининг икки забардаст вакили – машҳур шоира Анна Ахматова билан ҳажвчи Михаил Зошченко ижоди ғоясизликда, тутуруқсизликда айбланади. Ана шундан сўнг “ғоясизлик” машъум айблардан саналадиган бўлиб қолди, кимники айбдор қилиш керак бўлса, асарига “ғоясиз” деган тамға босилар эди. Адабиёт ва санъатда хаёл, фантазияга йўл берилмай, ҳар бир “адабий факт” конкрет адресли бўлиши талаб қилинарди, бу талабга тўғри келмаган асар тутуруқсиз, “космополитик” деб қораланарди.

1947 йилда Виктор Жирмунский ва Ҳоди Зарифнинг “Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси” деган 520 бетлик монографияси Москвада чоп этилади. Аммо келаси йил бошида “Шарқ юлдузи” журналида Иззат Султоннинг бу асарга қарши руҳда ёзилган “Адабиётшуносликда космополитизмга қарши” деган мақоласи босилиб чиқади. Бу пайтда Жирмунский Ленинградга қайтгани учун қора булутлар Ҳоди Зарифнинг боши узра айлана бошлайди. Бироқ бу ҳолдан хабар топган Жирмунский, “ўша асарнинг космополитик жойларини (аслида, қиёсий фольклоршунослик) жойларини мен ёзганман”, деб қаламдошини асраб қолган экан…

 

*     *     *

 

Ҳаёт биз зайлда кечаверса, ундан зерикарлиси йўқ. Албатта, ҳар кимнинг турмушида озми-кўпми, пасту баландликлар, ўнқир-чўнқирлар учраб туради. Аммо оддий обивателларнинг ўзигагина сезиладиган турмуш ўзгаришларини бошқалар ҳатто пайқамайди ҳам. Иззат Султоннинг ҳаётида эса шундай воқеалар борки, ҳар бири – бир китобга мавзу бўлгулик.

Пиримқул Қодировнинг ўз вақтида хийла довруқ қозонган «Юлдузли тунлар» («Бобур», 1979) романи теварагида бўлиб ўтган гап-сўзлар Иззат Султонга бевосита тааллуқли эди. Домла бу романни ёқтирмади ва фикрини очиқ-ойдин равишда эълон қилди.

Ноқулай томони шуки, Иззат Султон билан Пиримқул Қодиров бир илмий даргоҳда бирга ишлашар, Иззат Отахонович бўлим мудири, филология фанлари номзоди Пиримқул ака эса ўша бўлимда катта илмий ходим эди. Буёғи, ўзбекчилик, деярли ҳар куни кўз кўзга тушиши бор. Ўрислар у – анжуманда бир-бирини аямай танқид қилиб, аччиқ-тизиқ гапларини хўп ёғдиргандан сўнг бирон кафега кириб,  “яримта”ни ўртада баҳам кўришиб, яна апоқ-чапоқ бўлиб кетаверадиган. Бу ер эса Шарқ. Шарқ – нозик масала, деганларидай, икковининг ўзаро муносабатлари жуда таранглашиб кетди.

Энди у йилларда Абдулла Қодирий юзага чиққан, аммо Чўлпон ҳақида гап кетганда эса “ўзи оқланган, аммо ижоди оқланмаган”, деган каби аллаким томонидан ўйлаб топилган ғалати бир формулировка ёзилмаган қонун ҳукмида эди. Бобур ҳам “ижодкор сифатида мақбул, аммо шоҳ бўлган”, деб қораланар эди. Ёдингизда бўлса, Абдулла Орипов ҳам шунга куйиниб, “Айтинг, не топдингиз Сиз кезиб дунё, Ҳануз боқишарлар шўришга тўлиб. Шоирсиз, яхшиси, қолингиз, Мирзо, Мушфиқ юртингизда бир шоир бўлиб”, деган мисраларни битган эди. Бу шеър дунёга келишидан тўрт йил аввал ёруққа чиққан «Юлдузли тунлар» романи аввало “подшоҳни улуғлаган асар” эканлиги сабабли маломат тошларига нишон бўлди. Романни кескин танқид қилган Иззат Султон ҳам асосан шуни урғулади.

Аслида – орадан қирқ тўрт йил ўтгач, бугун тўғрисини айтсак бўлар – бу романдан айб қидириладиган бўлса, унинг бадиий жиҳатдан мукаммл эмаслиги, ёзувчи “Бобурнома”га эргашиб, ундаги воқеаларнинг аксарини, баъзи тўқима образларни қўшган ҳолда, бугунги тил билан такрор баён этиш йўлидан борганини айтса бўлади. Аммо “Мен ҳам яшаяпман ўз замонамда, Давримдан қайга ҳам тушардим йироқ” (Абдулла Орипов) деганларидай, Иззат Султон шу масалада барибир вульгар социологияга берилиб қолгани бор гап.

Эшитишимча, Ёзувчилар уюшмасида бўлган бир мажлисда домла шу тўғрида гапирмоқчи бўлган экан, айрим шаллақи нигилистлар бақир-чақир қилиб, сўз айтишга имкон беришмабди. Улар учун Бобур ҳақидаги ҳар қандай асар – “шоҳона”, уни ҳимоя қилиш эса “ватанпарварлик” бўлиб туйилган бўлса керак. Иззат Султон ниҳоятда асабийлашиб, “Ҳали менинг союзим менга сўз айтишга йўл бермайдими?” деб афсусланганича минбарни тарк этибди.

Кези келганда айтиб қўяй, Пиримқул аканинг бу романига тош отмоқ ниятим йўқ. Хотирамда қолгани – ёзувчи бир куни бизнинг “Таржима назарияси” бўлимимизга – профессор Жуманиёз Шарипов домла билан икки оғиз суҳбатлашиш учун кириб қолди. Орада гап “Юлдузли тунлар”га ҳам қараб бурилди.

– Романим битганидан кейин ҳам дарров чоп этмай, мени қийнашди, орадан икки-уч йил вақт ўтди, – деди П.Қодиров. – Аммо мен ҳам қўл қовуштириб, қачон нашр қилишар экан, деб кутиб ўтирмадим, шу йиллар ичида “Олмос камар” романини, яна бошқа асарларни ёздим…

Жуманиёз ака “балли-балли” қилди, офаринлар ёғдирди.

Мен – бўлимнинг ёшгина лаборанти – кичкина одам, чурқ этмай тинглаб ўтирар, ичимда эса, “Эҳ Пиримқул ака, қанийди ана шу икки-уч йил ичида дарров бошқа нарсалар ёзиб ташлашга ўтмай, “Юлдузли тунлар” устида қайта-қайта ишлаб, пишиқтириб, “Ўткан кунлар” каби бетимсол бир асарга айлантирганингизда эди!” дея унсиз хитоб қилар эдим.

 

*     *     *

 

Шу хотираноманинг бошроғида Иззат Султон айнан Усмон Юсуповнинг даврида кўп эътибор топганини, эътирофларга (ижодда ҳам, шахсий ҳаётда ҳам) сазовор бўлганини ёзган эдим. Шунданмикин, домланинг Усмон отага ҳурмати бошқача эди. Бирон гапни тафсиллаб тушунтирмоқчи бўлса, айнан У.Юсуповнинг ибратомуз бир ишини, ёки бирон муаммо юзасидан айтган гапини келтириб, шу асосда фикрини далиллар эди.

Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Тошкент шаҳри ҳам аста-секин кенгая бошлаган. Ҳозирги Чилонзор мавзеининг илгари дала бўлган жойлари ҳам шаҳар домига тортилиб, кўпқаватли уйлар қурилган. Аммо шаҳар аҳолиси Чилонзордай “овлоқ” ерга кўчиб боришни истамай, ота-оналаридан қолган эски ҳовлиларда тиқилишибгина бўлса ҳам яшашни истаркан (“Ёр-ёр” кинофильми ёдингиздами?).

Нима қилиш керак? Республика раҳбари Усмон Юсупов осонгина йўл топиб берган. “Зиёлилар бу ишни бошлаб беришсин, – дебди Усмон ота. – Бизнинг халқ ҳамиша ўқиган одамларга эргашади. Жуда ёқмаса, кейинчалик шоир, олим, рассом, композитор, артистларни яна ўз уйларига қайтаришимиз мумкин. Аммо бугун интеллегенция мана, биз кўчамиз, деб ўрнак бўлмаса бўлмайди…

Ҳақиқатан, зиёлиларга эргашиб (“Шундоқ одамлар ҳам кўчаётган эмиш-ку!”), Чилонзорнинг дастлабки даҳаларига эл кўчиб ўта бошлайди.

 

*     *     *

 

Иззат Султон, адашмасам, эллигинчи йиллар бошида бир муддат Тошкентдан Масковга кетади. М.В. Ломоносов номидаги МДУнинг “СССР халқлари адабиёти” кафедрасида ишлаб, ўзбек адабиётидан дарс беради. Худди ўша йилларда шу кафедрада Мухтор Авезов ҳам ишлаб, қозоқ адабиёти тарихидан сабоқ берган. Гап шундаки, эллигинчи йилларда қатағоннинг иккинчи тўлқини бош кўтарган. Ҳар бир одамга қарши “донос” уюштириш, айбини “фош қилиш” авжига чиққан. Куни кеча Давлат мукофотини олган атоқли ёзувчи, академик Мухтор Авезов ҳаш-паш дегунча “ёт унсур”га чиқади, ишдан бўшатилади ва ноилож, Москвага бориб, паноҳ топади. Қатағон қилинган Фитратнинг шогирди бўлгани учуноқ шубҳа остига тушиши мумкин бўлган Иззат Султон ҳам бу талотўп замонда ўша ерни ўзи учун “нажот қаъаси” деб билган бўлса, ажаб эмас.

Мухтор Авезовнинг 1987 йил Тошкентда, Ўзбекистон фанлар академияси президиуми биносида ўтказилган тўқсон йиллигида Иззат ака ғалати ва ачинарли бир гапни йўл-йўлакай эслаб ўтди. Бир куни икковлари кафедрада ёлғиз қолганида Мухтор Авезов Иззат акага, қара, бовурим, мени ўз она юртимда қамашаётган эди, бу ерда эса эъзозлаяптилар, талабаларга дарс бераётирман, сенларнинг юртингда ҳам аҳвол шундай, деган экан…

Бир мучалнинг нарисида буюк устози Фитратни, акаси Раҳматулло Султоновни, ҳеч гуноҳи бўлмаган ҳолда, қатағон машинаси мажақлаб кетганини кўрган Иззат Султондай одам бу ҳолдан даҳшатга тушган, албатта. Зиёлилар қирғиндан қочиб “бепоён мамлакат”нинг ҳар қаерида жон сақлаганини кўрамиз. Маҳжурий, Лузумий каби уламолар эса шаҳарлардан бадарға этилиб, Сирдарёнинг аллақайси овлоқ жойларида ошпаз ё дурадгор бўлиб ишлаганлар.

Мен бир ўрис кишини кўрганман, қандайдир сиёсий айб қўйилган шекилли, Бўка туманининг “Кўкорол” совхозида, бийдай бир дала шийпонида ётиб турар, аҳоли яшайдиган бирон жойга қадам изи қилиши тақиқланган экан. Энди бу қирқ беш йил аввалги – етмишинчи йиллар охиридаги ҳолат. Саксон йил аввалгисини эса ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Шундай замонда Иззат Султон деган аллома умр кечирди. Бу давр кишиларининг дилини ҳадик-хавотир бир умр тарк этмади, шу таҳлика билан яшаб ўтдилар. Ахир, одам компьютер эмаски, барча нарсани хотир-хаёлингдан бир кнопка босиш билан ўчирсанг-у, “янги дастур” қўйиб, яшай берсанг. Унинг иложи йўқ…

1953 йилнинг март ойи бошларида ўзбек адабиётининг бир гуруҳ намояндалари қай бир анжуман туфайли бўлса керак, Москвада эканлар. 5 март куни Сталиннинг ўлими бутун мамлакатни ларзага солади. “Мен бу хабарга ишониш-ишонмаслигимни билмай, изтироб билан меҳмонхонада Ойбек аканинг хонасига кирдим, – деган эди Иззат Султон. – Домла, эшитдингизми, Иосиф Виссарионович қазо қилибди! Энди қандай бўлади?”.

Ойбек ака нимагадир хотиржам эди. “Эшитдим, майли-майли, – деди у киши ўзига хос калта-калта гапириб. – Бўпти, золим эди, золим эди!”

“Мен анграйиб қолдим, – деди Иззат Султон. – Бироқ кейин амин бўлдимки, Ойбек домла ҳақ экан…”

 

*     *     *

 

Иззат Султон чинакам раҳбар деб Усмон Юсуповни тан олар эди. Усмон отанинг бирон гапини, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган кескин ва оригинал ечимларини мисол қилиб келтиришни хуш кўрарди.

Ўтган асрнинг қирқинчи йиллари охирида бир муаммо пайдо бўлибди. Гап шундаки, Тошкентда Чилонзор массиви қурилиши режалаштирилаётган паллада бир муаммо пайдо бўлади – уёққа кўчиб боришга ҳеч ким кўнмас экан, чунки биласиз, ўзбек эли “ўз уйим – ўлан тўшагим” дейди, ота-боболаридан қолган эски ҳовлида уларнинг “чироғини ёқиб” яшашга ўрганган. Ҳукуматнинг боши қотади: нима қилиш керак, одамларни қандай қилиб хархашасиз кўчириш мумкин? Шунда Усмон ота, зиёлилар бошлаб берсин, халқ албатта уларнинг ортидан боради, деган экан.

Мамлакат раҳбарияти зиёлиларга мурожаат қилади. Олимлар, шоиру ёзувчилар, инженерлар, санъаткорлар, врачлар, катта-кичик раҳбарлар баҳамжиҳат равишда Чилонзорга кўчишади. “Шундоқ одамлар кўчяпти-ку, ёмон бўлмаса керак-да”, дея бошқалар эргашади. Демак, зиёлиларнинг, маданият арбобларининг халқ олдидаги обрўси, уларнинг фидойилиги ҳазилакам куч эмас экан.

 

*     *     *

 

1978-8080 йилларда Ўзбекистон фанлар академиясининг тил ва адабиёт институти учун директор Матёқуб Қўшжонов ташаббуси ва Шароф Рашидов қўллови билан институтнинг бутун тарихида илк бор махсус бино қурилди. Бу кейинчалик Кореянинг Инҳа университети филиалига олиб берилган, аслида эса ҳатто шаклан ҳам “адабий” архитектурага эга бўлган (“Оқ кема”) бино бўлиб, Иброҳим Мўминов (ҳозирги – Зиёлилар) кўчасида жойлашган 9-уй эди. Бинога саксонинчи йилнинг ёзида кўчиб ўтдик. У пайтда институтда 300дан ортиқ киши ишлар, Тил ва адабиёт институти эса тарих, шарқшунослик институти каби камсонли илмий даргоҳлар каби Ўзбекистон фанлар академиясининг Миллий академия эканини далиллаб турарди. Унинг бинога кирилмайдиган фойеси саҳнига биллиард, теннис столи қўйилган эди.

Ўша йилллари бильярд ўйнаш урф бўлди. Ҳатто Иззат Отахоновичдай отахон олимлар ҳам тушликдан сўнг бир-икки қўл кий ушлаб, соққа уриштириш билан машғул бўлишар эди. Ҳали-ҳали кўз ўнгимда: ўртадан пастроқ бўйли Иззат Султон оёқ учида туриб бўлса ҳам мўлжалланган тошни кий билан қатиқ урар, шарнинг луза томон кетаётганини ҳаяжон билан кузатиб, тушишидан умид қилаётган кекса олим худди бола каби, қўлидаги кийни баланд кўтарган ҳолда, думлаётган шардан кўзини узмай “Ҳа-та-та-та!” дея қичқирар, баайни, “лузага туша қол!” деб илтижо қилар эди.

Бу ҳолатда мен Иззат Султоннинг шу ёшида ҳам завқ-шавқини йўқотмаганини, қалби эса ўйинга ташна бола каби маъсумлигини кўрганман.

 

*     *     *

 

Тақдир ўйинларини қарангки, драматург Иззат Султоннинг ўзи, яшаб ўтган умри, илмий фаолияти, давлат ва жамоат ишлари… бари-бари – “саҳна”ларию “парда”лари кўп, каттакон, серкўлам бир драма эди. Аммолекин, самимий, кўнгилларда қоладиган драма…

 

.

Яндекс.Метрика