Қирғизистондаги ўзбек мактаблари директорларига
ОЧИҚ ХАТ
Ҳурматли директорлар,
Ммаълумингизким, бундан 4-5 йил бурун мактабларимизни кўп тилли таълим ва кўп маданиятли тарбия тизимига ўтказиш таклифи билан сизларга мурожаат қилган эдим. Яна сизларга мурожаат қиляпман. Бундан 10 йиллар муқаддам ўзбекзабон ота-оналарнинг талаби билан шаҳар ва район марказларидаги ўзбек мактабларида таълим рус тилида, қишлоқларда эса таълим қирғиз тилида олиб бориладиган синфлар очила бошлаган эди. Бу жараён кучайгандан-кучайиб, ушбу кунда Қирғизистонда таълим ўзбек тилида олиб бориладиган соф ўзбек мактаби қолмади ҳисоб. Аҳвол шу даражага етдики, шаҳримиздаги айрим ўзбек мактабларида таълим ўзбек тилида олиб бориладиган синфлар очилмай ҳам қолаяпти. Бу, кейинги 10 йилликка етиб-етмай юртимизда ўзбек тилида таълим-тарбия беришга нуқта қўйилади деган гап. 2021 йилнинг февраль ойида айрим мактаблардан олинган маълумотлар ва уларда акс этган Ўш, Ўзган шаҳарларида ҳамда Новқат районида яшовчи ўзбекзабон аҳоли фарзандларининг таълим ўзбек, рус ва қирғиз тилида олиб бориладиган синфлардаги сони нисбати фикримиз далилидир.
Ҳозирги кунда Ўш шаҳрида 21та ўзбек тилли мактаб қолди. Ўтган ўқув йилида бу мактабларда 25694 ўқувчи ўқиди. Ўқувчиларнинг учдан икки қисми, яъни 16996 таси шу мактабларда очилган рус синфларида, қолган 8698 таси ўзбек синфларида таълим олди. Бу маълумотларга шаҳардаги таълим рус тилида олиб бориладиган Ломоносов, Макаренко, Киров, Наримонов каби кўп сонли мактаб-гимназияларда ҳамда ўнлаб хусусий мактабларда рус тилида таълим-тарбия олаётган ўзбекзабон ўқувчилар кирмайди. Уларни ҳам қўшсак, юқоридаги рақамлар рус тилида ўқиётган ўқувчилар сони фойдасига янада улканлашади.
Ўзган шаҳрида ҳам аҳвол шундай. Жорий йилда ўзбек мактабларининг 1-11-синфларида таълим олган 13681 ўқувчининг 5659 таси ўзбек тилида, қолган 8022 та ўқувчининг ярмиси рус ва ярмиси қирғиз тилларида таълим берадиган синфларда ўқишди.
Ўтган ўқув йилида Новқат районидаги ўзбекзабон аҳоли фарзандлари ўқийдиган мактаблардаги жами ўқувчилар сони 17897 нафарни ташкил этган. Ўқувчиларнинг қарийб тўртдан бири – 5231таси ўзбек тилида, 2888 таси рус тилида, 9778 таси қирғиз тилида таълим берадиган синфларда ўқишган. Чунки ҳаммамизга маълум – Новқат районидаги 7-8 та ўзбек мактаблари таълимни тўлиқ давлат тилига ўтказишган. Бироқ шу мактабларда ўқувчиларга давлат тилида сифатли билим бера оладиган мутахассислар етарлими? Бу бизга қоронғу.
Рақамлар таҳлилидан маълум бўладики, ўлкамизда таълим олаётган 4 та ўзбекзабон ўқувчидан 3 таси, яъни 75% и она тилини ўрганмаяпти. Энг даҳшатлиси, уларнинг маънавияти, ахлоқи, эътиқоди она тилида шаклланмаяпти, демак уларда миллий қиёфа ҳам йўқолиб бораяпти. Ҳолбуки, юртимизда миллий озчиликни ташкил қилган ўзбекзабон аҳолининг тилини, маданияти ва санъатини сақлаб қолиш, ривожлантириш, келгуси авлодларга мерос қилиб қолдириш учун имконият, шарт-шароит яратиш вазифасини елкасига олган Республика, вилоят, шаҳар ва район ўзбек маданий марказлари мавжуд. Ва уларнинг илм-фан, маданият ва санъат, халқлар дўстлиги соҳасидаги фаолиятини, тадбирларини ҳукуматимиз доимо қўллаб-қувватлаб келган. Наҳотки, Маданий марказларнинг ҳурматли раислари, ҳайъат аъзолари биз ташвишланиб айтаётган ҳолатга бепарво қараб ўтиришса! Сиз директорлар билан маслаҳатлашиб муаммони ҳал қилиш йўлини топишга ҳаракат қилишмаса! 2-3 йил бурун Ўш шаҳар Ўзбек маданий маркази раиси Рашидхон Хўжаев олий ўқув юртларига кириш синовлари – ОРТ (Умумреспублика тести) давлат ва расмий тилларда ўтказилаётгани боис, шаҳардаги ўзбек тилида таълим олган 200 тага яқин абитуриентларни Ўш Давлат университети билан ҳамкорликда тест синовларига тайёрлаганидан ташқари, марказ раҳбарлари муаммолар ечимини топиш учун директорларни тўплаб ҳеч қандай тадбир ўтказгани йўқ. Аслида, таълим-тарбия муаммоларини тегишли давлат ташкилотлари раҳбарларига етказиб, ҳал қилишга интилиш уларнинг вазифасидир.
Дунёга келган ҳар бир бола она тилида дунё билан, атроф-муҳит билан, маҳалла билан танишади. Шундай экан, у она тилида савод чиқариши, ўқиши керак. Ота-она бунга масъул. Бу – дунёдаги барча педагоглар тан олган қоида. Миллатпарвар шоир ва ёзувчи Абдулҳамид Чўлпоннинг 1936 йилда ёзган “Кеча ва кундуз” романида шундай лавҳа бор: роман қаҳрамонларидан бири, “янги ўзбек” Мирёқуб Россияга кетаётиб поездда жадид Шарафуддин Хўжаев билан танишиб, суҳбатлашиб қолади. Суҳбат таълим-тарбия ҳақида кетганда “…ўғлимни ўрис мактабига бераман”, деган Мирёқубга маърифатли жадид Шарафуддин шундай маслаҳат беради:
“Бу фикрингиз хато. Ибтидоий тарбияни (бошланғич таълимни демоқчи – М.С.) рус мактабларидан бошлаб бўлмайди, уни миллий мактабларда бериш керак. Илгари миллий ҳиссини ўстириб, ўз миллатини таниганидан кейин рус мактабига бериш керакки, ҳунарга, ихтисосга тегишли илмларни ўқисин. Ундан кейин Германия, Франция, Англия мамлакатларига, ҳатто дунёнинг нариги чеккасидаги Америкага юбориб ўқитиш керак…”
Бу Чўлпоннинг ўтган асрда бутун ўзбек миллатига берган оқилона ўгити эди. Афсуски, биз бундай ўгитларга қулоқ осмай қўйдик.
Фарзандларимизнинг саводини она тилида чиқариб, тафаккурини, маънавий қиёфасини она тилида шакллантирган ҳолда, ижтимоий ва табиий фан асосларини қирғиз ёки рус тилларида, ҳатто, хорижий тилларда эгаллашлари учун имкон берадиган таълим-тарбия тизимлари борлигини биласиз. Ҳаммамизга маълумки, Қирғизистонда ва қўшни давлатларда ҳам узоқ йиллардан бери қалдирғоч мактабларда тажриба қилиб келинаётган кўп тилли таълим ва кўп маданиятли тарбия тизими мавжуд. Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги режаларида кўп тилли таълимга босқичма-босқич ўтиш мақсадлари йўқ эмас. Зеро, Қирғизистондаги таълим қирғиз тилида юритиладиган миллий мактабларда ҳам аҳвол биздаги каби хароб. Қирғиз қардошларимиз ҳам фарзандларини иложи борича рус тилида ўқитишмоқда. Шунинг учун кўп тилли таълимнинг ҳар хил кўринишлари мактабларда, айниқса, хусусий мактабларда синаб кўрилмоқда. Масалан, “Келечек МIТ” мактаби тадқиқотчиси Назима Абдибекова болаларни уч тилли таълим тизимида ўқитишни тажриба қилиб кўрмоқчи. Бу инновацион таълим тизимига кўра, таълим қирғиз тилида олиб бориладиган синфда ўқувчилар ўқув режасидаги фанларнинг 30% ини қирғиз тилида, 30% ини рус тилида ва қолган 40% ини инглиз тилида ўқишади. Ўлкашунослик, қирғиз тили ва адабиёти ҳамда ўз мамлакатининг маданий ўзига хослигига оид фанларни бола қирғиз тилида, лекин IT-компетентликка оид фанларни инглиз тилида ўрганади. Қолган умумтаълим асосларини эса рус тилида ўзлаштиради.
Айрим мактабларимизда тажриба қилинаётган кўп тилли таълим тизимига кўра, бола саводини она тилида чиқаради, сўнгра босқичма-босқич ижтимоий ва аниқ фанларни ота-онаси танлаган рус ёки қирғиз тилида ўргана бошлайди. 1-синфдан 11-синфгача “Ўзбек тили” ва “Ўзбек адабиёти” фанлари сақланиб қолади. Чунки бу фанлар миллий қиёфани шакллантиради, она тилида тўғри гапириш ва саводли ёзишга ўргатади. Ўқувчи “Математика”, “Табиат” фанларини ўзбек тилида ўрганишни бошлаб, кейин параллел равишда босқичма-босқич рус ёки қирғиз тилига ўтгани маъқул.
Кўп йиллардан бери Қорасув районидаги тажрибали педагог Авазбек Ҳожибуваев директорлик қилаётган Чингиз Айтматов номли мактаб жамоаси кўп тилли таълим тизимида фаолият олиб бориб, яхши натижаларга эришаётганини яхши биламиз. Бундай мактаблар бошқа ҳудудларда ҳам бор. Улар она тили ва миллий адабиёт таълимини сақлаб қолган ҳолда, бошқа фанлардан болаларга қирғиз ва рус тилларида сифатли билим бериб, уларни ОРТ синовларига ҳам пухта тайёрламоқдалар. Директорнинг маълумотига кўра, бу йилги натижалар олдинги йилларга нисбатан пастроқ бўлса-да (пандемия сабаб), ОРТ синовларида иштирок этган 28 ўқувчидан 9 таси олий ўқув юртларига бюджет ва шартнома асосида кириш ҳуқуқини берадиган 110 ва ундан юқори балларни қўлга киритишган. Қуйида мактабнинг 6 йил ичидаги ОРТ синовлари бўйича натижалари жадвалини келтирамиз:
№ |
Ўқув йили |
Битирувчилар |
ОРТга қатнашганлар |
110 ва ундан юқори балл тўплаганлар |
Энг юқо-ри балл |
1 |
2015-2016 |
59 |
30 |
11 |
172 |
2 |
2016-2017 |
43 |
31 |
12 |
162 |
3 |
2017-2018 |
45 |
31 |
12 |
158 |
4 |
2018-2019 |
39 |
33 |
17 |
175 |
5 |
2019-2020 |
32 |
25 |
10 |
162 |
6 |
2020-2021 |
43 |
28 |
9 |
168 |
Асосий тест синови (қирғиз ёки рус тили +математика) дан юқори балл тўплаган ўқувчиларнинг ихтисос фанлари бўйича ҳам тест натижалари ёмон эмас..
Ўш шаҳридаги Зулфияхон Носирова раҳбарлик қилаётган Максим Горький номли 8-гимназия мактаби ҳам 2014 йилдан бери кўп тилли таълим тизимида ишламоқда. Мактаб битирувчиларининг бу йилги натижаси таҳсинга лойиқ. Кекса педагог, олий тоифадаги ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Жалолова Аширхон опанинг маълумот беришича, ўтган ўқув йилида мактабни 23 та ўзбек ўқувчиси кўптилли таълим тизимида битирган. 23 битирувчининг ҳаммаси ОРТ синовларида қатнашган ва ҳаммаси олий ўқув юртларига кириш учун 110 баллдан юқори баллар тўплай олган. Асосий тест синови бўйича энг юқори балл 156 ни ташкил этган. Чунки бу ўқувчилар саводини она тилида чиқарган. Она тили ва миллий адабиётни ўрганиш билан бирга, ўқув режасидаги ижтимоий, табиий ва аниқ фанларни қирғиз ва рус тилларида ўрганишган. Лекин афсуски, бу мактабда ҳам таълим тўлиқ рус тилида юритиладиган синфлар очилган ва улар қуйи ва ўрта синфларда кўпчиликни ташкил қилади. Биз болаларимизни 1-синфдан ўзга тилда ўқишга мажбур қилиб, қийнаб, “синдириб”, ўқишдан совутиб қўймоқдамиз, дейди куйиниб кекса педагог.
Тажрибали педагог, Қирғизистон маорифи аълочиси Аъзамжон Абдураззоқов Ўш шаҳридаги Солижон Шарипов номли ўрта мактабга директорлик қилган йиллари 1-синфда “Алифбе” билан “Азбука”ни параллел ўқитишни синаб кўргани ва бу жуда яхши натижа бериб, ўқувчилар рус тилини таълим рус тилига кўчирилган синфдаги ўқувчиларга қараганда яхшироқ ўзлаштирганини иддао қилади.
Юқорида қайд этганимиздек, кўп тилли таълимга ўтишни таълим вазирлиги ҳам рағбатлантиради. Бироқ афсуски, кўп тилли таълим тизимини нотўғри амалга ошираётган мактаб раҳбарлари ҳам талайгина. Қорасув районига қарашли Ўш шаҳрига ёндош ўзбек мактаблардан бири ҳам кўп тилли таълимга ўтганини хабар қилишди. Ўтган ўқув йилида мазкур мактабнинг ўқув ишлари бўйича мудири билан телефон орқали боғланиб, ундан шу ҳақда маълумот беришини сўрадим. Завучнинг айтишича, мазкур мактабда уч тилда таълим берадиган синфлар ташкил қилинган. Ўқувчи хоҳласа ўзбек тилида, хоҳласа қирғиз тилида, хоҳласа рус тилида таълим берадиган синфда ўқиши мумкин. Мана шу кўп тилли таълим, деб жавоб берди у. Ўқув бўлими мудирасига таълим уч тилда юритиладиган учта синф очиб қўйиш бу кўп тилли таълим эмаслигини, кўп тилли таълим бир синфнинг ўзида амал қилишини ҳарчанд уриниб, тушунтиролмадим.
Қисқаси, кўп тилли таълим деганда, мактабларимизда она тили ва миллий адабиёт фанларини сақлаб қолган ҳолда, бошқа фанларни ота-оналар ва ўқувчилар хоҳишига кўра, қирғиз ёки рус тилларидан бирида ёки “Тарих”, “География”, “Ҳуқуқ”, “Инсон ва жамият” каби фанларни қирғиз тилида, аниқ фанларни – “Физика”, “Математика”, “Химия”, “Биология” каби фанларни рус тилида ўқитишни тушунмоғимиз керак. Шунда ҳам мазкур фанларга оид термин ва атамаларнинг ҳам ўзбекча, ҳам русча ёки қирғизча аталишини баравар тушунтирмоқ лозим. Шунда бола тафаккур қила олади, фанни чуқур ўзлаштиради. Шу йўл билан биз ҳам тилимизни, адабиётимизни ва санъатимизни сақлаб қола оламиз ҳамда ўқувчиларимизни давлат томонидан фақат қирғиз ва рус тилларида ташкиллаштирилаётган Умумреспублика тест синовларига ҳам пухта тайёрлай оламиз.
Ўзбек мактабларидаги яна бир ачинарли ҳолат шуки, ўзбекзабон ўқувчиларнинг аксарияти тўлиқ ўрта маълумот олишни, яъни 11 йиллик мактабни битиришни исташмаяпти ёки ота-оналар фарзандининг “умрини беҳуда ўтказишини” хоҳламаяпти. 9-синфгача 4-5 ва ундан кўп бўлган синф комплектлари 10-, 11-синфга келиб, битта-иккитага тушиб қоляпти. Масалан,
Қорасув районидаги Муродхон Собиров номли 65-профилли мактаб-гимназияда
№ |
Ўқув йили |
Битирув-чилар |
ОРТга қатнашган ўқувчилар |
110 дан юқори балл тўплаганлар |
Энг юқори балл |
1 |
2018-2019 |
64 |
46 |
26 |
185 |
2 |
2019-2020 |
45 |
30 |
15 |
175 |
3 |
2020-2021 |
59 |
35 |
20 |
159 |
Ёки Ўш шаҳридаги Ҳабиб Абдуллаев номли 41-ўрта мактабдаги натижа:
Ўқув йили |
Битирув-чилар |
ОРТ га қатнашганлар |
ОРТ тили
|
110 ва ундан юқори |
Энг юқори балл |
2020-2021 |
22 |
8 |
Русча |
6 |
145 |
Кўриниб турибдики, мазкур мактаблардаги ОРТ натижалари шу типдаги бошқа мактабларга қараганда анча яхши. Лекин йил сайин битирувчилар сонининг ҳам, ОРТ синовларига қатнашаётган ўқувчиларнинг ҳам, танловда қатнашиш ҳуқуқини берувчи 110 баллдан юқори балл тўплаган ўқувчилар сонининг ҳам, синов натижаларининг кўрсаткичи ҳам камайиб, пасайиб бораётгани ҳа бор гап. Нима учун? Бунинг бир неча сабаблари бор.
Биринчидан, ўрта мактабни тугатиб, олий ўқув юртига кира олишига ўқувчи ҳам, унинг ота-онаси ҳам ишонмайди. Сабаби Умумреспублика тест синовлари фақат қирғиз ва рус тилларида ўтказилади. 11 йил она тилида таълим олган ўқувчи қандай қилиб қирғиз ёки рус тилида ОРТ синовларини муваффақиятли топишира олиши мумкин?! Шу ўринда айтиш керакки, таълим ўзбек ва тожик тилида юритиладиган мактабларнинг битирувчилари учун очиқдан-очиқ адолатсизлик қилинмоқда. Ўқувчи ўрта мактабни қайси тилда битирса, ўша тилда ОРТ тестларини топшириши адолатли бўлар эди. Афсуски, бундай ҳуқуқ ўзбекзабон ва тожикзабон Қирғизистон фуқароларидан тортиб олинганига 10 йилдан ошди. Шунинг учун ўрта мактабни она тилида битирган ўқувчилар ОРТ синовларига фаол қатнашмаяпти, қатнашгани ҳам олий ўқув юртига кириш учун етарли балл тўплай олишмаяпти. Яна рақамларга мурожаат қиламиз.
Ўзган шаҳридаги таълим ўзбек тилида юритиладиган учта мактабнинг ОРТ натижалари бўйича 2020-2021 ўқув йилидаги кўрсаткичлар:
№ |
Мактаб |
Битирувчилар |
ОРТга қатнашганлар |
110 ва юқори |
Ўртача балл |
1 |
№2 Ленин |
27 |
14 |
3 |
92 |
2 |
№4 Ч. Айтматов |
69 |
17 |
1 |
89 |
3 |
№5 Амир Темур |
26 |
14 |
3 |
96 |
Рақамларни кўриб, ҳайратга тушасиз! Ахир Ўзган 10 аср бурун қорахонийлар давлатининг жанубий пойтахти бўлган шаҳар! Ўзган академик Иброҳим Ҳамрабоевни берган шаҳар! Ўзган коинотни забт этган космонавт Солижон Шариповни ўқитган шаҳар! Наҳотки, шундай шаҳардаги Чингиз Айтматов номли 4-ўрта мактабни битирган 69 ўқувчидан 17 тасигина ОРТга қатнашса-ю, улардан фақат биттаси 110 баллик поғонадан ошиб ўтган бўлса! Бироқ у бирор олий ўқув юртининг талабаси бўлдими, йўқми, бизга қоронғу.
Республикамизнинг энг чекка ҳудудида жойлашган Лайлак районининг таълим ўзбек тилида юритиладиган мактабларидаги маърифий аҳвол бундан-да ачинарли. Бешкент қишлоғида жойлашган Бобур номли ўрта мактабда икки миллат вакилларининг болалари таълим олади. Битирувчиларнинг ОРТ синовлари натижаларига назар ташланг:
№ |
Таълим тили |
Битирувчилар |
ОРТга қатнашганлар |
ОРТ тили |
110 ва юқори |
Энг юқо-ри балл |
1 |
ўзбекча |
43 |
11 |
қирғизча-русча |
0 |
105 |
2 |
қирғизча |
11 |
10 |
қирғизча |
4 |
143 |
Ушбу натижани кўриб ғоят ачиндим, ич-ичимдан афсусландим. Ахир бу мен ўқиган, мен 10 йил ўқитувчи бўлиб ишлаган мактаб! Мустақилликкача бу мактабни битирганлар орасидан бир нечта фан доктори, ўнлаб фан номзодлари етишиб чиққан-ку! Тиббиёт фанлари доктори, профессор Қодиржон Бобоев, Тошкент Молия институти проректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Султонали Меҳмонов ўтган асрнинг сўнгги чорагида шу мактабни битирган ва уларга камина ҳам ўзбек тили ва адабиётидан сабоқ берган эдим. Улар ҳозир ўз соҳалари бўйича русларга ҳам сабоқ бера олишади-ку! Наҳотки, ўзбекзабон қишлоқ аҳолиси фарзандларининг билим савияси шу даражада пастлаб, бу мактаблар учун сарфланаётган давлат маблағи – халқнинг пуллари кўкка соврилаётган бўлса!
Лекин Бешкент қишлоғидан 80 км узоқликдаги Лайлак райони маркази – Исфана шаҳридаги интернат-мактабда ётиб, пулли таълим олаётган 5-6 та қишлоқ болаларининг натижалари кишини хурсанд қилади. Улардан кўпларининг ОРТда юқори баллар тўплаб, олий ўқув юртларига кириб ўқиётганини биламан. Чунки у ерда қирғиз ва рус тиллари ҳамда бошқа фанлардан сифатли таълим беришади. Демак, қишлоқ мактаблари ўқитувчиларининг билим савияси ўта паст, уни кўтариш лозим. Мактабларимиз учун аниқ ва табиий фанлардан ўзбек, қирғиз ва рус тилларида эркин сўзлаб, чуқур билим бера оладиган кўплаб маҳаллий билимдон ўқитувчилар керак.
Иккинчидан, ўзбекзабон ёшларимизнинг тўлиқ ўрта маълумот олишга, ўқув юртларига кириб олий маълумотли мутахассис бўлишга интилмаётгани ва бунга ота-оналарнинг ҳам лоқайдлиги сабаб. Ҳақиқат шуки, биз фарзандларимизни Россия меҳнат бозорларидаги “қора меҳнат” учун тайёрлаяпмиз. Ўғлимиз тезроқ мактабни нари-бери битириб, Россияга борсаю кўп пул топиб келиб, маиший эҳтиёжларимизни қондирса бўлди. Қандай меҳнат билан шуғулланса – барибир. Тўғри, мамлакатимиз серпул ишчи ўринлар яратиш соҳасида ривожланиб кетмаяпти. Лекин фарзандимиз чет элларга олий маълумотли мутахассис бўлиб борса яхши эмасми?
Юқоридаги маълумотлар, қиёс ва таҳлиллардан маълум бўладики, кўп тилли таълим тизимига ўтган ўзбек мактабларида аҳвол ёмон эмас. Таълим самарадорлиги қониқарли даражада деса бўлади: ўқувчилар она тилида савод чиқариш, миллий адабиёт намуналаридан маънавий озиқланиш билан бирга, аниқ ва табиий фанларни ҳам қирғиз ва рус тилларида ўзлаштиришга эришмоқдалар. Шунинг учун ҳукуматимиз қонунларини ҳурмат ва эътироф қилган ҳолда, фарзандларимиз таълими соҳасидаги муаммоларни ҳал қилишнинг самарали йўлларини қидириб топиш жуда муҳим. Қирғизистон ўзбек мактабларда “Ўзбек тили” ва “Ўзбек адабиёти” каби фанларни сақлаб қолиш ва ёшларимизга олий маълумотли мутахассис бўла олиш учун имкон берадиган ОРТ – Умумреспублика тест синовларига пухта тайёрлашнинг ягона йўли – уларни кўп тилли таълим тизимида ўқитишдир.
Ҳурматли ўзбек мактаблари директорлари, тилимиз, адабиётимизни, миллий қадриятларимизни сақланиб қолиш ва ривожлантириш учун кўп тилли таълим тизимига ўтиш ташаббусини қўллаб-қувватлайсизлар, деб умид қиламан. Янги ўқув йилида Сизларга куч-қувват ва сабр-тоқат тилайман.
Саидакбар Махсумхонов,
филология фанлари номзоди, Ўш шаҳри