“ЭСКИ” ШЕЪРНИНГ ЯНГИ МАЪНОСИ

Ғафур Ғуломнинг машҳур шеърлари кўп. Аммо “Сен етим эмассан” улар ичида ҳам алоҳида ўринга эга. Бу шеър ҳақида ёзилган мақолаларнинг ўзини тўпласангиз, бир катта китоб бўлади. Аммо Абдулла Қаҳҳор, яхши асар баайни қази – чайнаганинг сари мазаси чиқаверади деганидай, ҳар сафар шу шеърни ўқисам, унинг янги-янги фазилатларини топгандек бўлавераман.

Биз “Сен етим эмассан”ни бармоқ вазнида деб биламиз. Аммо шоирнинг ўзи уни мумтоз оҳангларга уйқаш келадиган бир усулда ўқиганини эшитганмиз, радиохазинада шу қироат сақланган. Ажаб, нега шундай экан?

Эътибор қилсангиз, қирғинбарот уруш, унинг оқибатлари ҳақидаги бу асар “жангномалар вазни” бўлган мутақориб баҳрининг “фаулун-фаулун-фаулун-фаул” вазнида ёзилганини кўрасиз. Мана, ундан бир-икки мисра:

 

Бу ерда / музлаган / аждар хал/қумли

Ваҳшат тўп/ларининг / қаҳ-қаҳа/си йўқ…

(Фаулун / фаулун        / фаулун      / фаул)

 

Ёки:

 

Онанг хўр/ландими, / отанг ўл/дими,

Сен етим / қолдингми, /тинчлан, жи/гарим…

(Фаулун / фаулун        / фаулун       / фаул)

 

Аслида, шоир Ғафур Ғулом бир умр аруз ва бармоқ тизимлари ичида яшади. Умри охирида битган шеъри ҳам арузий эди:

 

Шарафли сўнгги соат ҳар секунди – минг умр қадри,

Юрак сандуқчасида асрлар мерос ғурур қадри,

Одамлик номига инсоф ила лойиқ шуур қадри,

Ғурури умрида мутлақ музаффар бу сурур қадри,

Насими субҳдек келган хабарлар сўнгги соатда…

 

Шоирнинг бу борадаги жуда катта хизмати – давр воқелигини кўҳна оҳангларда бемалол тараннум этиш, арузни ижтимоийлаштириш бўлди. Боз, арузий оҳангдаги бир шеърни ўз давридаги энг “замонавий” деб саналган Маяковскийчасига “зинапоя” усулида битиши ҳам бир новаторлик эди.

 

Шоирнинг кўп асарларида миллийлик, ор-номус, исломий қадриятларни асрашга даъват бор. Ўзбек удумлари ёппасига қораланиб турган бир пайтда Ғафур Ғулом бу иблисона қарашларга дадил қарши чиқди. Оддийгина исириқ тақиқланган у маҳалда бирон медик ё биолог олим эмас, Ғафур Ғулом ўртага чиқиб, у бактерияларга қирон келтиришини айтди, ўша эллигинчи йилларда ҳатто шуни айта олиш қўрқинчли жасорат саналган.

Миллий ориятни дилида маҳкам ушлаган шоир бир ўзбек кишисининг чўчқабоқарлигини гўё мақтаб (замон шундай эди, ахир), аслида ҳажв қилган:

 

Жўра Султон сингари минг чўчқага бошлиқ бўлиб,

                   Гўшту ёғнинг лаззатини мисли бол айлаб келинг.

 

Бу байдаги асосий урғу чўчқа гўштининг “лаззати”га эмас (у – сиёсатчи тўралар ва айғоқчиларга қарши бир қалқон), балки имони сустлигидан “минг чўчқага бошлиқ” бўлган бояги одамга қаратилган.

 

Яна “Сен етим эмассан” шеърига қайтиб, асосий муддаони баён этсак.

Бу катта шеърнинг поёнида шоир, яъни лирик қаҳрамон ухлаётган гўдак ёнида ўтириб, унга хаёлан мурожаат қилиб, шундай дейди:

 

Сен тезда

                   улғайиб,

                              Олам кезасан.
Манглайда порлаган
Толеинг — қуёш,
Бутун ер юзини
Қилур мунаввар.
Ҳақорат емрилур,
Зулм янчилур,
Жаҳонда бўлурмиз
Озод, музаффар.
Сен етим эмассан,
Менинг жигарим!

 

Мактабда бизга, бу шеър жанггоҳлардан эвакуация қилинган етим болаларга атаб, уларга хитобан яратилган, деб ўқитишган. Шоирнинг ўзи ҳам сарлавҳа остида “Улуғ Ватан урушининг ота-онасиз қолган гўдакларига” деб қайд қилган. Аммо маълумки, ўзбек халқининг ичида ҳам отаси урушга кетиб, онаси оғир турмуш, касаллик туфайли вафот этиб, ғирт етим бўлиб қолган болалар ниҳоятда кўп эди, ҳар бир туманда, ҳар бир шаҳарда “Интернат” деб аталадиган етимхоналар ишлаб турарди. Интернатдаги етимлар ичида бошқа миллат фарзандлари қатори, ўзбек болалари ҳам кўп бўлган. Демак, шеър уларга – ўзбек гўдакларига ҳам атаб ёзилгани шаксиз.

Ҳозиргина келтирилган парчани такрор ўқиб кўринг. Унда шу бегуноҳ норасидаларнинг улғайиб олам кезишига ишонч, толелари порлоқ бўлишига умид бор. Банд якунида эса яна ўша машҳур “Сен етим эмассан…” деган мисра такрорланиб, айтилган фикрларни хотималайди.

Шудайку-я… Бу банднинг иккинчи қисмида тилга олинган “ҳақорат емрилур, зулм янчилур, Жаҳонда бўлурмиз озод, музаффар”, деганда шоир нимани кўзда тутган, деб ўйлайсиз?

Тўғри, олис Европа майдонларида давом этаётган жангларда одамлар ўлдирилган, уйлари ёндирилган. Албатта бу – зулм, қонхўрлик. Ҳақорат эса… “Совет Ўзбекистони”да эди, ўзбекларни “сарт” деб, “туземний” деб ҳақорат қилиш, бу халқ революциягача 98 фоиз саводсиз бўлган, деб ерга уриш бизда эди. Бутун ўлкани пахтазорга айлантириб, қор остидан кўсак тердириб, тунлари ухламай уни чувишга мажбур қилишдай зулм ҳам… қай бирини айтайлик! – бари бизда бўлган. Қулликка қуллуқ қилиш, қул эканлиги билан мақтаниш ҳам ўзимизда эди. Ҳақоратлаганлар эса немислар эмас, бошқалар эди. Бу ҳақоратларга ўрганиб кетган, сезмайдиган ҳам бўлиб қолган эдик. Шу даражадаки, “тўра”лар бизни ҳақоратлаб китоб ёзса ҳам Ўзбекистонда бемалол чоп этавердик, билмаганлар билмади, билганлар дамини чиқармади. Мана, В.Н.Ягодин билан А.В.Г. Беттс бирга ёзган “Золотое кольцо Хорезма” китоби. Бу асардаги биринчи жумлани қаранг: «Древний Хорезм, и вся Средняя Азия в целом, вплоть до второй половины XIX века представляла собой дикий регион, не подчинявшийся никаким законам» Бу, ўзбеклар ёввойи, жоҳил эл эди, XIX асрнинг иккинчи ярмида биз бу юртни истило этдик, булар кейин одам бўлишди, дегани. Бу ҳақоратловчи китоб 2009 йилда (мустақиллик замонида!) Тошкентда чоп этилган. Ўрганиб кетганмиз-да.

Энди олтмиш-етмиш йил аввал, зулм авжига чиққан даврдаги вазиятни ўзингиз тасаввур қилаверинг. Бундай ҳақоратлар ҳар қадамда эди-ку! Бошидан кўп иссиқ-совуқлар ўтган аллома шоир Ғафур Ғулом дилидаги исён ўтига сархушлик сувидан сепиб, ўзини совутиб ўтгани кўпчиликка аён. Аммо аҳён-аҳёнда “портлаб” тургани ҳам рост. Шогирди, академик Салоҳиддин Мамажонов домланинг айтишича, бир даврада устоз “оғалар” шаънига қаттиқроқ гап айтиб юборган. Табиийки, бу “хабар” оғиздан чиққан ҳамони тегишли жойга етиб борган. Аммо ўша кечқурун хайрихоҳ укалар шоирга телефон қилиб, айтган гапи юзасидан жавобга тайёрланиб туришни тайинлашади. Адибнинг кайфи ўчади. Қўрқинч замонларни кўриб, бошқалар шохида юрса, баргида юришга ўрганган шоир дарҳол “Қизил Ўзбекистон” газетаси таҳририятига сим қоқиб, шу сонга бир шеър беришини, газетани чоп этмай туришларини сўрайди. Эртаси тонгда одамлар Ғафур Ғулом битган “Менинг оғам рус бўлур!” деган ярқироқ шеърни ўқишади, иғво қўзғамоқчи бўлганларнинг эса дами ичига тушади…

Кейинроқ эса бир ўзбек тилшуноси қайсидир туман шеваси ҳақида русча китоб ёзганини эшитиб, уни бўралаб сўкканини эшитганмиз. Рост-да, ҳатто шевамиз ҳақидаги китоб ҳам русча битилса, нимамиз қолади бизнинг?

Яъни, исён шоирнинг қонида бор эди.

1937 йил қатағонидан ҳали беш йил ҳам ўтмай туриб, ўша қаттол бир вазиятда мустақиллик, элнинг озод ва музаффар бўлиш ҳақида бундан бошқача яна қандай ёзиш мумкин эди? Шоир бу исёнини “Сен етим эмассан” шеъри пардасига ўраб тақдим этган.

Идод оламида асосий фикрни  “айтмай туриб айтиш” усули бор. Мумтоз шеъриятдаги бу ҳодисани баъзи адабиётшунослар “бегона байт” деб, бошқалари “лирик чекиниш” деб номлайдилар. Кинода эса бу усул “25-кадр” дейилади. Яъни, ҳар сонияда экранга тушиши керак бўлган 24 та кадрга яна бир бошқа бир кадр ҳам қўшилади ва у бир сониянинг 25дан бир қисми ичида ўтади-кетади. Аммо бир қанча фурсатдан сўнг киши дилида беихтиёр ўша кадрга хос ассоциация уйғонади…

Мен Ғафур Ғулом бу шеърда ўша усулни қўллаган, деб биламан. Фашизмни, Ҳитлерни қоралаш, гўдаклар тақдирига қайғуриш тўла катта шеърда бояги 4 мисра “сезилмай” ўтиб кетади. Шоирга эса ана шуни айтиб олиш муҳим. У, таъбир жоиз бўлса, 25- ҳам эмас, 40- кадр (4/155) бўлгани учун “сиёсий зийрак” ходимлар буни пайқамай қолишган. Асосий маънони шеърдаги бирон мисра қатига жойлаб, беркитиб кетишни Ғафур Ғулом Абулмаоний (маънолар отаси) бўлган устози Абдулқодир Бедилдан ўрганган.

Бунинг чиндан ҳам “бегона байт”га, “лирик чекиниш”га монандлиги яна шунда ҳам кўринадики, бундай байт кўпинча ғазал охиридаги тугалланма байт – мақтаъдан олдин берилади. Ажабки, бояги тўрт сатр ҳам шеърнинг летмотиви, “мақтаъ”си бўлган “Сен етим эмассан, Менинг жигарим!” деган сўнгги икки сатр олдида келган.

Ахир, “Жаҳонда бўлурмиз Озод, музаффар”, дейиш, ўз-ўзидан, бизнинг  тутқун эканимизни кўрсатмайдими? Бу, келажакка некбин назар ташлаётган шоирнинг “озод эмасмиз” деяётгани ва ҳурликни орзулаётгани эмасми?

Бу ўша, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари сифатида Ҳамид Олимжон Тошкентга эвакуация бўлиб етиб келган шоиру олимлар, адиб ва санъаткорларни йиғиб, барчаларига қарата, “Хуш келибсизлар, бизнинг юртимизга!” дея самимий тилак билдирган чоғда, президиумда керилиб ўтирган Алексой Толстой унинг сўзини  кесиб, «Мы и так сидим на своей земле!» дея босқинчи тўралардан эканини сездиргани, ҳассос шоир Ҳамид Олимжон бу беписанд ва таҳқиромуз гапдан кейин парда ортига ўтиб, йиғлаб юборганидан сўнг… буларнинг барига гувоҳ бўлган Ғафур Ғулом томонидан битилган мисралар-ку!

“Жаҳонда бўлурмиз, озод, музаффар!”…

Бу некбин гап саксон йилнинг нарисида туриб айтилган эди. Ва Ғафур Ғуломнинг тилаги, илтижоси амалга ошди. У хитоб қилган ўша гўдаклар она юртимизнинг озод, элимизнинг музаффар бўлганини кўришди ҳам.

…Ўтмишдаги ҳар бир олим, саркарда, шоир, табиб, меъморга баҳо берганда унинг бизнинг кунга нисбатан нима берганига эмас, ўзидан аввалгиларга нисбатан нима бера олганига қараш лозим, дейдилар. Бу тўғри мезон. Аммо, шу билан бирга, у ёки бу ижодкорга таъна қилиш ва ўпкалашдан олдин – бояги талабга қўшимча равишда – ўша адиб, ўша санъаткор, ўша ҳунарманд қандай шароитда яшаб ижод қилганини ҳам асло ёдимиздан чиқмаслиги даркор.

                                                          Зуҳриддин Исомиддинов

Яндекс.Метрика