ЭРТАНГИ КУН БУГУНДАН БОШЛАНАДИ

Қирғизистонда 2021 йилнинг 10 январида бўлиб ўтадиган ҳокимият шаклини ўзгартириш бўйича Референдум ва Президентлик сайловига тайёргарликлар ниҳоясига етмоқда. “Акипресс” ахборот агентлиги шу йилнинг 9 декабр куни ҳокимият шаклини ўзгартириш бўйича Референдум ўтказиш бўйича қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда тасдиқланганини ёзди.

Хабарда вице спикер Мирлан Бакиров қонун лойиҳасига 62 нафар депутат овоз берганини, депутат Омурбек Текебаев эса ҳужжатни маъқуллаб берилган овозлар 50га ҳам етмаганини айтишганини айтди. Шунга қарамай, Бакиров лойиҳа қабул қилинганини эълон қилади. Энг қизиғи, шундай баҳсли бир пайтда электрон овоз бериш ускунасининг ишламай қолганини қаранг…

Энди буёғи ҳар бир депутат ва сайловчининг виждонига ҳавола. Референдумга овоз бериш ва Президент сайлашда етти ўлчаб бир кесишда қолди гап. Шундай маъулиятли бир паллада бутун руҳимизни қамраб олган кечаги одатларимиздан, “анъана”ларимиздан қутула оламизми? Ана шулар ҳақида ўйлар эканман, бир ривоят ёдимга тушди.

Улуғ зотлардан бири устозининг ҳузурига бораркан, йўлда шароб ичган бир киши уни гапга тутиб қолибди. Шаробхўрдан базўр қутулиб, устоз даргоҳига етгач, ундан сўрабдилар:

– Шароб ичасизми?

– Йўқ.

– Унда бу не ҳолдир?

– Йўл устида бир маст йўлиқиб, мени гапга тутди.

– Демак, унинг бу ҳолати сизда қолибди…

Шундай! Бизнинг бугунги аҳволимиз эртага ўз таъсирини албатта кўрсатади.

Хўш, сайловчиларнинг ўша маст одамдан фарқи борми? Амалдаги йилнинг 4 октябрида мамлакат Жогорки Кенгешига бўлиб ўтган сайлов натижалари бу саволга тўла жавоб берди, деб ўйлайман. Сайлов коррупция, порахўрлик, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик асосида ўтгани боис кўпчилик (балки кўпчилик эмасдир, дейди кимдир) томонидан тан олинмади. Сайлов натижалари бекор қилинди. Ўрта Осиёдаги ягона демократия оролидаки, мана шундай нодемократик ишлар юз бериб турса, бошқаларда аҳвол қандай экан, дея бармоғингизни тишласангиз, бешала бармоғингиз ҳам оғрийди…

Ушбу сатрларни ўқиб турганларнинг аксари ўша сайловларда иштирок этган ёки уларни кузатган. Нима қиламиз ийманиб, бизда депутатларни сайловчилар эмас, Пул сайлайди. Кимнинг маблағи кўп, амали катта бўлса, депутатлик курсиси ўшаники… Район марказлари, маҳалла қўмиталари, катта-катта биноларда очилган штабларда тонг саҳардан ҳаёт қайнайди. Биров бошқа бировнинг паспортини кўтариб келаётган, кимдир эса уларни рўйхатга олаётган, яна кимдир эса турли бланкаларни тўлдириб хазиначи—штаб бошлиғининг келишини кутиб ўтирибди. Бу энди сайлов олди “ташвиқот”ларига киради.

Энг қизиғи эса сайлов куни бўлади. Сайлов қутилари жойлаштирилган бино ташқарисида одамлар тўп-тўп бўлиб ёйилиб кетади. Бундай гуруҳлар сайловга бориши кутилган хонадонларнинг остонасигача етиб бориб, кўчага чиққанларга пулнинг учини кўрсатиб, ўзларига торта бошлашади. Магнит фақат темирни тортади. Пул эса ҳамма нарсани…

Мен кўрганларим шундай. Балки кейинги сайловларда телефон, планшет каби замонавий технологиялардан ҳам фойдаланаётган бўлишса, қандини уришсин. Пандини эса ҳар доимгидек, бечора қорапайим тортади…

Хўш, мана шу манзара юқорида келтирганимиз ривоятдан қанчалик фарқ қилади? Яна қайтарамиз: қандини шаробхўр урди. Пандини, яъни, алдовнинг жабрини улуғ зот – халқ емоқда.

Кимлардир эса ҳамма нарсани кўриб, қани бизлар олиб келган демократия ўйинлари (Демократиянинг қанчалар ўйин эканини АҚШдаги Президентлик сайлови намойиш этмадими?) қаергача борар экан дея, мийиғида кулганча, кузатиб турибди. Бошқача айтганда, эртага Конституциявий ислоҳотга овоз беришга ва Президент сайловига борар эканмиз, шу пайтгача йўлимизни тўсиб келган шаробхўр, порахўр, мансабхўр ва яна бошқа кўплаб “хўр”лар қўйган хўракларга қиё боқмай, виждонимиз қаршисига ёруғ юз билан борайлик. Зотан, эртанги кун бугундан бошланади.

 

Холис Назар.

Яндекс.Метрика