“ЎЗ ИШИНГГА МАШҒУЛ БЎЛ!”

Мир Алишер Навоий “Насойимул муҳаббат” асарида тасаввуф валийларидан бўлган Мавлоно Низомуддин Хомуш (қ.с.) ҳақида шундай ривоят келтиради:

“Нафаҳотул унс”да Мавлоно Саъдиддин Кошғарийдан ҳикоят қилинади. Бир кеча тасаввуф аҳлини инкор этувчилардан бири у киши ҳақида ножўя сўзлар айтарди. Мен унинг фикри нотўғри эканини исботлаш учун баҳсга киришдим. Баҳс узоқ чўзилди. Биз ўтирган жой Мавлоно Низомуддин Хомуш манзилидан анча йироқда эди. Эрта тонг ул зот хизматларига борганимда дедилар:

– Кеча сенинг овозинг бизни кўп ташвишга солди. Ҳар киши ҳар не деса, жавоб берма ва ўз ишингга машғул бўл!

Ахборот марказларининг Қирғизистонда кечаётган сайловолди манзараларни акс эттирувчи хабар ва мақолалар билан танишаркан, Навоий бобомиз ўз асарида келтирган юқоридаги ривоятни эсладим.

Бугун Қирғизистон Президентлигига 18 фуқаро ўз номзодини қўйган. Ижтимоий тармоқларда мана шу ўн саккиз одам ҳақида ўн саккиз минг хил фикр ёритилмоқда. Ҳамма ўзим ҳақман, дейди. Улар орасида таниш бир ўзбекнинг имзосига ҳам кўзим тушиб қолди ва унга тепада келтирилган ривоятни келтириб, шу гапни айтсам, дегандим: “Қадрли иним! Бугун шундай замонки, халқ айтганидек, ит эгасини танимайди. Шундай бир пайтда сенинг танловинг, бу – сенинг танловинг! Биров сўрамаса, индама. Сўраганларга эса Жалолиддин Румий ҳақидаги мана бу ривоятни айт: “Сиржиддин Кунявий Мавлоно Румийнинг улуғ замондошларидан эди. Аммо ул зотни хуш кўрмасди. Кунявийнинг олдида Румийнинг бу сўзини айтдилар:

– Мен етмиш уч мазҳаб билан биргамен.

Кунявий ичида Мавлонони ранжитиш ва беҳурмат қилиш истаги пайдо бўлди. Ўз яқинларидан билимли, аммо оғзи шалоқ бир кишини Мавлонога юбориб тайинладики, кўпчилик орасида Румийдан етмиш уч мазҳаб билан бирга эканлиги ҳақида сўра. Агар иқрор бўлса, оғзингга кирган сўз билан сўкиб, беобрў қил. Ул киши келиб, тайинланган гапни сўради. Румий ҳазратлари дедиларким, айтибмен. Келган шунда олдиндан келишилганидек, сўкиб, ҳақорат қилди ва шаллақиликни бошлади. Мавлоно табассум қилиб дедилар:

– Сенинг билан ҳам биргамен!”

Зотан, сен билан менинг бугунги аҳволимиз ўша ривоятларнинг ичидадур. Салом билан:

 Холис Назар”.