ЭЛИМИЗ ЭЛ БЎЛГАН ЗАМОН 23-СУҲБАТ

 

ХХ асрнинг олтмишинчи йиллари ўрталаригача Ўшга бутун Фарғона водийсидан ҳар ёзда зиёратчилар ёпирилиб келар, айниқса, шаҳар ўртасидаги Сулаймон тоғи ҳамда унинг этаклари жуда гавжум бўларди. Бироқ бундан, атрофдан келган саёҳатчилару зиёратчилар Ўшни тавоф қилинадиган жойга айлантирган экан, деган хулосага келмаслик керак. ёшлар ҳамда аёллар тўпланиб, ўйин-кулги ҳам қилишган. Масалан, ҳар баҳорда – тоғнинг жанубий ёнбағрида, асосан, “Бел” деб аталган жойда гуллар очилган ва кўкатлар барқ уриб ўсиб, чаман бўлиб яшнаган кезлари маҳаллалардан чиққан аёллар, гап-гаштакдаги жўралар, йигит-ялангу ўсмирлар тўп-тўп бўлиб давра қуришар, доира ва бошқа созлар чалиб ўйин-кулги қилишар, шомга яқин давра тарқар эди. Салқин ва осуда тоғнинг қайси бир ёнасида якка ўзи ўтирган найчи ҳазин навҳа таратиб, кишиларнинг қалбини ҳаприқтирар эди…

Элимизга хос бўлган, бошқа ҳеч қаердан топилмайдиган бундай беозор ва эзгу одатлар халқнинг эътиқод ва миллий ўзликка қарши қаттол кураш эълон қилинган олтмишинчи йиллардан бошлаб паторат топа бошлади. Ҳолбуки, асл миллийлик нашъу намо топган маҳалда манфур миллатчиликка ҳеч қачон йўл берилмайди. Бунга мисол қилиб олтмишинчи йилларнинг иккинчи яримларида Ўш ва бошқа жойларда уюштириладиган кураш мусобақаларини эслаш мумкин. Алишер Навоий номидаги Ўш маданият ва истироҳат боғининг тўрида амфитеатр шаклида барпо этилган кураш майдони бўлиб, ҳар жума куни намозгар маҳали Фарғона водийсининг талай жойларидан келган меҳмонлар давра олар, шу юртларнинг атанган полвонлари бел олишар эди. Бу давра тобора гавжум бўла борди, унга янги-янги томошалар қўшилди. Чунончи, олишаётган полвонлардан ташқари, кураш даврасининг чор томонида машҳур сўз усталари бири олиб, бири қўйиб аския айтишар, яъни миллийлик ҳадди аълосига етар эди. Давра ўртасидаги полвонларни у ўзбек, бу қирғиз деб биров ажратмас, ҳатто шаҳар биқинидаги ҳарбий қисмдан чиққан ўрис ё гуржи солдатлар ҳам курашга тушишар, одамлар кимнинг билаги зўр бўлса, ўшани олқишлар, ғолиб полвон қўлига соврин сифатида берилган челак томошабинларнинг ҳиммати билан танга ва қоғоз пулларга тўлиб кетар эди. Давра четидаги сўрида ўтирган Ўш театри созандалари эса қадимий халқ кўйларидан машқ бошлашар эди.

Кунботар маҳали яқинлашиб, кураш адоғига етгач, шу жойнинг ўзида дор ўйинлари бошланар, томошабинлар давраси дор кўришга келган хотин-қизлар билан янада гавжумлашар эди…

Ўш, гарчи Марказий Осиёдаги ўзбеклар яшайдиган ҳудуднинг бирмунча четроғи (шарқи)да жойлашган бўлса ҳам, бу жойда халқимизнинг асл миллий жиҳатлари Ўзбекистоннинг анча ичкари ҳудудларидагига қараганда ҳам кўпроқ сақланиб қолган ва яққол сезилиб туради. Савқи табиий равишда бўлсамикин, Ўшликларнинг ўзи ҳам миллий ўзига хосликни сақлашга интилади. Гарчи ХХ аср боши – глобаллашув замони бўлса ҳам, баайни беихтиёр равишда, мана бу суратда кўриб турганингиз каби, ўтмишни эслатувчи ҳаёт лавҳалари намоён бўлади:

 

XXI асрнинг Насриддин Афандиси

 

Тараққий этган техника воситалари, хусусан энг замонавий автоуловлар фонида кўзингизга чалинган бу манзара сизни ўтмишга – масъум болалигингизга қайтаради, гарчи бу талотўп вазиятда бир асрча аввал расм бўлган кийимлар – кўкқарға шойи белбоғини бошига салла қилиб, олача тўн, така этик, оқ ридо кийиб, эшагини қичаб бораётган бу одам сизни бир неча фурсат ностальгия туйғуларига ошно этгани учун унга ташаккурлар айтгингиз келади.

Аммо орадан талай йиллар ўтди. Ўшга Европа миллатига мансуб кишиларнинг кўчиб келиши кучайиб, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларига келиб бу қадим шаҳар шиддат билан ўрислаша бошлади. Ундаги муқаддас қадамжолар таҳқирланди, Ю.Петраш, Ғ.Қосимов сингари ашаддий атеистлар эса ўзларини тузумнинг энг садоқатли “идеолог”лари деб билиб, Ўш ва умуман, Жанубий Қирғизистондаги барча муқаддас қадамжоларни “фош” этиш, мусулмон миллатининг диний ва инсоний туйғуларини оёқости қилиш билан шуғулландилар. Бунда Сулаймон тоғини қоралаш уларнинг энг асосий фаолият йўналишига айланган эди.

Муқаддас тоғимиз “Таҳти Сулаймон” деб улуғланмади, аксинча оёқости қилиниб, қандайдир беписандлик билан ўристахлит тарзда “Сулейманка” деб атала бошлади, ҳатто айрим “маданий” ўзбеклар ҳам бунча мафкуравий ишловдан ўтгач, табаррук Оқбура дарёсини “Акбура” деб талаффуз этиб, унга ахлат ва қурилиш чиқиндиларини ташлайдиган бўлишди ва бу оддий, ҳамма ўрганиб қолган ҳолга айланди. Оқибати ҳам шунга яраша дегандай, бир маҳаллар тўлиб-тошиб, пишқириб оққан суви болдай тотли Оқбура дарёси бугунги кунга келиб, ўртача бир ариқ қатори бўлиб қолди.

 

 

Оқбура дарёси бугунги кунда

Ҳолбуки, бундан юз йилча муқаддам Оқбура дарёси долғали, исёнли, шиддатли ва ҳаётбахш эди, суви эса шоирлар айтганидак, “оби ҳаёт” эди:

Оқбура бундан роса юз йил муқаддам

 

Энди бевосита зиёратгоҳларга тўхталадиган бўлсак, Ўш ва умуман, Жанубий Қирғизистонда уларнинг сони беҳад кўп. Шунингдек, айни зиёратгоҳларнинг шакл-шамойили, тарихийлиги, мақсади ва бошқа жиҳатлари ҳам хилма-хил. Масалан, ислом динига боғлаб азизланадиган зиёратгоҳлар, босмачиларга қарши курашган қаҳрамонларга ўрнатилган ҳайкаллар, тарихий музейлар каби. Биз буларнинг барчасига эмас, фақат диний йўналишга оид бўлган ва кўп асрлардан бери эл томонидан эъзозлаб келинаётган айрим зиёратгоҳлар хусусида қисқача равишда тўхталиб ўтамиз.

Этнограф олимларнинг уқтиришича, шомонийлик дини туркий халқларнинг энг қадимги эътиқодларидан ҳисобланади. Шомонийлик – атрофдаги барча жонли-жонсиз нарсаларни илоҳийлаштиришда, барча нарсаларнинг ўз “эга”си бор деб тасаввур қилишда, кишининг барча хатти-ҳаракатларини кўзга кўринмас инс-жинслар назорат қилади, номаъқул ишлари, эҳтиётсизликлари учун зиён етказади, маъқул юмушлари эса хайрихоҳлик билан қабул қилиниб, кишига омад келтиради, ҳар бир бахтсизлик ва касаллик – инс-жинслар туфайли, деб қарашдан иборат. Бу эътиқодга кўра, тоғларнинг, дарёю кўлларнинг, катта дарахтларнинг, алоҳида ғор ва ўнгурларнинг ҳам ўз “эга”си бор, уларга бағишлаб қурбонлик қилиш эса уларнинг қаҳрини юмшатар эмиш.

Бирон жойда фотиҳа ўқиркан, айрим одамлар беихтиёр равишда, дуоларини “Ер эгаларига, Сув эгаларига” (“Оахшо”ни ёдга олинг) бағишлашади. Ҳолбуки, ислом динида ернинг эгаси (эгалари) бошқа, сувнинг эгаси бошқа эмас, бутун борлиқ бирубор Оллоҳ таолоникидир. Алоҳида ажралиб турган дарахт новдаларига, сув ёқаси ёки йўл бўйидаги айрим буталарга турли рангдаги латта парчаларини ирим қилиб боғлаш, киши ўлганида унинг кийимларини, худди тирик вақтида кийиб юргани каби тартиб билан ёйиб қўйиш ҳам ана шу шомонийлик эътиқодининг қолдиқларидир. Инс-жинслардан сақланиш учун кишилар тумор, қалампирмўнчоқ, ҳар хил “кўздан сақлайдиган” тошлар осиб юришган. Ҳатто ўзбек дўпписига разм солсангиз, унда инс-жинсларни “даф қиладиган” қалампир расми бор, кизагига эса “кўз тегиши”дан сақловчи мўнчоқлар териб қўйилганини кўрасиз.

Мана шу каби ўзига хосликлар Марказий Осиё, жумладан, Жанубий Қирғизистон ҳудудида зиёратгоҳларнинг кўп бўлишига олиб келди. Чунки ҳар бир нарсада илоҳий шарпани сезиб, ундан паноҳ тилайдиган ватандошларимизнинг минг йиллардан бери шаклланиб келган руҳияти ва менталитетида шомонийлик излари анчагина бор ва ҳар бир жой, улар наздида – зиёратгоҳдир.

Шу сабабли, Жанубий Қирғизистоннинг қайси ерига борманг, овлоқ масканларда шохларига латта тугилган дов-дарахтларга кўзингиз тушади, бу дарахт ва буталарни боболаримиз ва момоларимиз эътиқод қўйиб, ихлос қилган илк зиёратгоҳ деб атасак, хато бўлмайди. Латта боғлаш ирими – кийимнинг бир қисмини бағишлаб қурбонлиқ қилишдир. Бундай инончлар шу қадар яшовчанки, ҳатто баъзан Европа миллатига мансуб (масалан, ўрис) сайёҳлар ҳам, беихтиёр хурофотга берилиб, биздаги “табаррук” дов-дарахт ва бута шохларига латта йиртиб боғлашга тушиб кетадилар.

Нега энди кийимнинг бир қисмини? Афтидан, кийим-кечакнинг ўзи ҳам илгари магик кучга эга, деб билинган – у одамни совуқдан, иссиқ уришидан, ваҳший ҳайвон тишидан тортиб, пашша чақишигача – ҳимоя қилган-да. Шунинг учун ҳам элимиз эъзозга, икромга сазовор одамга чопон, кўйлак, қалпоқ, дўппи ва ҳоказо, ҳеч бўлмаганда, бирон кийимлик мато совға қилади; бу удум ҳозир ҳам сийлашнинг алоҳида тури саналади.

Бироқ ирим-сиримларнинг ҳаммасини хурофот қолдиғи, деб баҳолаш ҳам унча тўғри эмас. Уларнинг аксар қисми муайян ижтимоий ҳолатлар, тажрибада кўриб қаноат ҳосил қилиш орқали ҳам келиб чиққан. Чунончи, шоир Ғафур Ғулом ўринли равишда кўрсатиб ўтганидек, супургини тик суяб қўйиш унинг қайрилиб қолиб, ишдан чиқишига сабаб бўлган; шом пайтида уй супурганда тугма, игна, танга ва ҳоказолар кўзга илашмай, супурилиб кетиши туфайли маълум ирим ва тақиқлар пайдо бўлган. Худди шунингдек, айримлар уй долонига от тақасини қоқиб қўйишидан муддао ҳам бу хонадонга ҳамиша от-арава кириб-чиқиб тургани (фаровонлик белгиси), шу сабабли гўё шу остонада от тақаси тушиб қолгани каби атрибутларнинг кўз кўрадиган жойда бўлиши ана ўшандай кунларнинг яна келиши, асло канда бўлмаслигидан умидланиш натижаси, деб ҳам қаралмоғи керак. Яъни бундай ҳолларда хурофот эмас, орзу-тилак рамзи етакчи ўринга чиқади…

Зиёратгоҳларнинг иккинчи тури – тарихан ундан бирмунча кейинроқ пайдо бўлган оташпарастлик билан боғлиқ. Эски оташгоҳлар батамом вайрон бўлиб кетган ҳозирги даврда бу диннинг айрим қолдиқларигина ҳаётимиздан жой олиб турибди. Чунончи, аждодлар мозорига йўқлаб борувчилар яқин-яқинларгача қабрларнинг бош томонига шамчироқ ёқишар эди. Марҳумнинг ҳаққига дуо қилинар экан, унинг “қоронғи гўрини ёруғ қилгин!” деб тилак билдириш зимнида ҳам оташпарастлик излари йўқ эмас. Чунки “ёруғлиқ – эзгулик, зулмат – қабоҳат” экани зардўштийликнинг асосий тушунчасидир.

Ҳозир ҳам ким уйланган ёки фарзанд кўрган бўлса, орадан қирқ кун – чилла ўтгунича уйида чироқ ўчирилмайди ва ҳоказо. Аммо оташпарастлик дини аҳкомлари билан боғлиқ амаллар ҳозирда, бир томондан, шомонийлик, бошқа томондан эса, ислом дини билан боғлиқ ҳолда бажарилади ва ана шу синкретиклик хоссасига кўра, “соф” оташпарастликка оид жиҳатларни ажратиб олиб кўрсатиш мушкул. Шунинг учун ҳам ҳозирда деярли вайронага айланган ва фақат археологик жиҳатдангина аҳамиятли бўлиб қолган оташгоҳлар бир пайтлар, эҳтимолки ислом дини қарор топганидан кейин ҳам, анча даврларга қадар стихияли равишда зиёрат этиб турилган бўлиши тайин. Ўт-оловга сиғиниш, жумладан, олов билан поклашнинг айрим унсурлари ҳатто бугунги кунда ҳам сақланиб қолгани бунга далил бўла олади. Никоҳ тўйида келин келган маҳали олов ёқиш (илгари келин ва куёв олов атрофида уч бор айланиб “пок”лангач, кейин ўзлари учун ажратилган уйга йўл олишган), бемор силаб, уқаланиб, дам солингач, унинг баданига теккизилган қоғоз, латта ва ҳоказоларни ёқиш кабилар шунга киради.

Бу каби ирим-сирим тусидагина сақланиб қолган ва яқин-яқинларгача бахши аёллар чилдирма чалиб инс-жинслар билан “мулоқот” қилган хурофий амаллар қадимда махсус маросим тарзида, ўша динларнинг пешволари томонидан тантанали ва сирли-сеҳрли тарзда ўтказилган. Булар қадимги динларнинг ҳозирда айрим ёши катталаргина элас-элас эслайдиган рудиментлари бўлиб, уларга оид бино ва моддий ашёлар сақланиб қолмагани учун фақат ирим ҳолидагина мавжуд.

Аммо баъзи ирим-сиримлар анча яшовчан келади. Чунончи, ислом дини барқарор бўлган ҳозирги кунларда ҳам Марказий Осиё халқлари орасида оташпарастликдан ўтиб келган ва ислом билан ғалати тарзда уйғунлашиб кетган тандир қуришдаги бир ўзига хосликка диққатингизни қаратсак. Гап шундаки, оналаримиз “қиблага тескари қараб ўт ёқиб бўлмайди”, деб уқтиришади ва шунга мувофиқ, тандирнинг оғзини ҳам қибла томонга қаратиб қурмасликни тайинлашади. Чунки бу ҳолда тандирга олов ёқаётган одам қиблага орти билан туриб қолган бўлади-да. Қаранг, олов – ўтпарастлар учун муқаддас, қибла – мусулмонлар учун муқаддас, яъни икки динга хос қадрият ўзаро қоришиқ ҳолда қўлланяпти.

Табиийки, бутун Марказий Осиёда ислом динига оид бино ва иншоотлар барча зиёратгоҳларнинг энг асосий қисмини ташкил этади. Жумладан, бундай жойлар Жанубий Қирғизистоннинг деярли ҳамма туманларида мавжуд бўлиб, баъзиларига, машҳурлиги туфайли, теварак-атрофдан зиёратчилар ёғилиб келиб турса, айримлари бир-икки қишлоқ доирасида танилган, холос.

Қўлимизда исломий зиёратгоҳлар рўйхати, уларнинг таснифи, қаерда жойлашганлиги ва ҳоказолар ҳақида хабар берувчи манба йўқлиги ва умуман, ана шундай бирон маълумотнома мавжуд эканлигини ҳам билмаганимиз сабабли, бу ўринда айрим машҳур зиёратгоҳлар ҳақида қисқача равишда тўхталиш билан кифояланамиз.

Аввало шуни айтиш керакки, ҳар бир мусулмон қабристони – ўз ҳолича, бир зиёратгоҳдир. Чунки мозорларга одамлар, аввало, марҳумлар арвоҳини йўқлаш, уларга атаб фотиҳа ўқиш ниятида, шунингдек, турмуш ташвишлари билан ўралашиб, оламдан ўтган яқинларини бир қадар унутаёзган пайтлари яна ўтмиш кунларини эслаш, дунёнинг ўткинчилигини чуқурроқ англаш, ибрат олиш мақсадида боради. Шу маънода, мозор борки, йўқланади, зиёрат қилинади.

Азиз дўстлар!

 Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.

 

Яндекс.Метрика