ЯНГИНОВҚАТЛИК…♫

Зоҳиджон Рўзалиев 1965 йилда Ўш вилояти Новқат туманининг Янгиновқат қишлоғида туғилган. Шу тумандаги Пушкин номли ўрта мактабда таълим олгач, Марғилон режа-иқтисодиёт техникумига ўқишга кириб, уни тамомлади.
1985 йили илк шеъри вилоят “Ленин йўли” (“Ўш садоси”) газетасида босилиб чиқди. Зоҳиджон Рўзалиевнинг ижод намуналари “Ўш садоси”, “Илҳом”, “Суҳбатдош” газеталари ҳамда Ўзбекистоннинг “Дўстлик байроғи”, “Ҳамроҳ” газеталари саҳифаларидан мунтазам ўрин олиб келмоқда.

 

БИРИНЧИ МУҲАББАТИМ.

(А.Орипов шеърига назира)

Муҳаббатнинг армони юрагимни ёқса ҳам,

Кўзларимдан гоҳида хижрон ёши оқса ҳам,

Қўлларинга мен эмас, ўзга узук тақса ҳам,

Мен сенга бахт тилайман, биринчи муҳаббатим,

Бошқа нима қилай ман, биринчи муҳаббатим.

 

Дунё деган гул эмас, дунё деган пул экан,

Билсам, азалдан қисмат битилгани шул экан.

Ўрта жойда ўртанган бечора кўнгил экан.

Кўнглинг доим шод бўлсин, биринчи муҳаббатим,

Турмушинг обод бўлсин, биринчи муҳаббатим.

 

Ўтди ёшлик.

Дилларда тинди севги бўрони,

Иккимиз ўзимизча англаб етдик дунёни,

Лек баъзида қийнаркан илк муҳаббат армони.

Мен деб қийналсанг узр, биринчи муҳаббатим.

Тақдир дегани шудир, биринчи муҳаббатим.

 

Йўлин йўқотса одам, йўлдош излаб қоларкан,

Зулмат босса дилини, қуёш излаб қоларкан,

Излаганин топмаса, кўз ёш излаб қоларкан.

Сен кўзёш изламагин, биринчи мухаббатим,

Фарёдлаб бўзламагин, биринчи муҳаббатим.

 

Холбуки, айрилиқдан куйиб кул бўлганим йўқ,

Султон ҳам бўлганим йўқ ва ё қул бўлганим йўқ,

Кимнингдир ëридурман – шукур, тул бўлганим йўк,

Аммо сени эслайман, биринчи муҳаббатим,

Босган изинг излайман, биринчи муҳаббатим.

 

Нидо берма, бас, ярам тирналмасин қайтадан,

Мени кутсанг мабодо, қиёмат кун қайтаман.

То унгача исмингни шеърларимда айтаман…

Зоҳидни куйдирдинг-а, биринчи муҳаббатим.

Бошқани суйдирдинг-а, биринчи муҳаббатим

*****

ЎЗИНГДАН ЎЗГАСИ ЁЛҒОН

Бу дунё гўзал деб айтсалар, ёлғон

Учиб кетган қушлар қайтсалар, ёлғон.

Ҳаммаси ёлғондир, шу қадар ёлғон,

Ўзингдан ўзгаси ёлғондир, эгам.

 

Бу юксак тоғларнинг мағрурлигига,

Қўр тўккан боғларнинг сурурлигига,

Ишонмам эрларнинг ғурурлигига,

Ўзингдан ўзгаси ёлғондир, эгам.

 

Мен билдим – гулларнинг ёлғон вафоси

Ёлғондир бул-булни қилган навоси

Хаттоки сохта дил тўккан зиёси

Ўзингдан ўзгаси ёлғондир, эгам.

 

Ўзингдан ўзганинг дўстлиги ёлғон

Қувонч дегани ҳам ёлғон у армон.

Олам ҳам оламмас, ёпилиқ қозон

Ўзингдан ўзгаси ёлғондир, эгам.

 

Чорлагин қошинга, ҳаққа етайин

Аламли юракни тилка этайин.

Бу ёлғон дунёдан мангу кетайин,

Ўзингдан ўзгага талпинсам ёлғон

****

ҚАЛДИРҒОЧИМ

Пешайвоним пештоқида маржон эдинг,

Дилим сархуш айлагувчи майжон эдинг,

Ceн танамни бир бўлаги, бир жон эдинг,

Танамдан жой очиб кетдинг, қалдирғочим,

Хайрлашмай учиб кетдинг, қалдирғочим.

 

Ҳаёт мени қийнаганда тиғсиз сўйиб,

Ғанимларим олганида кўксим ўйиб,

Сенга ҳасрат қилар эдим тўйиб-тўйиб,

Ҳасратимдан кочиб кетдинг, қалдирғочим,

Хайрлашмай учиб кетдинг, қалдирғочим.

 

Пешайвоним пештоқи бўш қолар энди,

Юрагимга армон чангал солар энди,

Сени манмас, ёт бағрига олар энди

Наҳот мендан кечиб кетдинг, қалдирғочим,

Хайрлашмай учиб кетдинг, қалдирғочим.

 

Сенга наҳот куз баҳона бўлган бўлса,

Менга қўйган меҳр гулинг сўлган бўлса,

Ёки, кутиб сабр косанг тўлган бўлса…

Шу жумбоқни ечиб кетгин, қалдирғочим,

Хайрлашиб учиб кетгин, калдирғочим.

 

Сен кетган сўнг мен армонда куйиб қолмай,

Юрагимда хижрон доғин туйиб қолмай,

Вафоси йўқ қузғунларни суйиб қолмай,

Бор сирингни очиб кетгин, қалдирғочим,

Хайрлашиб учиб кетгин, қалдирғочим.

****

ҚАЛДИРҒОЧГА НИДО

Олис осмонларда учиб яшайман,

Оппоқ орзуларни қучиб яшайман.

Бу рўё заминдан қочиб яшайман,

Мени қанотингга яшир, қалдирғоч.

 

Бу ҳиссиз дунёда хор қилиб қўйма,

Бир томчи меҳрга зор қилиб қўйма.

Қора қузғунларгаёр қилиб қўйма,

Мени қанотингга яшир, қалдирғоч.

 

Дўст деб билганларим ғанимлик қилар,

Гул деб тутганларим тикандек тилар.

Мени битта сен-у бир худо билар,

Мени қанотингга яшир қалдирғоч.

 

Кулиб яшайману қалбим кулмайди,

Девона кўнглим ҳеч ким билмайди.

Тезроқ яширмасанг энди бўлмайди,

Мени қанотингга яшир, қалдирғоч.

 

Умр ўтаётир кўзда ёшлар-ла,

Устимда маломат деган тошлар-ла.

Хўрлатиб қўймасдан бағри тошларга,

Мени қанотинга яширг, қалдирғоч.

****

АРМОНЛИ ДУНЁ

Вужудимни кемирди алам,

Кўзларимга чўкиб қолди ғам.

Дўст топмадим дунë кезсам ҳам,

Энди кўксим тилгим келади,

Тарки дунё қилгим келади.

 

Чўксам, чилвир ташловчи зот йўқ,

Чин манзилга бошловчи зот йўқ.

Тилларим гунг, бўғзимда дод йўқ,

Дод-дод дея ўлгим келади…

Ҳаққа ошно бўлгим келади.

 

Мен дунёга кулиблар боқсам,

Дунё мени ўтларга ёқса.

Дил ёшларим сел бўлиб оқса,

Ғамларимни ювгим келади,

Кўзларимни юмгим келади.

 

Алам ёшим бўлса-да дарё,

Дилга таскин топмадим асло

Чорла мени, эй қодир худо,

Осмонингга учгим келади,

Оймомони қучгим келади.

Яндекс.Метрика