Турсуналиев Муҳаммадюсуб Абдуқундузович. (Муҳаммад Юсуб) 1965 йил 1 июнда Ўш вилояти Новқат тумани Янгиновқат қишлоғи, Тошқўрғон маҳалласида туғилган. 1982 йил мактабни битиргач, қишлоғидаги «Маданият» колхозида ишлаган. 1986 йилдан Ўшдаги “Илҳом” клубининг аъзоси. Шеърлари “Ленин йўли” (ҳозирги Ўш садоси) вилоят газетасида чоп этилган.
СУВРАТИНГ
-1-
Сувратинг кўксимни ўйиб тилкалар,
Жонсиз. Сақлар сукут, инграйди юрак.
Нигоҳимдан бўйи-бастинг сирпанар,
Жонсиз сувратинг ҳам кузатар зийрак.
Сочларинг шарпаси… Тун. Уйқудасан.
Тушларингда яна безовта этгум.
Рухинг қаршимдадур, шул туйғудаман.
Сукунат! Сен инон, бағрингни ёргум.
Лабларинг пичирлар исмимни, бирдан –
Сўзга кирар танҳо соқов сукунат…
Огоҳдир юрагим ғаройиб сирдан,
Сенингдек қаршимда жилмаяр суврат.
* * *
Жонландинг. Кўзларинг ахтарар мени…
Хаёлингни асир қилолди номим.
Эҳтирос қамради. Қамради нени?
Қовушдик, ҳаёллар бирлашди жоним.
Энди биз мухаббат қошида жиммиз,
Юраклар сўзлашар ботиний меҳр-ла.
Сувратинг ва мен. Сўзлашар сўнгсиз –
Бизларни илоҳий куч билан сеҳрлаб.
* * *
Хаёл. Бир умрлик лаззатбахш ҳаёл.
Қовушган юраклар ишқнинг измида.
Бокира туйғуга айланди аёл
Ва дунё жаранглаб кетди исмидан.
****
МАШРАБ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Бир боқиб қўйгин ларзоналарга,
Тинчи бузилган сўзоналарга.
Интизор этмай ризвоналарга,
Кўрсат жамолинг мастоналарга,
Ишқингда куйган парвоналарга.
Илғаб сендин ажиб бир ишорат,
Лабим пичирлар илоҳий оят.
Дилим талпинар, вужудим тоқат.
Мендин дуодир, сендин ижобат,
Жоним тасаддуқ жононаларга.
Зулматда қолдим, разм айламайсан,
Оҳим етса ҳам назм айламайсан.
Васлинг истар қул, базм айламайсан.
Эй, кўнгли қаттиғ раҳм айламайсан,
Қилгил наззора бечораларга.
Эй чарх, уммати Ахмад қил охир,
Рухи равоним раҳмат қил охир.
Хижрон ўтига нафрат қил охир.
Куйган ғарибман, шафқат қил охир,
Кўйингда юрган девоналарга.
Ҳар неки ситам чекиб замондин,
Кечмагил Юсуб, қалбу имондин.
Бир лутф кўрмагач моҳи тобондин,
Машраб сени деб кечди жахондин,
Бошини қўйди остоналарга.
****
БАХТ ЭЛЧИСИ
Қўй, ахтарма бахтни йироқдан,
У кўзларинг, дилбар.
Сен излаган сирли гулбоғда
Фарёд чекар зафарон барглар.
Вужудингни қамраган титроқ
Сен қўмсаган туйғудан эмас.
Юрагингни остида қувноқ –
Бахт элчиси олябди нафас.
****
РОМАНС
Паризодим, бериб таскин
Юрагимни эзма, баски
Бахт телба эмас.
Сочларингни дайди шамол
Тортқилаб ўйнаса хиёл,
Бўйин эгма мисли ниҳол
Шамоллар сени севмас
Бахт телба эмас.
Бирга талпиниб бетўхтов
Қирғоғидан сапчиса сув,
Этмагин хавас.
Дарё тубига боқма
Бахт тўла қадаҳ йироқда.
Ўзингни асраб қирғоқда
Сен эркинроқ ол нафас
Бахт телба эмас.
Хиёнат домига мудом
Юрак талпинса, дилором
Малҳам керакмас.
Умрингни қовурса хижрон
Оташда қолган азиз жон-
Паризодим юрма пинҳон
Юрагимдан ол қасос
Бахт телба эмас.
****
ЁЛҒИЗЛИК.
Ёлғизлик – изтироб тўла сукунат,
Бақирсанг овозинг бехуда дайдир.
Терс қараб ўтади хатто мухаббат,
Қалбинг эса дардкаш ёрни қўмсайди.
Дўстларинг нақадар кўп атрофингда,
Лекин уларга шод кунларинг керак.
Тўпланар аламлар қалб уммонида,
Исканжада титрар садпора юрак.
Қачондир келиб бу уммон тўлади,
Қаддингни эгади тобора пастроқ.
Сенинг мағрур юрган руҳинг қулайди
Беисён жонингни титратиб ингроқ.
****
ХАСАД
Имкониятинг кенг, бекам шароит
Ва суянмоқ учун суянчиғинг бор.
Лекин тўймас кўзинг берар халақит
Инсоний ҳислатни этишиб абгор.
Одамлар ишончин қозонса кимдир,
Хасаддан кўзларинг чекади фарёд.
Қудратинг сохта-да, қалбинг ўртанар
Ўзгалар яратса оддий кашфиёт.
****
ВИСОЛ
Қаро сочинг тунни боғлайди –
Зиёларни севмас жодугар.
Либосига ўраб боғларни
Этагидан хазонлар тўкар.
Огоҳ этиб мени хазонлар
Шитирлайди оёқларимга.
Тунда бўса нархи арзонлар,
Лаб пичирлар ёноқларимда.
Вақт тўхтаган. Атрофда сукут.
Бирлашдик биз, яхлит қовурғам.
Қуёш, бизни бир лаҳза унут –
Унут сен ҳам қайғу ва алам!
****
САБАБИН АЙТАЙ.
Сўкинсам, дарғазаб бўлган халойиқ,
Не сабабдан, кимни сўкдим, билмайсиз.
Ахир «пирт» этади эзилса майиз,
Асабин бузсангиз бўкирар айиқ.
Бир лаҳза гувранманг – сабабин айтай.
Мен сўкдим кўксимдаги бир бедавони!
Сўкдим, аямасдан қайта ва қайта.
Сўкишимнинг бўлур ҳали давоми.
Туйқусдан сўкиндим – тан олиш керак,
Ўша онда танам бўлди мисли чўғ:
Хиёнат домига талпинса юрак,
Мен уни сўкишга наҳот ҳаққим йўқ?
БИР КУНИ…
Асли ажиб эди бу одам,
Ёниқ турса эртароқ чироқ:
Ўчирарди, ёнмасин бу дам
Бекор бўлмас исроф деб, бироқ –
Қўрқадирман бир кун келиб у,
Кўк тоқига қўйволиб нарвон
Чарчамасин деб қуёшни ҳам
Ўчирмаса эди нотавон.
****
СОНЕТ (Бетховенга)
Сукунат қаърига шўнғийди олам,
Таралса ингроқлаб рояль навоси.
Сокинлик домида чекмоқда алам –
Қафасга сиғмаган юрак нидоси.
Ахтарар шодёна инсон овозин –
Денгиз узра маъюс кўзлар мўлтираб.
Уфққа бош қўйябди қуёш ҳам титраб
Сўнг бор тинглаб ноёб даҳо видосин.
Қийноқлардан этиб бутунлай халос –
Фарёд чекаётган оҳанг ларзаси
Парчалаб ташлади зулмат пардасин.
Отилди исёнкор ҳайқириқ бехос…
Яшамоқ шу бўлса бесас, бас етар,
Бетховен наволар бағрида кетар.
****
СОНЕТ
Ўстирдинг кўнгилда севги ғунчасин.
Бўронларга бардош берганча яккаш.
Наводек кезади ишқ тушунчаси,
Ғунчага парвона бўлиб жафокаш.
Ғамгин юрагингни қамраган оташ,
Чанқоқ саҳро каби бўласан интиқ.
Бу ҳаёт туюлар сенга кўп қизиқ,
Ҳаётки шиддатли кечгувчи кураш.
Юрасан бетиним ором билмасдан,
Сохта туйғуларни писанд қилмасдан
Ишқ қасри сўқмоғин кимдир айтгандек.
Ловуллаган ҳислар сўнади аста.
Вужудинг қийналиб бўласан хаста –
Бетуйғу кунларинг гўё қайтган
СОНЕТ.
Оқ ранг пахта эмас, йўқ, қуллик.
Яшил рангдир эркнинг чопари –
Олиб борар озодлик сари,
Қора ранг – бу ўта мавҳумлик.
Мовийликнинг олис садоси
Хотиротга айланар пинҳон.
Кўк либосда келмайди хижрон,
Муътеликнинг шу ибтидоси.
Пуштиранг оҳ, ёрнинг сийнаси…
Тасвирига ожиздир қалам.
Худо берган умрни борича
Яша яраб элнинг корига.
Келаётса гуркираб кўклам
Сиёсатлар нечун қийнасин.
* * *
Нечун куйламассан хушовоз ҳофиз?
Қалблар туғёнлансин Ҳақни куйлагин.
Тарк этма дилрабо қўшиқни ҳаргиз,
Қувонч улаш, шодлик бахтни куйлагин.
Бу фано дунёда адашганлар кўп,
Ғофил банда мол-мулк талашганлар кўп.
Риё чохига ўт қалашганлар кўп,
Бақо дунёда бор тахтни куйлагин.
Ҳаққа интилгайдир қалб кўзи борлар,
Адолат дер, айтар бир сўзи борлар.
Юракда сақламас кек ўзи борлар,
Иймони баркамол шахсни куйлагин.
Ўксима ҳайф этдим дея овозни,
Машраб ҳам куйлаган этиб ишқ розни.
Ҳаққа этиб даъват қўлга ол созни,
Бизларга ғанимат вақтни куйлагин.
КУЙГАН КЎНГИЛ ФАРЁДИ.
-1-
Эшигингдан йигит бошим хам бўлиб,
Қайтиб келдим ичу-ташим ғам бўлиб.
Қола бердинг гирён кўзинг нам бўлиб.
Куйган кўнгил ором истар, нетгайман,
Саҳобани дилга жойлаб кетгайман.
Кўзларингга сиққан аламли дунё,
Юрагинг тошмасин бу ғамли дунё.
Йиғлама, чора йўқ, бир камли дунё.
Куйган кўнгил ором истар, нетгайман,
Саҳобани дилга жойлаб кетгайман.
Қисматингга ўзга ёр чироқ ёқар,
Янгалар эшикни гоҳ зичроқ ёпар.
Қирмизи юзинг, эй- воҳ, оппоқ ётар.
Куйган кўнгил ором истар, нетгайман,
Саҳобани дилга жойлаб кетгайман.
Кўзинг очиб унут «Дард»ли йигитни,
Жуфти ҳалолисан гардли йигитни.
Эъзозлагин энди мардли йигитни.
Куйган кўнгил ором истар, нетгайман,
Саҳобани дилга жойлаб кетгайман.
-2-
Сен севган ўриклар оппоқ гуллади,
Ёдга солди сени ўрик гуллари.
Энди маҳзун кечар менинг тунларим.
Ялдо кечаларнинг гўзал малаги,
Орзуларни армон бўлган чечаги.
Унутиб бўлурми қалб махзанин хеч,
Йилларга татирлик ул лаҳзани хеч.
Айро этма энди ишқ маҳрамим хеч.
Ялдо кечаларнинг гўзал малаги,
Орзуларнинг армон бўлган чечаги.
Ортингдан нидолар этдим телбавор,
Аламли оҳларим етдими бир бор?
Юрагинг туғёнда чеҳранг фусункор
Ялдо кечаларнинг гўзал малаги,
Орзуларнинг армон бўлган чечаги.
Афсус чекма жоним, тақдир азалдир,
Дорулбақода ишқ бизга асалдир.
Куйган юракларга малхам ғазалдир.
Ялдо кечаларнинг гўзал малаги,
Орзуларнинг армон бўлган чечаги.