“Алишер Навоий институти” сайтининг муҳтарам мухлисларини бугун “Адабиёт хиёбони” рукнининг навбатдаги меҳмони, лайлаклик истеъдод эгаси Илаш Тўйчи ижоди билан таништирамиз.
Илаш Тўйчи 1949 йил 20 февралда Лайлак райони Чурвак қишлоғида туғилган. Олий маълумотли ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси. Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Қурбонали Собиров номидаги адабий мукофот соҳиби, ўзбек ва қирғиз тилларидаги ўнлаб китоблар соҳиби. Ёшлар таълим-тарбияси учун 40 йил жонкуярлик билан меҳнат қилган.
– Илаш оға, агар мумкин бўлса, ижодкор шахси ҳақида суҳбатлашсак. “Ёмоннинг яхши боласи бўлгунча, яхшининг ёмон боласи бўл”, “Қазисан-қартасан, асл зотингга тортасан” деган мақоллари бор. Булар шахсият камолида авлод, оиланинг муҳим ўрнига ишора қилади. Ижодкор шахс сифатида камол топишингизда бу омил ўрни ҳақида нималар дея оласиз?
– Чорбоғ ўзи кичкина қишлоқ бўлса ҳам катта тарихи туфайли шуҳрат қозонган. Уни машҳур қилган улуғ инсонлари жуда кўп. Боболарим полвон ва шоир ўтганлар. Тўхтамат акамни кўп эслайман. Нафақат биз ини-сингиллар, бошқа кўп кишиларга ҳам оталик қилган, ночорларга Душанбе, Тошкент, Бешкек, Ўш шаҳарларидан уйлар олиб берган. Унинг ҳомийлигида 15 нафар кишилар ҳаж сафарини адо этган. Чорбоғ қишлоғи йўлини, мозорини таъмирлаш ҳам акамнинг ҳиммат-саховати самараси ҳисобланади.
70-йиллар Арқа чўлларини ўзлаштириш бошланиши билан чорбоғликлардан катта қисми, бизнинг хонадонимиз аҳли ҳам унга кўчиб келиб қўним топган. Шундан буён она қишлоғимни соғиниб яшайман, уни тушларимда кўраман. Қачон борсам, Қўрғонча маҳалласидаги ҳовлимизда соатлар хаёл суриб ўтираман, кесилган тераклари отамни-онамни эслатади, ярамни янгилайди, боладай йиғлаб юракни бўшатиб оламан. Қишлоқ кўчаларида танҳо кезаман, минг йиллик чинорлари, булоқлари билан жимгина суҳбатлашиб ҳузур топаман, кунгил равшан тортади.
Булар ҳақида тўхталганим боиси шундаки, киндик қонинг томган тупроқ, қондошу қадрдонлар бўлмаса, ижодкор шахс сифатида шаклланиши содир бўлмайди, деб ўйлайман. Томиримда Эшмағат полвон, Бойназар сазончи боболарим қони оқиб турибди дейману, уларнинг муносиб давомчиси бўлдимми деган саволга аниқ жавоб беришга, гапнинг рости, қийналаман.
– Худди шу тўғрида савол бермоқчи эдим. Сизни Илаш полвон, Илаш муаллим, Илаш шоир дейдилар. Ёшликда машҳур полвонлар Турдиали полвон, Абдураҳмон полвон, Аъзам полвон ва Абдуали полвонлар каби бир қаторда оғизга тушгансиз. Бир қўрга тушганингиз билан 22 нафар рақибни енгган экансиз. Шундан кейин бирданига кураш майдонини бутунлай тарк этганингиз сабаби нимада?
– Полвонликнинг ҳам ўзига яраша жунуни бўлади, чамаси. Ўша жунун кўтармаса, бир тушганда 22 нафар рақиб устидан ғолиб келиш амри маҳол. Баъзан бир рақиб билан олишиб бўлгунча одамнинг мадори бутунлай қуриб қолади. Ўшандан кейин касал бўлиб анча ётиб қолдим. Онам раҳматли кураш тушишимга кейин розилик бермади: “Полвон бўлсанг, Бойназар сазончи бобонг изидан бор, сўз майдонида полвонлик курашдан ҳам қийинроқ”.
Хўжанд пединститути ўзбек филологияси факультетидаОхунжон Абдуназаров, Эргашали Шодиев, Ҳомиджон Мамадов каби чинакам улуғ устозлардан сабоқ олдим. Ўрта мактабларда қирқ йил ўқитувчилик қилдим. Ҳар гал дарсга киришда ўзимни устозлар олдида имтиҳон топшираётгандай ҳис этганман. Ҳар гал ўкувчиларнинг ҳайратли назарларини кўз олдимга келтирсам, ўша қирқ йилни умримнинг мазмунли қисмига қўшгим келади.
¬
– Илаш полвон, Илаш муаллимга бироз бўлса ҳам шарҳ бердингиз. Олдинги иккита сифатни камситмаган ҳолда, менга қолса, бу атамаларнинг учинчисини биринчи ўринга қўйган бўлардим. Негаки, ижодга меҳр бутун ҳаётингиздан қизил ип бўлиб ўтгандай. Ўқитувчилик ҳам, полвонлик ҳам энди ўтмишга айланган, лекин қалам билан ошнолигингиз умрбоқий, менинг назаримда, то ҳаёт экансиз, ҳаргиз ўтмишга айланмайди, шундай эмасми?
– Биринчи шеърим “Олға” туман газетасида чиққанида, ўн икки ёшда эдим. Бу ҳол адабиётга бўлган ҳавасимни муҳаббатга айлантиргани чин.
– Қаламга ошнолик туфайли кўплаган тўпламларингиз нашрдан чиққан, қўлма-қўл бўлиб кетган, ўнлаб шеърларингизга ҳофизлар куй басталаган, улуғларнинг назарига тушгансиз. Қўлёзма ҳолида турган, ҳали ҳеч ким ўқимаган шеърларингиз ҳам кўп бўлса керак. Ижод йўли осмонида сўнмас юлдуз бўлиб порлаган, сиз учун ибрат ва намуна бўлган ёзувчи ва шоирлар, ижодий мактабларингиз ҳақида сўзласангиз?
¬¬
– Бажонидил. Ижодкор шоир, ёзувчи, рассом, бастакорми, ким бўлмасин яхшилик ва эзгулик ҳақидаги тасаввурларни тарғиб қилиш, шакллантириш, чуқурлаштириш, кенгайтириш учун масъул деб биламан. У ўз истеъдод ва маҳоратини ишга солиб, меҳру муҳаббат, садоқат, одамийликни тараннум этади. Яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги фарққа, зиддиятга эътиборни қаратади. Буни ким қай даражада ижро этиши эса кўп жиҳатдан ўша сиз айтган шахсиятга, унинг туғма ва тарбия билан таркиб топган характер-хусусиятларига боғлиқ бўлади. Шеърларини манзуру маъқул, мақбул кўрган мухлис шоир шахсиятидан хабар топгач, тарвузи қўлтиғидан тушиб кетади, ихлоси оташи сўнади. Ёки аксинча, шоир шахсидан хабар топгандан кейин унинг шеъриятига бўлган меҳру муҳаббати янада зиёда бўлиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас. Афсуски, сизу биз билган адабий муҳитда биринчисига мисоллар кўп, уларни айтсам, балога қоламан. Ўзингиз ҳам биласиз. Лекин иккинчисига эса мисоллар жуда кам.
– Илаш оға, кўпни қўйинг, озу сози тўғрисида гаплашганга нима етсин.
– Тўғри. Шахсияти буюк бўлмаган инсонлардан улуғ ёзувчи, шоирлар чиқмайди. Чиқса ҳам, уларнинг шон-шуҳрат, эътибор ва эътирофи сохта бўлади. Шахсияти ва ижоди бир-бирининг узвий давоми, бир-бирини тўлдирган ижодкорлар ҳақида гап кетганда ҳаммадан олдин Абдулла Қодирийни мисол келтиришни истайман. Абдулла Қодирийни, у ҳақидаги ёзмаларни қайта-қайта ўқийман. Қалам масъулияти ва ижод ўрнини у давлат ва сиёсат, макону замондан юқори деб билган. Замонида туриб замонларни кўргани учун “Ўтган кунлар”и ўтган кунларга айланмаган. Қалам соҳиби ҳар қандай шароитда ҳақиқат ва адолат байроқдори бўлмас экан, унинг ёзмалари ўз замонидаёқ эскиради, эътибордан қолади. Абдулла Қодирийнинг ашаддий мухлисиман. Бундан йигирма йиллар олдин ёзувчининг ҳовлисида бўлган кунга умримнинг энг ёруғ бўлаги сифатида қарайман. Шоира Ҳалима Ахмедова билан кириб борганимизда, ёзувчининг набиралари Бобиршох, Хондамирлар илиқ кутиб олдилар. Ота-бола Абдулла ва Ҳабибулла Қодирийлар ҳақида ажойиб суҳбат бўлди. Ёзувчи барпо қилган, табаррук излари қолган боғ сайри мен учун кутилмаган мукофот бўлди. Улуғ адиб ўтириб ижод қилган шийпонда чўзилиб, бир неча лаҳза кўзларни юмар эканман, ишонсангиз агар, ўзимни осмонларда учиб юргандай ҳис этганман.
Шундан кейин қайтиб келиб, Абдулла Қодирий адабий мероси ва унинг ҳақидаги асарлари қайтадан ўқишдан бошқача завқу ҳузур топганман. Ёзувчи шахси ва ижоди уйғунлиги ёрқин тимсоли деб Абдулла Қодирийни биламан.
Қудратли шахс айни пайтда қудратли ёзувчи эканини Чингиз Айтматовда кўрганман. Йўқ, ёзувчи билан шахсан учрашиб гаплашмаганман, лекин унинг қайси асарини ўқисам, саҳифаларда унинг синчков назарини кўргандай бўламан. Маъсум бола эканида кўрган хўрлигу зорликлари, “халқ душмани”нинг фарзанди сифатида шахсга сиғиниш йилларида чеккан азобу машаққатлари кўз олдимдан нари кетмайди. Бу мавзудаги машғулот пайтида шунчалик берилиб кетибманки, юзларимни кўзлар ёши юваётганини сезмаганман, ўқувчилар ҳам ўзларини тия олмаганлар.
Кучли шахсият ҳақида ўйлаганда, Исҳоқ Раззоқовни мисол келтиришни истайман.
– Бу инсон тўғрисида ёзган “Эл ўғли” китобингиз “Ўш садоси” газетасининг бир неча сонида берилди, газетхонлар уни яхши кутиб олдилар. Раззоқов билан учрашганмисиз?
– Ўрни келганда, ёзганларимга қизиқиш ва эътибор зоҳир этганлари учун бу газета жамоасига миннатдорчилик билдираман. Исҳоқ Раззоқовнинг самарали фаолияти йилларида мен ҳали туғилмаган эдим. Оламдан ўтганида институт талабаси эдим. Лекин меҳру муҳаббат макон ва замонни инкор эта олиши бор гап. Валий шоир Аҳмад Яссавий “Ҳикматлар”ида кўп марталаб пири сифатида Арслон бобони келтирган. Ғойибона бундай эътиқод ва эътиборга сазовор бўлганларни улвий устод ёки пир деганлар. Мен учун Абдулла Қодирий, Чингиз Айтматов, Исҳоқ Раззоқовлар ҳам шундай.
Раззоқов ҳаёти ва фаолиятини ҳар қандай замондошидан кўра чуқурроқ ўрганганман десам, муболағага қўшмайсиз. Саксон йиллиги, тўқсон йиллиги, юз йиллиги муносабати билан аввал унинг туғилиб-ўсган жойлари Хуросон ва Қулундида, кейин Исфана, Ўш, Бишкекдаги тантаналар, халқаро симпозиумларнинг гувоҳиман. Сўзга чиқиб, бағишловлар тақдим этишни ҳамон ўзим учун ноёб омад деб биламан. Ўхшашликни кўрингки у ҳам 7 ёшли бола пайтида ота-онадан айрилган, хорлик, зорликларни кўп кўрган. Ўзимча ўйлайман, ҳақиқат ва адолатга ишончу эътиқоди мустаҳкам бўлмаганда, сиёсат майдонидаги адолатсиз ўйинлар, таҳқиру тазъйиқу камситишлар уни осонгина синдириб ташлаган бўларди. Ғарибликда ўлган бўлса ҳам келажакка, элу юрт ишига фидойилик охир-оқибат қадрланишига буюк ишончи сўнмагани кишининг ҳавасини келтиради. Бугун миллатчиликнинг турли даражадаги кўринишлари собиқ Иттифоқнинг барча бурчакларида авжига чиққанини кўриб, Исҳоқ Раззоқов каби байналмилалчилар камёб экани ҳақида ўйлаб қоласиз. У Қирғизистонда туғилди, болалиги ва ўсмирлиги Тожикистоннинг Хўжандида ўтган бўлса, Ўзбекистонда турли, масъул партия ва давлат вазифаларда катта ҳаёт синовидан ўтди. Қирғизистон КП МК биринчи котиби бўлган пайтида етук раҳбар кадр сифатида шаклланиб бўлганди. Фикримча, худди ана шу униб-ўсган муҳити бўлмаганда, байналмилалчилик сифати унда камол топиши амри маҳол эди. Турли миллат кишиларининг эътирофи, ҳурматини топгани ҳам шундан. Худди шунга кўра ҳамон раззоқовшуносликка содиқман, Худо насиб этса, бу эл ўғли ҳаётининг Москва, Ўзбекистон ва Тожикистон билан боғлиқ бўлагини чуқурроқ ўрганиб, алоҳида асар яратмоқчиман.
– Қаламкашнинг шаклланишида адабий муҳитнинг аҳамияти нечоғли муҳим деб ҳисоблайсиз?
– Бу тўғрида йўл-йўлакай фикрлар айтдим шекилли. Қўшимча қилиш мумкинки, полвон шиддатли кураш майдонида синовдан ўтгани каби қаламкаш шаклланишида адабий муҳит муҳим ўринга эга. Бир мисол билан кифояланаман. Исфанада шоир Абдулаҳад Дооров ташаббуси билан 32 йилдан буён ҳар йил 17 апрелда оқин Қурбонали Собиров таваллуд кунини шеърият байрами сифатида нишонлаш анъанага айланган. Ўша кун эртадан кечгача давом этадиган мушоирада таниқли шоиру ёзувчилару бошловчи қаламкашлар тенг ҳуқуқли иштирокчиларга айланадилар. Туман маъмурияти бошлиғидан тортиб барча идоралар масъуллари мухлисларга, сўз аҳлининг дастёрларига айланадилар. Ҳар гал бу тадбирда иштирок мен учун алоҳида ижод мактаби эканини эътироф этишим зарур. Қирғизистон ёзувчилар Иттифоқи аъзоси бўлишим, Қурбонали Собиров адабий мукофотига сазоворлигим ҳам шу мактабнинг хизматидир.
Умуман, Исфанада Абдулаҳад Дооров сай-ҳаракати билан солим адабий муҳит шаклланган, бошқа жойларда бунақаси йўқлигини Ўш, Хўжанд, Бишкекдан келган меҳмонлар эътироф этганлари гувоҳиман. Муҳими, у кўплаб ёш истеъдодларни кашф этмоқда.
Исфанани шеърият байрамига айлантирадиган 17 апрелни ўзим учун ижод университети ҳисоблайман. У апрелдан бу апрелгача унинг кайфияти билан яшайман, унинг имтиҳонидан ўтиш учун тайёргарлик кўраман. Худога шукур, мактаблар, жамоаларда бўладиган мушоираларга таклиф қиладилар. Буларнинг ҳаммаси албатта ижодкорга куч-қувват, илҳом бағишлайди.
– Айтинг-чи, адабиёт ҳаётни ўзгартириш, инсон маънавий камолоти учун топтириш учун хизмат қилишщига ишонасизми?
– Юз фоиз ишонаман, адабиёт бизни ўзига тортади, йўлга солади. Сиз ва бизга йўлчи юлдуз бўлади, бўлмоқда ҳам. Бугуни ўзбек адабиёти вакиллари тўғрисида гап борса, Усмон Азим, Нурали Қобул, Тоғай Мурод, Рауф Парфи, қирғиз сўз санъатидан эса Султан Раев, Шавкат Раҳмон, Салима Шариповаларни ўқиш керак. Адабиёт атомдан кучли, деган эди Абдулла Қаҳҳор. Бу бекорга эмас.
Дарё
Қӯзибоғлон, жӯшқин дарё,
Елиб-чопган шошқин дарё,
Туғёнлари тошқин дарё,
Номардлардан асрайсанми?
Қӯзибоғлон, шошма, ошнам,
Ақлим шошиб келдим бу дам,
Оғушингга ӯзни отсам,
Номардлардан асрайсанми?
Дунё жафоси печу печ,
Гирдобларинг олдида ӽеч,
Мушкулимни кел ӯзинг еч,
Номардлардан асрайсанми?
У сӯзлашар тил учида,
Бу сӯрашар қӯл учида,
Сидқу вафо қил учида,
Номардлардан асрайсанми?
Душман берган бӯлса гар ғам,
Дӯстдан чекканимдир алам,
Тӯйдим ундан ва бундан ӽам,
Номардлардан асрайсанми?
Покламоқни айлаб шиор.
Мен ӽам сендай елдим бекор,
Қаршингдаман энди ночор,
Номардлардан асрайсанми?
Мардлар кӯпи топиб завол,
Илаш Тӯйчи бӯлди увол,
Туриш-турмушидир савол:
Номардлардан асрайсанми?
***
Ӽолим аён этай десам,
Дардим баён этай десам,
Муродимга етай десам,
Нечун айтма дейсан, жоним?
Ӽижрон қилди безори жон,
Кӯзларда ёш, юрагим қон,
Айтмасликка борми имкон,
Нечун айтма дейсан, жоним?
Ниӽон этсанг дардни бисёр,
Иситмаси этар ошкор,
Табиб муӽтожидир бемор,
Нечун айтма дейсан, жоним.
Баӽор келиб кетар бӯлди,
Ой сарғайиб ботар бӯлди,
Тонг бӯзариб отар бӯлди,
Нечун айтма дейсан, жоним?
Дардим учун даво ӯзинг,
Буни айтиб турар кӯзинг.
Бошқа йӯқми айтар сӯзинг,
Нечун айтма дейсан, жоним?
Жаннатми?
Ким ӯзи у гӯзалларнинг машӽурими,
Жаннатмикан, ёки жаннатнинг нурими,
Беӽишти анбариннинг у ё ӽурими,
Куяйинми, ӯлайинми, кулайинми?
Боғда гуллар соя каби эргашади,
Тӯхтаса гар моту мафтун қарашади,
Мадӽида булбуллар тинмай сайрашади,
Куяйинми, ӯлайинми, кулайинми?
Қарашлари гӯёки ӯтлар ёқади,
Лаблариданми оби ӽаёт оқади,
Юзлари ой мисоли яшнаб боқади,
Куяйинми, ӯлайинми, кулайинми?
Ӽусну жамолига мендек гадо борми,
Уни деб мендек элидан жудо борми,
Илаш Тӯйчи, айт, дардингга даво борми,
Куяйинми, ӯлайинми, кулайинми?
Ўлимни ӯйла
Ӽай дариғ, ӽаромдан ӽазар йӯқолди,
Наӽот сени ӽам ўз кӯйига солди?
Бепарво юрганинг, эӽ, фикримни олди,
Ўлимингни ӯйла, қарзингдан қутул.
Алвастининг қасами арзинг бӯлибди,
Мӯмай пуллар ундириш тарзинг бӯлибди,
Ӽар кучукдан бир суяк қарзинг бӯлибди,
Ўлимингни ӯйла, қарзингдан қутул.
Фиреб дастгоӽини тинмай қурасан,
Соддаларни авраб хӯп даврон сурасан,
Дуч келиб қолсалар гар юзни бурасан,
Ўлимингни ӯйла, қарзингдан қутул.
Ӽаромдан гарчи сергӯшт рӯзғор таоми,
Бошни тошга уриш бор келса айёми,
Фарзандингни десалар агар ӽароми.
Ўлимингни ӯйла, қарзингдан қутул.
Ӽаво очиқ дамдаги чақиндир ажал,
Барча яқинларингдан яқиндир ӯшал,
Кул бӯлишинг учундир, ӯтмайди ӽаял,
Ўлимингни ӯйла, қарзингдан қутул.
Омонатга хиёнат энг катта гуноӽ,
Буни ӽеч ӯйламаган гумроӽсан, гумроӽ!
Бориб тӯгри тушувчи жойинг экан чоӽ,
Ўлимингни ӯйла, қарзингдан қутул.
Кўмак берди кимлар сенга ишониб,
Қаёққа борасан эй қочибу тониб,
Жаӽаннам оловида кетмасдан ёниб,
Ўлимингни ӯйла, қарзингдан қутул.
Улуғ инсонларнинг сан ахир авлоди,
Яхшими, қақшаса уларнинг ёди,
Фарзандларингга қолса яна исноди?
Ўлимингни ӯйла, қарзингдан қутул.
Аллоӽнинг ишлари ӽеч чала қолурми?
Қарзни тӯламай киши манзил олурми?
Кӯнглингга булар ӽеч ғашлик солурми?
Ўлимингни ӯйла, қарзингдан қутул.
Сабоқ
Эй қӯллари қадоқ,
Йӯллари сӯқмоқ,
Ярми келгиндию ярми кӯрқоқ
Қӯрғоним аҳли,
Ғунча, гулларингни кимга ишондинг,
Муаллим дарс ӯтмоқда,
Кӯзлари унинг шӯху ӯйноқ-да.
Бодрингдай байрамга қӯйилган тузлаб,
Қотиб турасанми индамай, музлаб?
Нияти бузилиб, кўзи сузилиб
Кимларни қўллаб,
Кимларни кўзлаб,
Муаллим дарс ӯтмоқда.
Ёрқин келажак деб ӯйлайсан, бекор,
Гулу лола болаларингни
Кутаётир синф ичра дор,
Дор остида қатор
Содда гуллар бор,
Гӯллар бор,
Кӯзи кӯрлар бор,
Пешонаси шӯрлар бор,
Муаллим дарс ӯтмоқда.
Сӯйлагани гарчи порлаган тонглар,
Тонгларга яшириб қоп-қора шомлар,
Ғунчаларга кӯзлаб бадбахт айёмлар,
Муаллим дарс ӯтмоқда.
Уни биладилар отадай азиз,
Билмайдилар у
Қӯй териси ичра бӯридир ёвуз,
Кӯзларини сузиб қарайди илкис,
Гарчи демас уни бирор кас иблис,
Муаллим дарс ӯтмоқда.
Зулмат билан кӯзи олди қопланган,
Бокира номуси топталган,
Кӯксига ханжарни босганлар,
Ўзни отганлар,
Дорларга осганлар,
Ӯзини ӯтларда ёққанлар,
Сойларда оққанлар,
Наҳотки ҳануз кам,
Муаллим дарс ӯтмоқда.
Эзгуликдан сафсата сотиб,
Ёвузликнинг тухмини сочиб,
Шаҳвати устини шафқати ёпиб,
Қарши чиқиб олдидан чиққани
Итдай қопиб,
Ортидан келганни эшакдай тепиб,
Муаллим дарс ӯтмоқда.
Муаллим бор дерсиз, покдил, покдомон,
Дилсӯз, меҳрибон,
Ўқувчилар учун тайёр бермоқ учун жон,
Тӯғри, бор бӯлса бордир.
Лекин улар қӯйлари измин
Бӯрига бериб қӯйган гӯёки чӯпон,
Муаллим дарс ӯтмоқда.
Мен нима ҳам дейман улар,
Кӯриб кӯрмаганга олсалар агар,
Бефарқлик тӯнини кийган бӯлсалар,
Томашабинликни суйган бӯлсалар,
Мен нима дей, нима ҳам дейин,
Жазо бордир муқаррар кейин
Муаллим дарс ӯтмоқда.
Аниқлаб олмаган оломон ҳамон,
Кимни қилиш даркор тошбӯрон,
Наҳот Қӯрғонлигинг қолмаган, Қӯрғон,
Кӯзларни каттароқ очасан қачон?
Муаллим дарс ӯтмоқда.
Одилжон ДАДАЖОНОВ,
Алишер Навоий институти учун