Фарида Абдураимова 1972 йили Ўш вилоятида таваллуд топган. Тошкент давлат университетининг филология факультетини битирган. Ўқитувчилик фаолиятини Аравон районининг Тепақўрғон қишлоғидаги “Бўстон” ўрта мактабида бошлаган.
Ўқувчилик йилларидан шеър ёза бошлаган. Илк машқлари “Оқ олтин” ва “Ўш садоси” газеталарида босилган. Усмон Темурнинг “Илҳом” адабий-бадиий газетасида, “Жилғалар садоси”, “Аравон гулдастаси” ва “Илҳом» тўпламларига шеърлари киритилган. 1990 йиллардан “Илҳом » адабий клубининг аъзоси. 2000 йили “Олтин қалам» мукофоти учун вилоят танловида “XX аср жароҳати» мақоласи билан қатнашиб, ғолиблар сафидан ўрин олган.
Таржима ишлари билан ҳам шуғулланади.
БАҒРИНГДАН АЙИРМА, АРАВОН
Кўп юртнинг сувини ичдим, ҳарқалай,
Мусофир бўлмоқлик одамзодга хос.
Қол, деди, шароит мана, бир талай,
Фақат ўз юртингни қўмсамасанг бас.
Мен сени соғиниб қийналдим ёмон,
Бағрингдан айирма мени, Аравон.
Узоқдан бўй чўзиб кўринса тоғинг,
Юрагим ҳапқирар, қоним жўш урар,
Сен улкан дарахтсан, мен бир бутоғинг,
Дарёсан, мендан ҳам ирмоқ қўшилар.
Болангман, онадек асрагин омон,
Суянган тоғимсан менинг, Аравон.
Қай юртга борсам ҳам, қайдан келдинг, деб
Сенинг номингдан сўнг мени сўрашар.
Ҳабиб Абдуллони мендан олдинроқ
Аравон ўғлони, дея сўйлашар.
Илм аҳлларин қолдирган ҳайрон
Олимга ватансан, она Аравон.
Дулдул от сингари муқаддас маскан,
Қай юртда бор экан, айтсинлар қани.
Минг дардга давомиш ҳар тонгда эсган—
Тоғнинг шаббодаси, яшнатар танни.
Эмишки, сойингда оққан об равон,
Гўзал Ўш юзига бир хол Аравон.
Сени орзу қилиб не зотлар кетди,
Шу жойни олмасам армон, дедилар.
Ёғийга ҳеч қачон енгилмай эрлар,
Ўлса ҳам шу юрт-чун жонин бердилар.
Уларнинг шуҳрати ўчмагай ҳар он,
Ул эр ўғлонларга ота–Аравон.
Бахтимми, омадми, қизингман сенинг,
Оловдек ёниқ бир сўзингман сенинг,
Йўлингда қолар бир изингман сенинг,
Меҳр балқиб турган кўзингман сенинг,
Соғинсам ҳижронинг қийнар беомон
Бағрингдан айирма мени, Аравон!
М У Ҳ А Б Б А Т
Муҳаббат-чиройли капалак,
Қўрқаман шўрликни тутгани…
(Шавкат Раҳмон)
Муҳаббат – кўз юмиб ўтирсам,
Қўлимга бир қўнган капалак.
Мен уни ҳис этиб, кўз очсам,
Бошқа хил гуллар-ла у ҳалак.
Сен шундай енгилсан, капалак,
Бир эпкин шамолга учасан.
Сен шундай нозиксан, капалак,
Кўз ёшим селига чўкасан.
Ортингдан югуриб қувмадим,
Олисдан кузатдим ҳар ишинг.
Умримга етгулик бахт берди
Қўлимга бир қўниб учишинг.
* * *
Япроқлар қуриган лабларин
Шудрингга ювади саҳарлаб.
Қалбида диёнат борларнинг
Юртига кетайлик, муҳаббат.
* * *
Руҳим– қанотдари юлинган қушча,
Ишқим–борса келмас оловли орол.
Умрим– жуда узоқ, уч ойлик қишча,
Орзум– йўлимдаги энг оғир савол…
* * *
Бахт излаб гоҳ сарсон кезамиз нолон,
Қўллар тугун бўлар кетганда омад.
Чуқурроқ ўйласак эй азиз дўстим,
Туғилишнинг ўзи катта саодат.
* * *
Дунёда кўрмангиз ҳеч қачон бир ғам,
Доим қўллаб турсин сизларни Эгам.
Нени тиласангиз муҳайё бўлиб,
Етинг биз етмаган муродларга ҳам.
* * *
Ҳовучимдан тўкилиб кетма,
Ҳаётимда энг яхши куним.
Тўкилсанг ҳам булутга тўкил,
Сўнг бошимга ёмғирдек қуйил.
Ё Ш Л И Г И М Г А
Енгилгина уф тортиб, йўлнинг –
Четидан жим ўтиб борасан.
Гўё мени ҳеч ҳам кўрмаган
Нотанишдек ҳайрон боқасан.
Неча йиллар иккимиз бирга
Сирдош бўлиб тонглар оттирдик.
Орзуларни оққа йўргаклаб,
Парваришлаб оёққа қўйдик.
Майли, менга қарамай ўтгин,
Ҳолимни ҳам бир бор сўрама.
Гул юзингдан минг бора ўпгум,
Кўриб қолсам кўчамда яна.
Бу дунёда гўзаллик бисёр,
Кўриб туриб, кўзинг қамашар.
Қанча мақтаб ёзса-да ашъор,
Тенги йўқдир сенга алмашар.
Гул бўлсангу озор етказмай,
Капалакдек шохингга қўнсам.
Фурсатни бой бериб қўймасдан,
Қучоғингда эркалаб ўлсам!
Ҳ О Л А Т
Оқ харирга ўраб олиб
Масхаралаб кулдилар.
Сенинг номинг, шаънинг билан
Ўзин тахтда кўрдилар.
Асли ўзи сен йўқ эдинг,
Қачондардир ўлгандинг.
Дилимда бир калима, оят,
Қора кийдим менга, Орият.
Мунча сенинг умринг қисқа,
Хор бўлдинг сен бунчалар.
Жаранглаган сўзлар сийқа
Юрагимни қиймалар.
Чироқ ёқиб ахтардим
Ёппа-ёруғ бир кунда,
Жасадингни топиб олдим
Қоп-қора бир тугунда.
Ўртанади юрагим ҳануз,
Аза очдим мен сенга, Номус.
Сен кўзларда яшар эдинг,
Пинҳон эдинг ҳамиша.
Йўқолсанг гар топиш қийин
Ямалмагандек шиша.
Сени бугун қидирдим мен
Минг-минглаган кўзлардан,
Тополмадим излай, излай
Эл оғзида сўзлардан.
Оҳ, юрагим, қийналдинг ғоят,
Мотам тутдим мен сенга, Уят.
ПОК ТУЙҒУЛАР
Менинг манзилимдан бахт жуда олис,
У қолиб кетди-ку сиз билан якто.
О, менинг хаёлим, тонгдайин оппоқ
Бахт уйин мен қачон этаман барпо.
Балки парчаланиб кетмоқда бу уй,
Бу уйнинг ғиштлари ўзгага девор.
Менинг юрагимни кемирар бир ўй;
Дунёда ким сизни мен каби севар?..
Кўзимдан жилғалар оқмоқда йиғлаб,
Қалбимни беаёв соғинч эзмоқда.
Мен йўқотган севги келмайди излаб,
Юракда бир совуқ ўйлар кезмоқда.
Сезяпман, лабингиз четида кулгу,
Эрк бериб юбордим бебош хаёлга.
Рухсатми, олисдан таъзим айласам,
Сизни туққан ўшал мунис аёлга!?
Ё Л Ғ И З И М Қ И З И М Г А
Бу ёлғончи дунёда
Топган битта ростимсан.
Кўзларимнинг қаросида
Асраб юрган бахтимсан.
Кулиб қўйсанг, кенг олам
Гулга тўлиб кетади.
Кўзингдан ёш қалқиса,
Дунёга ўт кетади.
Катта йўлга чиққанда,
Шошилмагин дейман-да.
Йўлда ётган тошларга
Қоқилмагин дейман-да.
Отанг билан иккимиз
Кўзингдан кўз узмадик.
Шукр, дедик ва лекин
Хаёлларни бузмадик.
Ёлғизман, деб ўкиснма,
Яхшиларга бўл ўртоқ.
Дўстлар бордир дунёда
Туғишгандан яқинроқ.
Биз кўзлаган мақсадларга
Сен албатта етасан.
Келажакка номимизни
Яхшилик-ла элтасан.
Дунёдаги гуллардан
Сенинг бўйинг энг ширин.
Кўзларингнинг ичига
Менинг умрим яширин…