(З. Ҳакимовнинг “Оқарганда сочлар эслаймиз…” китобини ўқиб)
Китоб – замонлар денгизида сузиб бораётган ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан авлодларга ташиётган ҳикмат кемасидир.
Чингиз Айтматов
Зафар Ҳакимовнинг “Оқарганда сочлар эслаймиз…” деб номланган ҳотира китобини мутолаа қилгач, оддий китобхон, физика-астрономия ўқитувчиси сифатида китоб тўғрисида ўз фикр-мулоҳаларимни билдириш иштиёқи туғилди.
Муаллифнинг китобга ва китоб мутооласига бўлган муносабати, жаҳон адабиёти дурдоналари деб тан олинган баъзи асарлар бўйича фикр юритиши, китоб сотиб олиш ва уни сақлаш маданияти ҳар доим мени қизиқтирган. Бироқ бу масала ҳақида оммавий ахборот воситаларида чиққанини эслай олмайман. Ўзаро мулоқотларимиз чоғида “Зафаржон ака чуқур билимга, шарафли ҳаётий ва оилавий тажрибага эга инсон бўлатуриб, нега бирор рисола ёзмайди?” деган фикр хаёлимга келар эди. Гоҳо бу фикрни ўзига очиқ айтган вақтларим ҳам бўлган. “Оқарганда сочлар эслаймиз…” китоби Бишкекдаги “Имак офсет” МЧЖ нашриётида 300 нусхада чоп этилиб, унга профессор Абдуғани Абдуғофуров сўзбоши ёзган. Муҳаррир –филология фанлари номзоди Саидакбар Махсумхонов.
Китоб муаллифнинг марҳума волидаси, педагог Ҳалимахон Алиевага бағишлаган. Асар… “Бугун тушимга аям кирибди…” деган сўз билан бошланади. 30 та мавзунинг биринчиси – “Умр баҳор билан кузнинг ўртаси” онага мадҳиядир. Бу жиҳати билан мазкур асар ўзбек халқининг улуғ фарзанди ва севимли ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг қисса ва романларини киши ёдига туширади.
Асар жуда жозибали тил билан ёзилган. Кўпинча, “билмадим…” деган сўз билан бошланган ҳотиралар, воқеалар, ўқувчига яна Ўткир Ҳошимовни эслатади. “Билмадим…” деган бу сўз энди ўқувчини бошқа бир оламга, бўлганда ҳам ўзини кўришни истаган оламга олиб киради. Буюк ёзувчи Ойбек “Китоблар инсоният фикр-дурдоналарини тўплаб авлодларга етказади”, деб ёзганидай, бу ёдномаларнинг ҳар бири ўқувчи учун алоҳида бир оламдир.
Китоб, гарчи ўқувчиларга хотиранома тарзида тортиқ қилинган бўлса ҳам, камина уни давлат хизмати маданияти бўйича илмий-педагогик асар, деб қабул қилдим, чунки саҳифадан саҳифага, мавзудан мавзуга ўтган сари Зафаржон Ҳакимовнинг ватанга, унинг равнақи йўлида қилган хизматлари ҳам ўз аксини топиб боради. Оддий инженерликдан министр даражасига боришида унинг ватанга ишончи ва ватаннинг унга бўлган ишончи шаклланиб борганига гувоҳ бўламиз. Ишонч – ҳаётдаги муваффақиятларнинг асосий таомилларидан биридир. Она билан ватаннинг узвий, чамбарчас боғлиқлиги З.Ҳакимовнинг қаламида ўз ифодасини топган. Ватан туйғусининг шукуҳи унинг давлат хизмати йўлидаги баёнларида ва китобга киритилган суратларда тўлақонли акс этган.
Ахборотлар, маълумотлар, ғоялар, образлар ўқувчига етказиб, билимни ўрганиш ва уни ҳаётга татбиқ қилиш тарғиботини қамраган, 48 саҳифадан кам бўлмай табоқлаб тикилган нашр ЮНЕСКО тарафидан китоб деб қабул қилинган. Буюк мутафаккир Л.Толстой “Дилда туғилган саволларга жавоб берувчи ва инсоннинг жамиятдаги ролини белгилаб берадиган асарлар чинакам барҳаёт асарлардир ва ўрни келганда буюк санъатдир”, деб айтган. Китобдан ўрин олган бундай дурдона фикрлар ҳам ўқувчининг дунёқарашини кенгайтириб боради.
Китоб – азиз неъмат, у беҳисоб меҳнатни ва билимни талаб қилиш билан бирга, муаллифнинг юрак дардларини, кўп йиллик мулоҳазалари, изланишлари ва қизиқишларини маълум бир тизимга солишдан иборат. Яхши китобнинг умри боқий бўлиб, йиллараро тарбия манбаи бўлиб қолади. Китоб яратиш учун умр-вақтини сарфлаган инсон эса жоҳилликдан олис бўлиб, у ўзидаги одамийлик хислатларини ўқувчига юқтиради.
Биз бу китобни ўқир эканмиз, кўз ўнгимизда қалби тоза, ўзига ва бошқаларга талабчан, вазиятга қараб ўзгаравермайдиган ва ҳар хил товланишдан мутлақо олис муаллиф Зафар Ҳакимовнинг сиймоси кўз ўнгимизда шаклланади. Қишлоқ хўжалиги техникаси инженери бўлган муаллифнинг адабиётга, тилга, маданият ва маорифга жуда яқин инсон эканлиги тобора яққолроқ сезилиб, ифода топиб боради. Унда халқимиз севган, ардоқлаган шоир-ёзувчиларнинг асарларидан ўринли фойдаланилган ва муаллифнинг улардан кўпчилиги билан шахсий мулоқатда бўлгани ёки шахсий, оилавий алоқага эга эканлиги билиниб туради. Улуғ шоира, назм қасрининг маликаси Ҳалима Худойбердиева шеърининг бир мисраси китобга ном сифатида танланиши ҳам бежиз эмас.
Китобнинг “Умр баҳор билан қишнинг ўртаси…” деб аталган қисмида мамлакат аҳолисини ташкил этган ҳар бир миллатнинг тилини сақлаш ва ривожлантириш масалалари, шунингдек таълим соҳасининг ҳозирги муаммолари ва унинг ечимлари баён қилинган. Муаллиф таълим-тарбия масалаларига ўз шахсий мулоҳазаларини давлат қонунлари доирасида билдириб, улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия – биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”, деган сўзи ҳар доим ҳам жамиятни ва шу жамиятда яшаб турган халқни юксакликларга олиб чиқувчи ғоя эканлигини таъкидлайди. Атоқли олим, улкан давлат арбоби, саркарда, Шарқий Туркистон Республикасининг биринчи президенти, маршал Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” деб номланган китобидаги “Қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламаёқ, инсоний ҳуқуқларидан ажраган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзидан йўқолишга мажбур бўладилар”, деб ёзгани ҳам ўқувчининг ёдига келади. Немис давлат арбоби Бисмарк “Қонунлар савиясиз бўлса-да, яхши давлат хизматчилари билан ҳукуматни самарали идора қилиш мумкин. Аммо савиясиз давлат хизматчилари жам бўлган ҳукуматга яхши қонунлар ҳам ёрдам бера олмайди”, деган фикри муаллифнинг етук кадр сифатида босиб ўтган йўлида эришган муваффақиятлари мамлакат раҳбарияти томонидан ижобий баҳоланганлиги, эл-юрт ардоғидаги давлат арбоблари орасидан муносиб жой олгани китобдаги хотира ва суратлар орқали яққол далилланган.
Совет Иттифоқи деб номланган мамлакатнинг инқирози ва мустақил давлатлар учун “ўтиш” даври бўлган йилларда рўй берган ҳар турли салбий воқелар муаллифнинг кўнглида ўчмас дард бўлиб қолгани баёни ҳам ўқувчиларни ҳаётда яхши из қолдириб яшашга ўргатади.
Камина ушбу китоб муаллифини шахсан биламан. Жайдари қилиб айтганда, бизни ака-укачилик деган дўстлик ришталари боғлаб, ўртамизда маълум бир даражадаги ўзаро оилавий муносабатлар ҳам шаклланган. Муаллифнинг дўстлик фалсафасига чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан қараши мени ҳамиша ҳайратга солади. Унинг кенг қамровли доирада дўстлари борлигига ҳавас билан қарайман. Ўзида бўлган шу ҳиссиётни китобга фалсафий нуқтаи-назардан талқин этиши, “юқтириши” ҳам таҳсинга лойиқ. Дўстларидан ҳеч қайсиси, менимча, ўзининг феъл-атворига берилган баҳони инкор қилмаса керак. Берилган тавсифлар объектив бўлиб, унда юмор ҳам ўз ўрнида ишлатилган. Бу муаллифнинг тоза ва мусаффо қалбидан дарак берса-да, йиллар ўтгани сари тақдир тақазоси билан бу даврадан кимлардир боқий дунёга кетиши унинг қалбини чил-парчин қилиши, юрагида соғинч ила алам фарёдини яралиши дард билан ёритилган. Зеро Абу Абдулло Рўдакийнинг:
Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,
Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.
Тўлур ғам-ғуссага дилнинг косаси,
Қадрдон дўстлардан айрилган бир кун
деган фалсафий тўртлиги муаллифнинг дўстлик шиорига айланган.
Китобнинг “Сабъаи сайёралар сарбони…” деб аталган мавзуда халқимизнинг фахри Солижон Шариповнинг фазогирликка тайёргарлик йўлидаги машаққатлари, муаммоларнинг ижобий ҳал қилинишида, яъни фазогирнинг аниқ лойиҳа билан космосга учишига сарф бўладиган жуда катта кўламли харажат масаласининг ҳал қилинганлиги, бунда муаллифнинг мамлакат раҳбарияти олдидаги ҳурмат-эътибори ҳам катта роль ўйнагани, Солижоннинг космосга учишидай оламшумул аоқеага бевосита дахлдор экани ҳар қандай мақтовга лойиқ эканлигини ўқувчи ҳис қилади.
Тараққиётга фақат илм билан эришилади. Жаҳолат эса ҳеч қачон инсонни саодатманд этмайди. Шу боис бу улуғвор қадрият барча олим-фузололар тарафидан улуғланган, муқаддас ва мўътабар китобларда юксак неъмат сифатида эътироф этилган. Жаҳолатнинг кушандаси – маърифатдир.
Муаллиф, мен билгандек, “йўл одами, маърифат одами”дир. Унинг қизиқишлари, воқеа-ҳодисаларга, ижтимоий ҳаётнинг ҳамма жабҳасига ўз муносабатини билдира олиши китобнинг “Япония таассуротлари” деб аталган мавзуида алоҳида сезилади. Япония халқи ҳам худди биз каби оддий халқ, бироқ улар илм-маърифат туфайли ўз юртини “Мўъжизалар мамлакати”га айлантиргани ҳар томонлама ёритилган.
Китоб “Кундаликларда ёзилиб қолган сўзлар” деган мавзу билан якунланади. Юқорида айтиб ўтганимдек, бу ҳам севимли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”ини эсга солади. Бу битикларни қиёслар эканман, “Улуғ ақл эгалари ғояларни, ўрта ақл эгалари воқеаларни ва кичик ақл эгалари одамларни муҳокама қиладилар”, деган дунёвий фалсафа эсимга келиб, Зафар Ҳакимов ғоялар билан яшаётган инсон эканлигидан фахрландим.
Китобхон дўстларимга Зафар Ҳакимовнинг “Оқарганда сочлар эслаймиз…” хотира китобини ўқинг, ўзгаларга ҳам тавсия этинг, сиз унда ўзингиз улгайган ватанни кўрасиз, ўзингиз билмаган кашфиётлар билан танишасиз ва алалоқибат, ўзингизни англайсиз, деб хитоб қилгим келади.
Барглар қололмаскан яшил – бокира,
Хазонрез – сарғайган унут хотира.
Умр – энг охирги совуқ бекатга
Етмоққа тўланган тўлов – йўлкира.
Илҳомжон Абдулқосимов,
Ўзган шаҳрининг фахрий фуқароси, таълим фахрийси.