Жанубий Қирғизистондаги энг катта аҳоли маскани Ўшдир. Ўш дунёнинг энг қадимги шаҳарларидан бири эканлиги тарихчи ва археологлар томонидан ишонарли тарзда исбот қилинган. Ана шуларга таяниб, Ўшнинг 3000 ёшда эканлиги ЮНЕСКО томонидан ҳам эътироф этилди ва бу йирик сана Қирғизистонда кенг нишонланди.
Ўш ҳақида ўтмишда ҳам жуда кўп илмий манбалар битилган. Уларнинг аксари тарих учун бебаҳо аҳамиятга эга. Шу билан бирга, турли афсона ва уйдирмалар баён этилган маноқиблар ҳам бисёр. Ажабки, Ўш ҳақида, ҳатто кейинги даврларда, илмий унвон ва мартабаларга эга бўлган “профессионал” тарихчилар ёзган айрим асарларда ҳам бир қатор чалкашликлар, ҳақиқий тарихдан кўз юмишлар йўқ эмас.
Қўқон хонлиги давлат чегараларини мустаҳкамлаш мақсадида унинг энг четки ҳудудларида қўрғон-қалъалар бунёд этган ва бу жойлар ободонлаштирилган. Ҳозирги Бишкек, Тўқмоқ, Қораболта каби шаҳарлар ана шулар жумласидан. Албатта, буларнинг бари ўз-ўзидан эмас, халқдан ундириладиган солиқ ва бошқа хил тўловлар, одамларни “ҳашар” дея текин ишлатиш ҳисобига амалга ошган. Аммо мана шуларнинг ҳаммасига қарамай, Қўқон хонлигининг аввалги бошбошдоқликлар ва ўзаро қонли можароларга бир қадар барҳам берганини, шунингдек, гарчи кечикиб бўлса-да, тараққиёт сари интилганлигини эътироф этиш керак. Шуларни ҳисобга оладиган бўлсак, ҳозирги айрим тарихчиларнинг мазкур даврни фақат қоралаш ва бу қоралашлар ортида икки қардош элнинг бугунги вакиллари ўртасида ҳам ўзаро кин ва адоват туғдириш ниятида битилган асарларига кўр-кўрона эргашмаслик керак, деган хулосага келамиз. Чунончи, Ғ.Қ.Қосимовнинг бундан олтмиш йил муқаддам босилиб чиққан “Город Ош” деган китобидаги мана бу талқинларга эътибор беринг:
“1843 йилда Худоёрхон хон деб эълон қилинди, қирғиз феодалларининг вакили Мусулмонқул эса унга васий бўлиб ҳокимият тепасига келди. 1845 йилда Ўш яқинида қирғизлар исён кўтаришди, Ўш аҳолиси эса уларни қўллаб-қувватлади. Мусулмонқул шахсан ўзи бу исённи бостиришга бош-қош бўлди, унинг иштирокчилари шафқатсиз жазоланди. Охирида Мусулмонқулнинг ўзи ҳам қатл қилинди. Худоёрхон шундан сўнг барча қирғиз ва қипчоқларни ер юзидан супуриб ташлашга фармон берди. Уларни ҳамма жойда – Ўшда, бошқа шаҳарларда, бозор ва қишлоқларда ўлдиришга киришдилар. Уч ой мобайнида 20 мингдан ортиқ одам қириб ташланди…” (1960, 10-бет).
Бундай талқин оддий одамларга қандай таъсир қилишини тасаввур этишнинг ўзи даҳшат. Ҳолбуки, тарихдан маълум: аввало, Мусулмонқул қирғиз эмас, қипчоқ бўлган, иккинчидан, Худоёрхоннинг фармонида қирғизлар қирилсин, деган гап ҳам умуман йўқ, бу мудҳиш воқеа тарихни Ғ.Қосимовдан чуқурроқ ўрганган Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи (“Қипчоқ қирғини” боби)да, Тўлаган Қосимбековнинг “Синган қилич” романида ҳаққоний ёритиб берилган. Аммо бу чала тарихчи – чала атеистнинг бояги мудҳиш фикрлари китоблардан китобларга кўчиб ўтиб, одамлар онгини заҳарлашга, икки қардош халқни бир-бирига гиж-гижлашга ҳали-ҳамон хизмат қилиб келяпти.
Хайриятки, объектив мулоҳаза эгалари бўлган баъзи тарих мутахассислари мазкур даврда ижобий ўзгаришлар сари ҳам қадам ташланганини эътироф этиб, жумладан, “бу даврда қирғизларнинг иқтисодий турмушида юз берган ижобий ўзгаришларни ҳам қайд этиш лозим. Ягона давлат ҳудудида қирғизлар ўтроқ халқ бўлган ўзбеклар ва тожиклар билан муносабатга киришиб, деҳқончилик соҳасидаги фойдали кўникмаларни ўзлаштирдилар, савдо алоқаларини ривожлантирдилар”, деб қайд қиладилар (Интернет материали: “курс лекций История Кыргызстана”).
Совет ҳокимияти йиллари Қирғизистон заминида, бутун Марказий Осиёдаги бошқа ўлкалар тарихида янги давр бошланди. Бу замонда аввалги қолоқлик ва турғунликка кўникиб яшаш мумкин бўлмай қолди. Йигирма-ўттиз йил мобайнида аҳолини ёппасига саводхон қилиш, ўлкада текин тиббий хизмат кўрсатиш, аҳолининг энг қашшоқ қатламларига ҳар томонлама ёрдам бериш сингари, ҳар қандай замон ва исталган тузум шароитида ҳам энг эзгу, олижаноб иш сифатида баҳоланадиган талай ишлар амалга оширилди.
Бироқ шу билан бирга, Шўро даври, аввалги рус истилочилигининг бевосита давоми ўлароқ, бутун Марказий Осиё, жумладан, Жанубий Қирғизистонга ҳам, турли миллат ва элат вакилларининг ё ихтиёрий, ё мажбурий тарзда кўчириб келтирилиши, бу қадимий заминнинг “интернационаллашуви” даври бўлди. Сўнгги юз йилликда Жанубий Қирғизистон ҳудудида яшаган аҳоли сонининг ҳам, унда биргаликда истиқомат қилган миллат ва элатларнинг сони ҳам бу юртнинг бутун тарихида ҳеч қачон бунчалик кўп бўлмаган ва турли этник гуруҳлар ҳеч қачон шу даврдагидай бир-бири билан бевосита бирга яшамаган, бирга ишламаган ва ижтимоий муаммолари ҳеч қачон шу даврдаги каби бир хил бўлмаган эди. Бу эса этник хусусиятларнинг озми-кўпми, йўқола боришига, таъбир жоиз бўлса, Совет мамлакати ичкарисидаги “глобаллашув”га ҳам олиб келди.
Қарийб бир ярим аср давом этган бу каби кучли ижтимоий ва сиёсий тазйиқ элнинг ўзлигини бой беришига олиб келиши ақлга тайин ҳол эди. Аммо шунга қарамай, Ўш ва Ўшликларнинг ўзига хос маҳаллий маданияти, этник ва этнопсихологик жиҳатлари батамом йўқолиб кетмади, билъакс, айнан Ўшда ўзбек маданиятига ва ўзбек менталитетига хос энг олижаноб хислатлар тарихнинг турли даврларида ўзбеклар яшайдиган бошқа минақаларга қараганда ҳам кўпроқ сақланиб қолди. Бунинг икки сабаби бор. Биринчидан, Ўш қадимдан шаҳар бўлган ва унда шаҳар маданияти кучли ривожланган, ўнлаб асрлар давомида шаклланган бу хислатга унча-мунча ижтимоий-иқтисодий бўҳронлар путур етказа олмайди. Иккинчидан эса, Ўш ўзбеклар яшайдиган минтақанинг нисбатан четроғида жойлашган. Маълумки, бошқа халқлар ва уларнинг маданияти қаршисида турган эл ўз миллий-маданий анъаналарини асрашга савқи табиий равишда интилади ва аксар ҳолларда ўзлигини сақлаб қолишга кўпроқ муваффақ бўлади.
![](https://alishernavoiy.org/wp-content/uploads/2022/09/image39.jpeg)
Ҳар бир жойда қадимдан истиқомат қилиб келадиган аҳоли ўз ватанини бошқа масканлардан афзал кўради, ҳатто афсоналарга чулғаб бўлса ҳам, улуғлайди. Жумладан, Ўш ҳам то ХХ асрнинг сўнгги чорагига қадар бутун Фарғона водийсидаги энг табаррук масканлардан бири деб ҳисобланган.
XIX аср охирларида Ўш шаҳрида масжидлар, мактаблар, қорихонаю мадрасалар кўп бўлган. Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романида тасвирлангани каби, уларда юзлаб ўзбек ва қирғиз талабалари таълим олган. Ўшда Работи Абдуллахон масжиди, Осаф ибн Бархаё мақбараси, Олимбек додхоҳ масжиди каби бир талай тарихий ёдгорликлар мавжуд бўлган.
Ҳувайдо эшон ва унинг авлодлари бўлган ўнлаб ижодкорлар – Холмуҳаммад эшон, Самар Бону, Салоҳиддин Соқиб кабилар нафақат Ўш элининг, балки бутун ўзбек халқининг ифтихори саналади. Юқоридаги фикр фойдасига яна бир-икки далил келтирсак. ХХ асрнинг бошларига келиб Ўш маърифат ва маданият барқ уриб ривожланган шаҳарлардан бирига айланди – Фарғона водийсидаги дастлабки театр ва кутубхона айнан Ўшлик фидойиларнинг саъй-ҳаракати билан ташкил топди. Жанубий Қирғизистон заминидан академиклар, Ленин мукофоти лауреатлари Ҳабиб Абдуллаев ва Иброҳим Ҳамробоев, ёзувчи Мирзакалон Исмоилий, академик, Иззат Султон, журналист Муродхон Собиров каби шахслар етишиб чиққан. ХХ аср бошларида оғир иқтисодий шароитда, жаҳолат шиддати ҳали асло пасаймаган бир шароитда Ўш ва унинг теварагидаги шаҳарларда кўплаб мактаблар очилиб, уларда маърифат ишига ҳаётини бахшида этган юзлаб устозлар меҳнат қилганлар.
Жанубий Қирғизистонда ҳар йили қарийб 200 минг тонна пахта, минглаб тонна пилла, шунингдек, тамаки хомашёси етиштирилар эди. Бу заминда Тошкўмир, Сулукта, Қизилқия, Кўкёнғоқ кўмир конлари каби конлар кўп бўлгани учун Жанубий Қирғизистон ҳақли равишда “Ўрта Осиёнинг кочегари” деб таърифланар, чунки ҳар йили миллионлаб тонна кўмир қазиб чиқарилар эди.
Тиёншон ва Помир тоғлари этагидаги кенг яйловларда кўплаб чорвачилик хўжаликлари ташкил этилган бўлиб, минг-минг чорвадорлар меҳнат қилишарди. Шунингдек, Жанубий Қирғизистоннинг ҳар бир шаҳри ва туманида кўплаб қурилиш ташкилотлари таъсис этилган бўлиб, бутун ўлка ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидан бошлаб улкан қурилиш майдонига айланган эди. Айнан ўша йилларда саноат, ишлаб чиқариш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, техника, ижтимоий соҳалар барқ уриб ривожланди, тинч-тотув замон, йилдан-йилга фаровонлашиб бораётган турмуш сабабли, одамлар ўз ҳаётидан мамнун эдилар.
Буларнинг барчаси эса бутун Қирғизистондаги, жумладан, қирғизлар, ўзбеклар ва бошқа яна кўплаб миллат вакилларининг ватани бўлган Жанубий Қирғизистондаги яратувчанлик меҳнати туфайли майдонга келган эди, албатта. Шу заминни она ватаним деб билган, ўз ҳалол ва фидокорона меҳнати билан танилган одамларнинг ҳиссаси бунда, айниқса, катта.
Боткен, Жалолобод, Ўш вилоятлари Жанубий Қирғизистонни ташкил этади.
Жанубий Қирғизистондаги энг катта аҳоли маскани Ўшдир. ХХ аср бошларида эса Ўш бутун Қирғизистон ҳудудидаги энг катта шаҳар бўлган. Ҳозир ҳам у Қирғизистондаги энг қадимий, аҳоли нуфусига кўра эса иккинчи ўринда туради. Ушбу йирик шаҳар, унинг тарихи, кўча ва маҳаллалари, даҳа ва гузарлари ҳақидаги мулоҳазаларга батафсилроқ тўхталиб ўтиш ниятидамиз. Ундан кейин эса, навбати билан, бошқа айрим шаҳар ва қишлоқлар, тарихий жойлар хусусида ҳам сўз юритамиз.
“АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ”
САЙТИНИНГ МУҲТАРАМ МУХЛИСЛАРИГА
Азиз дўстлар!
Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг 2019 йилда чоп этилган “Она юртим – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.
Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”, деган эди.
Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.
“Алишер Навоий институти” сайти