ИККИ ОҒИЗ ЭСКАРТМА

Бундан ярим йилча аввал, 2023 йилнинг 10 сентябрида Ўшлик кекса журналист, вилоят ўзбек газетасига йигирма етти йил муҳаррарлик қилган Одилжон Обидов домламиз ҳам, ошини ошаб, ёшини яшаб деганларидай, 91 ёшида вафот этди (1933 йил 8 мартда туғилган эди).

Одилжон Обидовнинг вафоти билан Қирғизистон ўзбек журналистикасининг катта, довруқли ва шукуҳли бир даври тугаб, тарих мулкига айланди, десак хато бўлмайди. Ўша йилларда эса у киши раҳбар бўлган вилоят “Ленин йўли” газетаси таҳририяти ўнлаб ёзувчи ва шоирлар учун ижод устахонаси бўлди: бири оддий мухбир, бири бўлим мудири, бири эса мусаҳҳиҳ дегандай, турли вазифада ишлаб, журналистик фаолиятдан холи қолган дамларида ажойиб бадиий асарлар ёзишар, битиклари эса шу рўзнома саҳифаларида пайдарпай чоп этиб туриларди. Жумладан, ишни босмахона ходими, сўнг газета таҳририятида мусаҳҳиҳликдан бошлаган Шавкат Раҳмоннинг илк ижодий машқлари ҳам айнан шу рўзнома саҳифаларида босилиб чиққан.

Одилжон ака газетага муҳаррирлик қилган даврда Ўш вилояти ҳудуди жуда катта бўлиб, ҳозирги Жалолобод ва Боткен вилоятлари ҳудуди ҳам Ўшга қарар эди. Обкомнинг бюро аъзоси бўлган Одилжон Обидов эса оғир-босиқ, айни вақтда ниҳоятда дилкаш, узун бўйли, қотмадан келган ва истарали, хушбичим… қўйингки, раҳбар сиймосининг эталони эди. Кўрганки одам, ҳатто шахсан танимаса ҳам, унинг катта бир арбоб эканини пайқаб қоларди. Ходимларни жиловлаб турар, аммо ижод аҳлини дилдан ҳурмат қилар, эъзозлар эди.

Хуллас, боя айтганимдай, у кишининг вафоти Қирғизистон ўзбек журналистикасининг катта, довруқли ва шукуҳли бир даврини якунлади. Тарихга ўтди. Бу тарих ҳали кўп эсланади, назаримизда. Ўша йилларда шу даргоҳда ишлаган бир ходим сифатида менинг ҳам бу инсонни ва таҳририятда бирга ишлашган талай ажойиб одамларни хотирлаб, бир нарсаларни қоралаш ниятим бор.

Ҳозирча эса, “Алишер Навоий институти” сайтининг азиз муҳиблари, сизга Одилжон Обидов домланинг қўл остида ишлаган ва катта адабиётга шу ошёндан учирма бўлган оддий бир ходими – ўзбекнинг улуғ шоири Шавкат Раҳмон ҳақида битган эсдаликларини тақдим этиш билан кифояланамиз.

“ЖЎМАРД ШОИР ҲАҚИДА ЎЙЛАР

Ўш кўп улуғ сиймоларининг бешигини тебратган шаҳар. Бу даргоҳда ўтган асрнинг жўмард шоирларидан бири Шавкат Раҳмон дунёга келди ва камол топди, шеъриятнинг юксак чўққиларига кўтарилди. Беўлчов умр экан, бу дунёни эрта, 46 ёшида тарк этди.

Шоир ўлмайди, деб бекор айтмайдилар. Ҳар бир ўшликнинг хонадонида китоб токчасида шоирнинг хеч бўлмаса битта китоби турибди ва қайта-қайта ўқилмоқда.

Мен ушбу сатрларда унинг юксак иқтидори, бетакрор ижодий йўли, сўнмас сиймоси ҳақида узоқ сўзлашни ўзимга эп кўрмайман. Сабаби улуғлар мақтовга муҳтож эмаслар, улар шунинг учун ҳам улуғ.

Кейинги ойларда мактабларда, институтларда, кўп йиғинларда шоир таваллудининг 55 йиллигига бағишланган шеърият кечалари, адабий йиғинлар бўлиб ўтди ва ўтмоқда. Қуръони Каримни ўрганиш илмий маркази, Ўш маорифни ривожлантириш жамияти ташаббуси билан Мирзо Бобур номли театр биносида катта адабий анжуман бўлиб ўтди. Унга ҳамшаҳарларимиз, Ўзбекистоннинг кўзга кўринган адиблари, оила аъзолари ташриф буюрдилар. Бу йиғинларда шоир ҳақида айтилгандан асослироқ, салмоқлироқ фикр айтиш қийин. Нима деб ёзсам ҳам юртдошларимнинг аввал айтган фикрларини такрорлаган бўламан.

Мен бошқа мавзу ҳақида сўз юритмоқчиман. Турли йиғинларда “Мен Шавкат Раҳмонни етаклаб юриб шоир қилганман”, “Унга Федерико Гарсиа Лорка ҳақидаги мавзуни мен таклиф қилганман”, “Мен уни Москвадаги адабиёт институтига олиб кириб қўйганман”, мазмунидаги гапсўзлар, турли эсдаликлар пайдо бўла бошлади. Аслида, бу табиий ҳол. Бутун инсоният тарихида улуғлар шуҳратининг ҳеч бўлмаса бир парчасини бўлишиб олишга уринган шахслар бўлиб келган, бундан буён ҳам бўлаверади. Лекин биз шоирни, шаҳримиз фарзандини турли бўрттирмалардан, биринчи галда устозликка даъвогарлардан асрашимиз керак. Менинг қўлга қалам олишимга туртки бўлган нарса мана шу.

Мен кўп йиллар давомида қалам тебратганман, лекин икки сатр шеър ёзган эмасман. Фақат уни ўқиганман. Ҳар кимнинг ўз қисмати бор. Мен бир умр сиёсий публицистика билан шуғулландим, бошқаларнинг ёзганини таҳрир қилдим, ёшларни журналистика деган машаққатли касбга етакладим. Дурадгорнинг, жарроҳнинг, меъморнинг, олимнинг устози бўлиши мумкин. Лекин шоирнинг устози бор, деган фикрга қўшилолмайман. Шоирлик Оллоҳ берган улуғ неъмат. Инсон алоҳида иқтидор соҳиби бўлгандагина шеърият оламига дадил кириб келиши ва ўрин олиши мумкинлигини яхши биламан. Шоир айни пайтда ҳаёт фалсафасини тушунган, беандоза фикрлайдиган шахс бўлмоғи лозим.

Шавкат Раҳмон “Ленин йўли” рўзномаси остонасини хатлаб “Менга бирор иш топиладими?” деб кириб келганда мўйлаби чиқмаган йигит эди. Айни вақтда Шавкатнинг исми газета қаламкашларига таниш эди. Унинг дастлабки шеърлари газетада босилганди. Ўзи эса таҳририят ҳузуридаги “Илҳом” ижодий уюшмасига қатнаб турган. Ҳа, унинг қўлидан етаклаганлар ҳам бўлган, бу ўринда мен Усмон Темурнинг номини тилга олиш лозим, деб ҳисоблайман.

У “Ленин йўли” (ҳозирги “Ўш садоси”) таҳририятида икки йилгина ишлади. Аввал корректорлик қилди. Кейин маданият бўлимида адабий ходим бўлди. Қандайдир шиддат билан адабий мухитга кириб борди. 70 йилнинг майида Москвадаги М.Горкий номли адабиёт институтига республикамиз учун учта ўрин берилди (Институтга эркин қабул йўқ эди. Фақат ёзувчилар уюшмаси билан суҳбат асосида талабалар қабул қилинарди). Узоқ тортишувлар,талаш-талашлардан кейин биринчи бор Қирғизистон жанубидан ўшлик ёш журналистлар Михаил Синельников, Шавкат Раҳмон ва анча танилиб қолган ёзувчи Таш Мияшевлар номзоди таклиф қилинади…

Мен Шавкат Раҳмон билан 1971 йилнинг баҳорида Москвада адабиёт институтининг ётоқхонасида учрашиб қолдим. Тошкентлик Гулчеҳра Нуриллаева қозон осди. Тош ака ўт ёқди. Бир зумда паловхонтўра тайёр бўлди. Хона талабаларга тўлди. Уларнинг ҳаммаси кавказлик ёшлар эди. Адабиёт институтини кавказликлар эгаллаб олган, деб бекорга айтишмас экан. Дастурхон бир четда қолди. Ҳамма Фазу Алиеванинг янги ёзилган шеърининг муҳокамасига ўтиб кетди. Меҳмонлар ярим тунда тарқалдилар. Мен Шавкатнинг хонасида тунаб қолдим. Тонггача суҳбатлашиб ўтирдик. У аввалги Шавкат эмас эди. Унда кавказликларга хос шижоат, оврўпаликларга жоиз босиқлик бир бирига мужассамлашиб кетгандек сезилди менга. У ўзи ёзган шеърларини эмас, немис ёзувчиси Гётенинг “ Шарқ девонидаги” “ Зулайхо” шеърини шундай бир мароқ билан ўқиб бердики, бугун ҳам у гўёки қулоғим остида жаранглаётгандек. Ана шунда Шавкатнинг ижоди ғарб шеърияти билан боғланиб қолганини фаҳмладим. Федерико Гарсиа Лорка ижодига ҳавас балки ана шу даврда бошлангандир.

Эрта туриб, Тула шаҳри яқинидаги Ясная Поляна қўриқ музейига Лев Толстой “ҳузурига” жўнадик. Ўшдан кетаётганда албатта бу зиёратгоҳга боришни ният қилиб қўйган эдим. Зиёратни Лев Николаевичнинг уй музейидан бошладик. Улуғ ёзувчининг набираси ўша жойда экан. У бизга бу бетакрор шахснинг ҳаёти ҳақида ҳеч қаерда ўқиш мумкин бўлмаган ажойиб лавҳаларни сўзлаб берди.

Лев Николаевич ўз ижоди гуркираган даврда иккинчи қаватдаги катта залда яшаганлиги, бу ерда тез-тез Репин, Шаляпин каби машҳур шахсларни қабул қилганлиги, узоқ-узоқ суҳбат қурганлиги, буюк асарларини дераза тагида ўтириб ёзганлиги, ёши ўтган сари унинг дунёқараши, ҳаёт фалсафаси ўзгариб борганлиги, кейин биринчи қаватдаги чоғроқ хонага кўчиб олганлиги, ундан сўнг шахсий шифокорининг хонасида, умрининг охирида эса отбоқари билан яшаганлиги ва шу ердан кичкина халтача билан таёғини олиб қиш аёзида кўчага чиқиб кетганлиги, темир йўл вокзалида вафот этганлигини эринмай сўзлаб берди. Бу ҳикоя Шавкат Раҳмон ва менга шундай таъсир қилдики, Л. Толстойнинг ҳаёти ва ижодини яхши билмаганимиздан минг афсусландик…

Москвада қарийб бир ярим ой туриб қолдим. Менга ва эстониялик файласуф олим Ребанэга “Чор Россиясининг чекка ўлкаларида совет даврида миллатчилик ва шовинизмнинг сақланиб қолиши сабаблари” мавзуида илмий иш ёзиш топширилган эди. Бу даврда Шавкат Раҳмон билан дам олиш кунлари Останкинода, Юсуповларнинг саройида, Суздалда бўлдик. Шаҳар айландик.

Иккинчи бор Шавкатнинг ётоқхонасига отам Обиджон билан бирга бордик. Отам Курск жанги иштирокчиси сифатида улуғ жангнинг 30 йиллиги муносабати билан Прохоровкага ветеранлар учрашувига таклиф қилинган эди. Шавкат бир ҳафта давомида дадамга Москвани эринмай кўрсатди. Мен эса ўз илмий ишим билан шуғулландим. Шавкат Раҳмон Испания адабиёти ва маданияти, Испаниядаги араб вилояти Андалузия тарихини ўрганишга бутун вужуди билан киришиб кетган эди.

Учинчи бор Шавкат исмли ёш дўстим билан 1973 йилнинг кеч кузида учрашдик. Мен газеталар муҳаррирларининг бир ойлик курсига борган эдим. Курс ниҳоясига етгандан сўнг бизни Дубосекова яқинидаги офицерлар олий курсида ҳарбий ўқишга олиб қолишди. Ўшдан кетганимизга қирқ кундан ўтиб кетди. Бу даврда Шавкатнинг сиёҳи қуримаган янги шеърларини ўқиш, у билан янада яқинроқ муносабатда бўлишга тўғри келди. У оиласини Москвага кўчириб олиб борган эди. Катта шаҳарда оила тебратиш муаммолари ҳақида кўп марта отамлашдик.

Шу сафаримиз даврида олий партия мактаби профессори академик Омбросовдан бизнинг кандидатлик ишимиз тўхтатилганлиги, СССРда ҳеч қандай миллатчилик йўқлиги тўғрисидаги хабарни эшитдим.

Москвада охирги учрашув 1975 йилнинг ёзида бўлди. Ҳар галгидек редакторларнинг бир ойлик курсига борганмиз. Шавкат Раҳмон Адабиёт институтини тамомлаб, Ўзбекистонга жўнаб кетиш тараддудида эди. Кунларнинг бирида тор доирадаги ўтириш уюштирдик. Унда Шавкат Раҳмон, Расул Ҳамзатов, Александир Чайковский, Михаил Синельников, Асилхон Бўрибоев ва мен иштирок этдик. Расул Ҳамзатовнинг ўз талабаси ҳақида айтган умидли сўзлари, уни ёмон кўздан асрашимиз, адабий доирада ҳам ғанимлар оз эмаслиги, уларнинг фитналаридан сақлашимиз зарурлиги тўғрисида айтган гаплари ҳамон қулоғимда.

Эртаси куни якшанба эди. Москвада қиладиган ишимиз йўқ. Тонгда Калугага Циалковский музейига боришга қарор қилдик. Комсомол майдонидаги вокзал олдида учрашмоқчи бўлдик. Учрашдик ҳам. Лекин Калугага эмас, Ясная Полянага жўнадик. Тор сўқмоқдан ўрмон оралаб кетмоқдамиз. Ҳамроҳимиз унча чуқур бўлмаган жарлик ёқасида тўхтади. Қаршимизда бепоён дала. Ёнгинамизда учта баҳайбат дуб дарахти турибди. Дарахтлар орасида пастгина суппача атрофи эгилган ёйсимон дарахт новдаси билан ўралган. “Лев Николаевичнинг қабри” деб қўйди секингина ҳамроҳимиз. Гўёки қаттиқроқ гапирса, буюк ёзувчи уйғониб кетадигандек. Бироз сукутдан кейин “Нақадар буюклик”, деб Шавкат Раҳмон сўз бошлади. “Улуғ Толстойга на қабр тоши, на ҳайкал керак!” Шу йилнинг 9 сентябрида Бобур номли театрдаги анжуманда шоир Нурали Қобул Ўшда Шавкат Раҳмонга ҳайкал ўрнатиш керак, деб таклиф киритганда, Шавкатнинг ўша сўзлари хаёлимга келди.

Шавкат Раҳмон Тошкентга ишга кетди. Уч йилча кўришмадик. 1978 йилнинг қишида қучоқ очиб “Ленин йўли” рўзномаси муҳаррири хонасига кириб келди. Кўришдик, бироз хасратлашдик. Шоир ўзининг жуда самимий дастхати ёзилган биринчи “Рангин лаҳзалар” номли шеърлар тўпламини тақдим этди. Ундан сўнг “Гуллаётган тош”, “Хулво” ҳам қўлимга тегди. 1990 йилнинг январида испанчадан Шавкат Раҳмон ўзи таржима қилган “Энг қайғули шодлик” деб номланган шеърий китобни “Менинг янги йил табригим” деб самимият билан менга узатди. Унда “Қадрли Одилжон акага эсдалик учун Ш.Раҳмон. 2.1.90 й., Ўш” деган дастхат битилган эди.

…1990 йилнинг 6 июни, шаҳарда комендантлик соат жорий этилган. Кутилмаганда Шавкат Раҳмон журналист Ёқубжон Хўжамбердиев билан “Ленин йўли” биносига кириб келди. У қандайдир саросимага тушгандай бўлди, ўзини ўнглаб олди-да, бизга тикилди. Бу қарашда “Ўшлик журналистлар нега жим ўтирибсизлар?!” дегандек маъно бор эди.

Эртасига Ёқубжон билан бирга Ўзганга жўнаб кетди. Унинг миллатимиз учун оғир кунларда ёзган ва Ўзбекистон матбуотида чоп этилган мақолалари ўқувчига маълум.

Шакат Раҳмон фаолиятининг янги қирралари 1991 йилдан, Ўзбекистон мустақилликка эришган кунлардан бошланди. У миллатнинг асл курашчан қудратини, бунёдкорлик салоҳиятини акс эттирувчи шеърлар, публицистик мақолалар яратди. Оммавий йиғинларда нутқ сўзлади. Бирликка даъват этди.

Шу вақтда Тошкентга америкалик ишбилармон Абудрауф Мақсудий келди. Шавкат Раҳмон уни демократиянинг элчиси қатори қабул қилди. Мақсудийга эса Шавкат Раҳмон каби ўз халқининг фидойилари керак эди. Мақсудий ташаббуси, Ислом Каримов қўллови билан Тошкентда Бутунжаҳон ўзбекларининг йиғини тўпланди. Унда Ўшдан Олмосбек Худойбердиев, Мирзоҳид Мирзараҳимов ва мен иштирок этдик. Менга сўз бердилар. Ўшлик ўзбекларнинг ҳаёти, орзу-умидлари, мавжуд қийинчиликлари ҳақида маъруза қилдим. Ўзбекистон ҳукумати анжуман қатнашчиларига зиёфат берди. Анжуманда ўзбекларнинг Бутунжаҳон “Эл” жамияти тузилди. Унга Шавкат Раҳмон раис ўринбосари этиб сайланди. Шоир шу тарзда сиёсатга киришиб кетди. Бироз вақт ўтгандан кейин Ўзбекистонда байналмилал дўстлик маркази ташкил топди. Шавкат Раҳмонни унга президент қилиб сайладилар. Тошкент марказидан Анҳор бўйидаги катта бинони бу жамиятга бўшатиб беришди. Унинг зиммасига Ўзбекистондаги барча миллат ва элатларнинг бошини ерга, бир мақсадга бирлаштиришдек муҳим вазифа юкланган эди.

Бу бинода Шавкат Раҳмон билан кўп марта учрашганмиз. У сиёсатга аралишиб, шеъриятдан узоқлашиб бораётганлиги, амалдорларнинг тили остидаги тили борлиги, айниқса Абдурауф Мақсудийни тушуниш қийинлашиб бораётганини қандайдир ташвиш билан гапирар, бу ишда суғурилиб чиқиб кетишга имкон тополмаётгани ҳақида сўзлар эди. Шавкат билан навбатдаги суҳбатларнинг биридан кейин мени у олий таълим вазири билан учраштириб қўйди. Вазир Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўшликлар учун юз ўрин ажратиб берди. Бу менга – янги сайланган Ўзбек Миллий Марказининг президентига ғоят муҳим эди.

Кейинроқ у “Эл” жамиятидан ҳам, байналминал дўстлик марказидан ҳам кетди. Ўз ибораси билан айтганда, шеъриятга кетди. Мен ҳам Ўш вилояти Ўзбек миллий марказидан кетдим. Учрашувларимиз сийраклашиб қолди. Лекин Тошкентга бориб қолсам, уни албатта излаб топар эдим.

Тўқсон олтинчи йилнинг қиши охирлаб қолган. Ҳукумат уйининг орқа томонидаги Анҳор бўйидаги курсида ўтирибмиз. Майда қор сепалаб турибди. Ҳамсуҳбатим сўлғин, бетоблиги сезилиб турар эди. Ўш ҳақида, ўшликлар ҳақида,Ленин йўли”даги дўстлари ҳақида узоқ суҳбатлашдик. Совуқ жонимиздан ўтди. Анҳор яқинида укамнинг уйи борлиги, у ерга кириб бир пиёла иссиқ чой устида суҳбатимизни давом эттиришни таклиф этдим. У рози бўлди. Илиққина уйда суҳбатимиз давом этди. Мен ўшлик дўстларни ҳам таклиф қилайлик деб, бир-икки кишининг номини айтдим. У Шавкат Раҳмонга хос кескинлик билан “Йўқ, уларни кўргани кўзим йўқ!” деб чўрт кесиб қўйди. Мен унга синглиси Мамлакатхон ишхона томонидан берилган янги уйга кўчиб кирганлигини, аввалги маслаҳатимиз бўйича Шавкат Раҳмонга Ўшдан, Увам канали бўйидан ҳовли қуришга чек топиб қўйганимни айтдим. У квартира учун раҳмат, лекин Ўшга кўчишга кеч бўлди, деди-да кетишга тараддудлана бошлади.

Меҳмонни Космонавтлар хиёбонигача, метрогача кузатиб қўйдим. Хайрлашиш олдидан “Мамлакатга кўз бўлиб туринг”, деди-да шарт бурилиб метро станциясига кириб кетди… Бу бизнинг охирги учрашувимиз эди.

Мен адабиётшунос олим эмасман. Шоир шеърларини бир карра эмас, кўп карра қайта-қайта ўқиганман. Ушбу сатрларни бошлаганда ҳам шоир ижодини таҳлил қилишни ният қилганим йўқ. Унинг шоиргина эмас, ажойиб инсон, ўз миллатининг посбонларидан бири эканлигини, унинг фаолияти шоирлик андозасига сиғмаслиги, кўпқирралилигини такидлаб қўйишни мақсад қилган эдим. Уни уддалай олдиммийўқми, баҳолаш ўзингизга ҳавола. Мен бир ижодкорнинг Шавкат Раҳмон вафотидан кейин нашр қилинган сайланмани варақлаб кўринг, илк шеърларидан тортиб, сўнгги мисраларигача унинг қалби, табиати, бутун борлиғи вазиятга қараб товланавермайдиган мустаҳкам эътиқоди, содда ва мағрур, курашчан ва жасур сиймоси мана мен деб турибди, деган фикрига қалбан қўшиламан.

 

 

Одилжон ОБИДОВ,

Қирғизистонда хизмат кўрсатган

маданият арбоби                                                                                                                                                                                                Зуҳриддин Исомиддинов

“Ўш садоси” рўзномаси, 2005 йил, 26 октябрь.

 

Яндекс.Метрика