И С М  –  Т И Л С И М

  Руҳшуносларнинг айтишича, ҳар бир одам ўз исмини яхши кўраркан. Бировга отини айтиб мурожаат қилсангиз, кўнгли илиб, сизга таважжуҳ билан қарар экан. Кишининг отини атамай мурожаат қилиш эса уни менсимагандай таассурот қолдиради.Исм тақдирга таъсир қилади. Бу гапга шубҳа билан қарайдиган дўстларга бир ҳадисни эслатиб ўтайлик: исломни қабул қилган бир арабга Пайғамбар алайҳиссалом “Энди сенинг исминг Абдураҳмон бўлсин”, деб айтади. Бироқ у киши “Йўқ, оталарим қўйган исмимни ўзгартирмайман”, деб раддия билдиради. Исми эса Ҳузн  экан (ҳузн – ҳазинлик, хафалик). Сўзи ўтмаганидан ранжиган Расулуллоҳ, ”Бўпти, унда сен айтгандай бўлсин!” дейди. “Шу-шу бўлдию оиламиз бошидан ғам-қайғу кетмай қолди”, деган экан кейинчалик бояги аъробийнинг ўғли.

Буни ота-боболаримиз яхши билган. Билгани учун ҳам фарзандларига орзу-тилакларининг исмини қўйишган. Ўғилларини Ботир, Паҳлавон, Сахий деб, қизларини эса Гулчеҳра, Ойчучук, Меҳринисо, Тўлғаной деб аташган.

Ўзбек исмлари ўзбекнинг тили каби сертармоқ. Унда асл туркий, арабий-исломий, форсий, “замонавий-европача” ва ҳоказо отлар бор. Яна шундай исмлар ҳам борки, улар аслан туркий ўзакдан келиб чиққанми-йўқми, билиб бўлмайди. Чунончи, Ботир деган оддийгина отни олинг. Уни тожиклар “Баҳодир”нинг қисқарган шакли деса, форсий ареалдан исм олмаган Сибирь халқлари, ҳатто мўғуллар ҳам “Баатыр” деб аташади. Руслардаги “Богатыр” сўзи ҳам шу маънони билдиради.

Исмшунослик – этнография ва тилшуносликнинг катта тармоғи. Проф. Эрнст Бегматовнинг бу борада асарлари талай. Биз эса бу ўринда исмларга боғлиқ ҳолда, элимиз ўтмиши, руҳиятининг баъзи хусусиятларини ойдинлаштиришга уринамиз.

Яқинда бир муаллиф исм қўйиш борасида мақола ёзиб, одамлар қадимда билиб-билмай, болаларига “Сотқин” деб ҳам от қўйишган, бундай исм эгаси бўлган бола бир умр ўзининг “сотқинлиги”дан уялиб юрган, деган гапларни дарж этибди.

Йўқ, унақа эмас, Сотқинбой деган йигитлар, Сотқиной отли қизлар исми шунақалигидан хижолат чекмаган, аксинча фахрланиб юрган, деб ёзгим келяпти, аммо муаллиф буни ҳазм қила олишига кўзим етмайди. Ҳолбуки, шундоқ. Илгари ўзбеклар ва бошқа туркий халқларда Сотқин деган исм – хоин, ёвга сотилган, деган маънони билдирмаган. Одамлар энг ардоқли, арзанда боласига, тилаб-тилаб топган фарзандига Сотқинбой деб от қўйган.

Буни англаш учун ўтмишни озроқ бўлса-да билиш, тушуна олиш керак.

Қадимда тиббиёт йўқ даражада эди. Гўдакларнинг кўпи чилласи чиқиб-чиқмай ўлиб кетган. Юқумли касалликлар – бўғма, қизамиқ ва ҳоказолар турмушнинг кундалик ҳамроҳи бўлган. Айрим табибларни демасангиз, бахши, қушноч, кўчириқчи, азайимхон кабилар жаҳолатни янада орттирган. Туғилган гўдаклари ўла бергач (касали номаълум), одамлар болани ёвуз инс-жинслар олиб кетяпти, дея ўша инс-жинсларни алдашга, чалғитишга уринишган. Бирон жониворни сўйиб, қурбонлик қилишган, “ис” чиқаришган. Боламга келаётган ёвуз руҳлар янглишиб, ҳовлида ётган болтага, тешага ёки ўроққа ўзини урсин-да, гўдагим омон қолсин, деган илинж билан чақалоққа Болта, Теша, Кетмоной, Ўроқ, Тош каби исм қўйишган. Шоядки, Теша деган гўдакка келаётган бало янглишиб кетиб, шу номдаги асбобга ўзини урсаю, бола омон қолса. Бошқа туркий халқларда эса янада “хунук” отлар, чунончи, Тезак, Сассиқбой, Кўппакбий сингари – бугунги бизнинг ўта нозиклашган дидимизга ўтиришмайдиган “қўпол” исмлар ҳам қўйилган. Чақалоқ бешикка илк бор беланаётганида ҳам яна ирим-сирим: бир аёл “Мен боламни соламан!” деб гўдакни ётқизишга интилса, бошқаси “Тош боламни соламан!” дея бир узунчоқ тошни беламоққа чоғланади – зора, бешикка бола эмас, тош беланар экан, дея ёмон руҳлар нари кетса.

Айрим оилалар, дунёга келган қатор фарзандлари нобуд бўла бергач, инс-жинслар бизнинг ҳовлимизга тикилди, деган қараш билан шу уй-жойини сотиб, ўзга ёққа кўчишган, ёки бошқа оилаларнинг болалари омон қолиб, буларники турмаса, ёвуз руҳлар бизнинг оилага ёв бўлди, дея янги туғилган чақалоғини ўраб-чирмаб бировга бериб, сўнг ана шу болани – ўз фарзандини у одамдан “сотиб олган” – ана шундай қилсак, инс-жинслар бу болани ўзганики экан, деб ўйлаб омон қолдиради, деб инонишган. Ана шу болага Сотқин деб, Сотволди, ёки Сотилған деб исм қўйилган. Бировнинг боласи адашиб (янглишиб) бизнинг уйга келиб қолди, дея ўз фарзандига Адашбой, Янглишой каби исмлар қўйишган. Боланинг тирик қолиб, яшаб кетишига умид қилиб, Қолдибек, Турғуной, Турсун, Омонтой, Эсонали, Унсин, Яшар, Кўпайсин деб аташган. Аксинча, қариган ота-она ҳадеб фарзанд кўраверса, Кифоятхон, Бўлдибек, Кенжахон дея “дашномли” отлар ҳам қўйилган.

Остонақул деган яна бир исм ҳам борлигини биласиз. Ажабо, нега энди “Остона?” Ахир ўзбеклар остона деб уйга киравериш, бўсағани айтади-ку? Унинг киши исмига қандай алоқаси бўлиши мумкин?

Этнографик маълумотларга кўра, уйнинг эшиги таги – остонасидан бир гўдак сиққудек тешик ковланиб, бола ўша тешикдан ўтказиб олинган. Шу болага Остона деб от қўйилган. Бу удумнинг маъноси шуки, қадимда остона тагига одамлар кўмилган ҳам. Шунинг учун остона ҳозир ҳам тақиқланган жой (табу) деб ҳисобланади – остонанинг икки ёғида туриб кўришилмайди, остонани босиб турган одамга катталар танбеҳ бериб, ё уёққа, ё буёққа ўтишга буюришади. Мўғулларда остонани босмай, ҳатлаб ўтиш удуми бор. Чунки остона тагига бир маҳаллар ўлик кўмилган (албатта, бу ўтмиш изини тадқиқ этиш – бошқа вазифа). Аммо мақоламиз нуқтаи назаридан келиб чиқсак, маълум бўладики, болани остона остига ётқизиб ва яна чиқариб олиб, инсу жинсларни унинг “ўлгани”га ишонтиришган. Остона деган исмнинг луғавий эмас, этнографик маъноси “ўлган бола” демакдир. Ўлган одамга эса, табиий, ҳеч қанақа зиён-заҳмат етмайди.

Боя, одамлар фарзандига орзу-тилакларининг мужассами бўлган исмлар қўйишган, деб айтган эдик. Ўтмишда қашшоқ одамларнинг энг катта орзуси – бой бўлиш эди, албатта. Шунинг учун, ўғил туғилса, Муродбой, Сарибой деб “жуфт” от қўйишган. Камбағаллик, йўқсиллик, очлик каби етишмовчиликлар бартараф бўлган ҳозирги замонда, эътибор қилсангиз, “…бой” деган қўшимча ҳам исмларга деярли тақилмай қолди. Бой деб айта берсак, бойлик ҳам келади, деган ишонч бўлган. Шунинг учун ўғиллари исмига хон, бек, шоҳ, бий, бой каби сўзларни қўшган.

Тожик элшуноси Алим Ғафуровнинг кўрсатишича, бой-бадавлат оилалар қизларига “Бахтигул”, “Саодат”, “Моҳичеҳра” каби исмларни қўйишган – қизлари гўзал, оқила ва бахтли бўлишини исташган, албатта. Лекин ўтмишда қуллар, қашшоқ ва йўқсил одамларнинг бирдан-бир умиди бойлик, мартаба ва ҳашамат бўлган. Шунинг учун қизларини “Маржон”, “Дурдона”, “Ёқутой”, “Гавҳарой” деб чақиришган. Ҳатто бир оила итига Давлат деб от қўйган, ҳар қачон “Давлат!” деб чақирсак, давлат эшитиб, етиб келса ажабмас, деган илинж туфайли бу.

Бугина эмас. Ўтмишда бирон оилада ҳадеб қиз туғилавериб, уйнинг чироғини ёқиб ўтирадиган меросхўр ўғилга зориққан одамлар ирим қилиб, бирон кучукни боғлаб қўйиб, сув бермай қийнашган. Ташна бўлган кучук акиллаб, шу уйда ўғил бола дунёга  келса, менга сув берар эди, деб тиласа, ўғил туғилар, деб умид қилишган. Бир неча қиздан кейин туғилган қизни “Ўғилой” аташган – зора буни уққан фаришталар омин десаю ўғил туғилса.

Қанақа исм қўйиш эл-уруғнинг ўтмишига ҳам боғлиқ. Илмий манбаларда ўзбек халқи тўқсон икки уруғдан ташкил топган, деб айтилади. Аммо бундан, ҳар бир ўзбек шу тўқсон икки уруғнинг униси ё бунисига тегишли бўлади, деб тушунмаслик керак. Бу маълумот элимиз таркибига энг кейин қўшилган кўчманчи ўзбекларга кўпроқ тааллуқли. Ҳозирги ўзбекларнинг аксарида бу уруғ-қабила белгилари аралашиб-йўқолиб кетган. Чунки қадимдан ўтроқ ҳаёт кечириб келаётган ўзбеклар – туркий тилда сўзлашишга ўтган сўғдларнинг авлоди – автохтон миллат бўлиб, уларнинг қонида сўғдий аждодлар қони борлигини ҳам унутмаслик керак. Сўғдларнинг этник таркибида эса туркий уруғлар деярли иштирок этмаган.

Қабила-уруғчиликка мансублик камлигидан бўлса керак, ўзбекларида тоифаларга ажралиш кўп. Ҳар бир тоифа ўтмишда маълум ижтимоий-иқтисодий мавқега эга бўлган. Чунончи, қорача тўпи тоифаси кўпчиликни ташкил қилади. Шу билан бирга, ўзини махсум, тўра, хўжа, эшон, саид авлодидан деб билувчилар ҳам анча. Бироқ кенг омма, ҳатто бу тоифаларга мансуб аксар одамларнинг ўзи ҳам, уларнинг маъносини аниқ-тиниқ билмайди, ўзини бошқалардан бир даража юқорироқ деб тасаввур этади ҳам.

Шоҳ боласи шаҳзода бўлгани сингари, тарихнинг турли даврларида иқтисодий ҳаёт тарзига кўра, аҳоли орасида ижтимоий, илмий, ҳарбий ёинки сиёсий устунлик ва у туфайли қўлга киритилган имкониятларни сақлаб қолиш, авлодларининг ҳам шу йўсинда умргузаронлик қилишини таъминлаш истагида, бирин-кетин ижтимоий тоифалар пайдо бўлган. Бундай тоифа-табақаларга бўлиниш дунёнинг аксар халқлари орасида мавжуд.

Ўзбекларда юқори табақа оқсуяк деб аталган. Оқсуяк табақаси ўз навбатида хўжа ва саидларга ажралади. Саидлар, ҳазрат Али ва унинг хотини – пайғамбар алайҳиссаломнинг қизи Фотимадан тарқалган, деб ҳисобланади. Аммо хўжалар борасида ихтилоф бор. Айримлар Ҳазрат Алининг Фотимадан бошқа хотинларидан туғилган зурриётларини хўжа деб, яна бошқалар эса Абубакр, Умар, Усмон ва Алининг авлодлари ҳаммасини хўжа ҳисоблайди.

Гоҳо бу тоифалар нафақат дин йўлида бўлган аждодларга, балки улуғ ҳукмдорларга боғлиқлик орқали ҳам келиб чиққан бўлади. Чунончи, тўраларнинг ота авлоди диний раҳнамолардан бўлса, она авлод жиҳатидан улар Чингизхонга бориб тақалишади, шунинг учун ҳам алоҳида мўътабар зот саналади. Айримлар эса тўраларни хўжалардан қуйироқ деб кўрсатишади, чунки Чингизхоннинг ўзи, ҳар ҳолда, “қорача”лардан бўлган.

Кейинчалик Ҳазрат Али ва Фотима авлодлари саидлар саналадиган бўлди. Чунки пайғамбаримиз оғир бетоб ётганида қайғуриб йиғлаб келган қизи Фотима онамизга тасалли бериб, дунёнинг саидаси бўлишидан мужда берган; тўралар эса, баъзи мутахассисларнинг айтишича, асли мўғулча, чунки бу тилда тўра – тартиб-интизом деган маънони билдиради, раҳбар (тартиб-интизом ўрнатувчи киши) ҳам бора-бора тўра аталиб кетган. Бу фикр фойдасига бир далил шуки, то ХХ аср бошларига қадар чор Россиясидан келган истилочи ўрис раҳбарларни ҳам маҳаллий аҳоли тўра дер эди. Бундан, ҳозирги тўраларнинг аждодлари бир маҳаллар юқори мартабали давлат амалдорлари бўлган, деган хулоса келиб чиқади.

Эшонлар форсий тилда “улар”, “у киши” дегани, ҳурмат билдириб, ҳатто исмини тилга олишдан андиша қилган ҳолда, бир кишини кўплик шаклда аташ орқали эшон деган сўз келиб чиққан. Катта уламолар, мавқеи сиёсий ҳокимият қошида ҳам юқори бўлган зотлар эшон деб аталган.

Махсум – арабча, махзум (хизмат қилувчи) дегани. Аммо хизматкор эмас. Ўта билимдон, шариату тариқат аҳкомларини мукаммал адо этувчи мулла одамлар ўзганинг хизматидан фойдаланиш бандаликка тўғри келмайди, дея фарзандлари ёрдамига таянишган, болалари махзум (махсум) атала бошлаган. Муллонинг боласи – махсум улғайиб, мулло бўлгач, у ҳам ўз фарзандини ёнига олган. Демак махсумлар – асли зиёлилар тоифасидир.

Хўжа хожа (эга, соҳиб) деган сўздан. Юртимизга келган дастлабки араблар ва уларнинг насли хўжа деб аталган бўлиши эҳтимоли кўпроқ.

Аввало, нима сабабдан мазкур мўътабар тоифаларнинг барчаси “оқсуяк” деб аталади? Боиси шуки, очин-тўқин яшаган, ориқ мол-қўйнинг илик суяги қорамтир рангда бўлади – ичидаги иликнинг ранги шундай тус беради, тўқ (семиз) яшаган чорва ҳайвонларининг илиги эса оппоқ бўлади, бинобарин суяги ҳам оқариб кўринади. Шунга қиёс қилиб, аксар ҳолларда бой ва ўзига тўқ кун кечирадиган саидлар, тўралар, хўжалар, эшонлар ва махсумлар умумлаштириб “оқсуяклар” деб аталиб келган. Ва албатта, “қорача” сўзининг келиб чиқишини ҳам ана шу асосдан қидириш керак. Бунда характерли ҳолат шуки, мазкур “юқори” табақа вакиллари асосан шаҳар жойларда, қорача тўпига мансуб аҳоли эса қишлоқ ва тўпор жойларда кўпроқ истиқомат қилади.

Тарихий анъанага кўра, ўзини Чингиз авлоди деб билган одамлар исмига “хон” сўзини суффикс сифатида қўшишган (Солихон, Қаюмхон). Ўтмишда Марказий Осиёда асосан хонлар ҳукмдор бўлган, демакки, кишининг исмига бу қўшимчани қўшиб аташ уни хон қатори сийлашни, эҳтиромни англатган. Киши исмларига қўйиладиган “хон” қўшимчаси ҳам, гарчи ҳозир асосан аёллар исми таркибида (Маҳбубахон, Сожидахон) келса-да, асли эркакларга хос: Ботурхон, Одилхон ва ҳоказо. Аёллар исмининг “хон” билан музайян бўлиши ҳам, бояги асосда – хонларга лойиқ қиз, деган тилак билан қўйилиб, шундай аталган.

Қизлар исми эса, у хўжа қизими, саид авлодими, ёхуд эшонзода, ё бўлмаса тўраларданми, бундан қатъи назар, “пошша” сўзи билан келадики, назаримизда, бу сўз, ўғлининг хон бўлишини орзулаб, исмига шу сўзни қўшиб (Ботирхон, Валихон) атаган ота-оналар туғилган қизининг пошшоларга муносиб (пошшойи) бўлиб вояга етиши истагида шундай шакл олган. Шоҳлар кийиши учун тўқилган ипак мато илгари “шоҳий” деб аталиб, кейинроқ шойи шаклини олгани каби, подшоҳларга малика бўлгудек қиз “подшоҳий” à “пошшойи” à “пошша” (Санобарпошша, Масъудапошша) деб эъзозлаб чақирилган. Бундай пошшойи, хонларга лойиқ қизлар қаторига бекларга ёр бўлишга арзийдиган Тўйбека, Ситорабека каби қизлар қўшилган.

Темурийлар хонадонига тааллуқли насллар эса исмидан аввал ёки кейин “мирзо” сўзини қўшиб айтилган (Мирзаабдулла, Ортиқмирза). Махсумлар исмига эса аксар ҳолларда “дин” калимаси қўшилади, чунки махсумлар диний илмлар соҳасининг пешвоси бўлиб келишган.

Аслида, киши насл-насаби билан эмас, эътиқоди ва эзгу амаллари билан мўътабардир. Дарвоқе, пайғамбар алайҳиссалом, зотингизга кўра эмас, имон-ибодатингизга кўра афзалсиз, деб марҳамат қилган.

Алҳосил, бугунги киши исмлари ҳақида ҳам икки оғиз тўхталсак. Одамлар ўзи ҳавас қилган кишининг исмини боласига қўяди. Шунинг учун ҳам Темур, Алишер, Улуғбек, Ислом, Нодира, Зулфия сингари отлар анча. Ҳатто Брюсли, Октябржон сингари “халқаро” номлар ҳам йўқ эмас.

Баъзи бировлар эса исмнинг асл маъносини сўраб ҳам ўтирмай ЗАГС идорасига чопишади. Оқибатда, Фурқат (айрилиқ), Маҳзуна (ҳафа) каби отлар ҳам пайдо бўлди. Бир маҳаллар машҳур бўлган Фурқат ҳақида кинофильм, шоира Маҳзуна ҳақидаги кўрсатувлар шунга сабаб эди.

Энг чатоғи, исмлар арсенали жуда торайди. Боғчага борсангиз, ҳар бир гуруҳда камида иккита Жасур, иккита Фарангиз салом бериб олдингиздан чиқади. Салимжон, Абдурашид, Зулайхо, Фарида, Усмонжон, Маҳкамжон, Инобатхон, Лобархон, Ҳакимжон деган болаларни топиш эса амри маҳол.

Бугун эса ном қўйишда яна бошқа бир тамойилга ўтаётгандаймиз. Масалан, бирон жойда янги мачит қурилган бўлса, номи аввалгидай Оқмачит ё Тераклимачит эмас, “Ал-ақсо масжиди” ё “Абдуллоҳ ибн Маъсуд масжиди” каби номлар билан аталаётгани каби, ёшлар ота-оналаридан сўраб ҳам ўтирмай, чақалоқларига Зубайр, Самир, Мубина каби, юртимизда илгари учрамаган ғалати-ғалати “исломий” отларни ёздириб келишяпти. Дилбар, Мунаввар, Ботирали, Санобар каби исмларни улар унчалик исломий эмас деб билишади шекилли, шунинг учун бундай отлар бугун “мода”да эмас.

Киши исмлари борасида яна бир иллат бор. Буни тушуниш учун Ўзбекистон спортчилари иштирок этадиган халқаро ўйинларни телевизорда томоша қилиш кифоя – Одил Аҳмедовнинг футболкасига Akhvedov (Ахмедов), Сиддиқов – Siddikov (Сиддиков), Кариев – (Kariev) деб ёзилган – ўзбек исмлари русча талаффузга мос битилган. Ахир бу ўйинларни араблар, форсу уйғурлар, қўшни халқлар ҳам кўради-ку? Уларнинг олдида хижолатлик бўлиб қолмаймизми? Исмимизки ҳамон ўрисча битилаётган экан, “олам узра номимиз кетган”, деб кўкракка уриш чикора?

Бир укамиз бор эди, Носиров фамилияли. Қайда бўлмасин, “Насыров” деб ёзар, шундай ёздирарди. Бошқасига кўнмас, хоҳламас эди. Буям ҳолва, Кадырова Айгюль, Уракова Ханпашша, Ишанбаев Халходжа   деганлар бор.

Кишилар паспортини, исталган ташкилот ходимлари ёки бирон гуруҳ талабаларининг рўйхатини кўринг, ўн нафар одамдан камида саккизининг оти хато ёзилган. “Каримов Салим” каби русча ҳарфларга мос бўлган қисқароқ исмларгина тўғри, қолган ҳамманинг исми шарифида хато бор. Сал “тўғрироқ” ёзилган фамилия – Хашимов. Ҳолбуки, унинг имлосида ҳам иккита хато бор. Қай бир замонда ЗАГС ходимаси ўзбекнинг отини русча талаффузда ёзган-қўйган-да. Нима, шу хато юкини энди то қиёматгача ўзимиз, биздан кейин эса невара-чевараларимиз ҳам кўтариб юра бериши керакми?  Мустақиллигимиз тил соҳасига ўтмайдими?

Яна Аллаев, Тангриев каби ғалати фамилиялар учрайди. Оллоберганов, Тангриқулов (Тангрибердиев) эмасми уларнинг асли? Хўш, Бердиев нима дегани? Эҳтимол Худойбердиевдир? Шунинг учун, бир қарорми, фармонми чиқсаю барча фуқаронинг исм-фамилияси ўзбекча имлога мувофиқ ёзилса. Бу асло мушкул нарса эмас.

Ўзбек – битта халқ экан, исмлар имлосини ҳам бирхиллаштиришга ўта боришимиз керак. Андижон ва Ўш томонларда “Миножат”, “Минавар”, “Иминжон” каби шевага мос отлар кўп. Амин деган йигитнинг оти Эмин : Имин тарзида ҳам учрайди.  Бир қарашда, киши исмига тааллуқли бу гаплар инжиқликка ўхшаб кетар. Майдароқ нарсалар бўлиб кўринар. Лекин темирни занг емириб адо қилганидай, миллат менталитети ана шу тарзда ўзгариб, янгиланиб, асл ўзбекона хоссалар бир-бир йўқолиб бораверади.

Ҳолбуки, ўзбекнинг тийнати асл. Ҳатто арабларнинг ўзида ҳам сийрак учрайдиган парҳезкорлик, увол ва исрофдан қўрқиш, ноннинг ушоғини ҳам оёқости қилмай, ахлат яшикка улоқтирмай асраш, болажонлик, меҳр-оқибат, андиша ва ориятнинг кучлилиги каби сара инсоний фазилатлар бизга хос. Шундай экан, ўзгаларни эъзозлаб, ўзлигимиздан воз кечишимиз эмас, улар биздан асл одамий хислатларни ўрганиб-ўзлаштиришгани дурустроқ. Бунинг учун ўзбеклигимиз, ўзбекчилигимизни бузмай сақлашимиз, уни янада пойдор қилиб, бошқа элларга ҳам юқтиришга интилишимиз керак.

 Зуҳриддин Исомиддинов

 

Яндекс.Метрика