ХАТТОТЛИК МУМТОЗ САНЪАТ

Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихига назар солсак, VII-X асрларда Араб халифалигининг Макка, Кўфа ва Басра шаҳарларида яратилиб, кейинчалик халифаликнинг бошқа ҳудудларига тарқалган хат турларидан фойдаланган ҳолда Мовароуннаҳр хаттотлик мактаби вужудга келган.

XIV-XV асрларда илм-фан, маданият ва санъатнинг барча соҳаларида бўлгани каби хаттотлик санъатида ҳам юксалиш кузатилди. Шу даврда Ўрта Осиёнинг турли минтақаларида хаттотлик мактаблари пайдо бўлди.

Юртимизда азалдан меъморий иншоотлар – масжидлар, мадрасалар ва мақбараларнинг ташқи ва ички деворлари, пештоқлари турли нақшлар билан биргаликда хаттотлик услубида ёзилган битиклар – Қуръон оятлари, ҳадислар, ҳикматли сўзлар ва шеърий парчалар билан безатилган.

Юртимизда шаклланган хаттотлик мактабларининг давомчилари ҳозир ҳам бор. Улардан бири – Ўзганлик хаттот Тўланбой Мўйдиновдир. У киши билан  хаттотлик санъати тўғрисида бироз суҳбатлашдик

Тўланбой Мўйдинов 1953 йил Ўзганнинг Учтепа маҳалласида туғилган. Шаҳардаги Бобур (Крупская) номли мактабда таълим олган. Армия хизматидан она шаҳрига қайтиб келгач, савдо, озиқ-овқат соҳасида меҳнат қилиб, айни вақтда дунёвий ва диний илм олди.

– Тўланбой ака, хаттотликнинг қонун-қоидалари ҳақида гаплашайлик. Аввало, Сиз уларни қаердан ўргангансиз?

– Мен Ўзганлик Бўрихон тўрам деган устоздан таҳсил олганман. Бу уламо Ўзганда Бедилхон тўра деган номга ҳам эга бўлган… У адабиётдан, ҳаттотликдан хабари бўлиб у пайтларда ҳуснихат ёзадиган, хаттотлик қиладиган одамлар кам бўлгани учун Араб мамлакатларида яшайдиган қариндош-уруғи борлар хатларни шу одамга ёздириб юрган. Домла авторучкада ёзарди. Устоз Бўрихон тўра арабий ва форсийда ҳар хил шеърлар ҳам ёзар эди.

– Нима учун бу касбни танладингиз? Хаттот бўлиш нияти сизда қандай уйғонди?

– Айтиб ўтганимдек, устоз Бўрихон тўрам иштиёқ уйғотган. Шу кишини кўриб пайдо бўлган. Яна шеъриятга иштиёқ ҳам шу киши орқали пайдо бўлган. Устоз ҳар бир воқеаларга байт ёки рубоий мисол келтирарди. Ҳар бир ҳадисга, ҳар бир воқеага дарров ҳикмат келтирарди. Айниқса, Бедилдан. Ёзган ёзувининг ўта гўзаллиги учун шунга мухаббат пайдо бўлди. Шеъриятга ҳам муҳаббат шу одам орқали пайдо бўлди. Шунинг орқасидан хаттотликка ҳам, шеъриятга ҳам мухаббат уйғонди. Биз шу одамнинг уйида, кичкина хужрасида таълим олганмиз.

 

– Исломга боғлиқ бўлмаган хаттотлик санъати ҳам бормикан деб ўйладим, чунки унинг илдизлари Қуръонни ёзиш билан боғлиқ, шундай эмасми?

– Гапингиз тўғри, аммо мусулмон бўлмаган араблар ҳам бор. Уларда ҳам хаттотлик бор. Японларда ҳам хаттотлик ривожланган, лекин араб хатларидай гўзал эмас. Улар учун эҳтимол гўзалдир, лекин араб алифбосида бўладиган бурчаклари қирррадор эмас. Япон ва корейслар чўткада ёзганлиги учун бурчаклар ўткир чиқмайди. Хаттотликнинг нафосати шунда. Қадимда хаттотлик мавзусида бир нақл бўлган. Агар хаттотлик бўлмаганда сен билан мен ҳозир яланғоч, бир-биримизга қараб турган бўлардик, деган маънода. Чунки хаттот ёзиб қолдиргани шарофати билан маданият қолди, адабиёт қолди, санъат ўсди-да. Ёзилмаганда ҳеч нарса қолмасди. Лавҳул махфузни ёдга олинг: хаттотлик орқали ёзилади-да. Қиёматда ҳам ҳисоб-китоб шу хаттотлик билан бўлади. Хаттотлик, ёзиб қўйиш ҳақида Юсуф Хос Ҳожиб шундай дейди:

Ёзиб қўймасайди доно қалами,

Қоронғу қоларди мозий олами.

Хаттотлик санъатини келажак авлодларга ҳам қолдиришимиз даркор.

– Ёзган хаттотлик асарларимни Андижон давлат музейига топширдим дедингиз,яна қайси музейларга топширдингиз?

– Ўзбекистондаги 12 вилоят марказларидаги музейларга ҳикматларни хаттотлик намуналари сифатида ёзиб топширдим. Улардан Аҳмад Яссавий ҳикматини кўчириб, Тошкетдаги Темурийлар тарихи музейига ҳам тақдим қилдим. Бобурнинг девонини бир марта кўчириб Андижон давлат музейига топширдим. Иккинчи сафар кўчириб, ҳозир Тошкетдаги қурилаётган Бутунжаҳон Ислом маданият марказига топширишга тайёрлаб қўйдим. Энди ундан ташқари Тошкентдаги Алишер Навоий кутубхонасига Алишер Навоийнинг “Арбаин” (40 ҳадиснинг шеърий баёни)ини ҳуснихатда кўчириб, кириллчада ҳам изоҳлаб (одамлар тушуниши учун) тайёрлаб қўйдим.

– Хаттотлик гўзал бир санъат. Сиз унинг нозик тарафлари ҳақида ҳам гапираяпсиз. Қизиқ-да, масалан, қалам йўниш ҳам ўргатиладими? Бу ҳам тайёрлов машқларининг бир қисмими?

– Биринчи навбатда иш қалам йўнишдан бошланади. Қалам қамиш кесиб ясалади. Кейин сиёх тайёрланади. Қоғоз танланади. Сиёхга солиндиган нарса ишлатилади, бу ҳам нозик нарса.

– Кўп одамлар фикрини далиллаш ёки мусаҳкамлаш учун мақол келтиради, бўлиб ўтган воқеани баён қилади ёки қисқа ҳикоялар келтиради. Сиз эса ҳадис шарифдан ёки мумтоз адабиёт намояндаларининг ғазалларини мисол келтирар зкансиз. Бу кўникмани кимдан ўзлаштиргансиз?

– Абдуллоҳ ибн Аббос оятларни ҳадислар, шеърлар билан шарҳлар эканлар. Сабаби, бирон оят ё хадисни тушунишда ҳар бир одамнинг фикри ўзига хос бўлиши мумкин, бир хил чиқмайди. Алишер Навоий келтиради:

Тахаййул аро барча бир нав эмас,

Хадисни икки киши бирдек демас.

Тахаййул дегани – хаёлга келтириш, фикрлаш дегани. Шунинг учун мен шунга қизиққанимдан кўп китобларда менга одат бўлиб қолдики, икки қатор эшитган нарсами дарров шеърдан истайдиган бўлиб қолдим. Чунки Навоийни бир сўзи бор:

Ҳар неки обод бўлур,

одат эскирса табиат бўлур, деган.

 

Чунки шеърда илоҳий мўжиза бор. Пайғамбаримиз алахиссаломдан ҳазрати Умар ҳадис риаоят қилган: “ Шеърда ҳикмат бор” деб. Шеърда мўжиза бор, фақат шеърда ҳикмат ҳақ бўлсагина шеърда ҳикмат бор. Ёшим 71 га кирган бўлса ҳам ҳалигача мен ҳикматли сўзлардан, оятлардан, хадислардан келтирилган жумлаларни шеърий шархлайман. Жалолиддин Румий маснавийдан 680 та хадис келтирилган. Шулардан қизиққанимдан ҳозиргача кўрсам икки қаторми дарров ёдлаб қўяман. Шунинг учун хазрат Навоий:

 

Бўлмаса эжоз мақоминда назм,

Бўлмас эди Тангри мақомингда назм»,деб.

 

Шархсиз ёзилган минг китобдан,шарх билан ёзилган икки қатор шеър яхши.

 

–Тўланбой ака, суҳбатимиз мавзусини шеъриятга бурсак Сиз ўз вақтида хаттотликдан ташқари шеърят жанрида ҳам ижод қиласиз. Шундай-ми? Эшитишимча тўрт юздан ортиқ компьютер қоғозида шеърларингиз жамланган экан.Шуларни чоп этиш вақти келмадимикин?

Раҳмат энди мен ёшлигимдан бери ёзиб кўйган нарсаларимни ҳақиқатдан 400 вароқдан кўпроқ бўлса керак. Компютер қоғозда ёзилган. Лекин ҳеч қаерда нашрга берган эмасман. Бировга билдирмаганман, бировга ўқиб берган эмасман. Шулардан кўп ҳикматли хикояларни шеърга солиб маснавий усулида ёзиб қўйганман. Шулардан биттаси Донойи Баҳлул тўғрисида. Хорун ал Рошид дўсти Донойи баҳлул тўғрисидаги шеърий хикоя бор, шуни ўқиб бермоқчиман:

Эй “донойи” баҳлул деди бир ғилай,

Озроқ сармоям бор нима қилай?

Доно Баҳлул деди: пахта – темир ол

Озроқ сақлаб туриб, сўнг савдога сол.

Ақл билан фикр юргиз, биродар

Ақли йўқ “қул” ҳайвон билан баробар.

Доно Баҳлул айтгандек қилди ғилай

Бойиб кетди, ўзидан кетди сиғмай.

Бир кун ётарди пул ҳисоблаб

Доно Баҳлул ўитб қолди инқиллаб

Шунда ғилай деди:Эй “девона” Баҳлул

Энди сармоямни не қилсам маъқул?

Энди тарвуз билан пиёз олиб қўй

Совуқ куздан сақла иссиқроққа қўй.

Ғилай Баҳлулни айиганин қилди,

Бир ойда оқизди сассиқ сув қилди

Баҳлулни ушлаб бўғди ул ғилай

Мени яна гадо қилдингнима қилай.

Не сўрасанг жавоб бердим эй нодон

Бирор ножўя сўз айтмадим ҳеч он.

Аввал доно Баҳлул дединг тўғрими

Саволингга донодек жавоб бердимми.

Кейин сен “девонаий”Баҳлул дединг

Мендан шу девонадек жавоб олдинг

Кўзингни ғилай десам эй ахмоқ

Ақлинг уендан баттар экан ғилайроқ

Билиб қўй кибр сени йўлдан урди

Ипак кийган пилла қурт шу кун ўлди

Агар Сурайёга етса ҳам бошинг

Кибрлансанг ейсан ўзингни бошинг

Кибр ҳар бир жонни ўтга солодур

Товус пати ўз бошига балодур.

 

     Мароқли ва мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

 

Алишер Навоий институти учун

Одилжон Дадажонов

Яндекс.Метрика