“САНЪАТ – САОДАТИМДИР”/ ДИЛЛАРГА ОРОМ БАХШ ЭТИБ…

Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Дилором Соипова

Орамизда ажойиб инсонлар бор. Уларни одам қиёфасидаги фаришталар деб қўямиз баъзида. Сиз шундай одамларни кўрганмисиз?

Бугунги суҳбатдошим – атоқли хонанда, Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Дилором Соипова, назаримда, ана шундай одамлардан бири. Мен бу иборани Дилором опага нисбатан ҳеч иккиланмасдан қўллайман.

Дилором Соипова – эл суйган хонанда. Масалан мен, мактабда ўқиб юрган пайтларимда Дилором опамнинг ҳамма қўшиқларини ёд билардим.

Тоғ лоласин завқ билан тердииим…

Эсладингиз-а, сиз ҳам?..

Фамилиямиз бир хил бўлгани сабабли, опа радиодан кўшиқ куйлаб қолса, ана менинг опам ашула айтяпти, – деб мақтанарканман болаларча ғурур билан.

Дилором Соипова овозидаги дилкашлик, фақат ўзига ярашиб тушадиган эркалик тош қалбларни ҳам эритиб юбориши табиий. Овоздаги бу шира, беғуборлик ва эркалик барчаси уйғунлашиб, сеҳрли оҳанрабога айланган гўё.

Ҳаётдан завқланиб, ҳамиша шукур қилиб яшашни билган одамнинггина овози эрка, юраги эрка бўлади. Чунки ундайларнинг қалби беғубор.

Дилором опам билан суҳбатимиз ўзгача бўлди. Савол-жавобларсиз, шундоққина икки фамилиядошнинг мириқиб қилган суҳбати бўлди.

Менинг болалигим Тошкент яқинидаги Бекобод кенгликларида ўтди, – деб сўз бошлади хонанда. Бу жойларга раҳматли бобом (дадамнинг дадаси) савдогар бўлгани боис Қўқон шаҳридан қулоқ қилинган экан.

Онам эса Тожикистоннинг Конибодом шаҳридан Бекободга келин бўлиб тушган. Хуллас, биз оиладаги олти қиз ва уч ўғил отаонамга ёрдамлашиб, меҳнатдан қочмасдан далада меҳнат қилардик.

Дадам ва бобом шунақанги чиройли эгатлар олиб, полиз экинлари экардики, худди рассом чизиб қўйган суратга ўхшарди.

Биз эрталаб туриб, полиз оралаган йўлакча бўйлаб, ғарқ пишган қовунлар, ҳандалаклар ҳидига маст бўлганча, мактабга кетардик. Ўша пайтларни ҳали-ҳануз жуда соғинаман.

Мен дадамнинг эрка қизи эдим. Нимани хоҳласам, йўқ демай, бажо келтирарди.

Қўшиқ айтишни бўлса, ўқувчилик давримдан бошлаганман. Дадам олиб берган «Ригонда» радиоси менинг илк устозим бўлган. Шу радиодан эшитган қўшиқларимни ёд олиб, далаларда бор овозим билан айтиб юрардим. Қўшиққа бўлган ҳавасимни муаллимларимиз билиб, турли тадбирларда ашула куйлатадиган бўлишди. Бир куни дадам атлас кўйлак олиб келибди.

– Дилон қизим, анжуманларда энди мана шу кўйлакни кийиб қўшиқ айтгин, – деб қўлимга тутди.

Қўшиқ айтишга бўлган ҳавасим мени Тошкентга олиб келди. Дадам ўзи олиб келган ўқишга. Мен дадамдан ҳали-ҳануз розиман.

Қўшиқ айтсам қувнаб кетарди.

Аммо, қаранг синглим, қиз боланинг тақдири ҳам онасига ўхшаркан.

Худди онам Конибодомдан Бекободга келгандай, мен ҳам ўша олис жойлардан келин бўлиб келдим Ўшга…

Тақдиримдан нолимайман. Оллоҳ мени жуда яхши оила билан сийлаган. Турмуш ўртоғим бастакор, биласиз.

Санъаткорлар оиласи бўлгани учун мени тушунишган. Ўш давлат академик драма театрда ёнма ён ишлаб келяпмиз, мана. Мен нафақат эрка қиз бўлиб ўсдим, балки эрка келин ҳам бўлдим.

Бир биридан чиройли қўшиқлар ёзиб берган ва ҳамон ёзиб беради турмуш ўртоғим Маъмуржон Шокиров.

Икки ўғлимиз бор. Қатор набирали бўлдик.

Ёшимиз улғайди. Лекин ёшимиз улғайган сари ёшликларимизни эслайверамиз экан. «Қизлар давраси»да иштирок этган пайтларимни ҳамон интиқлик билан ёдга оламан.

Устозларни кўп эслайман. Ҳалима опалар, Лутфия опалар….

Ўша пайтларда «Қўшиқларда қиз қалби» номли кўрсатув бўларди. Шу кўрсатувда Чаман ичра қўшиғини куйлаганман илк бор. Бу қўшиқни аввал Ҳалима опа Носирова айтарди. Ижроим ёқди шекилли, шу куни Ҳалима опам:

“Дилоромча, сиз ҳам бу қўшиқни ўзгача куйлабсиз”, – деб оқ пар дўппи совға қилган. Ҳамон эсимда, худди кечагидай…

 У пайтлар устозларнинг бағри кенг бўларди шекилли дейманда…”

Дилором опанинг ҳам ўша устозларидан кам бўлмади бағрикенгликда.

«Гул тутгил, азизим» қўшиғини Ўзбекистонлик хонанда Гуласал ижро этганида, эшитиб опа жуда хурсанд бўлди.

Дилором опа кўплаб қўшиқлар куйлади ва куйламоқда.

Унинг ижросидаги ҳар бир қўшиқ тингловчи юрагига етиб боради. Эркалаб, эркалатиб айтилган латиф қўшиқларни ҳамма мазза қилиб тинглайди.

Ҳозир ижтимоий тармоқлар ривожланган давр. Дилором Соипова куйлаган қўшиқларига ёзилган фикр-мулоҳазаларни ўқисангиз, у халқнинг юрагига кириб бора олган севимли хонанда эканига амин бўласиз.

Суҳбатларига, самимий муомалаларига тўймай қайтдим. Бир мухлис сифатида, опанинг расман халқ артисти унвонини олган бўлиши шарт ҳам эмасдир балки, деб ўйлайман ичимда. Чунки одамларнинг назарида Дилором Соипова аллақачон Халқ артисти бўлиб улгурган…

 

Алишер Навоий институти учун

Ойдин Соипова

Яндекс.Метрика